Жойлаштирилиш жойига қараб давлатнинг қарзлари иккига бўлинади:
давлат ички қарзлари;
давлатнинг ташқи қарзлари.
Давлат томонидан ички маблағларни жалб қилиш натижасида вужудга келган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг йиғиндисига давлат ички қарзлари дейилади. Давлат ташқи қарзлари дейилганда эса давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш натижасида вужудга келган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг йиғиндиси тушунилади. Бу қарзлар қарзий инструментлари, жойлаштирилиш шартлари, кредиторларининг таркиби ва қарзнинг валютасига нисбатан бир-биридан фарқ қилади.
Давлатнинг ички қарзлари давлат томонидан ички маблағларни жалб қилиш жараёнида вужудга келади. Давлат томонидан ички маблағларни жалб қилиш активларни ички манбалардан (резидент-юридик ва жисмоний
шахслардан) жалб этиш ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи резидентларнинг ўз кредитларини (қарзларини) тўлашига кафил сифатидаги мажбуриятлари вужудга келишини англатади. Одатда, давлат ўз резидентлари олдидаги молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажара олмаган даврда ҳам ички қарз вужудга келади. Масалан, бирор бир корхона ижтимоий объектни ўзининг ёки жалб қилинган маблағлари ҳисобига қуради. Аммо, давлат у корхонани ўз вақтида молиялаштириб бера олмайди. Шунингдек, бюджет муассасларида фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларга иш ҳақи бир, икки ойлаб берилиши кечикади. Мана шундай вазият қарор топган шароитда ҳам давлатнинг вақтинчалик ички қарзи пайда бўлади. Бунда нохуш ҳолатлар Ўзбекистонда 1994- 2000 йилларда қисман қарор топган эди.
Шунга ўхшаш, давлатнинг ташқи қарзлари ҳам давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш жараёнида вужудга келади. Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш активларни хориж манбаларидан (хорижий давлатлардан, норезидент юридик шахслардан ва халқаро молия ташкилотларидан) жалб этиш ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи резидентларнинг ўз кредитларини (қарзларини) тўлашига кафил сифатидаги мажбуриятларининг вужудга келишини билдиради
Do'stlaringiz bilan baham: |