БЕДАРАК КЕТГАН ҒОЙИБ ҲАҚИДА
Уйидан чиқиб кетган, узоқ вақт унинг тирик ёки ўлик экани номаълум, хат-хабари йўқ бўлган кишига – бедарак кетган, ёки дом-дараксиз ғойиб дейилади. Ундайларнинг аҳли-оиласи уни қуйидаги муддатгача кутишлари зарурдир:
Бедарак ғойибнинг ўлими гумон бўлган ҳолат. Масалан: урушга кетиб қайтмаган, ёки ғарқ бўлган кема ичидагиларнинг баъзилари қутулиб қолган бўлса – шу ҳақда хабар келган кундан бошлаб 4(тўрт) йил, сўнгра шаръий қозининг ўлимга ҳукми чиққунга қадар;
Бедарак ғойибнинг саломат қайтишига умид бўлган ҳолат. Масалан: Бошқа юртларга иш қидириб, ёки саёҳат-- тижорат қилиш мақсадида, ёхуд ҳаж фаризасини адо этиш, ё илм олиш ниятида уйидан чиқиб кетганларнинг туғилганидан бошлаб 90 (тўқсон) ёшга киргунларигача, сўнгра шаръий қозининг ўлимга ҳукми чиққунга қадар кутилади. Ҳозирги даврда нақлиёт ва турли алоқа воситалари мавжудлигини ҳисобга олиб, баъзи уламолар бу муддатни 70 (етмиш) ёшга киргунга қадар кутиш кераклигини айтмоқдалар.
Бедарак йўқолган шахснинг нодир ҳолати: Баъзи кимсалар номаълум ва мавҳум шароитларда ғойиб бўлиб, унинг на тирик ва на ўлгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот топилмаса, ёхуд узоқ ўтмиш тарихда бўлиб ўтган воқеа – Қурони карийм таъбири бўйича – Пайғамбар ЮСУФ алайҳис-саломнинг бошидан кечирганларига биноан бир неча йил зиндонда қолиб кетдилар. Миср мамлакати шоҳининг кўрган тушининг таъбирини айтувчилар ожиз қолмаганларида ва Юсуф (а.с.) билан бирга ётган ҳамзиндонининг ёдига тушмаганида яна неча йиллар унутилиб, зиндонда қолиб кетган бўлур эдилар...
Маълумки, 2002 йилда АҚШ қуролли кучлари Афғонистонни босиб олгач, афғон асирларининг катта жамоасини Кубанинг оролларидан бири бўлган Гуантанамодаги лагерларга олиб бориб сақламоқда. Маҳбусларнинг сон-саноғи ва исми-шарийфлари сир тутилиб, уларнинг на тирик ва на ўлик эканлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шу каби воқеалар дунёнинг кўпгина “зўравон” мамлакатларда рўй бермоқда.
Юқоридаги каби ҳолатларда, яъни, ғойиб маҳкумларнинг саломат мавжудлигига умид бор, деган ҳолда – бедарак кетган шахснинг умри 90 (тўқсон), ёки 70 (етмиш)га киргунга қадар, унинг тирик ёки ўликлиги маълум бўлгунча ёки қози мавжуд шарт-шароитни ўрганиб чиқиб, унинг ўлганлиги ҳақида ҳукм чиқармагунча кутиш лозимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |