3. Аграр соҳада замонавий инновацион тизимни ривожлантириш
Давлатнинг аграр соҳадаги инновацион сиёсатини иқтисодиётни бозор муносабатларига мос модернизациялаш стратегиясини, унинг асосий босқич ва йўналишларини қамраб олувчи махсус давлат дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш истиқболдаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Ушбу йўналишнинг истиқболли мақсадлари қуйидагилардан иборат:
тармоқда инновациялар яратувчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ва истеъмолчи бозор субъектлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва моддий манфаатдорликка асосланган кооперация ва интеграция алоқаларини ривожлантириш;
қишлоқ хўжалигини инновацион асосда ривожлантиришда илмий ходимларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлайдиган механизмни жорий қилиш;
гео ва биоинформатика ресурсларидан фойдаланган ҳолда ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экин майдонлари мониторингини юритиш;
био, нано, ахборот ва рақамли технологиялардан қишлоқ хўжалигида самарали фойдаланилишини рағбатлантириш;
соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий қилинаётган замонавий ва инновацион технологияларни тарғиб ва тадбиқ қилиш борасида муҳим бўғин бўлган ахборот-маслаҳат марказ (extension center) лари тармоғини кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида «илм-фан— маслаҳат маркази — қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчи» тизимини ривожлантириш.
4. Соҳада илмий ва илмий-техник фаолиятдан олинадиган натижаларни тижоратлаштириш кўламини кенгайтириш
Қишлоқ хўжалиги соҳасида долзарб муаммолар бўйича илмий-тадқиқот ишлари мавзуларини шакллантириш, улар юзасидан мақсадли тадқиқот, тажриба, синов ишларини амалга ошириш ҳамда натижаларини илмий маҳсулот сифатида тижоратлаштириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш талаб этилмоқда.
Ушбу йўналишнинг истиқболли мақсадлари қуйидагилардан иборат:
фундаментал, амалий, инновацион ва ёш олимлар лойиҳаларининг мавзуларини шакллантиришда уларнинг долзарблиги, натижалари илмий маҳсулот сифатида соҳада фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектларнинг эхтиёжлари ҳамда тармоқ ва худудларнинг яқин истиқбол ва келажакда ривожлантириш дастурларида белгиланган мақсадларга мутаносиблигини таъминлаш;
аграр соҳадаги долзарб муаммоларнинг илмий ечимларини ишлаб чиқишда маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот муассасаларининг ҳамкорликдаги фаолиятини ташкил қилиш, чет эл давлатларининг етакчи илмий муассасаларида фаолият юритаётган юқори салоҳиятли ватандош илмий ҳодимларни жалб қилиш;
замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган илмий ишланмалар (маҳсулотлар ва технологиялар) ни бевосита буюртмалар асосида ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга тадбиқ этиш ишлари кўламини кенгайтириш;
илмий-тадқиқот, тажриба-синов, инновацион соҳада самарали фаолият юритаётган илмий ходимларнинг ўз фаолияти натижадорлигидан моддий манфаатдорлигини ошириш ва рағбатлантириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |