97. ҲУҚУҚИЙ ХУЛҚ-АТВОР
Шахснинг ҳуқуқий хулқ-атвори – бу шахс томонидан юридик нормалар кўрсатмаларига мос келадиган хатти-ҳаракатларнинг амалга оширилишидир. Яна бу – қонунга итоат этувчи хатти-ҳаракат ҳамдир.
Ҳуқуқий хулқ-атвор – бу ҳуқуқ нормаларига мос келадиган, юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган, ижтимоий фойдали аҳамиятга эга бўлган, ҳуқуқ субъектларининг онгли равишдаги хулқидир.
Ҳуқуқ нуқтаи назаридан хулқ-атвор ҳуқуққа мос келувчи, юридик бетараф ва ҳуқуққа зид келувчи бўлиши мумкин.
Ҳуқуқий хулқ-атвор элементлари:
субъектлар (жисмоний ва юридик шахслар);
объектлар (предмет ва субъект ҳулқ-атвори);
объектив томони (ҳулқ-атворнинг ҳаракат ва ҳаракатсизлик кўринишлари);
субъектив томони (субъектнинг масъулиятлилик даражаси).
Ҳуқуқий хулқ-атворнинг қуйидаги уч тури (кўриниши) мавжуд:
1. Фаол ҳуқуқий хулқ-атвор. Бу фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг қўшимча вақт, куч-ғайрат, баъзан эса моддий маблағлар сарфлаш билан боғлиқ бўлган бир мақсадга йўналтирилган, ташаббусга асосланган қонуний фаолиятидир.
Ўзини ҳимоя қила олиш, яшаш ва ривожланиш учун нормал шароитларни таъминлаш, қонун доирасида эркин бўлиш, қонунларнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишига таъсир кўрсатиш, давлат тимсолида ўз ҳимоячисига эга бўлиш учун шахс иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, ахлоқий ва бошқа жиҳатлардан фаол бўлиши керак. Шахснинг ҳуқуқий фаоллиги – бугунги кун талабидир. Ҳуқуқий фаолликни намоён қилишнинг шакллари хилма-хилдир. Бу сидқидилдан қилинган хизмат фаолияти ҳам, партиялар, жамоат бирлашмаларининг ташкил қилиниши ва уларнинг ишида иштирок этиш, қонун лойиҳаларининг муҳокамасида қатнашиш ва турли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш кўринишида бўлиши мумкин.
2. Одатий ҳуқуқий хулқ-атвор. Фаол хатти-ҳаракатдан фарқли ўлароқ, у қўшимча маблағлар, куч-ғайратлар сарф қилиш билан боғлиқ бўлмайди. Бу инсоннинг ҳуқуқий нормаларга мос келадиган кундалик маиший турмуши ва бошқа ҳаётидир. Хулқ-атворнинг ушбу тури доирасида фуқаролар ўзларининг ҳуқуқий мажбуриятларини бажарадилар, юридик аҳамиятга молик бирон-бир хатти-ҳаракатни содир этадилар. Бироқ бу ўринда уларнинг фаоллиги ҳуқуқий талаблар даражасидан ортиб кетмайди. У одатий бўлиб, кишининг оила, давлат, жамиятдаги нормал ҳаётий фаолияти учун зарурдир. Инсон-фуқаронинг моддий, маънавий ва бошқа эҳтиёжлари худди шу тарзда қондирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |