Ҳуқуқдаги фикциялар – жорий қонунчилик билан тан олинган ва умуммажбурий характер касб этган, лекин, амалда мавжуд бўлмаган ҳолатлар (масалан, муайян шахснинг йўқолганлиги сабабли маълум муддат ўтгандан кейин унинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган тақдирда, мазкур шахснинг кейинчалик тирик эканлиги ҳолати).
83. ҲУҚУҚНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТУШУНЧАСИ
Ҳуқуқни амалга ошириш – бу давлат томонидан юридик жиҳатдан мустаҳкамланган ва кафолатланган имкониятларнинг амалга оширилиши бўлиб, ҳуқуқ нормаларини кишилар ва уларнинг ташкилотлари фаолиятида ҳаётга тадбиқ этилишидир. Ҳуқуқ принциплари ва нормалари фақат ҳаётга татбиқ этилган, махсус муомала субъектлари ҳаракатларида амалга ошган тақдирдагина ҳуқуқ олий ижтимоий қадрият сифатида намоён бўлади, шундагина у мазмун касб этади, жамият учун аҳамиятга эга бўлади. Агар ҳуқуқ амалга оширилмас экан, охир-оқибатда у ўзининг моҳиятини йўқотади. Зеро, ҳуқуқий жамиятда халқ ҳам, давлат ҳам ҳуқуққа риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
84. ҲУҚУҚНИ АМАЛГА ОШИРИШ ШАКЛЛАРИ: РИОЯ ЭТИШ, ИЖРО ЭТИШ, ФОЙДАЛАНИШ ВА ҚЎЛЛАШ
Ҳуқуқни амалга ошириш шакллари:
Ҳуқуқни амалга оширишнинг норматив ҳужжатларда кўрсатилган қоидаларни қўлланиш даражасига кўра:
ҳуқуқий фаолият амалга ошириладиган умумий вазифалар ва тамойиллар ўз ифодасини топган қонунлар ҳамда моддаларнинг муқаддималарида кўзда тутилган умумий кўрсатмаларни тадбиқ этиш;
ҳуқуқ субъектларининг ҳуқуқий мақомини ҳамда ваколатлар доирасини ўрнатувчи умумий нормаларни тадбиқ этиш;
муайян ҳуқуқий муносабатларда тегишли ҳуқуқий нормаларни тадбиқ этиш.
Ҳуқуқни амалга ошириш субъектларига кўра:
Индивидуал;
Жамоа томонидан.
Ҳуқуқни амалга оширувчи субъектлар фаолияти характерига кўра:
Ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш. Риоя этиш орқали тақиқловчи нормалар амалга оширилади. Ушбу шаклнинг моҳияти тақиқланган ҳаракатларни содир этишдан пассив ҳолатда ўзини тийишдан иборат;
Ҳуқуқ нормаларини бажариш. Ҳуқуқни амалга оширишнинг ушбу шакли ҳуқуқ субъектларидан мажбурий кўрсатмаларни ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ фаол ҳаракатларни талаб қилади;
Ҳуқуқ нормаларидан фойдаланиш. Ҳуқуқдан фойдаланиш шахсга берилган ҳуқуқларини амалга оширишга йўналтирилган. Бинобарин, ушбу ўринда унинг хоҳиши бўйича фаол ҳаракат ҳам, пассив ҳаракат ҳам бўлиши мумкин. Масалан, фуқаролар сайлов ҳуқуқларидан фойдаланиш ёки фойдаланмасликлари мумкин;
Ҳуқуқ нормаларини қўллаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |