Асқар ҚОСИМОВ
ОНАМГА
Юлдузли осмонни кўрпача мисол,
Пойингга ташлагум, истасанг агар.
Қанчалик олисда бўлмасин ҳилол,
Бир болиш айлагум истасанг агар.
О, фақат, онажон, нурсиз кўзингга
Юлдузлар нурини қандай бахш этгай?
Йиллар букиб қўйган ҳилол қаддингни
Ростлаш мушкул экан, онажон, нетай?
Абдулҳай НОСИРОВ
* * *
Онажоним кўзларингни мен нигорон этдиму,
Онажоним ўйларингни мен паришон этдиму.
Кўксинг узра бошим қўйиб, меҳринг эмиб қонганда,
Дардинг бўлиб қон дардларим бағрингни қон этдиму.
Пешонамни силаган ул қўлларингму жонларинг,
Жонларингни жонларимда азми осмон этдиму.
Узун тунлар йиғлаб энди Қуборингни изласам,
Ғуборларинг юзларимга ёруғ жаҳон этдиму.
Армонларим Соғинчлари парвонадай ўт олса,
Гулхан бўлиб жоним тағин таслими жон этдиму.
Онажоним, Абдулҳайнинг кўксидаги доғми, ўт,
Жаннат дея пойларингда бошин омон этдиму.
* * *
Она бугун саҳар туриб
Ёниб кетди юрагим:
— Тушларимда бувим келиб
Қушларимни сўради...
Болишимга юзин босиб,
Титраб, тутиб қўлимни
Набирангиз йиғлар ўксиб:
— Топиб беринг бувимни...
Қушларимни олиб чиқсам
Қафасидан ажратиб
Қуёш бўлиб кетибдилар
Кўксиларин қонатиб...
Она бугун саҳар туриб
Ўтдай ёқиб дилимни
Набирангиз оҳ уради:
— Топиб беринг бувимни...
Кўксингиз-ку оташ эди,
Ловуллаган аланга
Чўғларини бизга бериб
Қуёш бўлиб баландда...
Уфқлардан боқаркансиз
Уфқларни ёритиб,
Умидларда балқаркансиз
Қўшиқларни ёр этиб —
Қараб бўлмас, ахир, кунга
Хаста, беҳол, дармонсиз.
Жоним, шоним, дил фиғоним,
Онажоним, армон — Сиз!
Do'stlaringiz bilan baham: |