24-модда. Имтиёзли кредит билан таъминланиш ҳуқуқи
Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар имтиёзли равишда ипотека, транспорт, истеъмол ва таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга.
Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга имтиёзли равишда кредитлар бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига бошқа кредитлар ҳам ажратилиши мумкин.
25-модда. Моддий ёрдам олиш ҳуқуқи
Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан уларга бир марталик пул маблағлари моддий ёрдам сифатида беғараз берилиши мумкин.
Моддий ёрдам миқдори, уни кўрсатиш ва тўлаш тартиби вазирлик ва идораларнинг раҳбари томонидан белгиланади.
26-модда. Ҳарбий хизматдан бўшатилганда ишга жойлашиш ҳуқуқи
Контракт бўйича ҳарбий хизматчи ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин, агар у бўшатилган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай ишга жойлашиш масаласи юзасидан иш берувчига мурожаат қилган бўлса, ҳарбий хизматга киргунга қадар фаолият юритган аввалги иш жойи бўйича ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.
Ҳарбий хизматчи ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин меҳнат органларининг йўлланмасига кўра бепул касбий таълим олиш (қайта таълим олиш, малака ошириш) ҳуқуқига эга.
Муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар тадбиркорлик соҳасида малакали мутахассис бўлиб етишишлари ва муайян касбни эгаллашлари учун улар хизматдан бўшатилган йилда ўқув машғулотларида бепул қатнашишлари мумкин.
Ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган (истеъфога чиқарилган) фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашуви маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
27-модда. Пенсия таъминоти ҳуқуқи
Ҳарбий хизматчилар, боқувчисини йўқотган тақдирда эса уларнинг оила аъзолари давлат пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга.
Ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш шартлари, нормалари ва тартиби алоҳида қонун билан тартибга солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |