ҳуқуқий ҳимоя – ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, имтиёз ва кафолатлар ҳамда компенсацияларни қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйишга оид давлат функцияси;
ҳарбий қисм – Қуролли Кучлар тури ва қўшин турларининг ташкилий жиҳатдан мустақил, тактик ва маъмурий-хўжалик бирлиги;
муассаса – мамлакат мудофааси ва давлат хавфсизлиги соҳасига оид фукнцияларни амалга ошириш учун давлат номидан унинг ваколатли органлари томонидан ташкил этилган, Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштирилувчи нотижорат ҳарбий ташкилот.
4-модда. Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар
Қонунийлик, адолатлилик, даҳлсизлик, инсонпарварлик, устуворлилик, кафолатланганлик, етарлилик, манзиллилик, очиқлик, шаффофлик, тенглик ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплардир.
5-модда. Ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлиш ва уни йўқотиш
Фуқаролар “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғин) бошланган пайтдан эътиборан ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлади.
Қуйидагилар ҳарбий хизматчилар ҳисобланади:
контракт бўйича ҳарбий хизматчилар;
олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари);
муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари;
сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари;
ҳарбий йиғинни ўтаётган резервдаги ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар.
Ҳарбий хизматчиларга қонунчиликка мувофиқ уларнинг мақомини белгиловчи гувоҳнома (хизмат гувоҳномаси) берилиб, ундан фойдаланиш тартиби вазирлик ва идораларнинг ички идоравий ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Ҳарбий хизматчилар ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатилиши
ёки ҳалок бўлиши (вафот этиши) ёхуд ҳарбий йиғинлар тугаши муносабати билан қонунчиликка мувофиқ шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилган кундан бошлаб ҳарбий хизматчи мақомини йўқотади.
Ҳарбий хизматчи мақоми у асирда бўлган ёки гаров тариқасида ушлаб турилган бутун давр мобайнида, шунингдек бедарак йўқолган
деб тан олиш ёки вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги суд қарори қонуний кучга кирган кунга қадар сақлаб қолинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |