O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021
Меҳнатнинг тарихий тақсимотлари ва маънавият ривожланиши
Download 0.64 Mb.
|
manaviyatshunoslik
Меҳнатнинг тарихий тақсимотлари ва маънавият ривожланиши. Мазкур ҳодиса инсоният ҳаётида, маънавият ривожланишида жуда катта тарихий аҳамиятга эга. Чунки у, биринчидан, инсоннинг ижобий билимлари доирасини ниҳоятда кенгайтириб юборди, иккинчидан, ижодкорлигини, изланишларини кескин рағбатлантирди, учинчидан, табиат ва жамият билан ҳамда одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар мазмуни ва шаклини бойитди. Булар ўз навбатида, ибтидоий диний, аҳлоқий ва бошқа ижтимоий ғояларни ривожлантирди. Қисқаси, меҳнатнинг биринчи тарихий тақсимоти маънавиятни янги унсурлар билан бойитди, узил-кесил бир тизимга келишини тезлаштирди. Меҳнатнинг иккинчи тақсимоти – ҳунармандчиликнинг деҳқончиликдан ажралиб чиқиши ибтидоий жамият маънавиятини янги босқичга кўтарди, янги билимлар ва меъёрлар, қоидалар пайдо бўлишини тезлаштирди.
Уруғ-жамоа маънавияти тилсим (магия), фетиш, табу, анимизмга асосланган. Ибтидоий онг ривожланиши жараёнида анимизм – табиатни жонлаштириш ривожланиб, ранг-баранглашиб, иерархиялашган. Аста-секин ҳар бир табиат ҳодисасига оид алоҳида руҳлар, ғайритабиий кучлар, тизими вужудга келган. Охир-оқибатда бу политеистик (кўпхудочилик) қарашлар ва динлар вужудга келишига сабаб бўлган. Мифология (асотирлар) ибтидоий инсоннинг синкретик психологияси ва конкрет-образли тафаккурининг маҳсули ва негизидир. Дастлаб инсон теварак –атрофини ўраб турадиган, у ҳар куни дуч келадиган нарса ва ҳодисалар тўғрисида турли асотирлар тўқиган (илон ва қалдирғоч ҳақидагига ўхшаган). Бундай асотирлар қуйи ёки тубан асотирлар дейилади. Коинот, олам (осмон, юлдузлар ва ҳ.к.) ҳақидагилар эса юксак, ёки фалакиёт асотирлари дейилади. Уруғ-жамоалар қабилаларга бирлашуви, қабилалар ўзаро уюшиб, бирлаша бошлаши ибтидоий маънавият ривожланишини яна янги босқичга кўтарди. Аждодлар руҳига сиғиниш, уларнинг баъзи машҳурлари хотирасини муқаддаслаштириш, илоҳийлаштириш ҳоллари юз берди. Анимизм асосида, юқорида айтилганидек, аста-секин политеистик динлар пайдо бўлди. Асотирлар мавзуси ва жанрлари хилма-хиллик касб этди. Айнан ушбу даврда фалакиёт асотирлари ривожланиши авж олди. Қабилалар ва қабилалар бирлашмалари ўртасида яйловлар, серунум ерлар, дарёлар, кўллар учун ўзаро кураш, тўқнашувлар, урушлар бўлиб турган. Бу қаҳрамонлик эпослари (достонлари) вужудга келиши учун замин яратган. Аждодларимизнинг буюк мероси «Авесто»да чорвачилик ва деҳқончилик билан боғлиқ кўплаб илк маънавий-аҳлоқий меъёрлар бир оз ўзгарган холда сақланиб қолган ва бизгача етиб келган. Фараз қилиш мумкинки, «Авесто» яратилганига салкам 3 минг йил бўлган бўлса-да, унга 10-12 минг йил илгари вужудга келган баъзи бир унсурлар ва табиат ҳодисалари (масалан, муз даврининг охиридаги иқлимий ўзгаришлар) ҳам кириб қолган. Ушбу маънода қадимги асотирлар, жумладан «Авесто» асотирлари маънавият вужудга келиши ва ривожланиши тўғрисида анча бой материал беради. Чорвачилик билан шуғулланадиган уруғ-жамоаларда молларни боқиш, уларнинг маҳсулотлари – сут, қатиқ, ёғ, гўшт, жун, тери қабиларни қайта ишлаш, озиқ-овқатга, истеъмол буюмига айлантириш, молларни урчитиш, кўпайтириш, турли хавф-хатарлардан, касалликлардан, йиртқич ҳайвонлардан асрашга оид билимлар ва тажриба узлуксиз бойиган. Бундан ташқари, чорва молларига нисбатан муайян диний-ахлоқий муносабатлар қарор топган. Чунки молларни сўйиш (жонидан жудо қилиш), маҳсулотлардан фойдаланиш учун ибтидоий одам табиатни бошқарадиган кучлардан, руҳлардан, худолардан рухсат олиши, уларнинг билиб-билмай ғазабини келтирмаслиги керак эди. Ибтидоий одам ҳали овчилик билан шуғулланган пайтларида ҳосил бўлган бу тасаввурлар чорвадорларда янада ривожланган. Чорвачилик туфайли ибтидоий одам янги минтақаларни ўзлаштирди. Одамларнинг яшаш доираси кенгайди. Молини боқиб, бир яйловдан бошқасига кўчганда, адашиб кетмаслик, яна эски жойига кайтиб келиш йўлини эслаб қолиш учун ибтидоий чорвадор юлдузларга қараб йўл топишни ўрганди. Осмон билан ўзига хос мулоқот қилди. Осмон жисмлари, юлдузлар, юлдуз туркумларига ном берди. Улар ҳақида турли-туман асотирлар тўқиди; уларнинг пайдо бўлиши, жойлашиши, ўзаро «муносабатларини», «алоқаларини» тушунтиришга ҳаракат қилди. Кўп ҳолларда инсонлар ҳаётида тарқалган қоидалар, меъёрлар, тартиблар осмон жисмлари алоқаларига кўчирилди. Шундай қилиб, илк астрономик кузатишларни, билимларни, фалсафий-ахлоқий меъёрларни акс эттирувчи фалакиёт асотирлари пайдо бўлди. Деҳқончилик ибтидоий одам билимлари ва дунёқараши бойишига чорвачиликка нисбатан кўпроқ ва кучлирок таъсир кўрсатган. Деҳқонлар ўсимликлар турларини, уларнинг хусусиятларини, ўсиш, гулга кириш, пишиш даврларини, хар бир ўсимлик учун маъқул ва номаъқул иқлим, сув ва тупроқ шароитини, ўсимликка ишлов бериш, бегона ўтларга қарши курашиш, алмашлаб экиш, ерни ўлчаш, текислаш, ариқ чиқариш каби тадбирларга эҳтиёж сезди. Буларнинг хеч бири инстинктив қилинадиган ишлар эмас, улар онгли ва тизимли билимларни, уқув ва тажрибани талаб қилади. Деҳқончилик йил фаслларини ўрганишни, табиатдаги сув, ҳаво, ҳарорат, ёғингарчилик айланишини, деҳқончиликка қулай мавсумларни аниқлаш заруратини туғдирди. Деҳқон ҳам кўкка боқди. Юлдузлар ҳаракатини, қайси мавсумда, қайси фаслда қаерда жойлашишини эслаб қолишга уринди. Чорвадор юлдузга кўпроқ йўлдан адашмаслик мақсадида боқса, деҳқон дарёда сув тошқини бошланиши, қачон ёмғир мавсуми келишини, тугашини, экин учун қулай фурсат етилишини аниқлаш, экинларига иқлим ижобий ёки салбий таъсир кўрсатишини билиш учун мурожаат этди. У ғайритабиий кучлардан экинни асраш, ҳосилини кўпайтириш илинжида мадад сўради, уларга сиғинди, садақалар қилди, дуолар ўқиди. Чорвадорлар ўртасида шакллана бошлаган фалакиёт асотирларини деҳқонлар ҳар томонлама тўлдирди, бойитди. Бу астрономик кузатувларга ҳам, иқлим ҳодисаларига ҳам, ижтимоий муносабатларнинг «осмонга» кўчирилишига ҳам, самовий жисмларга сиғинишга ҳам тааллуқли. Агротехник тадбирлар ранг-баранг ва бир-бирига ўхшамас бўлганидан уларни бажариш учун турли-туман меҳнат қуролларини ўйлаб топишни тақозо этди. Агар бунга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳам янги қуроллар, тегирмонга ўхшаш қурилмалар, даслабки дастгоҳлар яратишга кескин эҳтиёж туғдирганини қўшсак, деҳқончиликнинг ибтидоий одам онгини, ижодий изланишларини қай даражада тезлаштирганини, берганини пайқаймиз. Ҳунармандчилик биринчи навбатда деҳқончилик эҳтиёжларини қондириш заруратидан вужудга келди. Европа тилларидаги маданият тушунчасининг ўзаги «культура» асли деҳқончиликка оид атамадир. У ерга ишлов беришни ва айни пайтда парвариш қилинадиган ўсимликларни, экинларни англатади. Ушбу далилнинг ўзиёқ, деҳқончилик маданият, маънавият ривожланишига қай даражада хисса қўшганини кўрсатади. Мавзудан бир оз илгарилаб кетиб, эътироф этиш лозимки, нисбатан ривожланган деҳқончилик эҳтиёжлари, хусусан ирригация (суғориш), иқлимни, мавсумларни аниқ ҳисоб-китоб қилиш, ерни текислаш, режалаштириш, ариқ ва тўғонлар қуриш эҳтиёжлари, темир қуроллар ва ақлий меҳнат пайдо бўлганидан кейин қадимги дунё тамаддунини ва математика, геометрия, астраномия,амалий механика фанини вужудга келтирди. Деҳкончилик ўтроқ турмуш тарзини шакллантирди. Қишлоқлар пайдо бўлди. Қишлоқлар ўз навбатида ибтидоий одам маданиятини янада юксалтирди. Биринчидан, меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари ясаш, янгиларини ўйлаб топиш билан айрим кишилар махсус шуғуллана бошлади. Иккинчидан, чорвадорлар ва деҳқонлар ўртасида мол айирбошлаш, алмаштириш, савдо-сотиқ қарор топди. Учинчидан, ўтроқ турмуш тарзи меҳнатнинг иккинчи тарихий тақсимоти ҳунармандчиликнинг деҳқончиликдан ажралиб чиқишига олиб келди. Ҳунармандчилик янги билимларни, бажарилиши янада мураккаброқ бўлган уқув, кўникмаларни кашф этди. Тупроқнинг, турли тошлар ва маъданларнинг, ёғочнинг элементар табиий (физикавий ва химиявий) хоссалари ўрганилди. Уларга ишлов ва шакл бериш, эритиш, қоришмалар ясаш, қуйиш каби дастлабки жўн технологиялар пайдо бўлди. Кулолчилик анча юксакликка кўтарилди. Ҳунармандчиликнинг энг буюк кашфиёти сув кўтариш учун чархпалакни, унинг асосида ғилдиракни, аравани ихтиро қилишдир. Ғилдирак ва ғилдирак принципи ихтиро қилинмаса, ҳозирги замон техникасининг асосида ётган самолёт парраги, электростанция турбинаси, машина ва тракторлар, транспорт воситалари, бошқа техника воситаларининг айланма ҳаракатга асосланган турли-туман механизмлари (демак, уларнинг ўзлари) вужудга келмас эди. Қишлоқларнинг ўсиши, нафақат бир жойда истиқомат қилаётган кишилар ўртасида, шунингдек бошқа қишлоқлар аҳолиси билан ҳам алоқаларни янада бойитди, ранг-баранглаштирди. Ўз навбатида бу муносабатларни тартибга солиш, қоидалар ёрдамида мустаҳкамлаш заруратини кучайтирди. Натижада янги моддий-иқтисодий, диний, маиший, ахлоқий меъёрлар, тамойиллар, қоидалар вужудга келди. Ибтидоий одамнинг дунёқараши янада кенгайди, маънавияти бойиди. Касбларнинг хилма – хиллашуви ҳар бир касбга оид ихтисослашган ижобий, оқилона билимлар ва умуман одамларнинг табиат тўғрисидаги тасаввурлари кенгайиши қаторида ахлоқий, эстетик, диний, фалсафий қарашлар ўсишига ва маросимчилик ривожланишига ҳам хизмат қилди. Ҳар бир касб вакиллари ўзларига ҳомийлик қиладиган маъбудларни, худоларни, руҳларни, пирларни ва бошқа ғайритабиий маънавий кучларни ўйлаб топдилар, уларга сиғиниб, шарафларига турли маросимлар уюштирдилар. Ибтидоий жамият ривожланиши жараёнида биз диний эътиқоднинг ўзгариб борганини кўрамиз. Фетишизм (алоҳида буюмларга сиғиниш), анимизм (табиатни жонлантириш ва хайвонларга сиғиниш), политеизм (кўпхудочилик, уларнинг рамзи бўлмиш санамларга сиғиниш) ибтидоий-диний эътиқодларнинг тарихий шакллари ва тараққиёт босқичларидир. Биз меҳнат ва ибтидоий ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда амалий билимларнинг, тажрибанинг ўсиши ҳақида кўпроқ гапирдик. Лекин таъкидлаш лозимки, биринчидан, ҳаётнинг моддий ва маънавий томонлари ҳеч қачон бир-биридан айрича ривожланмаган. Ишлаб чиқариш ва касблар доимо халқ маънавияти, оғзаки ижоди, санъат унсурлари, рақслар ва маросимлар билан биргаликда юксалган. Улар мувозий (параллел) эмас, бир-биридан мустақил эмас, балки айнан биргаликда, бир-бирига таъсир қилиб ривожланган. Табиат ва осмон ҳақидаги, касб хусусиятлари ва сирлари ҳакидаги билимларнинг ўзи, кенгроқ олсак - дунёқараш, онг маънавиятнинг таркибига киради. Иккинчидан, янги касблар кўпайган сайин меҳнат тарбиясининг ихтисослашган унсурлари бойиб борган. Одамлар тўпланган билимларини, уқув ва кўникмаларини, тажрибасини болаларига, ёш авлодга ўргатган. Тўпланган билимларни, ҳаётда кўлланилаётган иқтисодий, аҳлоқий, диний, бадиий меъёрларни, тамойилларни, қарашларни умумлаштириш, тартибга келтириш, мустаҳкамлаш эҳтиёжи туғилган. Бу авлодлар ўртасидаги маънавий ворисийликни таъминлашда, ёшларга ва улардан кейин келадиган авлодларга етказишда жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Шундай қилиб, иқтисослашган тушунчавий билимлар тизими – фан ва образли билимлар тизими - санъат вужудга келиши учун замин пайдо бўла бошлаган. Download 0.64 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling