Отамдан қолган боғлар


Гўзалим, бевафо гулистоним Боғ умримда тоза райҳоним, Ғаму қайғуларим ҳужуминдан Сен эдинг меҳрибон нигаҳбоним


Download 0.56 Mb.
bet6/10
Sana15.03.2023
Hajmi0.56 Mb.
#1272402
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10
Bog'liq
Абдурауф ФИТРАТ-янгисидрама.doc-2

Гўзалим, бевафо гулистоним
Боғ умримда тоза райҳоним,
Ғаму қайғуларим ҳужуминдан
Сен эдинг меҳрибон нигаҳбоним.

Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

Мана, яна бир меҳрибоним, дилимнинг қувончи жону жаҳоним деб бир ёстиққа бош қўйган азиз инсоним мени тарк этди. Бир умр ғам-ташвишдан чиқмаган шўрлик бошимга яна ёлғизлик қисмати тушди. Оҳ, ҳаёт синовларинг бунча кўп?! “Уйланиш ва уйланмаслик хусусида” кўплаб мақолалар, “Оила” ҳақида китоб битган мендек одам бугун ўз оиламни қандай сақлаб қолишни билолмай аросатда қолиб ўтирсам-а, во ажаб! Бунча бешафқатсан, эй, чархи кажрафтор?! (Бўшашиб, маҳзун аҳволга тушиб қолади).


ПАРДА
ИККИНЧИ ҚИСМ

Тўртинчи кўриниш




Саҳна очилади. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири. “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририяти биносининг кириш жойи. Фитрат бино ичкарисига кираётганида ичкаридан, эгнида гимнастёрка, бошига қизил аскарларнинг юлдузчасиз фурашкасини кийиб олган, ўрта бўйли, бақалоқ журналист Жалил Бобўлатов чиқиб келади. У Фитратга кўзи тушиб, уни кўрмасликка олиб, қадамини тезлатади.
Ф и т р а т (Бойбўлатовга). Жалилбек, бир дақиқага тўхтанг. Бир оғиз гап...
Б о й б ў л а т о в. Менинг пантуркист, миллатчи билан гаплашадиган гапим йўқ.
Ф и т р а т (жаҳли чиқиб). Тўхтанг дедим! Нега бўлмас экан?! Менинг биргина китобим ҳақида газетанинг уч саҳифасини тўлдириб мақола ёзасиз-у, ўзим билан гаплашишга вақтингиз йўқми?
Б о й б ў л а т о в (тўхтаб). Мен бор гапимни ўз мақолаларимда ёзганман. Бировга ҳисобот беришга мажбур эмасман. (Кетмоқчи бўлади).
Ф и т р а т. Йўқ, тўхтанг, Жалилбек. Гапларимга қулоқ тутинг! Ойлар, йиллар тиришиб бир асар чиқарган ҳар қандай муаллиф ҳам китоби ҳақида айтилган фикрларни ўқиб қувонади, танқиддан бир оз оғринади. Лекин, сиздек талмовсираб китоб қолиб муаллифнинг шахсиятига тегса жим ўтирмайди.
Б о й б ў л а т о в (жаҳл билан). Биламан, жим ўтирмаганингизни, менга жавобан “Қизил Ўзбекистон” газетасида “Ёпишмаган гажаклар” номли мақола чоп эттирибсиз. Аммо шунчаки бу ўзини ўзи оқлашга уриниш, холос.
Ф и т р а т. Сиз адабиётни тушунадиган мутахассис ёки адабиёт билан машғул одам бўлсангиз эканки, сизга гап уқтириб бўлса. Лекин, мен биламанки, сиз адабиётдан ҳам, унинг тарихидан ҳам узоқ одамсиз, мақолангиз ҳам тасодифий бир ҳодиса, холос. Лекин, сизга шуни айтмоқчиманки, иккаламиз ҳам, бир замин – Туркистон фарзандларимиз, умумий душманга қарши бирлашиб курашмай, бир-биримиз билан ёвлашаверсак, ғанимларга ем бўлиб кетишимиз муқаррар, демоқчиман.
Б о й б ў л а т о в. Умумий душманимиз деганда кимни назарда тутяпсиз, Шўролар ҳукуматиними?
Ф и т р а т. Ким бизнинг ота юртимизни босиб олиб эркимизни топтаб, ҳукмронлик қилаётган бўлса ўшаларни, ўртоқ Бойбўлатов!
Б о й б ў л а т о в. Сиз бой-амалдорларнинг болалари бари бир ўша эски даврларингизни қўмсайсизлар-да, лекин унутманг, биз ишчи-деҳқон фарзандлари Шўро ҳукуматини ёқлаймиз.
Ф и т р а т. Бойми, камбағалми, ҳаммамиз бир юртнинг, бир миллатнинг фарзандларимиз. Агар ўз динимиз, тилимиз ва миллатимизни асраб қолиш учун ғаним билан курашишга юрагингиз дов бермаса, ҳеч бўлмаса шу эзгу ишни қилаётганлар йўлида тўғаноқ бўлмай бетараф турганингиз маъқул эмасми , Жалилбек.
Б о й б ў л а т о в. Ўв, унутманг! Мен Шўро адабиётининг жонкуяр журналистиман. Сиз каби “аксилшўровий” унсурлар адабиётимизни “феодализм”, “савдо сармояси” каби эскилик сарқити бўлмиш даврларга бўлиб, “Миррих юлдузига”, “Темур сағанаси” каби исёнкор асарлар ёзиб, Шарқ маданиятига марксизмнинг кириб келишишга қарши курашган чоғда, биз марксист фирқа журналистлари жим турайликми? Йўқ, асло. Бунга бизнинг виждонимиз йўл қўймайди.
Ф и т р а т. Виждон дейсизми?! Виждонингиздан кўра жиғилдонингизга кўпроқ қулоқ солганга ўхшайсиз, биродари азиз! Ахир, сиз эскилик сарқити деб атайдиган нарсалар аждодларимизнинг минг йиллик миллий қадриятлари-ку, ўртоқ Бойбўлатов! Сиз, бу мақолани кимларнингдир ноғорасига ўйнаб ёзганингиз кўриниб турибди.
Б о й б ў л а т о в (жазавага тушиб). Ўв, саррофнинг боласи, оғзингизга қараб гапиринг. Мен бировнинг ноғорасига ўйнаб эмас, коммунистлар фирқасининг топшириғига биноан ёздим бу мақолани, унутманг, коммунистлар фирқасининг топшириғига биноан!...
Ф и т р а т. Нима фарқи бор, барибир юрак амри билан ёзмагансиз-да! Бизда “Кўзим кўрмайдир” деган бир ўйин бор. Бир бола кўзи боғланган ҳолда қўлига узун таёқ олиб, “кўзим кўрмайдир” деб гир-гир айланаверади, таёқ эса дуч келган одамга келиб тегаверади. Мақола ёзганингизда сизнинг қаламингиз ҳам шу таёққа ўхшаб қолган ва ким дуч келса, ўшанга теккан.
Б о й б ў л а т о в (жаҳлига эрк бериб). Бу гапингиз билан мени таёқ тутган кўзи кўр болага ўхшатяпсизми? Мен кўр ё кар эмасман. Аксинча кўзим анча ўткир, қулоғим ҳам ернинг тагида илон вишилласа эшитади. 1923 йилда Русия коммунистлар партияси Марказкўми Пленумида Сизни беш нафар сафдошингиз билан бирга, Шўро ҳукуматига суқилиб кирган бой-бадавлат, ёт унсурлар сифатида партиядан ўчириб, ишдан ҳайдашганида Файзулла Хўжаевнинг ёрдамида жазодан осонгина қутилиб қолганингизни ҳам жуда яхши биламан.
Ф и т р а т. Сизни кўр демадим, Жалилбек. Болалар орасида шундай ўйин бор, дедим, холос. Бундан ташқари, бой ёки савдогар бўлиш жиноят эмас. Лекин, энди кўряпманки, сиз маънавий-мафкуравий жиҳатдан анчагина ожиз киши экансиз.
Б о й б ў л а т о в. Нима десангиз деяверинг, ким ожиз, ким ожиз эмаслигини вақт кўрсатади. Биламан сиз, ёзғувчилар, сўз ўйини қилиб одамни нафсониятига тегасизлар. Сиз каби аксилинқилобчи, миллатчилар билан пачакилашиб ўтиришга вақтим йўқ, мени.
Ф и т р а т. Қисқа қилиб айтганда, Жалилбек, сизнинг мақолаларингиз довдирашдан бошқа нарса эмас. Ўзингизга номаълум ва мавҳум нарсалар ҳақида ёзиб, тушунмаган соҳангизга бурнингизни суқиб, нима қилмоқчисиз ўзи?
Б о й б ў л а т о в (ғазабланиб). Нима, ҳали мен билмаган ишимга бурнимни суқибманми? Ҳақорат қилманг, (киноя билан) ўртоқ профессор, ҳали кўрасиз, менинг кимлигимни. Бир кун келиб менинг ўша мақолаларим сиз каби миллатчи, халқ душманларини фош этилишига хизмат қилади. Унутманг....
Ф и т р а т (изтеҳзоли боқиб). Ҳа, ана энди асл башарангиз аён бўлди, ўртоқ Бойбўлатов. Асрлар давомида халқимиз юрагидан жой олган ўзбек адабиётини, унинг тарихини ўткинчи ғоялар билан сохталаштирмай, асл борича ёритиш жиноят бўлса, бу жиноятим учун майли, мени пешонамдан отишсин!
Б о й б ў л а т о в. Отадилар ҳам, ҳеч иккиланмай отиб ташлайдилар. Сиз каби миллатчи, халқ душманларига орамизда ўрин йўқ!
Ф и т р а т. Ўз миллатини севиш, унинг азалий анъана-ю қадриятларини улуғлаш, унинг адабиётини, тарихини ҳаққоний ёритиш миллатчилик бўлса, майли мен миллатчи бўлақолай!
Б о й б ў л а т о в. Ҳа, ана энди ўзингизга келдингиз. Ниҳоят миллатчи эканингизни тан олдингиз. Ҳали НКВДнинг ертўласига олиб тушиб, тушуғингизга мушт тушурирса булбулдай сайраб, барча қилмишларингизни айтиб берасиз!
Ф и т р а т (қўл силтаб). Эҳ, сиз каби ўз оёғи остидан нарини кўра олмайдиган, ўз халқининг адабиётидан, тарихидан ор қиладиган, гўлу гумроҳ кишилар билан гаплашиб ҳам барака топмайди одам.
Б о й б ў л а т о в. Нима, нима “гўлу гумроҳ” дедингизми? Ҳали кўрасиз ким гумроҳлигини. Ҳали қараб туринг фирқа журналистини ҳақорат қилиш қандай бўлишини кўрсатиб қўяман сизга. (Жаҳлдан қизариб кета бошлайди).
Ф и т р а т. Боринг, осмон қўлингизда бўлса, бошимга ташлаб юборинг!.
Б о й б ў л а т о в (сенсираб, жаҳл билан). Ҳали бу гапларинг учун жавоб берасан, миллатчи! Сенлар Ишчи-деҳқон адабиётининг душманисанлар. Аксилинқилобчи, миллатчисанлар. Ҳали кўрасанлар... Битта-битталаб тутиб отишади сенларни, битта-битталаб! (Гапириб-гапириб кетиб қолади).
Ф и т р а т. Эҳ, дўст билан душманнинг фарқига бормайдиган, нодон! Она юртини, ор-номусини ким топтаганини, ота-боболарини ким ўлдирганини унутган манқурт. Ўзгалар ноғорасида ўйновчи латта қўғирчоқ. Яна ўзбек журналисти эмиш бу киши. Инсонда мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас, экан-да, афсус. “Ўзингдан ботир чиқса, чодирингни чопади” деб шуни айтишса керак-да, эссиз. (Бош чайқаганча, бино ичкарисига кириб кетади).

Бешинчи кўриниш




Тошкентдаги Тил ва адабиёт институтининг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси хонаси. Олд деворга Шўро доҳийлари Ленин ва Сталиннинг, ён деворларга эса Пушкин, Белинский, Лермонтов ва чеккароқда Алишер Навоий портрети осиб қўйилган. Ўзбек адабиётшуносларидан бири, профессор Абдураҳмон Саъдий столда нималарнидир ёзиб ўтирибди.

Download 0.56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling