Отамдан қолган боғлар


Download 0.56 Mb.
bet10/10
Sana15.03.2023
Hajmi0.56 Mb.
#1272402
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10
Bog'liq
Абдурауф ФИТРАТ-янгисидрама.doc-2

(Ҳушидан кетиб йиқилади).

Саккизинчи кўриниш


Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги Давлат хавфсизлик бошқармаси 4-бўлими бўлинма бошлиғининг ёрдамчиси лейтенант Триғуловнинг кичик ва ғира-шира ёритилган хонаси. Хона деворига Сталиннинг портрети осиғлик. Ҳарбий гимнастёрка кийган Триғулов ёнидаги ҳужжатларни кўздан кечираркан, бурқситиб сигарет чекади. Олдидаги 4269 –рақамли “жиноят иши”ни очиб, “Маҳбуслик анкетаси”га кўз ташлаб овоз чиқариб ўқийди:


Исми шарифи: Фитратов Рауф Раҳимович.
Туғилган йили ва жойи: 1884 йил, Бухоро шаҳри.
Доимий яшаш жойи: Тошкент шаҳри, Гулистон маҳалласи, 116-уй.
Иш жойи: Пушкин номли Тил ва адабиёт институти.
Мулки: хусусий уйи бор. Ижтимоий аҳволи: хизматчи.
Миллати ўзбек, СССР фуқароси.
Маълумоти: олий, судланмаган.
Оила таркиби: Хотини – Фитратова Ҳикмат, 25 ёш, уй бекаси.
Онаси – Фитратова Бибижон, 70 ёш. Қизи – Фитратова Севар, 7 ёш
Анкета 1937 йил 22 июлда тўлдирилган.

Т р и ғ у л о в (ўзига-ўзи). Ҳа, бу одам оддий маҳбус эмас, у қомусий ва тилшунос олим, катта адабиётшунос, драматург ва шоир, кучли публицист ва давлат арбоби. Бухоро жадидчиларнинг отаси, хуллас, анча иродали аксилинқилобчи. Қандай бўлмасин уни “синдириб”, айбини бўйнига қўйишим керак. Лекин бу осон иш эмас. Мана, қамалганига бир йилдан ошдики, ҳамон айбини бўйнига олмаяпти, аблаҳ. (Девордаги Сталин суратига қараб). Бу ёғига ўзингиз қўллаб юборасиз-да, ўртоқ Иосиф Виссарионович! Ўзингиз айтганингиздек “халқ душман”ларига асло раҳм-шафқат йўқ. Шу пайт эшик тақиллаб, соқчи кўринади.


С о қ ч и. Ўртоқ лейтенант, топшириғингизга биноан, маҳбусни олиб келдим?
Т р и ғ у л о в. Олиб кир, Миша!
Соқчи қўлларига кишан урилган, кийимлари тўзиб кетган, оғир қийноққа солингани қашқа ва қонталаш бўлган юз-кўзларидан кўриниб турган Абдурауф Фитратни олиб киради.
Т р и ғ у л о в (соқчига). Сен боравер, Миша. Керак бўлсанг чақиртираман.
С о қ ч и. Есть, ўртоқ лейтенант. (Честь бериб чиқиб кетади).
Т р и ғ у л о в (хонанинг ўртасида туриб қолган Фитратга қараб). Ўтиринг, Фитрат жаноблари! (Фитрат индамай унинг кўзларига тик боқади). Ўтиринг, деяпман. (Фитрат терговчи қаршисидаги, полга маҳкамланган курсига ўтиради). Хўш, ўртоқ жадидчилар раҳнамоси, аҳволларингиз қандай!
Ф и т р а т . Қандай бўларди. Бир йилдан буён қамоқда ўтирган маҳбуснинг аҳволи қандай бўлса, шундай-да!
Т р и ғ у л о в. Хўш, бунга ким айбдор? Албатта, ўзингиз айбдорсиз. Агарда ҳадеб қайсарлик қилавермасдан, айбингизга тан олганингизда эди, аллақачон “ишингиз”ни тугаллаб судга оширган бўлардим. Сиз эса айбингизни тан олмай нуқул қайсарлик киласиз.
Ф и т р а т. Айбим бўлмаса, нимани тан олишим керак?!
Т р и ғ у л о в. Айбингиз бор, ўртоқ Рауф Раҳимович! Айбингиз бор!
Ф и т р а т. Рауф Раҳимович эмас, Абдурауф Абдураҳимович.
Т р и ғ у л о в (жаҳл билан). Э, нима фарқи бор, Раҳимовичми, Абдураҳимовичми? Абдуси бўлмаса, бирор нарса ўзгарармиди? Оқ ит қора ит барибир ит-да. Гап исму фамилияда эмас, гап сизнинг нима сабабдан бу ердалигингизда. Унутманг, сиз жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири, “Миллий иттиҳод” партиясининг фаол аъзоси, Шўро ҳукуматига қарши кураш олиб борган аксилинқилобчи сифатида ҳибсга олингансиз. Сиздан, тергов пайтида ҳақиқатни, фақат ҳақиқатни айтиб кўрсатма беришингизни талаб қиламан. Аввало шу саволимга жавоб беринг-чи, 1909 йилда Туркияга нима мақсадда боргансиз?
Ф и т р а т (Бамайлихотир). Аввал ҳам айтганимдек, отам савдогар, сарроф бўлган. Шу боисдан турли чет давлатларда жумладан, Қашқар, Туркия, Эронда сафарда бўлган. Мен ҳам ота изидан бориб Туркиянинг Истамбул шаҳрида яшаб, таҳсил олганман, иш ўрганганман.
Т р и ғ у л о в (қалам билан столни чертиб). У ерда сиз турк инқилобчилари раҳнамоси Анвар Пошодан Шўро ҳукуматига қарши кураш йўлларини ўргангансиз шундайми?
Ф и т р а т. Йўқ, мен у ерда адабиёт ва тилшуносликка ўқиб, қадимги туркий тилларининг келиб чиқиш тарихини ўрганганман.
Т р и ғ у л о в. Истамбулда “Бухоро таълими жамияти”ни тузганингиз, Туркияда юз берган “Ёш турклар воқеаси” каби инқилобни Туркистонда ҳам амалга ошириш мақсадида, “Ёш бухороликлар” партиясини тузиб, унинг ғоявий раҳбари бўлганингизни тан оларсиз?!
Ф и т р а т. “Бухоро таълими жамияти” бухоролик илмга чанқоқ ёшлар ёрдамида тузилган бўлиб, унинг мақсади Бухорога маънавият ва маърифатни, дунё илму фани ютуқларини олиб киришдан иборат эди. “Ёш бухороликлар” партиясининг мақсади эса амирга ультиматум билан чиқиб, мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказишдан иборат эди. Менинг Бухоро амирига қарши курашганимни ва унга қарши курашган ташкилотларга раҳбарлик қилганимни билмаган киши йўқ.
Т р и ғ у л о в. Сиз Туркиядан қайтгач, бир вақтнинг ўзида ҳам амирга қарши ҳам Шўро ҳукуматига қарши курашгансиз, тўғрими?
Ф и т р а т. Йўқ, мен Туркиядан қайтгач, Бухоро ва Самарқанддаги қизғин адабий жараён ва маориф ишларига киришиб кетдим. 1917 йилдан Самарқанд-да чиқа бошлаган «Ҳуррият» газетасига бир муддат муҳаррирлик қилдим. Большевиклар ҳаракатини ёқлаш керакми ёки йўқми деган масала кун тартибида турганда мен большевикларни йўқлаб бош мақола эълон қилдим. Самарқанддаги ишчилар ташкилоти билан «Шўрои ислом» орасидаги курашда ишчилар ташкилотининг ношири афкори сифатида фаолият олиб бордим.
Т р и ғ у л о в. Ҳа, ўзингизни ишчилар ташкилотининг ношири афкори қилиб кўрсатиб, аслида эса “Туркистон Мухторияти”ни ёқлаб мақола ёзгансиз. Мана, (газетани силкитиб): «Юртларимиз ёндурулғонда, диндошларимиз осулғонда онгимиз йўқолди. Миямиз бузилди. Кўзимиз ёғдусиз қолди. Бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда тушкун руҳимизни кўтармак учун, шул қоп-қора дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти эди”. Шу гапларни Сиз ёзганмисиз, ўртоқ Рауф Раҳимович!
Ф и т р а т (бош силкийди). Ҳа, мен...
Т р и ғ у л о в. Албатта Сиз ёзгансиз. Оғзингиздан бол томиб Туркистон мухториятини “миллий лайлатулқадримиз” деб алқагансиз. “Қоп-қора дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди, деганда”, ойдин бир юлдуз деб нимани назарда тутгансиз, хом хаёлингизда бўлган ҳурриятними?
Ф и т р а т. Доҳийингиз Лениннинг “Барча халқлар ўз тақдирларини ўзлари белгилаш ҳуқуқига эгадирлар” деган директиваси қабул қилинган. Мухторият шу Директивага асосланиб тузилганди. Уни қонга ботириш Шўро ҳукумати томонидан шошма-шошарлик билан қилинган хоинона иш, энг мудҳиш жиноят бўлди.
Т р и ғ у л о в (стулдан сакраб туриб). Профессорман деб оғзингизга эрк берманг, ўртоқ Рауф Раҳимович! Нега доҳиймиз демай, доҳийингиз деяпсиз. Владимир Ильич нафақат бизнинг, балки бутун ишчи-деҳқонларнинг доҳийси. Сизнинг эса доҳиймиз дейишга тилингиз бормаяпти! Чунки, барча буржа миллатчилари каби сиз ҳам аксилинқилобчисиз, миллатчисиз, халқ душманисиз. Гарчи ўзингизни Шўро ҳукуматига хайриҳох қилиб кўрсатсангиз-да, асл мақсадингиз зимдан унинг тагига сув қуйишдан иборат, шундайми?
Ф и т р а т. Йўқ, мен дастлаб Шўролар ҳукуматига ишониб, уни қўллаб-қувватлаб келганман. 1920 йилдаги “Шарқ сиёсати» номли китобимда Туркистоннинг инглизлар қўлига тушмаслиги учун Россия билан яқинлашиши кераклигини айтганман. «Мусулмон дунёсини Оврупо жаҳонгирларидан қутқармоқ керак... «Шўролар ҳукумати билан келишмак, бирлашмак керак» –деб ёзганман.
Т р и ғ у л о в (жойига ўтираркан). Мен сизга айтяпман, булар бари Шўро ҳукуматини унга содиқлигингизга ишонтириб, аслида эса уни ағдариб ташлаш учун қилаётган ёвуз ишларингизни хас-пўшлаш учун қилинган ҳаракатдир. «Чин севиш» ва «Ҳинд ихтилолчилари» каби асарларингизда Ҳиндистонни инглиз босқинчиларидан озод қилгувчи исёнкорларни мадҳ этгансиз. Ҳиндистон деб туриб, аслида Туркистон тақдири ҳақида ёзгансиз, инглиз босқинчилари деганда эса, биз – русларни назарда тутгансиз. Тўғрими?
Ф и т р а т. Мен бу асарларимда ростдан ҳам Ҳиндистон ҳаётини, унда юз бераётган воқеаларни ёзганман.
Т р и ғ у л о в. Бекор гап, Аслида Ҳиндистон деб ёзиб, Туркистонга шаъма қилгансиз. Туркистонни ҳам босқинчилардан озод қилиш керак, демоқчи бўлгансиз. 1922 йилда Чўлпон, Боту, Элбек каби “халқ душманлари”нинг ва ўзингизнинг миллатчилик руҳидаги шеърларингизни тўплаб «Ўзбек ёш шоирлари» китобини чоп эттиргансиз. Боту ва Элбекларнинг жиноятлари аллақачон фош этилиб, “халқ душмани” сифатида ўз жазоларини олишди, энди навбат Чўлпон билан Сизга, ўртоқ Фитрат жаноблари!
Ф и т р а т. Мен нимаики қилган бўлсам, Ватаним равнақи, халқим озодлиги йўлида қилганмиз! Мен “халқ душмани” эмасман.
Т р и ғ у л о в. Сотти Ҳусайн каби пролетар ёзувчилари таъкидлаганидек, сизнинг барча асарларингизда шўролар ҳукумати қораланган. қаратилган Масалан, «Ҳинд ихтилолчилари» асарингизда «Қуръонни ҳайвон тепкисидан қутқаришдек буюк», «...чўчқани масжиддан ҳайдаш каби эзгу» иш лозим, «улар таловидан қутулмоқ учун бирлашмоқ» керак дегансиз. «Ҳинд сайёҳи қиссаси»да эса Бухородаги икки юзга яқин мадрасалар энди «разолат уйига» айланиб қолган, деб ёзгансиз. Ёки бундан ҳам тонасизми?
Ф и т р а т. Йўқ, тонмайман. Бу асарларим билан мен Бухорои шарифдаги кўплаб муқаддас мадраса-ю масчитлар ғаллахонага, отхона ва чўчқахоналарга айлантирилганини танқид қилиб, бу табаррук жойларни ҳайвонлардан тозалаб илму маърифат маконига айлантирмоғимиз лозим, демоқчи бўлганман. Бу борадаги фикрим ҳамон ўзгармаган, бу жойларни тозалаб маърифатхоналарга айлантириш биз учун ҳам фарз ҳам қарздир... Ёки Русиядаги черков ва монастирлар шу аҳволга тушганида сизлар жим қараб турган бўлармидингиз?
Т р и ғ у л о в (ғазаб билан ўрнидан туриб столни муштлайди). Русияга тил теккизманг, ўртоқ Рауф Раҳимович! Бу ерда саволни мен бераман, Сиз ёввойи сарт, ўзингизни саводсиз, оми элдошларингизни буюк рус халқига тенглаштиряпсизми? Хўш, “Темур сағанаси”даги исёнкор даъватларингиздан ҳам тонасизми?!
Ф и т р а т. Тонмайман. Темур бобом руҳи ҳамон мен билан бирга.
Т р и ғ у л о в. Мана, нима деб ёзилган бу асарингизда. (Стол устидан газетани олиб ўқийди):
«Не бўлдики, бир замонлар шарафли ва жасур бир миллатнинг авлодлари ҳозир бошқа бир миллатнинг зулми остида қолмиш. Сиздан талаб этаман, қалқингиз!…
Ўлкани тузатингиз, авлодларимнинг ҳур яшамоқларини таъмин этингиз.
Агар бундай қилмасангиз, ўлка буюк бир мозорлик ҳолига келур».
Хўш, бу сатрлар Шўро ҳукуматига қарши аксилинқилобий курашга даъват эмасми?!
Ф и т р а т. Ҳа, бу асарда ўзга халқлар томонидан эрки камситилган юрт аҳлига соҳибқирон Темур бобомизнинг таънали хитоби акс эттирилган. Лекин бу бир бадиий асар...
Т р и ғ у л о в. Бадиий асар эмиш. Одамлар калласидан минора ясаган қонхўр ва жаллод Амир Темур ҳақида асар ёзишнинг ўзи бир жиноят!
Ф и т р а т. Йўқ, янглишяпсиз. Амир Темур қонхўр эмас, у буюк жаҳонгир. Илк бор тузуклар тузган ва унга амал қилган буюк давлат арбоби. У олган бўлса, одамларнинг эмас, балки иккиюзламачи хоин ва мунофиқ ғанимлари-нинг калласини олган. Лекин, қаерни қўлга киритмасин, ўша жойни обод қилиб улкан иморатлар қурдирган, боғ-роғлар яратган. Ҳали шундай кунлар келадики, дунёнинг машҳур саркардалари ҳам унинг ҳарбий санъатидан сабоқ олишади.
Т р и ғ у л о в . Сабоқ олармиш. Сафсатини бас қилинг, ўртоқ Рауф Раҳим ўғли! Гапни четга бурманг! Сизнинг Туркияда чоп этилган “Мунозара”, “Сайха” ва “Саёҳи ҳинди” каби асарларингиз Туркистон Миллий уйғониш ҳаракатининг норасмий дастурига айланганлигини ҳеч ким билмайди, деб ўйлайсизми. Балки, жадид ва миллатчи эканингизни ҳам инкор этарсиз?!
Ф и т р а т. Жадидчилик ғоялари элу юрт тараққиётга маънавиятга олиб чиқишга қаратилганлиги боис, мен жадидлар сафига қўшилганимни инкор этмайман. Миллатчилик деганингизга келсак, агар ўз миллатининг тарихидан фахрланиш, унинг келажаги учун куйиниш сизнинг наздингизда миллатчилик деб аталса, ҳа унда мен энг катта миллатчиман.
Т р и ғ у л о в (сал қониқиш осил қилиб). Ҳа, баракалла, аста-секин айбингизни тан олиб боряпсиз,ўртоқ Рауф Раҳимович! (Буни протоколга ёзиб қўямиз. Ёзув машинкасини чиқиллаб, нималарнидир ёзади. Сўнг Фитратга тикилиб): 1919-1920 йилларда Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасида таржимонлик қилган пайтингизда, яна бир миллатчи дўстингиз Чўлпон билан бирга “Чиғатой гурунги” уюшмасини тузиб, эски тузумни идеаллаштириб, марксизм-ленинизм ғояларини унга қарши қўйганингиз ҳам ёлғонми?!
Ф и т р а т. Бу нотўғри гап. “Чиғатой гурунги” қандайдир сиёсий ташкилот эмас, балки маърифий-бадиий уюшма бўлиб, унинг мақсади шу номдаги эски ўзбек тили ва адабиётини ёш авлодга ўргатишдан иборат эди, холос. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз ҳам кўплаб асарларини туркий чиғатой тилларида битганликлари ҳеч кимга сир эмас.
Т р и ғ у л о в. Нима бўпти, Навойи шу тилда ёзган бўлса?! Навойи бобонгиз ҳам шоҳлар манфаатини кўзлаб, уларни мақтаб даққиюнусдан қолган асарлар ёзган бир сарой шоири-да. Навойи ёзибди деб, билиб-билмай, унга кўр-кўрона эргашиб кетавериш керакми?
Ф и т р а т. Йўқ, янглишасиз. Навоий сарой шоири эмас, у бутун башариятнинг буюк шоири ва улуғ мутафаккиридир. У бир умр адолатли шоҳ орзусини ва меҳнаткаш халқ бахту саодатини, инсонпарварлик ғояларини куйлаб яшаган. “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш” деб ёзганлар бобомиз Ҳазрат Навоий. Ул зотнинг туркий тилда яратган гўзал “Хамса”си, ғазал ва достонларидан инсоният асрлар давомида баҳраманд бўлиб келган ва Худо ҳоҳласа бундан кейин ҳам баҳраманд бўлиб келажак.
Т р и ғ у л о в (Тепа сочи тикка бўлиб, столни муштлайди). Менинг олдимда Худони тилга олманг, ўртоқ Рауф Раҳимович! Хамса-памса деб ҳам бошимни қотирманг. Қанча “Хамса” керак бўлса мана, пролетар ёзувчимиз Ҳамза Ҳакимзоданинг ўзи ёзиб ташлайди. Инсонпарварлик эмиш, инсонпарварликни бизнинг ҳукуматимиз кўрсатди, сизларга. Сиз эса ўз “Чиғатой гурунги”ни тузиб, аксилинқилобий шеърлар ёзиб, Шўро адабиётига қарши чиқдингиз. Яхшиям, пролетар журналисти Бойбўлатов сизнинг ўтмишни иделлаштирганингизни, пантуркизм ғояларини тарғиб қилганингизни ўз вақтида фош қилиб ташлади.
Ф и т р а т. Адабиётдан мутлақо бехабар Бойбўлатов эҳтиросга берилиб, қайсидир идоранинг буюртмаси билан ёзган мақолаларида мени ноҳақ айблаган. Мен буни “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1929 йил 15-16 сентябрь сонларидаги “Ёпишмаган гажаклар” номли мақоламда исботлаб берганман.
Т р и ғ у л о в. (Жаҳли чиқиб, ўдағайлайди). Исботлаб бермагансиз, ўртоқ Рауф Раҳимович! Шунчаки, ўзингизни оқлашга урингансиз. Сиёсий идораларга тил теккизманг! Ўшанда Шўро матбуотига чиқишингизга Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби ҳимоячиларингиз имкон яратиб беришган. Аслида ўшандаёқ танобингизни тортиб қўйиш керак эди. “Гажак-пажак” деб бошимни қотирасиз! (Графиндан сув қуйиб ичиб, ўзини сал босиб олади. Сўнг айёрликка ўтиб Фитратни аврашга тушади).
Рауф Раҳимович! Биламан сиз олим одамсиз, тилшуноссиз, адабиётчисиз, машҳур драматург ва публицистсиз. Қолаверса, биринчи ўзбек профессорисиз. Албатта, сиз ўз халқингизни илму маърифатга бошлашдек эзгу ният йўлида ижод қилгансиз. Аммо кимлардир соддалигингиздан фойдаланиб, сизни ўз сиёсий ўйинларига тортиб, илму заковатингиздан, обрўйингиздан фойдаланишга ҳаракат қилган, бунга қисман эришган ҳам.
Оқибатда, бутун ижодингиз аксилинқилобий ташвиқотдан иборат бўлиб қолган. Агар сизни бу сиёсий ўйинларга тортган кишининг кимлигини айтсангиз, айбингиз анча енгиллашади ва терговга ҳамкорлик қилганингиз инобатга олиниб, ишда айбланувчи эмас, балки гувоҳ сифатида жалб қилинасиз. Энди эслаб кўриб айтинг-чи, Сизни жадидлар, “Ёш бухороликлар партияси”га ва “Миллий иттиҳод” яширин ташкилотига ким жалб қилган?
Ф и т р а т (қатъий). Мен жамият ривожига ҳисса қўшиш мақсадида, бу ташкилотларга ўз инон-ихтиёрим билан аъзо бўлганман. Ҳеч ким бунга мени даъват ёки мажбур қилмаган.
Т р и ғ у л о в. Шошилмай, ўйлаб жавоб беринг, ўртоқ Рауф Раҳимович. Сиз айтмасангиз ҳам бизга сизни бу аксилинқилобий ташкилотларга Файзулла Хўжаев даъват этганлиги бизга кундек равшан. Бунинг эвазига сиз Бухоро Республикаси Маориф, кейинчалик Хорижия ишлари вазири лавозимларига тайинлангансиз. Тўғрими?
Ф и т р а т. Йўқ. Қатъий айтаманки, мени бу ишга ҳеч ким жалб қилмаган. Бу ишларга ўз виждон амрим билан бош қўшганман. Асл мақсадим, ўзбек халқини ҳур ва фаровон кўриш эди.
Т р и ғ у л о в (сигарет тутатиб). Рауф Раҳимович! Бизга шу нарса маълумки, “Миллий иттиход” аксилинқилобий ташкилотининг Бухоро филиали унинг Тошкентдаги марказий кўмитаси аъзолари – Саъдулла Турсунхўжаев, Мунавварқори Абдурашидхонов, Файзулла Хўжаев, Салимхон Тиллахонов ҳамда Миён Бузрук Солиҳовлар томонидан тузилган. Ташкилотнинг асосий мақсади – Туркистонда Шўро ҳукуматини тор-мор этиб, ўрнига Туркистон, Татаристон, Қрим ва Озарбайжон ҳудудларидаги турк-татар халқларини бирлаштирган мустақил буржуа-демократик Республикасини тузишдан иборат бўлган. Шўро ҳукуматига қарши қуролли курашга тайёргарлик кўриш, бу ишда “босмачилик” ҳаракатидан ва Англия, Туркия, Эрон ва Афғонистон каби хорижий давлатлар ёрдамидан фойдаланишдан иборат бўлган. Бухорога бу борадаги ишларни назорат қилиб туриш учун марказий кўмитадан – Турар Рисқулов ва Юсуф Алиев вақти-вақти билан келиб туришган тўғрими?
Ф и т р а т. “Миллий иттиход” ташкилоти марказий кўмитасидан Рисқулов ва Алиевлар ҳақиқатан ҳам Бухорога келиб ташкилот ишларига ёрдам бериб туришгани рост. Аммо Шўро ҳукуматига қарши ҳеч қандай ташвиқот олиб борилмаган.
Т р и ғ у л о в (жаҳл билан). Олиб борилган, ўртоқ Рауф Раҳимович, олиб борилган. Олиб борилганда ҳам жуда пухта ва эҳтиёткорлик билан олиб борилган. Барча партия ташкилотлари раҳбарлик лавозимларига ўз одамларингизни қўйиб, улардан Шўро ҳукуматини аста-секинлик ичдан емиришга зимдан тайёргарлик кўриб, пайт пойлаб юргансизлар. Тўғрими?
Ф и т р а т. Йўқ. Биз фақат Ватанимиз мустақиллиги ва халқимизнинг равнақини ўйлаб, иш қилганмиз.
Т р и ғ у л о в. Биздаги маълумотларга кўра, 1933 йилда Германияда Гитлер ҳукумат тепасига чиққанида, Файзулла Хўжаев сиз билан бўлган суҳбатда уни юксак давлат арбоби деб мақтаган, шунингдек, Туркистон эмигрантларининг раҳнамоси бўлмиш Мустафо Чўқаев ёрдамида Фашистлар Германияси билан алоқа ўрнатишга уринган. Тўғрими?
Ф и т р а т. Булар барчаси туҳмат, ҳақиқатдан йироқ, бўҳтон гаплар. Файзулла Хўжаев ва менинг ўртамизда ҳеч қачон бундай суҳбат бўлмаган ва бўлишиям мумкин эмас. Зеро, фашизм бутун башарият учун хавфли, қонхўрлик ва босқинчилик ғояси эканлиги бутун дунёга маълум-ку. Бас, шундай экан, фақат эсини еган одамгина фашистлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Файзулла Хўжаевдек халқпарвар, доно раҳбарни фашистлар билан ҳамкорлик қилади, деб ўйлашнинг ўзи кулгули-ку!
Т р и ғ у л о в. Шундай денг, халқпарвар раҳбар денг. Унда 1933 йилнинг қишида “Миллий Истиқлол” марказий ташкилоти аъзолари – Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Миркомил Миршаропов, Акбар Исломов, сиз ва Абдуллажон Каримовлар йиғилиб, совет партия аппаратида раҳбарлик лавозимларига кўпроқ ўз ташкилотингиз аъзоларини тайинлаш орқали халқ хўжалиги ва идеология фронтининг барча жабҳаларида зараркунандалик ишларини кучайтириш ҳақида кенгашиб олганликларингиз ҳам ёлғонми?!
Ф и т р а т. Ёлғон. “Миллий истиқлол” ташкилотининг фаол, фидойи аъзоларини юқори лавозимларга тавсия этганимиз рост. Лекин, бундан кўзлан-ган мақсад ўз Ватанимиз халқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантиришда уларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланишдан иборат бўлган, холос.
Т р и ғ у л о в (тиржайиб, сигаретини бурқситади). Булар бари шунчаки ниқоб бўлган, ўртоқ Рауф Раҳимович! Биз буни яхши биламиз. Шу боисдан инкор этишга уриниб, ўзингизга жабр қилманг. Ташкилотингизнинг бошқа аъзолари аллақачон бор гапни ёзиб беришган. Агар Сиз ҳам шу кўрсатмалар тўғри деб имзо чекиб берсангиз бас, бу азоблардан қутилиб, ишга гувоҳ сифатида жалб қилинасиз, вассалом!
Ф и т р а т (пинагини бузмасдан). Ёзиб беришган бўлса, ёзиб беришгандир. Лекин мен айбсиз, гуноҳсиз кишиларга қарши кўрсатма бериб, виждонимга қарши боролмайман.
Т р и ғ у л о в (столни муштлаб). Нима, виждон, ор-номус деб отилиб кетишни хоҳлайсизми?
Ф и т р а т (тик қараб). Бир бошда бир ўлим. Ҳар бир инсоннинг тақдири Лавҳул маҳфуздаёқ ёзиб қўйилган. Аллоҳ, пешонамда неки ёзган бўлса, шуни кўраман. Лекин виждонимга қарши бормайман.
Т р и ғ у л о в. (Жаҳли чиқиб, қўлидаги сигаретни эзғилаб кулдонга ташлайди). Шундай денг, виждон, ор-номус денг. Сизнинг айбингиз билан 25 ёшли хотинингиз Ҳикматой ҳам “халқ душмани”нинг хотини сифатида беш ойдан буён қамоқда азоб чекмоқда. Хўш, бунга виждонингиз қийналмайдими?
Ф и т р а т (Буни эшитиб ҳангу манг бўлиб ўрнидан туриб кетади). Нима-а, ҳали шўрлик Ҳикматой ҳам шу ердами? Эҳ, сизларда инсоф-диёнат деган нарса борми ўзи?! Уни нега қамайсизлар?! Қанақасига у менинг хотиним бўлсин. Ахир ўттиз олтинчи йилдаёқ биз у билан қонуний ажрашганмиз-ку!
Т р и ғ у л о в. Ўтиринг, Фитрат жаноблари, ўтиринг! Ҳаяжонламай саволимга жавоб беринг. Ажрашган бўлсангиз, нега у сизникида яшаб келган?
Ф и т р а т (ноилож жойига ўтириб). Биз феъл-атворимиз тўғри келмаганлиги сабабли 1936 йилнинг сентябридаёқ Ҳикматой билан ҳам қонуний ажрашганмиз. Аммо бошқа борадиган жойи бўлмаганлиги боис, Эшонжон ва Муин Аминовларнинг илтимосларига биноан, у бизникида, алоҳида ҳужрада яшаб келган.
Т р и ғ у л о в. Эшонжонингиз ким?
Ф и т р а т. Файзулла Хўжаев-да.
Т р и ғ у л о в. Ҳа-а, ана энди ўзингизга келдингиз, Рауф Раҳимович! Тағин Файзулла Хўжаевнинг бу ишларга алоқаси йўқ, дейсиз. Бор экан-ку. Хўш, буни протоколга ёзиб қўямиз. (Ёзув машинкасини чиқиллатиб). Демак, Файзулла Хўжаев бу аёлни сизникида яшашига мажбур қилган.
Ф и т р а т (гапини тузатиб). Мажбур қилгани йўқ, илтимос қилган.
Т р и ғ у л о в. Нима фарқи бор?! Барибир сўзини ўтказибди-ку. Хотинингиз сиздан кўра ақллироқ экан, уйингизга кимлар келган, кимлар билан аксилинқилобий ишлар олиб боргансиз, аллақачон ҳаммасини ёзиб берди.
Ф и т р а т. Бўлмаган гап. Булар барчаси бўҳтон!
Т р и ғ у л о в. Ишонмайсизми?! Хоҳласангиз, ҳозир у билан учраштиришим мумкин. (Стол чеккасидаги тугмачани босади). Соқчи келиб честь беради.
С о қ ч и. Чақирдингизми, ўртоқ лейтенант?!
Т р и ғ у л о в. Тезда бориб, маҳбус Фитратова Ҳикматойни бу ёққа олиб кел!
С о қ ч и: Хўп бўлади, ўртоқ лейтенант. (Чиқиб кетади).
Т р и ғ у л о в Уйингизда 70 яшар онангиз ва Севара исмли 7 ёшли қизалоғингиз ҳам бор экан-а?! Агар биз айтган ҳужжатларга имзо чекмасангиз, “халқ душман”нинг онаси ва қизи сифатида уларни ҳам қамоққа олишимизга тўғри келади.
Ф и т р а т (Яна ўрнидан туриб кетади, жаҳл билан.) Эй-й, Сизлар қанақа одамсизлар ўзи-а? У бечораларнинг бунга нима алоқаси бор?! Сизларни ҳам она туққан-ку ахир. Шўрлик Ҳикматойни-ку ноҳақ қамабсизлар. Ахир, бечора кекса онам билан норасида қизимда нима айб?
Т р и ғ у л о в (гапга урғу бериб). Уларнинг айби, бири Сизнинг онангиз, бири эса қизингиз бўлганида, ўртоқ Рауф Раҳимович!
Ф и т р а т. Бу қандай адолатсизлик?! Бу қандай разолат. Сизнинг ҳам онангиз, қизингиз бордир, ахир?!
Т р и ғ у л о в. Бор, албатта бор. Лекин уларнинг бахти менинг онам ва қизим эканида. Сизнинг онангиз ва қизингизнинг бахтсизлиги эса халқ душманинг онаси ва қизи бўлганидадир. “Халқ душмани”нинг қавму қариндошларига эса бизда ҳеч қандай раҳм-шафқат қилинмайди.
Ф и т р а т (қаҳру ғазаб билан). Сизларда одамгарчилик, инсоф-диёнат, деган нарса борми, ўзи, ўртоқ терговчи?! Ахир, бу социалистик қонунчиликка хилоф-ку.
Т р и ғ у л о в. Инсоф-диёнат деган нарсалар фақат сизнинг асарларингизда бўлади, ўртоқ Рауф Раимович! Ҳаётда эса йўқ бундай нарсалар. Бари сафсата, қуруқ гап. Агар биз айтгандек кўрсатма бермай, қайсарлик қилаверсангиз, эртага онангиз ва қизингизни ҳам авахтада кўрасиз. Тушундингизми? Бу ерда аёлларга қандай муносабатда бўлишларини эса сиз жуда яхши биласиз!
Ф и т р а т. Йўқ, йўқ. Фақат бу эмас. Ахир бечора онаизорим кекса, касалманд, қизим эса ҳали ёш норасида гўдак, ахир улар бу ерда нобуд бўлишади-ку !
Т р и ғ у л о в. Ҳа баракалла, бу ерга тушган одам албатта нобуд бўлади. Энди ўзингизга келдингиз. Лекин биз айтган ҳужжатларга имзо чексангиз, бас. Ҳаммаси тугайди. Истасангиз эртагаёқ хотинингизни озод қилиб юборамиз. Энди у учала бояқишнинг тақдири сизнинг қўлингизда, ўртоқ профессор!
Ф и т р а т. Эҳ, жоҳиллар. Яна сизлар озодлик, адолат, илму маърифат ҳақида лоф урасизлар. Шарқ халқларига маданият олиб келдик, деб мақтанасизлар. Қилаётган ишларингиз эса ўтакетган аблаҳлик, зўравонликдан бошқа нарса эмас. Наҳотки, одам боласини шунчалик хўрласаларинг?
Т р и ғ у л о в. Яна бир бор такрорлайман “халқ душмани” ва унинг қавму қариндошларини биз одам ўрнида кўрмаймиз. Шуни унутманг! Яна огоҳлантириб қўяйки, ҳозир хотинингизни олиб келишганда ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмайсиз, тушунарлими?
Ф и т р а т (тушунарли, дегандай бош силкийди. Шу пайт соқчи тўзғин сочлари қордай оқарган, ғамгин ва паришонҳол Ҳикматойни олиб келади. Эски-туски кўйлакдаги Ҳикматой хаёли қочган бемордай фақат бир нуқтага кўз тикиб олган.) Эҳ. Худойим-ем, Ҳикматой, азизам, бу сизмисиз?
Ҳ и к м а т о й (ярқ этиб Фитратга қарайди. Беихтиёр кўзларидан шашқатор ёш оқади). Абдурауф ака, хайрият, тирик экансиз. Сизни не куйларга солишди-а? Аҳволингиз яхшими? Мени кўп сўроқ қилишди. Лекин мен ҳеч нарса билмаслигимни айтдим.
Ф и т р а т (ўрнидан турмоқчи бўлади. Аммо терговчи “Жойингдан қимирлама!” дегандек имо қилгач, жойига ўтириб қолади). Ўзинг яхшимисан, Ҳикматой?! Ойим-қизим яхши юришибдими? Мени кечир, Ҳикматой! Сизларнинг шу кўйга тушишларингга мен сабабчиман. Мен айбдорман ҳаммасига.
Ҳ и к м а т о й. Йўқ, йўқ, ўзингизни айбламанг, Фитрат ака! Булар, элу юртим деган одам борки, барчасини ушлаб қамоққа тиқишмоқда. Қон қақшатишмоқда. Буларда раҳм-шафқат деган нарсанинг ўзи йўқ экан. Булар одамни ҳайвон ўрнида ҳам кўришмас экан, Абдурауф ака-а!
Т р и ғ у л о в (бақириб) Бас, етар! (Соқчига “Олиб чиқ!” дегандек ишора қилади. Соқчи аёлни олиб чиқиб кетади).
Ф и т р а т (алам билан). Мени кечир, Ҳикматой. Мендан рози бўлинглар! (Сўнг терговчига юзланиб қатъий). Агар сизларда заррача одамгарчилик бўлса, уни қўйиб юборинглар! Унинг сираям айби йўқ! У билан аллақачон ажрашишганмиз, уволи бўйнимда қолмасин!
Т р и ғ у л о в. Ажрашишганмиш. Бизни аҳмоқ деб ўйлаяпсизми, ўртоқ Рауф Раҳимович?! Бошингизда қаро булутлар тўпланаётганини сезгач, номигагина ажрашиб қўя қолгансиз, холос. Аслида ҳалиям Лайли-Мажнунсизлар-ку. (Сўнг сал юмшагандек бўлиб). Ҳа, майли, эртага уни озод қилиб юборамиз. Фақат шу шарт биланки, Сиз биз айтган барча ҳужжатларга қўл қўйиб берасиз. Акс ҳолда, улар авахтага уч киши бўлиб қайтиб келишади. Тушундингизми?
Ф и т р а т (бошини чангаллаб фарёд қилади). Эй Худо, Барчасини ўзинг кўриб турибсан. Мен гуноҳкор бандангни кечир! Жигаргўшаларимни ўз паноҳингда асра! (Сўнг терговчига юзланиб).
Агар сизлар ҳам одам бўлсаларинг, агар сизларда озгина бўлса-да раҳм-шафқат бўлса, Ҳикматойни қўйиб юборинглар! Онам ва норасида қизимни тинч қўйинглар! Мен фақат ўзимнинг айбдорлигим тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўйишга розиман. Лекин, бошқаларни бунга аралаштирманглар. Ўзгаларнинг гуноҳи менинг бўйнимда кетмасин!
Т р и ғ у л о в (айёрона тиржайиб). Бўпти, сиз айтганча бўлақолсин. Марҳамат, мана бу фақат ўз айбингиз ёзилган айблов протоколи, унга имзо чекинг. Ҳозироқ хотинингизни чиқариб юборишга буйруқ бераман. (Қоғозларни Фитрат томонга суриб қўяди.)
Ф и т р а т (Терговчига қараб). Сўз берасизми?
Т р и ғ у л о в. Чин офицерлик сўзим.(Сўнг столдаги тугмачани босади. Соқчи киради).
Соқчи. Чақирдингизми, ўртоқ лейтенант?!
Т р и ғ у л о в. Ҳа, бориб котибага айт, бугуноқ Ҳикматой Фитратовани қамоқдан озод қилиш ҳақида буйруқ тайёрласин!
Соқчи (честь бериб). Есть, ўртоқ лейтенант?! (Чиқиб кетади).
Т р и ғ у л о в. Мана, мен сўзимни устида турдим, Энди сизни навбат. (Ручка узатиб). Марҳамат! Қўл қўйинг!
Ф и т р а т (Ручкани олиб бир оз ўйланиб қолади. Ноилож хўрсиниб қўяди ва қоғозга жимгина имзо чекиб, ручкани қўяди).
Т р и ғ у л о в. (Кафтини кафтига ишқаб). Мана бу бошқа гап, Фитрат афанди. Стол тугмачасини босиб, соқчини чақиради. (Соқчи киради). Бу маҳбусни камерасига элтиб қўй! (Боринг, дегандек Фитратга қарайди).
Ф и т р а т (ўрнидан туриб, терговчига нафрат ила боққанча). Биламан, бу айбнома билан мени ё отасизлар ё совуқ ўлкаларга сургун қиласизлар. Аммо мен сургундан ҳам, ўлимдан ҳам қўрмайман. Шуни сизлар шуни асло унутмангизки, дунёда ҳеч бир ёмонлик жавобсиз қолмагай. Сиз большевиклар Туркистон халқларига озодлик, маънавият-маърифат олиб келдик деб мақтанасизлар. Лекин сизларнинг зўравонликларингиз Чор ҳукуматининг “ахлоқ принципларида” ҳам ошиб тушди. Тўғри, улар ҳам чопган эди, отган эди, юртимизни босиб олган эди. Аммо, урф-одатларимизга, диний маросимларимизга, умуман мусулмонларнинг яшаш тарзларига кўп аралашмаганди. Сизлар эса зулмни ҳадда оширдингизлар. Биринчидан, маҳаллий аҳоли давлат ишларидан четлаштирилди. Зўравонлик сиёсати авжга чиқди, иккинчидан, халқимиз иродасига бутунлай қарама-қарши бўлган коммунистик мафкурани асос қилиб олиб элу юртимизнинг миллий қадриятларини, эътиқодларини таъқирладингизлар, зиёратгоҳларни вайрон қилдингизлар, масжиду мадрасаларни бузиб ташладингизлар ёки қамоқхона, отхона ва ғаллахоналарга айлантирдингизлар. Учинчидан, нафақат, бойликларимизни, балки маданий-маърифий қадриятларимизни ҳам талон-тарож этдингизлар. Халқимизнинг руҳониятига, турмуш тарзига тажовуз қилдингизлар. Элнинг миллатим деган фидойиларини йўқ қилдингизлар. Отдингизлар, осдингизлар, сургун қилдингизлар. Аммо шуни унутмангизки, асрлар мобайнида Турон аталмиш бу қўҳна заминга бойлик илинжи-да не-не қонхўр ёвлар бостириб келмаган. Бу юртга қилич кўтариб келган Кайхисрав, Искандар Мақдуний ва Чингизхон каби босқинчиларнинг тақдири қандай аянчли якун топгани тарихдан маълум. Иншооллоҳ, бир кун келиб Сизларнинг-да қисматингиз ана шундай аянчли якун топажак. Зеро, бизнинг томирларимизда Тўмарис, Широқ, Жалолиддин Мангуберди ва соҳибқирон Темурларнинг муқаддас қонлари оқмоқда. Сизлар букун бизнинг биттамизни ўлдирсангиз, эртага юзтамиз майдонга чиқажакмиз!. Юзтамизни ўлдирсангиз, мингтамиз, мингтамизни ўлдирсангиз, миллёнтамиз бош кўтариб майдонга чиқажакмиз! Ҳали шундай кунлар келадики, сизлар қилган бу разилликларингиз, зулму зўравонликла-рингиз, ноҳак тўккан қонларингиз, бегуноҳ олган жонларингиз учун тарих олдида, башарият олдида албатта, жавоб беражаксизлар! Ҳа, ҳа, албатта, жавоб беражаксизлар! (Бошини мағрур тутиб,соқчининг олдига тушиб чиқиб кетади.)
Т р и ғ у л о в. (Креслога бошини орқага ташлаганча ястаниб ҳиринглайди). Балки шундайдир, аммо у кунларга сиз етолмайсиз, ўртоқ профессор! Энди сизнинг ва сафдошларингизнинг насибангиз бир парча қайноқ қўрғошин бўлади, Фитрат жаноблари, ҳа, бир парча қайноқ қўрғошин! ( Хо-холаб кулади).
Эшикдан соқчи кўринади.
С о қ ч и. Узр ўртоқ терговчи!. Ростдан ҳам анави маҳбус аёлни озод қилиш ҳақида буйруқ тайёрлашсинми?
Терговчи. Ўв, хомкалла. Қанақа буйруқ?! Мен Фитрат бобонгга имзо чектириш учун шундай дедим қўйдим-да, бу бир бир тактика, тушундингми? Токи халқ душманлари битта қўймай қириб ташланмагунча, уларнинг хотинлари ҳибсда сақланишлари керак, Миша, тушундингми?
Соқчи (Безрайиб). Тушундим, ўртоқ лейтенант!.
Т р и ғ у л о в (мазах қилиб). Ҳеч балони тушунмадинг, Миша. Ҳеч балони тушунмадинг. Нега безраясан, боравер энди! Ҳеч қандай буйруқ-муйруқ тайёрланмайди, ҳеч ким озод этилмайди, тушундингми?
Соқчи. Тушундим, ўртоқ лейтенант.!
Терговчи. Э-э, тушунмай кет. Йўқол энди!
Соқчи. Хўб бўлади. (Шошиб чиқиб кетади).
Терговчи (Стол устидаги телефондан бошлиғига қўнғироқ қилади).
Ўртоқ, бошлиқ, лейтенант Триғуловман. Мурожаат этишга рухсат этинг! Сизга шуни мамнуният билан маълум қиламанки, ниҳоят, жадидлар раҳнамоси – Фитрат жанобларини айблов протоколига имзо чектиришга муваффақ бўлдик. Ҳа, ҳа у албатта фақат ўз айблов протоколига имзо чекди. Лекин биз бу ҳужжатга унинг тилидан Файзулла Хўжаев ва бошқаларнинг айби баён этилган 3-4 бет қоғоз қўшиб, унинг яна кўплаб сафдошларини “халқ душмани” сифатида айблашимиз мумкин. Нима дейсиз, бунда социалистик адолат принциплари бузилади-ку, дейсизми?! Вой-буй, ўртоқ начальник, социалистик адолат принциплари ўн еттинчи йилдаёқ бузилган-ку, нима бўпти яна бир бор бузилса. (Қаҳ-қаҳ отиб кулади). Ҳа-ҳа.ҳа. Энг муҳими, энди Фитратниям, Чўлпонниям, уларнинг раҳнамолари Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевни ҳам отиб ташлашимиз мумкин. Ҳукм-чи, дейсизми? Ҳукмни ҳар галгидек, отувдан кейин ҳам чиқариб қўяверамиз. Тарих олдида қандай жавоб берамиз, дейсизми?! Қандай бўларди, Ахир, тарихниям биз ўзимиз хоҳлагандек ёзамиз-ку, ўртоқ начальник. (Хо-холаб кулади).
Саҳнада милтиқли қизил аскарлар қўл-оёқлари кишанланган – Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Отажон Ҳошимов ва Ғози Юнусни отиш учун Бўзсув бўйига олиб кетаётганликлари ҳолати акс этади.
Ф и т р а т (саҳна ўртасига келиб тўхтайди). Оҳ, она Туроним – жисм ила жоним! Сендан айрилмоқ – менинг учун ўлимдир, Сенинг учун ўлмоқ – менинг тириклигимдир. Эй, азиз ва муқаддас саждагоҳим! Биз сенинг содиқ фарзанд-ларинг букун сен учун, порлоқ истиқлолинг учун жонимизни қурбон қилаётирмиз. Аммо бундан заррача афсусланмасмиз, ўкинмасмиз. Бизнинг букун тўкилажак қутлуғ қонимиз беҳуда кетмагай. Ишончим комилки, бир кун келиб сенинг мард ва ёвқур ўғлонларинг бағрингдан ёвуз босқинчиларни қувиб солиб, азиз ва муқаддас тупроғингни халос этажаклар. Шунда биз сенинг мусаффо ва тиниқ осмонингда ёрқин юлдузларга айланиб, буюк Истиқлолинг билан, Ҳурриятинг билан сени қутлагани келурмиз! Ва ҳур ва озод бағрингда нурга айланиб, мангу қолажакмиз!
Саҳна қоронғулашади. Юк машинасининг овози эшитилади. У узоқлашиб кетади. Бир неча дақиқалардан сўнг олисдан беш-олти марта “тарс-тарс” этган ўқ овозлари эшитилади. Сўнг оғир сукунат чўкади.

ПАРДА

ХОТИМА

Мустақиллик йиллари. Тошкентдаги “Адиблар хиёбони”. Ўзбек тили ва адабиёти университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчи ва талабалари Абдурауф Фитрат ҳайкалини зиёрат қилиб, пойига гулчамбарлар қўйишмоқда. (Фотожурналистлар, блогерлар ва телевидение ходимлари фото-видео тасвирга олишмоқда).


У н и в е р с и т е т п р о ф е с с о р и (сўзга чиқиб). Ҳурматли талабалар! Сизга маълумки, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан, адабиёт аҳлига юксак эҳтиром рамзи сифатида, ушбу гўзал ва кўркам “Адиблар хиёбони” ташкил этилди. Бу ерда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган 24 нафар улуғ адибларимизнинг муҳташам ҳайкаллари ўрна-тилди. Улар орасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Қодирий каби истиқлол фидойиларининг ҳам борлиги қалбларимизни қувончга тўлдиради.
Бугун биз зиёрат қилаётганимиз улуғ маърифатпарвар адиб Абдурауф Фитрат – XX аср ўзбек маданиятининг энг машҳур вакилларидан бири, Бухоро жадидларининг раҳнамоси, Туркистон озодлик ҳаракатининг асосчиси, ўзбек тили ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган машҳур ёзувчи, драматург, тарихчи, биринчи ўзбек профессоридир. Сизлар унинг “Сайҳа”, “Ҳинд ихтилочилари”, “Раҳбари нажот” каби асарларини, “Юрт қайғуси”, “Шарқ”, “Миррих юлдузига” каби гўзал шеър ва манзумаларини, “Ҳинд саёҳи” ва “Қиёмат” каби қисса-ҳикояларини, “Темур сағанаси”, “Падаркуш”, “Ўғузхон”, “Абулфайзхон” каби драмаларини севиб ўқигансиз ва олам-олам завқ олгансиз. Маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг миллатимиз олдидаги энг катта хизматларидан бири – унинг Туркистон озодлик ҳаракатининг назариётчиси ва амалиётчиси эканлигидадир.
Машъум ўттиз еттинчи йиллар қатағонида Ватанимизнинг энг сара фарзандлари қатори Абдурауф Фитрат ҳам “халқ душмани” сифатида қамоққа олиниб 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ўлдирилди. Ҳақиқатан ҳам, Фитрат Инқилобга қарши эди, ўша пайтларданоқ “большевиклар балоси”дан ташвишга тушган эди. Лекин, у халқига, Ватанига ҳеч қачон хиёнат қилган эмас. Аксинча халқи унинг жону жаҳони, Ватани эса унинг қиблагоҳи, чин саждагоҳи эди. У бир умр ўз халқини озод кўришорзуси билан яшади ва шу йўлда жон фидо этди.
Букун Фитрат ўзи орзу қилган истиқлол туфайли ўз халқига қайтди. Унинг жўшқин орзулари бирин-кетин амалга ошмоқда. Асарлари севиб ўқилмоқда. Юртимиз боғлари, кўчалар ва мактаблар унинг қутлуғ номи билан атлмоқда. Демак, у халқимизга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ ва қадрлироқдир. Унинг порлоқ хотираси Ҳуррият осмонида йўлчи юлдуздек порлаб қалбларимизга абадий нур сочиб туражак! Демак, Фитрат тирик ва у ҳамиша барҳаёт!

ТУГАДИ
10 март–27 июль 2021 йил


Зикрилла НЕЪМАТ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика “Маърифат”
тарғиботчилар жамияти аъзоси. тел: 90 346 05 76



Download 0.56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling