Отамдан қолган боғлар
Гўзал юлдуз, еримизнинг энг қадрли туқғани
Download 0.56 Mb.
|
Абдурауф ФИТРАТ-янгисидрама.doc-2
Гўзал юлдуз, еримизнинг энг қадрли туқғани,
Нега биздан қочиб мунча узоқларга тушибсан. Ҳар гал бу ажойиб сатрларни ўқиганимда қалбимни сеҳрлаб, мени юксак-юксак юлдузли самоларга чорлайди... Лекин, бир нарсага ҳайронман... Сиз гўзал юлдуз дея “Миррих юлдузи”га мурожаат қиласиз, Чўлпон ҳам “Ёруғ юлдуз” шеърида “гўзал юлдуз” деб мурожаат қилади?! Сиз шоирларнинг хаёлингиз нуқул осмондами, дейман?! Ф и т р а т. (Ҳазил аралаш кулиб) Ерда арзи додимизни ҳеч ким эшитмагандан кейин, дардимизни осмондаги юлдузларга айтамиз-да, хоним! Ҳ и к м а т о й. (Ўйланиб туриб, жиддий) Йўқ, бу ерда бошқа бир фалсафа бор. Ғоя уйғунлиги бор. Қоронғу тунларда сизлар кўкка интилиб, юлдузлар бағридан нур излайсизлар, жафокаш халқингиз қалбига бир рўшнолик ислайсизлар. Топдимми?! Ф и т р а т. Офарин, хоним, топдингиз! Лекин, ҳозир шеърдан кўра халқимизнинг озодлигини, адабиётимиз ва маънавиятининг келгуси тақдирини кўпроқ ўйлашимиз керак. Ҳ и к м а т о й. Улкан адабиётшунос олим сифатида шундой ҳам кўплаб асарлар яратдингиз, Абдурауф ака! Айниқса Фирдавсий, Навоий, Бедил, Яссавий, Машраб, Муқимий ва Фурқат ҳақидаги тадқиқотларингиз адабиётимиз хазинасидан муносиб жой олади, деб ўйлайман. Ф и т р а т. Гапингиз тўғри, Ҳикматой, гапингиз тўғри. Лекин, ҳали кўп ижод қилишимиз, халқимизни озодликка чорловчи буюк асарлар ёзишимиз керак. Шу пайт дарвоза тақиллайди. (Эру хотин ҳушёр тортишади). Ф и т р а т. Бориб дарвозага қаранг-чи, хоним. Бегона киши бўлса очиб ўтирманг! Ҳозир ҳар хил қаланғи-қасанғилар дайдиб юрадиган бўлган. Ҳ и к м а т о й (бориб дарвоза тирқишидан қарайди). Вой Отажон ака-ку. (Дарвозани очади). Ассалому алайкум, келинг домла, хуш келибсиз! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Ваалайкум ассалом, яхшимисиз келин, тинч-омонмисизлар? Устоз уйдамилар? Ҳ и к м а т о й. Раҳмат. Уйдалар. Келаверинг, домла, Марҳамат! Ф и т р а т (пешвоз чиқади). Ия, келинг, келинг ўртоқ Ҳошимов, бормисиз, директир иним! Биз ғарибларни ҳам йўқлайдиган кунингиз бор экан-ку?! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Уялтирманг, устоз, уялтирманг. Сиздек буюк инсонларни зиёрат қилиш биз учун катта шараф-ку! Ф и т р а т. Аллоҳимиз буюк, биз унинг бандаларимиз. Қани, марҳамат. тўрга ўтсинлар. Биз учун кимсан институтимиз директори, ўзбек “Плеханови”нинг ўзлари ёқлаб келганликлари ўзи катта шараф эмасми, иним! Хуш келибсиз! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в (стулга ўтираркан). Хушвақт бўлинг, устоз хушвақт бўлинг! Адабиётшунослик ва тилшуносликдан ташқари қомусий илм билан ҳам шуғулланганим учун шунақа деб аташади. Ҳ и к м а т о й (столга дастурхон ёзиб, нон ва қанд-қурс келтириб қўяди). Қани, домлажонлар, дастурхонга қаранглар! (Ўзи ичкарига кириб кетади). Ф и т р а т (нонни ушатаркан). “Плеханов”дай улуғ рус олимининг номини олиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, Отажон, иним! Қани, қанд-қурслардан олинг! Бухороча айтганда, оғзингизни ширин қилиб ўтиринг-чи! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Раҳмат, устоз, раҳмат. Халқимизнинг ана шундай қизиқ урф-одатларига борман-да. Яхшиям хоразмлик эмассиз, бўлмаса елкамга ёстиқ қўйиб, “Отажон, тўхтанг орқангизга така қўяй!” дермидингиз. (Хо-холаб кулишади). Ф и т р а т (кулгидан кўзлари ёшланиб). Э-э, ўлманг, Отажон, аскияни ҳам боплайсиз-да. (Пиёлага чой қуйиб узатади) Марҳамат, чой ичинг! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в (чойни оларкан). Раҳмат, раҳмат, устоз! Тинч ўтирибсизми? Мендан олдин ҳам кимдир келдими уйингизга? Ф и т р а т (ҳайрон бўлиб). Йў-ўқ, нега ундай деяпсиз? О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Қизиқ. Мен келганда дарвозангиз олдида Сотти Ҳусайн ўралашиб юрганди. Узоқдан мени кўриши билан елкасини қисиб, жуфтакни ростлаб қолди. Мен сизникидан чиқдими, деб ўйлабман. Ф и т р а т. Йўғ-ей. Сотти Ҳусайн бизникида нима қилади. Бировни ўхшатмадингмизми? О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Э-э, устоз. Мен унинг чармини етти чақиримдан танийман, аниқ ўша эди. Ф и т р а т.. Тавба, бу шумқадам бизнинг кўчада нима қилиб юрибдийкан? Ёки...(сўзининг давомини айтайми-айтайми дегандек ўйланиб қолади). О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Ёки айғоқчилик қилиб юрибдимикан, демоқчисиз-да, устоз... Жуда пихини ёрган одам у. Ундайлардан эҳтиёт бўлиш керак! Ф и т р а т. Астағфурулло, астағфурулло! Бизнинг кўчада нима бор экан бу исковичга?! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. “Итдан бўлган қурбонликка ярамас” деганларидек, наслу насабининг тайини йўқ бу даюслардан ҳар нарсани кутса бўлади, устоз! Шўроларга содиқлигини кўрсатиш учун ўз ота-онасини сотишданам тоймайди, бу баччағарлар. Ф и т р а т. Тавба! “Одамнинг оласи ичида бўларкан-да”. Бу йигит бир вақтлар “Миллий иттиҳод” ташкилотига қатнаб юрарди-я. Файзулложон ҳам у ҳақда сал нохушроқ гапларни айтганди. О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Шундоқ устоз, шундоқ. Бундайлардан эҳтиёт бўлиш керак! Сўнгги пайтларда НКВДга серқатнов бўлиб қолган дейишади, бу ярамасни. Истамбулда сиз билан бирга ўқиган, кейинчалик Бухоро Халқ Республикасининг Москвадаги мухтор вакили бўлиб ишлаган Отахўжа Хўжаевнинг қамоққа олинишида ҳам қўли борга ўхшайди, бу муртаднинг. Ф и т р а т. Йўғ-ей. Отахўжани ҳам 1923 йилда мен билан бирга лавозимидан олиб, Бухородан бадарға қилишганди. У ҳам жадидлардан. Хуллас, тақдиримиз ўхшаш. Балки шунинг учун пойлашяптимикан?! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Фақат шунинг учунгина эмас. Улар сизнинг шу кеча-кундуздаги сиёсий фаолиятингиздан ҳам хабар топишганга ўхшайди, устоз! Ф и т р а т. Ҳа, бўлиши мумкин. Шу кунларда ким дўст, ким душманлигиниям билмайсан киши. Лекин, саботли бўлишимиз керак. Бир одамнинг саботи буюк бир миллатни ислоҳ этишга қодир. Биз – ислоҳ этувчилар тоифаси учун саботдан бўлак асл қурол йўқ. Охири бахайр бўлсин! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Тўғри айтасиз, устоз! Менинг бу ерга келишимдан мақсад ҳам сизга бир гапни айтиш эди. Ф и т р а т. Хўш, нима гап экан? О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Гап иккаламизнинг орамизда қолсин-у, кеча институтимизга НКВДдан сўровнома келди. Сизнинг таржимаи ҳолингиз ва фаолиятингиз ҳақида тўлиқ маълумот сўрашган. Унга жавобан мен Сизнинг ўзбек адабиёти ва тилшунослиги йўлида қилган хизматларингиз ва ёзган асарларингиз ҳақида ижобий маълумотнома жўнатиб юбордим. Лекин, бу ерда бошқа гап борга ўхшайди, устоз. Ф и т р а т. Кўнглим сезганди, Отажон иним! Кўнглим сезганди. Сўнгги пайтларда кўплаб маслакдош дўстларимиздан айрилдик. “Ўнг саккизлар гуруҳи” иши, “Наркопромис иши”, “Қосимовчилар иши” деб қанчадан-қанча фидойи юртдошларимиз қамоққа олиниб, отиб ташланди, совуқ ўлкаларга сургун қилинди. Сталиннинг “Социализм душманлари ҳам кўпайиб бормоқда” деган гапини рўкач қилиб анча кишини миллатчи, халқ душмани сифатида йўқ қилиб юборишяти бу қаттоллар. О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Шуни айтаман-да, устоз! Жуда эҳтиёт бўлиш керак! Айрим тарғибот-ташвиқот ишларини ҳозирча тўхтатиб туриш керакми, дейман-да, Абдурауф ака?! Ф и т р а т. Пешонада борини кўрамиз, Отажон иним, пешонада борини кўрамиз. Менга алам қиладигани шуки, миллатимизнинг не-не фидойи инсонлари ўз орамиздан чиққан балолар туфайли ёвга ем бўлишмоқда. Бу аблаҳлар болтанинг сопини ўзимиздан чиқаришяпти-да, иним! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Гапингиз рост, устоз. Орамиздан чиққан айрим ярамаслар юрт озодлиги йўлида курашаётган ўз элдошларини ҳам душманга тутиб бермоқдалар. Улар билмайдиларки, иши битгач ғаним бир кун уларнинг ўзини ҳам йўқ қилиб юборади. Ф и т р а т. Ойни этак билан ёпиб бўлмас... Бизга бир гап бўлса-да, озодлик йўлидаги олий мақсадимизни Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов каби укаларимиз амалга оширажаклар. ИншоАллоҳ! Шуларнинг боши омон бўлсин! О т а ж о н Ҳ о ш и м о в. Иншооллоҳ айтганингиз келсин, устоз! Ф и т р а т. Энди гап бундай, Отажон иним! Бу ёғига сиз ҳам эҳтиёт бўлинг! Бизни бўлганимиз бўлган. Лекин сизни биз билан кўрмаганликлари маъқул. Чунки, Файзуллажон билан Акмалжонга елкадош бўлиш учун яна кимлардир омон қолиши керак-ку! Отажон Ҳошимов. Асло тушкунликка тушманг, устоз! Худо хоҳласа, ҳали эзгу мақсадлармизни биргаликда амалга оширамиз. Ф и т р а т. Иншооллоҳ Отажон иним, иншоАллоҳ! Лекин ёмонни айтмасанг яхшиси келмайди, деган гап ҳам борку, халқимизда. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Отажон Ҳошимов. Сиз ҳам ўзингизни асранг. Ҳали бизга, она Туркистонга кераксиз, устоз. Хайр, энди мен борай. Ф и т р а т (қучоқлашиб хайрлашади). Омон бўлинг, иним. Омон бўлинг! Отажон Ҳошимов. Сиздек улуғ инсон билан бир илм масканида ишлаганимдан фахрланаман. Мен сизни ўз устозим деб биламан. Бахтимизга соғ бўлинг! Ўзингизни асранг, Абдурауф ака! Хайр! Омон бўлинг!(Чиқиб кетади). Ф и т р а т (Отажон Ҳошимовни кузатиб, дарвозани ёпиб келгач, стулга ўтириб хаёл суриб қолади). Ҳ и к м а т о й (икки коса овқат кўтариб кириб келади). Ия, меҳмонимиз кетиб қолдими? Мен сизларга овқат олиб келгандим. Ф и т р а т. Ҳикматой, овқатни қўя тиринг, муҳим гап бор. Ҳ и к м а т о й (ҳайрон бўлиб). Муҳим гап дейсизми? (Қўлидаги косаларни стол устига қўяди). Ё Отажон ака бирор янгилик айтдиларми? Ф и т р а т (дабдурустдан). Гап бундай, Ҳикматой, биз ажрашишимиз керак. Ҳ и к м а т о й (ҳайратланиб). Нималар деяпсиз, Абдурауф ака! Нима деганингиз, бу?! Ф и т р а т. Ҳикматой, жоним! Мени тўғри тушун! Сўнгги пайтларда ишхонадаям, кўчадаям кимлардир мени кузатиб юрганини сезяпман. Булар энди мен тинч қўйишмайди, Ҳикматой. Кел, ажрашайлик! Ҳ и к м а т о й. (қатъий). Мен сизни қандай бўлсангиз, шундайлигингизча яхши кўрганман. Мен сизнинг ўз халқига фидойи инсон бўлганингиз учун севганман. Ажрашиш ҳақида эшитишни ҳам истамайман. Ф и т р а т. Ҳикматой, азизам! Мен ҳам сени жонимдан ортиқ кўраман. Лекин, ўзинг ақллисан-ку. Мени тўғри тушун! Булар Беҳбудийни ўлдиришди, Мунавварқорини отишди. Боту, Рамзий, Олтой, Элбекдай гўзал шоирларимини сургун қилишди. Энди навбат мен билан Чўлпонга келди. Мени деб бошингга бирор кулфат тушишини истамайман, Ҳикматой! Ҳ и к м а т о й. Мен ўз ҳаётимни Сизга бағишлаганман, Абдурауф ака. Сиз нима бўлсангиз шу! Сургун қилишса, сиз билан дунёнинг нариги чеккасигача кетишга ҳам розиман. Отадиган бўлишса, майли бирга отишсин! Ф и т р а т. Йўқ, йўқ, ундай дема, жоним! Менинг қилмишларимга сен жавобгар эмассан. Тушундингми?! Фақат ажрашишгина сени бу кулфатлардан асраб қолади, Ҳикматой! Ҳ и к м а т о й (йиғламсираб). Ахир Сиздан ажралишнинг ўзи мен учун ўлим-ку, Абдурауф ака! Эру хотин қўш ҳўкиз, дейдилар. Нима бўлсак бирга бўламиз. Ўлсак, ўламиз, қолсак, қоламиз! Ф и т р а т. Ундай дема, Ҳикматой, ундай дема! Ахир ҳуда беҳуда ўзингни қурбон қилишдан нима наф, Ҳикматой, нима наф?! Ҳ и к м а т о й. Элу юрт истиқлоли йўлида курашган миллатпарвар бир эркакнинг хотини сифатида қурбон бўлиш мен учун катта шараф! Ф и т р а т. Оҳ, Ҳикматой, ҳеч бўлмаса, кўзи хиралашиб қолган муштипар онам билан ҳали оқу қорани ажратолмайдиган норасида қизимизнинг тақдирини ўйла, азизам! Улар бизсиз хору зор бўлишади-ку, ахир! Ҳ и к м а т о й. (йиғлаб). Эй Худо, улар ҳам бир кунларини кўриб кетишар! Лекин мен Сиздан тирик туриб ажралолмайман. Ажралолмайман. (Уввос тортиб йиғлаб юборади) Ф и т р а т (бошини чангаллаб). Бирор чорасини топиш керак, топиш керак. (Сўнгра бирдан хаёли бир фикр келгандек) Топдим, Ҳикматой, Йўлини топдим. Ҳ и к м а т о й (гарангсираб). Топдингиз?! Ф и т р а т (қувониб). Ҳа, йўлини топдим, Ҳикматой. Яқинроқ кел, қулоғингни бу ёққа тут! Ҳ и к м а т о й (яқин келиб қулоғини тутади. Фитрат унинг қулоғига нималардир деб шивирлайди. Бу гап Ҳикматойга ҳам маъқул бўлгандек, оҳиста). Майли, майли, ундай бўлса, розиман, лекин ҳеч қаёққа кетмайман. Олтинчи кўриниш Тошкентнинг марказий кўчасида жойлашган Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Бошқармаси биноси. Бошқарма 4-бўлими бошлиғи давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Оғабековнинг хизмат хонаси. НКВД формасидаги қотмадан келган, семиз ва мўйловдор Оғабеков сигарет чекиб, хонадан у ёқдан бу ёққа юрибди. О ғ а б е к о в (столга ўтириб қўнғироқ қилади). Алло, навбатчи, мен катта лейтенант Оғабековман, менга лейтенант Триғуловни топ, тезда олдимга кирсин! (Сўнг гўшакни қўйиб, яна хона бўйлаб юра бошлайди). О ғ а б е к о в (ўзича). Улуғ Октябрь Инқилобининг йигирма йиллиги ҳам яқинлашиб қолди. Инқилобнинг ўн йиллигида анча “миллатчи” ва “халқ душманлари”ни фош қилиб, асфалосопинга жўнатдик. Устозимиз Лаврентий Бериянинг топшириқларига мувофиқ, бу йил икки баравар душманни фош этиб, йўқ қилишимиз керак.(Эшик очилиб лейтенант Триғулов киради). Т р и ғ у л о в. Чақиртирган экансиз, ўртоқ Оғабеков! О ғ а б е к о в. Расмиятчиликни қўй, Нурлин. Ҳа чақиртирдим, кел ўтир!. Хўш, ишлар қалай? Т р и ғ у л о в. Раҳмат, ёмон эмас. Шўро ҳукуматига қарши чиққан аксилинқилобчи, миллатчи, халқ душманларини фош этиб, жаҳаннамга жўнатиб юрибмиз. О ғ а б е к о в. Ҳа кимки, Шўро ҳукуматига қарши чиқса ёки унга буйсунишни истамаса ўлимга маҳкумдир. Т р и ғ у л о в. Қарши чиқадиганлар унча кўп эмасу, лекин буйсунишни истамайдиганлар жуда кўпайиб кетяпти-да, ўртоқ катта лейтенант! О ғ а б е к о в. Мен ҳам сени айнан шу масалада чақиртирган эдим. Дунёнинг ярмини забт этган улуғ жаҳонгир Александр Македонийскийнинг “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!” деган ибратли сўзини эшитганмисан? Т р и ғ у л о в. Худди шундай, ўртоқ катта лейтенант! О ғ а б е к о в. Халқни бўлиб ташлаш учун нималар қилиш кераклигини ҳам биласан-а?! Т р и ғ у л о в. Албатта, миллат вакилларини бир-бирига қайраб, уриштириш, бўлиб ташлаш, уларни бирлаштиришга уринаётган миллат фидойиларини эса турли йўллар билан айблаб, қамоққа тиқиш. Зиндонда чиритиш ёки отиб ўлдириш. О ғ а б е к о в. Ҳа, маладец! Ҳадемай, Октябрь Инқилобининг йигирма йиллиги нишонланади. Биз эса унга муносиб совға тайёрлашимиз керак. Т р и ғ у л о в. Яъни... О ғ а б е к о в. Яъни кузатувимизда бўлган, Шўро ҳукуматига қарши кишиларни миллатчи, халқ душмани сифатида айблаб, авахтага тиқиб, сўнг эса йўқ қилиб юборишимиз керак. Т р и ғ у л о в. Кузатувимиздагилар жуда кўп-ку. Қамоққа олишни кимдан бошлаймиз? О ғ а б е к о в. Аввало, Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевлар раҳбарлик қилаётган аксилинқилобий, аксилшўровий ташкилотларнинг Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат каби зиёлиларини бирма-бир қамоққа олиб, уларнинг Шўролар ҳукуматига қарши исён тайёрлаётганликларини фош этиш керак. Т р и ғ у л о в (ажабланиб). Ия, ҳали шунақа исён тайёрлашаётган эканми? О ғ а б е к о в. Аҳмоқ! Ҳозир тайёрлашмаган бўлса, кейин тайёрлашади-да! Кеч қолиб кейин пушаймон бўлгандан кўра, олдиндан уларни бирин-кетин қамоққа олиб, айбларини бўйнига қўйиш керак. Т р и ғ у л о в. Лекин, уларнинг аксарияти сиёсатдан йироқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган олим, шоир ва ёзувчилар-ку! О ғ а б е к о в. Эй, хомкалла. Боя айтдим-ку сенга, бирор халқни буйсундириш учун аввало уларнинг ақлли, дину диёнатим, миллатим дейдиган зиёлиларини йўқ қилиш керак, деб. Кейин аста-секин дини, тарихи, тили ва маданиятини йўқ қиласан. Қарабсанки, йўлбошчисиз қолган оломон серкасиз қолган қўйлардек қаёққа етакласанг ўша ёққа кетаверадиган бўлади, тушундингми? Т р и ғ у л о в. Ҳа, энди тушундим. О ғ а б е к о в. Тушунган бўлсанг, эртадан ҳибсга олишни бошлаймиз. Т р и ғ у л о в. Хўш, кимдан бошлаймиз?! О ғ а б е к о в. Бухоро жадидларининг отаси, Туркистон миллий истиқлол ғоясининг асосчиларидан бири бўлмиш Абдурауф Фитратдан. Т р и ғ у л о в (ҳайрон бўлиб). Биринчи ўзбек профессорими? У анча кексайиб, илм билан шуғулланиб юрган бир олим-ку. Бундан ташқари, у бир вақтлар Сталин билан учрашиб, “Инқилобни ёқловчи ўзбек донишманди” сифатида унда илиқ таассурот қолдирган одам бўлса... О ғ а б е к о в. Ҳа, Акмал Икромов уни жазодан асраб қолиш учун бир пайтлар атайлаб доҳиймиз билан учраштириб, Инқилобни ёқловчи олим сифатида таништирган. Нима қибди, биз эса уни Шўроларга қарши курашувчи ашаддий “аксилинқилобчи”, “халқ душмани” қилиб кўрсатиб, Сталиннинг меҳрини қаҳрга айлантирамиз, тамом-вассалом. Т р и ғ у л о в (иккиланиб). Фитрат жуда ақлли одам. Бу айбларни унга тиркаш жуда қийиндир-ов. О ғ а б е к о в (жаҳли чиқиб). Эй, Нурлин, сен нима қилиб форма кийиб юрибсан-а?! Қанақа НКВД зобитисан? Сен ҳатто кўчада турган симёғочни ҳам жиноят қилганликда айблай билишинг керак, тушундингми? Ўттизинчи йиллар бошида Олий Суд раиси Саъдулла Қосимов ва унинг маслакдошларини қандай қилиб Шўро ҳукуматига қарши чиққанликда айблаб қамоққа тиққанимиз эсингдан чиқдими?! Ёки Туркистон Маориф халқ комиссарлигининг Тошкент шўъбаси бошлиғи Мунавварқори Абдурашидхоновни қай йўл билан миллатчиликда айблаб отувга ҳукм қилганимизни унутдингми?! Элбек, Боту, Олтой каби миллатчи ёзувчи-шоирларни қандай қилиб совуқ ўлкаларга сургун қилдик. “Наркомпрос иши”ни ўйлаб топиб неча кишини гумдон қилдик. Хўш, уларнинг ҳаммаси айбдормиди? Т р и ғ у л о в. (илжайиб). Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади, денг. О ғ а б е к о в . Ҳа, яша-а. Фитратниям қамоққа олиш учун сабаблар тиқилиб ётибди. Қара, Бухоро жадидлари ва “Ёш бухороликлар” партиясининг етакчиси ким? Абдурауф Фитрат. 1918 йилда Тошкентда “Чиғатой гурунги” жамиятини тузиб, марксизм Шарқ маданиятига тўғри келмайди деб ташвиқот юритган ким?! Яна ўша Фитрат бобонг. Унинг бу қилмишлари жаҳлдор доҳиймизга ёқади, деб ўйлайсанми? Ёки Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаб уни “Миллий лайлатулқадримиз” деб атаган ким?! Яна ўша профессор Фитрат. Ўз асарларида бизни босқинчи сифатида тасвирлаган ким?! Яна ўша Фитрат жаноблари. Доҳиймиз Иосиф Сталинни “Абулфайзхон” га ўхшатганининг ўзи уни отувга ҳукм қилишга етиб ортади. Т р и ғ у л о в. Лекин ҳали буларнинг ҳаммасини унинг бўйнига қўйиб исботлаш керак. О ғ а б е к о в (унинг кўкрагига туртади). Шунинг учун ҳам сени чақиртирдим-да, “салабон”*. Мен санкция олиб, Фитратни қамоққа тиқаман, сен эса уни сўроқ қилиб, айбларини бўйнига қўясан. Тамом–вассалом. Т р и ғ у л о в (ҳафсаласи пир бўлиб). Фитрат жуда ақлли, донишманд, олим одам. Бу айбларни унинг бўйнига қўйиш осон бўлмайдиёв. О ғ а б е к о в (энсаси қотиб). Эй, ўқимаган. Бу айблар, аллақачон унинг бўйнида турибди. “Миллий иттиҳод” ташкилотининнг собиқ аъзолари Сотти Ҳусайн билан Эркин Сафарлар аллақачон унга ва унинг маслакдошларига қарши кўрсатма бериб бўлишган. Сенинг вазифанг – Фитрат бобонгдан “Бу ишларга бизни Файзулла Хўжаев билан Акмал Икромов жалб этган эди” деган кўрсатма олишдан иборат, холос. Уқдингми? Т р и ғ у л о в. У бу иккала давлат арбобини худди ўз укасидек яқин кўради, ўлса ҳамки, уларни айбламаса керак. О ғ а б е к о в (таъкидлаб). Эй, хомкалла, билиб қўй, Фитрат қанчалик буюк донишманд олим бўлмасин, лекин анча содда одам. Уни алдаб-сулдаб Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовга қарши кўрсатма беришга кўндирсанг, олам гулистон. Агар кўнмаса, ўзимизнинг “темир мушт” ва “қариндошларни қамаш” усулларидан фойдаланишинг мумкин. Қария оғзидан гуллаб қўйса бас, кўрибсанки, Икромов ва Хўжаевни ҳам яширин ташкилотларга раҳбарлик қилганликда, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон ва Абдулла Қодирий каби халқ душманларига ғамхўрлик қилиб келганликда айблаб отувга ҳукм этамиз, тамом-вассалом. Бу Улуғ Октябрь Инқилобининг 20 йиллигига бизнинг муносиб совғамиз бўлади. Балки шунда унвонларимиз ҳам ошиб қолар. Т р и ғ у л о в (тарвузи қўлтиғидан тушиб) Жуда мураккаб иш. Эплармиканман?! О ғ а б е к о в (астойдил жаҳли чиқиб). Ўв, агар эплолмасанг, сени эгаллаб турган лавозимингга нолойиқлигинг тўғрисида тақдимнома киритаман, бориб заводда қора ишчи бўлиб ишлайсан, тушундингми, галварс? Т р и ғ у л о в (қўрқиб кетиб). Йўғ-е, топшириқни бажаришга ҳаракат қиламан. Заводда менда нима бор?! О ғ а б е к о в (елкасига қоқиб). Бу бошқа гап, азамат. Ўзингни қўлга ол! Мен Фитратни қамоққа олгунча, сен унинг анави икки сотқин маслакдошларидан яна бир бор кўрсатма олисанг, тажрибанг ошади. Борақол! Довдирама! Т р и ғ у л о в. Хўп бўлади, ўртоқ катта лейтенант! (Кетмоқчи бўлади). О ғ а б е к о в. Тўхта, шуни билиб қўйки, Фитрат ҳам, Файзулла Хўжаев ҳам, Акмал Икромов ҳам бизга Туркистонга кириб олишимиз учун керак эди. Энди бизга уларнинг кераги йўқ. Энди Сталин даври келди. Энди коммунизм йўлидан оғишганларни гумдон этиш вақти келди. Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев каби давлат арбоблари бошлиқ бу нонкўрлар эса Туркистонни озод мустақил давлат қилиш, ўз динлари, тиллари ва маданиятларини қайта тиклаш мақсадида зимдан иш олиб боришмоқда, атрофларида зиёлиларни бирлаштириб, “босмачилик” ҳаракатини қўллаб-қувватлаб Туркистонни Шўролар ҳукумати таркибидан ажратиб олиб, мустақил давлат барпо этиш учун пайт пойлашмоқда. Т р и ғ у л о в (ҳайрон бўлиб). Йўғ-е, шунчаликка боришганми? О ғ а б е к о в (ўсмоқчилаб). Эй, сен нима деб ўйловдинг. Қўлидаги эркини, оғзидаги ошини олдириб, жим ўтиради деб ўйлаганмидинг. Улар ҳам анойи эмас. Барча керакли жойларга, раҳбарлик лавозимларига ўз одамларини тиқиштириб, яширин ташвиқот ишларини олиб боришган. Москвадаги ҳарбий Академияда таҳсил олган, тажрибали қўмондон, айни дамда Шимолий Кавказ ҳарбий округ Алоҳида отлиқ бригадаси қўмондони Миркомил Миршаропов эса исён кўтариш учун улардан бирор ишора берилишини кутиб ётибди. Шу боисдан уларга асло раҳм-шафқат қилиш керак эмас,тушундингми? Т р и ғ у л о в (ранги оқариб). Тушундим, ўртоқ катта лейтенант! О ғ а б е к о в. Тушунган бўлсанг, нега анграйиб турибсан. Бор, мен айтган сотқинларни сўроқ қилиб тажрибангни ошир! Журналист Жалил Бойбўлатов-нинг Фитрат ҳақидаги танқидий мақоласини ҳам “ишга” тиркаб қўй! Т р и ғ у л о в. Есть, ўртоқ бошлиқ! (Честь бериб чиқиб кетади). О ғ а б е к о в (сигарет тутатиб чекаркан, ўзига-ўзи). Йўқ, бу миллатчи, аксилинқилобчиларни аяб ўтириш керак эмас. Доҳиймиз Сталин айтганидек, “миллатчи” ва “халқ душманлари”ни аямай қириш керак. Қириш керак, тамом-вассалом. ПАРДА Еттинчи кўриниш Баҳор. Апрелнинг охири. Фитратнинг Тошкент шаҳри Гулистон кўчасидаги ҳовлиси. Ҳовлидаги ўрик-олчалар аллақачон довучча тугишган. Пешайвонда ин қўйган қалдирғочлар нимадандир безовта бўлиб вижирлаганча ҳовли узра чарх уриб учишади. Download 0.56 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling