Ҳақиқий ҳайвонлар (Theria) кенжа синфига қолган барча ҳам халтали, ҳам йўлдошли сутэмизувчилар киради. Уларнинг ҳаммаси тирик туғади. Кенжа синф 2 та инфрасинфга: тубан ҳайвонлар (Metatheria) ва йўлдошлилар, яъни юқори даррандалар (Eutheria)га бўлинади.
Тубан даррандалар инфрасинфи 1 та халталилар (Marsupialia) туркумини ўз ичига олади. Халталилар сутэмизувчиларнинг қадимги ва примитив туркуми бўлиб, йўлдошининг асосан бўлмаслиги, шу сабабли туғил-ган боласининг ўта нимжон бўлишлиги, 1 жуфт қопчиқ суяги бўлишлиги, урғочиларда 2 та бачадон бўлишлиги ва гавда ҳарорати юқори даррандаларга нисбатан паст бўлганлиги каби белгилари билан характерланади.
Халталилар Австралия ва Жанубий Американинг ўрмон, дашт ва тоғ жойларида тарқалган. Халталиларга типик вакил қилиб дарахтларда яшайдиган америка опоссуми, тасмания қопчиқли бўриси, қопчиқли айиқ ёки коала, кенгуру ва бошқаларни олиш мумкин.
Юқори даррандалар инфрасинфи вакиллари сутэмизувчиларнинг асосий туркумларини ўз ичига олади ва Ер юзида кенг тарқалган. Уларда ҳеч қачон қопчиқ суяги бўлмайди, йўлдоши яхши ривожланган. Юқори даррандалар 18 туркумга бўлинади.
Ҳашаротхўрлар (Insectivora) йўлдошли сутэмизувчиларнинг энг примитив туркуми ҳисобланади. Мия ярим шарлари анча кичик ва юзаси силлиқ бўлади. Тишлари гуруҳларга яхши ажралмаган, бачадони шохли бўлади. Тумшуғининг учида ҳаракатчан хартумчанинг бўлишлиги ҳаша-ротхўрларнинг характерли белгиси. Улар жуда ҳам майда ва ўртача катта-ликдаги ҳайвонлар бўлиб, ер тагида, ерда ва ҳатто дарахтларда яшайди. Австралиядан ташқари оламнинг барча қитъаларида тарқалган.
Ҳашаротхўрлар туркумига МДҲ да яшовчи терилари тикон билан қопланган ҳар хил типратиконлар, ер тагида яшашга мослашган кротлар, барг ва хас тагида яшовчи турли хил ерқазирлар (узунлиги 4 см), сувда яшашга мослашган ва қимматбаҳо мўйна берадиган вихухол, Мадагаскар оролида яшовчи тенереклар, Африкада тарқалган узун оёқлилар ва Жану-бий Осиё ўрмонларида яшовчи тупайлар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |