Ҳозирги ўзбек тили


Download 299.43 Kb.
bet33/84
Sana05.10.2023
Hajmi299.43 Kb.
#1692623
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   84
Bog'liq
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8

Фарқлаш тамойили нутқимиздаги шакли ва талаффузи бир-бирига яқин сўз ва морфемаларни ёзувда фарқлашни талаб этадиган ёзув қоидаси. Масалан: отли-отлик, тўнли-тўнлик, пальтоли-пальтолик, ёндош-ёндаш, қисм-қисим, роса-расо, танбур-тамбур ва ҳ.к.
Шаклий ёзув. Сўзларни шаклий ёзув асосида ёзиш - қайси халқнинг тили ёки графикасидан олинган бўлса, ўша этимологик ёки график ҳолатини сақлаб қолиш. Ўзбек тили лексикасида араб, форс-тожик, рус, инглиз тилидан ўзлашган қатор сўзлар мавжуд бўлиб, ўзбек халқи талаффузида улар ўзига хос тарзда қўлланилиши мумкин. Аммо шаклий ёзув қоидасига мувофиқ уларнинг ўзлари мансуб тилдаги этимологияси сақлаб қолган ҳолда ёзилади. Масалан, муаллим-ма:лим, маориф-мо:риф, Саодат-Со:дат, Муҳиддин-Мўйдин, гўшт-гўш, бахт-бах, фикр-фикир, ҳукм-ҳукум, стол-устал, станция-истанса ва ҳ.к.
Орфографиянинг кўриб ўтилган ёзув қоидаларидан фонетик ва морфологик тамойил ўзбек тилидаги ва сÿз қўшимча бирикуви натижасидаги фонетик ҳодисаларни, тарихий-анъанавий ва фарқлаш тамойиллари баъзи сўзни ва қўшимчани қандай ёзишни меъёрлаштирса, шаклий ёзув фақат бошқа тиллардан ўзлашган сўзни қандай ёзишни ўргатади. Лекин айни вақтда кўриб ўтилган ёзув қоидаларининг ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд бўлиб, улар бир-бирини тўлдириш учун хизмат қилади.


ҲОЗИРГИ ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ ЛЕКСИК САТҲИ ВА ЛЕКСИКОЛОГИЯ
Режа

  1. Лексикология ҳақида тушунча

  2. Бир семемали ва кўп семемали лексемалар

  3. семема ва унинг таркибий қисмлари

1-режа баёни

Лексикология (от. грек. lexikos cўзга оид ва logos - таълимот) тилнинг луғат таркибини, лексикасини ўрганувчи тилшунослик бўлими. Лексикологиянинг ўрганиш манбаи cўз бўлса, ўрганиш предмети унинг қуйидаги жиҳатлари:


а)лисоннинг асосий луғавий бирлиги сифатидаги лексема муаммоси, лексик бирлик типлари;
б)тил луғат таркиби структураси;
в)луғавий бирликларнинг қўлланилиши;
г)луғат таркибининг бойиши ва тараққиёти:
д)лексик бирликларнинг тилдан ташқаридаги борлиқ билан ўзаро муносабати.
Cўз умумлингвистик муаммо, шу боисдан у умумий сўз назарияси доирасида ҳам ўрганилади. Лексик бирлик доирасига нафақат алоҳида сўз (тугал шаклланган бирликлар), балки сўзга тенг барқарор бирлик, мураккаб, таркибли сўз ҳам киритилади. Лекин сўз асосий луғавий бирлик саналади.
Шакл ва мазмун бирлигидан иборат сўз тил бирлиги сифатида уч йўналишда ўрганилади:
а) структур жиҳатдан (сўзнинг қурилиш хусусиятлари);
б) семантик жиҳатдан (сўзнинг луғавий маъноси);
в) функционал жиҳатдан (сўзнинг лисон ва нутқ структурасида тутган ўрни).
Структур ёндашувда сўз лексикологик назариясининг асосий вазифаси унинг алоҳидалиги ва ўзига хослиги мезонини тиклашдир. Биринчи ҳолатда сўз сўз бирикмаси билан қиёсланиб, унинг тугал шаклланганлик ва алоҳидалик белгилари очилади. Сўзнинг нутқдаги аналитик шаклининг лисоний асоси ёритилади. Иккинчи ҳолатда сўзнинг турли грамматик шаклидан ҳосил қилинган лисоний инвариантини тиклаш хусусида сўз боради. Шу муносабат билан грамматик шакл олган лексема - сўзшакл тушунчаси муайянлаштирилади. Шунингдек, лексеманинг турли нутқий - фонетик, морфологик, лексик-семантик вариантлари ÿрганилади.
Луғавий бирликнинг семантик таҳлилида, улар (луғавий бирликлар) лексик семантика - семасиология тадқиқ манбаига айланади. Бунда сўзнинг тушунча (сигнификат) ва борлиқдаги аталмиш (денотат)га муносабати ўрганилади. Семасиологияда сўзнинг семантик хусусияти – бир маънолилик ва кўп маънолилик, умумий ва хусусий, мавҳум ва муайян, бош ва ҳосила, тўғри ва кўчма маънолари текширилади. Бунда асосий эътибор сўзнинг семантик структурасига, сўз маънолари типи ва уларни ажратиш мезонига, сўз маъноларининг ўзгариши ва тараққиёти, сўзнинг маъносини йўқотиши ва грамматик формантга айланиши – десемантизация ҳодисасига қаратилади.
Функционал ёндашувда сўзнинг нутқда воқеланиш жараёнидаги роли, шунингдек, бошқа лисоний сатҳ бирликлари воқеланишига, улар умумий маъноларининг парчаланишига қўшган «ҳиссаси» текширилади. Масалан, (одамча) сўзида [одам] лексемаси (-ча) морфемасининг «кичрайтириш-камситиш» маъносини (қизча) сўзидаги «кичрайтириш-эркалаш» маъносидан фарқлаган, морфологик сатҳ бирлиги бўлган [-ча] морфемасининг «кичрайтириш» умумий маъносини парчалаб, унинг бирини иккинчисидан ажратган.
Лексикология лексикага тил тизимидаги ички система сифатида қарайди. Шунингдек, ўзаро маъновий умумийликка эга бўлган луғавий бирлик янада кичик, ички тизимча сифатида қаралади. Шу асосда катта ва кичик, ички тизимларнинг поғонали, бир-бирини ташкил этувчилик муносабати очилади. Масалан, [олма], [ўрик], [нок] каби ҳўл мева номи бир тизимни ташкил этади. Сабзавот номи бошқа бир тизимни ташкил қилади. Улар юқорироқда яна бирлашади - кичик тизимчалардан ташкил топган «мева-сабзавот номи» тизимини ташкил қилади ва умумлаштириш юқорига қараб давом этаверади.
Тилнинг луғавий таркиби бир хил эмас. Сўзлар турли асосга кўра кўплаб типларга ажратилади. Масалан, қўлланиш даражасига кўра умумий истеъмол ва чегараланган (ёки хусусий) лексика, қўлланиш даврига кўра эскирган сўз, замонавий сўз ва неологизмр, қўлланиш доирасига кўра диалектизм, профессионализм, жаргон каби турларга бўлинади.
Лексикология тил луғат таркибининг бойишини ўрганганда унинг 3 типини ажратади. Булардан 2 таси (янги сўз ясаш, сўзни янги маънода қўллаш) ички бойиш имконияти бўлса, биттаси ташқи (сўз ўзлаштириш)имкониятдир.
Луғавий бирликнинг борлиққа муносабатини ўрганиш лексикологиянинг муҳим аспектидан бири. Бунда уларнинг киши ҳаётига, амал қилаётган даврга муносабати очилади. Масалан, яқин ўтмишда [савдогар] сўзида салбий оттенка бўлган бўлса, бугунги кунда ижобий бўёқли сўз сифатида кенг истеъмолда.
Лексикологиянинг умумий, хусусий, тарихий, қиёсий, назарий, амалий лексикология каби тури мавжуд.
Умумий лексикология лексиканинг қурилиш, амал қилиш ва тараққий этишининг умумий қонуниятини очса, хусусий лексикология маълум бир тилнинг луғат таркибини ўрганади.
Тарихий лексикология сўзнинг тарихий шаклий ва маъновий ҳолатини, тараққиётини текширади.
Қиёсий лексикология қариндош ва қариндош бўлмаган тилларнинг лексик бирликларини таққослаш билан шуғулланади. Масалан, қалқимоқ сўзи ўзбек тилида нарсаларнинг юзага чиқишини ифодалайди ва унинг турк тилидаги варианти маъноси («кишининг ўрнидан туриши» ) фарқланади (Саат качда калкийурсунуз? - Қачон уйқудан турасиз?) Ёки қариндош бўлмаган ўзбек ва рус тилларидаги [яблоко] (мева) ва [олма] (мева ва дарахт) лексемаларининг лисоний қийматлари ҳар хил.
Амалий лексикология лексикография (луғатчилик), таржима, лингво-поэтика ва нутқ маданиятини ўз ичига олади. Уларнинг ҳар бири лексикологик назарияни бойитади. Масалан, таржима қиёсий лексикология учун қимматли материаллар беради.
Назарий лексикология лексикада лисоний ва нутқий жиҳатларни фарқлаб, уларнинг тизимий муносабатларини тадқиқ қилади.
Лексикология ўз ўрганиш предмети тадқиқида умумлингвистик тадқиқ усул - дистрибутив (сўзнинг чегарасини белгилаш, морфологик структурасини аниқлаш), субституция (сўзлар маъновий хусусиятларини таҳлил этиш), компонент таҳлил (лексема ва сўзлар маъновий таркибини аниқлаш), трансформацион ва статистик методларидан фойдаланади.



Download 299.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling