Ҳозирги ўзбек тили


Download 299.43 Kb.
bet18/84
Sana05.10.2023
Hajmi299.43 Kb.
#1692623
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   84
Bog'liq
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8

3-режа баёни


Фонеманинг вариантлашуви
Фонема ва товуш муносабати инвариант-вариант диалектикасини ўзида акс эттиради. Нутқий вариантланишда фонема турли-туман товуш сифатида юзага чиқади ва уларни шартли равишда, масалан, (б1), (б2), (б3), (б4), (б5), (б6), ...(бn) тарзида белгилаш мумкин. Нутқда воқеланган барча (б) ларни битта [б] фонемасига бирлаштиришда уларнинг умумий хоссалари «йиғилади». Бундай умумий хосса – физик (акустик) ва физиологик (артикуляцион) ўхшашлик. Турли талаффуз шароитида бу умумий белги ўзгаришга учраши мумкин. Лекин бу ўзгариш миқдор ўзгариши даражасида бўлиб, cифат ўзгариши босқичига етмайди. Акс ҳолда, у бошқа фонеманинг вариантига айланиб кетган бўлур эди. Масалан, [а] фонемаси «қуйи кенг» ва «лабланмаган»лик моҳиятига эга. Шу боисдан у нутқий воқеланганда, қанчалик ўзгаришга учрамасин, барибир, товуш бу фонеманинг варианти ҳисобланиши учун мазкур моҳият чегарасидан чиқмаслиги лозим. Қалам ва катта сўзида 4 та (а) товуши мавжуд бўлиб, бунинг барчаси юқорида айтилган «қуйи кенг», «лабланмаганлик» умумий белгисига эга. Шу боисдан [а] фонемасининг варианти ҳисобланади. Бироқ (а) товушлари юмшоқ-қаттиқлиги ва тил олди-тил орқалиги билан фарқланади. Қалам сўзидаги [а] товушлари тил орқа ва қаттиқ унлилар бўлса, катта сўзидаги [а] лар тил олди ва юмшоқ унлилардир. Бу белгилар [а] фонемаси моҳиятида мавжуд бўлмай, балки [а] товушининг талаффузи жараёнида бошқа ((қ) ва (к)) товушлар таъсирида юзага келган ҳодиса. Бошқача айтганда, (а) товушлари моҳиятига дахлдор бўлмаган, ўзга, бегона моҳият зарраларининг [а] фонемаси кўринишига ёпишган тажаллидир. Бу тажаллилар бир қарашда [а] товуши моҳиятига дахлдордек туюлади. Шу боисдан дарслик ва қўлланмаларда [а] фонемасининг субстанциал белгиcидан бири сифатида мазкур хосса ҳам ажратилади. Бир фонема ҳам тор, ҳам кенг ёки ҳам жарангли, ҳам жарангсиз бўла олмаганлиги каби [а] фонемаси ҳам тил олди, ҳам тил орқа товуши сифатида воқелана олмайди.
Демак, умумийлик ва хусусийлик методологияси билан қуролланган тилшунос товушлардаги моҳиятга дахлдор ва дахлдор бўлмаган жиҳатларни бошқалардан кўра тезроқ ва аниқроқ илғайди.
Фонеманинг моҳияти доирасидан чиққан товуш унинг варианти саналмайди. Масалан, [б] фонемаси жарангли ундош фонема. Талаффузда у жарангли бўлсагина, [б] фонемасининг варианти саналади. Китоб сўзи китоп тарзида талаффуз этилса, воқеланган (п) товуши [б] фонемасининг нутқий варианти ҳисобланмайди. Чунки жарангсизлашув ҳодисасидаги миқдор ўзгариши меъёр чизиғидан ўтиб, сифат ўзгариши даражасигача етган ва [п] фонемаси моҳияти чегарасига кирган. Худди шундай [а] фонемаси воқеланишида ҳам «торлик» белгисининг кенглик чегарасига етиши билан вариант [и] фонемаси моҳияти чегарасига кириб кетади.
Товуш (вариант)ларнинг бир фонемага бирлашиши учун уларнинг барчасида ўзгаришсиз сақланадиган муҳим бир хосса эътиборга олиниши лозим. Бу бир гуруҳга кирувчи барча вариантнинг ушбу гуруҳга кирмайдиган бошқа вариантга бир хил қарама-қарши туриши (бундай белги, одатда, фонологик фарқловчи белги ҳам дейилади) ва бир хил маъно фарқлашидир. Бошқача айтганда, товуш (вариант)лар бир фонемага бирлашиши учун улар функционал умумийликка ҳам эга бўлиши лозим. Маъно фарқлаш хоссаси ана шундай функционал умумийлик. Фонема маъно фарқлаш хоссасига эга. Лекин товушнинг барчаси ҳам ҳар доим маъно фарқлайвермайди. Бир фонеманинг нутқий варианти ўрнини иккинчи фонеманинг нутқий варианти эгалласа, сўз ўзгариб кетади: бош-бот, бош-беш каби. Лекин бир фонеманинг бир варианти ўрнини унинг иккинчи бир варианти билан алмаштирилса, маъно фарқлаш амалга ошмайди. Ўт (ўсимлик) сўзидаги (ў) унлисини бир киши тил олди, бошқаси эса, шеванинг фонетик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, тил орқа товуши сифатида талаффуз этади. Лекин улар бир фонема варианти бўлганлиги сабабли ўзаро маъно фарқлаш қобилиятига эга эмас.
Демак, фонема деганда унинг физик-физиологик хоссалари мажмуидан иборат маълумотнигина тушунмаслик керак. Масалан, физик-физиологик умумийлик бўлган [б] балки барча тилларда бўлиши мумкин. Фонема эса ҳар бир тилда ўзига хос. Чунки фонема ўзининг ижтимоий хоссасини маълум бир тилдагина бажаради. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, мавҳум (лисоний) [б] нинг қарама-қаршиликлар тизими маъно фарқлаш вазифаси фақат маълум бир тил учунгина хос. Бошқача айтганда, товушларнинг уларни бир гуруҳга киритувчи функционал хусусиятлари (акустик-физиологик хоссалари билан биргаликда) фақат бир тил доирасидагина амал қилади.
Фонема функционал қўлланишдан ташқарида амал қиладиган, муайян товушлар гуруҳидан умумлаштириладиган мавҳум товуш типи эмас. У муайян функция бажарадиган товушлар умумлашмаси. Бироқ фонемани «соф функция» билан ҳам чегаралаб қўймаслик лозим. Чунки у эшитиш аъзосига таъсир қиладиган ва функция бажарадиган бирлик. Бироқ ҳар иккала хоссасини ҳам варианти – товуш орқали намоён қилади.
Фонема ва унинг варианти бўлган нутқ товуши қандай муносабатда бўлса, ёзма нутқда фонеманинг график ифодаси ва ёзма товуш шундай муносабатда бўлади.
Фонемани талаффуз қилиб ва эшитиб бўлмаганлиги каби, фонеманинг график ифодаси ҳам онгда шартли равишда ўринлашган. Талаффуз қилган бирлигимиз фонема эмас, балки товуш бўлганлиги каби, (б) тарзида қоғозга ёзганимиз ҳам графема (фонема ифодаси) эмас, балки ҳарф (товуш ифодаси)дир. Онгимиздаги (б) графемаси барча (б) ҳарфлари учун инвариант экан, бирорта ҳарф ҳам графеманинг барча хоссаларини бирданига ва умуман намоён қила олмайди. Ҳар қандай ҳарф индивидуал, вариант хоссани ўзида мужассамлаштиради.
Ҳарф графема варианти бўлганлиги каби, бир вақтнинг ўзида фонема вариантининг ифодаси. Ҳар қандай товуш фонема варианти, ҳар қандай ҳарф графема варианти.
Фонемани тиклаш «нутқ-лисон», яъни хусусийлик - умумийлик тарзида, унинг воқеланиши эса «лисон-нутқ», яъни умумийлик-хусусийлик йўналишида кечади. Демак, бошқа сатҳ бирликларида бўлгани каби, фонеманинг воқеланиши ва унинг тикланиши бир-бирига қарама-қарши туради. Бу ҳолат графема ва ҳарф диалектикасида ҳам акс этади.

Download 299.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling