Ҳозирги ўзбек тили


Ўзбек ёзуви тарихидан қисқача маълумот


Download 299.43 Kb.
bet31/84
Sana05.10.2023
Hajmi299.43 Kb.
#1692623
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   ...   84
Bog'liq
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8

Ўзбек ёзуви тарихидан қисқача маълумот

Марказий Осиёда энг қадимги даврда яшаган қабилалар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар грек, эрон, хитой тарихчилари ва ёзувчилари асарларида, тошларда битиб қолдирилган ёзув ва бошқа материалларда баён қилинган.


Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбек халқи қадимда турли ёзув системасидан фойдаланиб келган. Ўзбек ёзувлари тарихида амалда ишлатиб келинган асосий ёзув системасини фонографик, яъни товуш ёзуви, ҳарфий ёзув ёки алфавит ташкил этган. Ўзбек халқи Марказий Осиёнинг бошқа халқлари сингари оромий, юнон, карошта, суғд, хоразм, қўшан, эфталит, паҳлавий, сурия, ҳинд, урхун (руник), уйғур, араб ёзуви каби бир қанча ёзувдан фойдаланган. Ўрхун-руник ёзувини бошқа туркий халқлар билан биргаликда ижод қилган.
Собиқ шўро даврида бошқа Шарқ халқлари билан бир қаторда аввал лотин, кейинчалик эса рус графикасига асосланган ёзувни қабул қилиш ўзбек халқи ҳаётида ўзига хос ҳодиса бўлди.
Эрамиздан аввалги VI-IV асрларда Марказий Осиёнинг Эронга яқин ҳудудида расмий ёзув сифатида клинопись, яъни мих ёзуви ишлатилар, айрим жойларда эса халқаро дипломатик муомалада оромий ёзуви қўлланилиб, клинописдан бирмунча оддий ва қулай эди. Турли ёдгорликларда қайд этилишича, эрамиздан олдинги III-I асрларда оромий ёзуви билан бир қаторда юнон ва карошта ёзуви ҳам ишлатилган.
Ҳозирги эрамиздан бошлаб сўғд ёзуви қўлланила бошлади. Бу ёзув тахминан VI асргача давом этди. II асрнинг охири ва III асрнинг бошида Хоразм шоҳи чиқарган пулларда хоразм ёзуви учрайди. Бу ёзув Марказий Осиёда анча кенг тарқалган бўлиб, оромий ёзувига яқин эди.
V-VIII асрлар давомида туркий халқлар Ўрхун-Енисей номли ёзувдан кенг фойдаланган. Бу ёзув баъзан руник ёзув деб ҳам юритилади. Енисей дарёси ҳавзасидан топилган Ўрхун ёзуви ёдгорликлари ҳақида дастлаб XVIII асрнинг бошида рус хизматчиси Ремезов хабар берди. Кейинроқ швед офицери Иоганн Страленберг шу дарё ҳавзасида номаълум ёзувли тош борлигини қайд этади. Бу ҳақда олим Мессершмидт ҳам ўз асарларида маълумот бериб ўтади. Аммо узоқ вақт давомида олимлар бу ёдгорликларни ўқишга, унинг қайси халққа тегишли эканлигини аниқлашга муваффақ бўла олмадилар.
XIX асрнинг биринчи чорагида «Сибирский вестник» («Сибир ахбороти») журналида Григорий Спасскийнинг Енисей ёдгорликлари ҳақида мақоласи босилди. Бу мақола лотин тилига таржима қилиниб, кўп мамлакатларнинг олимларига маълум бўлди. Лекин турли мамлакат олимлари уни турлича талқин қила бошладилар.
1890 йилда Фин-Угор илмий жамияти Ўрхун дарёсига археологик экспедиция уюштирди. 1891 йил эса Россия Фанлар академияси академик В.В.Радлов бошчилигида Ўрхунга катта экспедиция юборди. 1892 йилда бу экспедициянинг иш натижалари иккита атлас ҳолида нашр қилиниб, уларда номаълум ёзув ёдгорликларининг сурати, улар топилган жойларнинг плани, харитаси ва бошқа маълумотлар берилган эди. Ёдгорликларни биринчи бўлиб даниялик Вильгелм Томсен ўқишга муваффақ бўлди. У ўқишда турли алфавитларга таянмай, ишни ҳарфларнинг ўзаро нисбати ва ўхшашликларини аниқлашдан бошлади. Туркий тиллардаги баъзи бир товушларнинг қатор келиш ёки келмаслик ҳолатини аниқлаб, уни ёдгорликка солиштириб кўрди. Ёдгорлик ёзувини чапдан-ўнгга қараб эмас, балки ўнгдан чапга қараб ўқиш кераклигини аниқлади. В.Томсен биринчи бўлиб (turc-турк) сўзини ўқиб, мазкур ёдгорлик туркий халқларга тегишли деган хулосага келди. 1893 йилнинг 25 ноябрида деярли барча ҳарфларни аниқлаб ёдгорликларнинг «сири»ни очди. Бу орада академик В.В.Радлов ҳам 15 га яқин ҳарфни аниқлаб улгурган эди.
В.В.Радлов ўзининг ва В.Томсеннинг кашфиётига таяниб, Ўрхун дарёси атрофидан топилган бир неча ёдгорликлар матнини биринчи бўлиб таржима қилди.
Шундай қилиб, В.Томсен икки сўзни олдин ўқиган бўлса-да, айни бир вақтда рус олими В.В.Радловнинг ҳам бу ёзувни ўқишда хизмати каттадир. Шунга кўра, ушбу ёзувни биринчи бўлиб ўқиш ва изоҳлаб беришда ҳар икки олимнинг хизматлари ҳам бир хил баҳоланади.
Кейинчалик Ўрхун-Енисей ёзувининг янги-янги ёдгорликлари топилди, ўрганилди ва аниқланди.
Умуман, Ўрхун-Енисей ёдгорликларини текшириш ва ўрганишда В.Томсен, В.В.Радлов, П.М.Мелиоранский, А.Гейкель, С.Е.Малов кабиларнинг хизматлари жуда катта. Ҳозирги вақтда уларнинг ишини янгидан етишиб чиққан рус ва миллий республика олимлари муваффақият билан давом эттирмоқда.
Ўрхун-Енисей ёдгорликларига хос айрим лексик бирлик ва грамматик шаклни ҳозирги ўзбек, уйғур, озарбайжон, қирғиз, қозоқ, туркман, қорақалпоқ, татар, бошқирд, қорачой, болқар ва бошқа туркий тилларда учратиш мумкин. Шунга кўра, С.Е.Малов таъкидлаганидек, бу ёдгорликлар кўпчилик туркий тиллар тарихини ўрганишда муштарак бир манба сифатида жуда катта аҳамият касб этади.
Қисқаси, Ўрхун-Енисей ёзуви туркий халқларнинг энг катта маданий ёдгорликларидан. Айни вақтда ушбу ёзув туркий халқларнинг жаҳон халқлари орасида энг қадимий ва етук маданиятга эга бўлганлигидан далолат беради. Маълум бўладики, бу ёзувнинг ҳам тарихий, ҳам сиёсий, ҳам маданий жиҳатдан беқиёс даражада катта аҳамияти бор.
VI-VII асрдан бошлаб туркий халқлар ва мўғулларда уйғур алфавити қўлланган. Академик В.В.Радловнинг таъкидлашича, бу алфавит туркий халқлар орасида анча кенг ишлатилган. XIV-XV асрларда яратилган «Бахтиёрнома», «Меърожнома», «Тазкираи авлиё» каби асарлар уйғур ёзувида кўчирилган. Ҳатто 1469 йилда тузилган Умар Шайх ёрлиғи уйғурча ёзилган.
Қадимги уйғур ёзуви билан иш кўриш айрим ёзма адабий тилларга ҳам ўз таъсирини ўтказди ва сезиларли из қолдирди. Масалан, қадимги уйғур тилига хос бўлган бир қанча морфологик, лексик, фонетик унсурни Навоийгача яратилган ҳамма ёдгорликда учратамиз.
VII-VIII асрларда Ўрта Осиё араблар томонидан босиб олинади ва шундан кейин ўзбек халқи ҳам араб ёзуви билан иш кўра бошлайди. Шунинг учун бу даврдан бошлаб, ўзбек олимларининг деярли барча асарлари асосан араб алифбосида ёзилган.
Араб ёзуви ўзбек тили хусусиятларига кўп жиҳатдан мувофиқ келмас эди. Араб алифбоси, ёзилиши жиҳатидан мураккаб бўлиши билан бирга, у ўзбек тилининг махсус товушларини ифода эта олмас эди. Унинг бу жиҳатини сезган айрим мутахассислар ўз муносабатларини билдирдилар. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Хатти Бобур» ёзувини яратди, лекин бундай илғор тадбирлар, ўша замонда амалга ошмай, эътиборсиз қолиб кетди.
Араб ёзуви октябрь тўнтаришидан кейин ҳам бир неча йиллар давомида амалда бўлди. Бироқ араб ёзуви, айниқса, маданиятнинг талабларига тўла жавоб бера олмай қолди. Халқни тез орада ёппасига саводли қилиш, илмий, бадиий, сиёсий адабиётларни кўплаб бостириш, газета, журналларни халқ орасига тезда тарқатиш ишига тўсқинлик қила бошлади. Шунинг учун ҳам 1929 йилдан бошлаб ўзбек ёзуви лотинлаштирилган алфавитга кўчирилди. Бу ҳодиса ўша даврда жуда катта ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳодиса бўлиб майдонга келди. Бу ёзув туркий тиллардаги товушлар хусусиятини, хусусан, уларга хос фонетик ҳодисаларни беришда араб ёзувига нисбатан жуда катта қулайликларга эга эди. Лотин алфавити то 1940 йилгача амалда ишлатилиб, ўз вақтида Шарқ халқларининг ёзуви тарихида муҳим роль ўйнади. Умуман олганда, Шарқ республикаларининг лотинлаштирилган алфавитга кўчиши ўша даврда жуда катта ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳодиса бўлди. Бироқ 1940 йилда собиқ шўро ҳудудида ёппасига кирилл алифбосига ўтишга қарор қилинди ва бу ёзув 1991 йилгача ўзбек халқининг ҳам «миллий» ёзуви сифатида амал қилди.
1993 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси лотин алифбосини миллий ёзув сифатида қабул қилишга ва бу ёзувга ўтишга қарор қилди. Лотин алифбоси ўзбек халқи мустақиллигининг бир белгиси сифатида намоён бўлди.

Download 299.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling