Ҳозирги ўзбек тили


Download 299.43 Kb.
bet34/84
Sana05.10.2023
Hajmi299.43 Kb.
#1692623
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   84
Bog'liq
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8

Лексема ва сўз

Назарий ёндашувда лексик сатҳ бирлиги тилшуносликда лексема атамаси билан номланади. Лексема тилшуносликнинг энг муҳим ва марказий тушунчасидан бири бўлса ҳам, унинг мазмун ва чегараси ҳозиргача аниқ белгиланган, деб бўлмайди.


Тилшуносликда лексема ва унинг лисоний тизимда тутган ўрни масаласидаги мураккаб ва чигал муаммодан бири лексеманинг тил структур бирлиги бўла олиш-олмаслиги. Кўплаб тилшунослар тилнинг структур бирликларини санар экан, фонема, морфема ва конструкция билан чекланиб, лексемани тилнинг алоҳида қурилиш бирлиги эмас, балки ва уни морфеманинг бир кўриниши сифатида қарайди. Ўзбек тилшунослигида лексикани тизим сифатида тадқиқ этиш натижаларини умумлаштирувчи ўқув қўлланмасида (Ҳ.Неъматов, Р.Расулов. Ўзбек тилининг систем лексикологияси асослари) ҳам лексема «жамият аъзолари учун тайёр, умумий, мажбурий бўлган, шакл ва мазмуннинг барқарор бирикувидан ташкил топган воқеликдаги нарса, белги, хусусият ва муносабатларни шакллантирувчи, нутқ ва луғатда грамматик морфемани ўзига бириктира оладиган морфема тури» тарзида морфеманинг бир кўриниши сифатида таърифланади. Лексемани морфема орқали таърифлаш, ўз-ўзидан, лисоний қурилишда унинг алоҳида, мустақил ўрни йўқлигига ишора қилади. Ҳолбуки, лексема кўп ҳолларда, жумладан, В.В.Виноградов таъкидланганидек, лексика ва грамматиканинг асосий бирлиги сифатида қаралади. Агар лексемага шундай ёндашилса, тилнинг асосий яруси-лексик сатҳ ҳам ўз мустақиллигидан маҳрум бўлиб, морфемик сатҳнинг таркибий қисми мавқеида бўла олади, холос. Бу каби ҳолатлар тилшунослар, олдига лексеманинг тил тизимида тутган ўрнини белгилаш ва асослаш вазифасини қўймоқда.
Европа тилшунослигида лексемага морфема орқали таъриф берилиб, у «корневая морфема» (ўзак морфема) сифатида қаралади. Ўзбек тилшунослигида ҳам лексема морфеманинг бир кўриниши сифатида эътироф этилади. Бироқ турли қурилишли тилларда лексема ва морфема муносабатида фарқли ҳолатлар мавжуд. Маълумки, агглютинатив ва флектив тиллардаги ўзакнинг кескин фарқланиши тилшуносликка кириш курсига доир барча дарслик ва қўлланмаларда муфассал шарҳланган. Уларда таъкидланишича, агглютинатив (масалан, рус, араб) тиллардаги ўзак ҳар доим сўз ясовчи ёки грамматик шаклдан холи тасаввур қилинмайди ва маъно англатмайди. Шунинг учун мазкур тилларга ўзакни морфемаларнинг бир тури сифатида қараш ва шу асосда фақат ўзакдан иборат, тарихий ясамалигини йўқотган ўзак лексемаларни мустақил қўлланишга эга бўлмаган морфеманинг бир кўриниши сифатида баҳолаш хос ва шу хусусият билан флектив тил агглютинатив тилдан фарқланиб туради.
Ўзак ва морфема туркий тиллар учун бир-бирини қопловчи, маънодош тушунча эмас. Тўғри, унинг иккаласи ҳам тилнинг энг кичик маъноли бўлаклари. Бу жиҳатдан фонема билан зиддиятда туради. Шунингдек, ўзак ҳам, морфема ҳам, яхлитлик (цельнооформленность), умумийлик, тайёрлик, мажбурийлик ва такрорланувчанлик хоссаларига эга. Бироқ улардан бири киши онгида аниқ денотатив маънога эга бўлиб, борлиқнинг бирор бўлаги билан алоқадор ҳолда идрок қилинади. Бошқаси эса мустақил денотатив эмас, нисбий маъновий мустақилликка эга бўлиб, боғланишларсиз аниқ маъно касб этмайди. Баён қилинган фикрларни далиллаш учун қуйидаги русча ч, пись, арабча қръ, ктб ва ўзбекча ўқи, ёз ўзакларини қўлланиш ва маъно англатиш хусусиятига кўра қиёслаш етарли. Мустақил ва алоҳида ажратилган ҳолатда ч нинг ўзак эканлигини мутлақо англаб бўлмайди (читать, учеба, учение), бироқ мулоҳаза юритиш натижасидагина пись нинг пишу, письмо сўзлари билан алоқадорлиги сезилади. Арабча ктб, қръ ўзаклари ҳақида эса бир қарашда уларнинг ўқиш ва у билан алоқадор тил унсурлари эканлиги, бироқ мустақил қўллана олмаслиги хусусиятини айтиш мумкин. Ўзбекча [ўқи] ва [ёз] ўзакларини шарҳлашда бу тил эгаси қийинчилик сезмайди. Бунда мулоҳаза [ўқи] ва [ёз] сўзларининг қандай маъно ташиётганлиги (ўқи – read, ўқи - study, ёз - write, ёз - summer) доирасида бўлиб, омонимик боғланишларни ойдинлаштириш масаласига йўналтирилади. Кўринадики, ўзбек тилида лисоний сатҳ бирлиги сифатида энг кичик маъноли бирликнинг икки алоҳида тури – лексема ва морфемани қатъий чегаралаш учун етарли илмий асос мавжуд. Демак, туркий тилларда лексемани морфема орқали эмас, балки лисоний сатҳнинг морфемадан юқорироқда турган ва тил эгаси онгида борлиқдаги маълум бир воқелик билан бевосита алоқада бўлган лисоний бирлик сифатида қараш лозим.
Таҳлилдан кўринадики, ўзбек тили учун тилнинг қурилиш бирликлари сифатида фонема-морфема-лексема-қолип тизмаси намоён бўлади. Буларда иерархик боғланиш ҳам мавжуд бўлиб, энг кичик морфема бир фонемага, энг катта морфема бир лексемага ва энг кичик лексема бир морфемага, энг катта лексема қолип маҳсулига тенг келади.
Лексема лисоний бирлик бўлса, сўз унинг нутқий воқеланиши, нутқий бирлик. Шунинг учун лексема барча лисоний бирликларга хос бўлган тайёрлик, умумийлик, мажбурийлик каби хоссаларга, сўз эса нутқий бирликларнинг тайёр эмаслик, индивидуаллик, ихтиёрийлик белгиларига эга.
Лексеманинг тайёрлиги ва сўзнинг тайёр эмаслигини далилловчи асосий белгидан бири унинг нутқда намоён бўлиши учун ҳар доим тайёр туриши, сўзловчи уни фақат ишга солиши. Кўринадики, лексема маълум бир тилда сўзлашувчи онгида шакл ва мазмуннинг яхлитлиги сифатида нутққа чиқишга шай бўлиб туради, маълум бир қонуният асосида, сўз ясаш қолипи асосида нутқ жараёнида ҳосил қилинмайди. Масалан, ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг онгида, дейлик [стол], [она], [ручка], [бормоқ], [қизил], [ўн] лексемалари борлиқдаги бирор нарса, предмет, ҳаракат, миқдор, белги кабини ифодаловчи онгдаги тушунчанинг инъикоси сифатидаги маънолари билан тайёр ҳолда, сўзловчининг «буйруғи»ни кутган ҳолда туради. Сўзловчига у аждодлар томонидан шаклий ва мазмуний яхлитлик сифатида «мерос қилиб қолдирилган». Сўзловчи унинг на шакл, на маъно томонини ҳамма учун умумий қилиб ўзгартира олади. Уларни нутқ жараёнида бошқа бир маънода қўллаши мумкин. Лекин тил жамияти онгида мазкур шакл бу маънони ифодалашга хосланмаганлиги учун у умумийлик ва барқарорлик хоссасига эга бўла олади. Масалан, сўзловчи [ҳайкал] лексемасини «асар» маъносида қўллаши мумкин: Менинг ҳайкалим битди каби. Аммо мазкур шаклга «асар» маъноси вақтинча бирикиб туради ва бу бирикиш омонат бўлганлиги туфайли яшовчанлик касб эта олмайди. Демак, сўзловчи лексеманинг на шаклий томонини, на мазмуний томонини ўзгартира олади.
Сўз эса тил жамияти аъзолари онгидаги лексеманинг сўзловчи томонидан нутқ шароитига мос равишда қўлланилиши. Лексема сўз сифатида воқеланганда, ўзининг бир қиррасинигина олиб чиқади. Сўзловчи лексемани сўз сифатида нутққа чиқарганда, унга морфологик, синтактик, услубий жиҳатдан ишлов беради. Сўз сўзловчи томонидан лексема асосида унинг нутқ мақсадига мос равишда тайёрланади. Масалан, Мен қизиқ, саргузашт китобларни севаман гапидаги китобларни сўзини олайлик. Ундаги нутқий луғавий маъно учун [китоб] лексемаси асос бўлган. Бироқ лексеманинг фонетик қиёфаси (яъни товушлар), морфологик белгилари (кўплик, тушум келишиги), синтактик вазифаси (сўз кенгайтирувчиси, тобе аъзо, тўлдирувчи эканлиги) кабилар сўзловчининг индивидуал саъй-ҳаракати асосида юзага келтирилди. [китоб] лексемаси онгимизда «варақдан ташкил топган, муқоваланган, босма ёки қўлёзма ҳолдаги, даврий бўлмаган ўқув қуроли» ва «йирик ҳажмли асарнинг қисми» каби иккита семемаси билан тайёр ва барқарор ҳолатда туради. Юқоридаги гапда (нутқда) унинг бир семемаси юзага чиққан. Ушбу лексеманинг онгимизда бирикув имкониятлари жуда кенгдир. Бу гапда у қизиқ, саргузашт сўзларинигина бириктирган. Бошқа валентлик ўринлари бўш қолган. Шунингдек, семемадаги «босма» семасигина юзага чиққан бўлиб, «қўлёзма ҳолдаги» семаси воқеланмаган. Лексеманинг семантик имкониятида китобнинг қандайлиги, масалан, бадиийлиги ёки илмийлиги белгиланмайди. Лекин у бадиий ёки илмий бўлиши мумкин. Сўзловчи эса юқоридаги сўзда унинг бадиийлигини бўрттирган. Демак, лексема кенг маъноли бўлиб, сўзловчи сўзда унинг маълум бир қиррасинигина юзага чиқаради. Лекин сўз сўзловчи томонидан бошқа жиҳатдан бойитилади. Яъни, айтилганидек, у фонетик, морфемик, синтактик, услубий томондан «тўйинтирилади».
Лексема сўзшакл, ясама сўз сифатида нутқда юзага чиқади. Лексемани грамматик шакллантириш уни сўзшакл қиёфасига киритиш (сўз ва сўзшакл синоним атама, чунки нутқда грамматик шаклланмаган, сўзшаклга айланмаган сўз йўқ) ва ундан нутқий мақсад учун маълум қолиплар асосида ясама сўзлар ҳосил қилиш сўзловчининг «сўз тайёрлаши»дир.
Маълумки, ясама сўзнинг айримлари нутқ жараёнида ясалади, айримлари эса бир вақтлар ясалган, бугунги кунда ҳаммамиз учун тайёр ҳолга келиб, туб лексема қаторига чиқиб олган. Қуйидаги учта бирликни қиёсланг:
китоб
китобхон
китобчи
Бу бирликдан иккитаси [китоб] ва [китобхон] онгимизда тайёр. [Китобхон] лексемаси аслида ясама, аммо бугунги кунда у онгимизда лексема ҳолида мавжуд. Аммо (китобчи) сўзи қандайдир ғайриоддийликка эга. Чунки у нутқий ясама сўз бўлиб, лексема сирасига ўтмаган. (китобчи) сўзи ҳам, [ишчи] (worker, рабочий) сўзи ҳам аслида [от+ чи = от англатмиши билан шуғулланувчи шахс оти] қолипи ҳосиласи. Аммо [ишчи] лексемаси бу қолипдан узоқлашиб, ундаги ўзак ва қўшимча қотган ҳолга келган, яъни бу лексема ҳозир юз бераётган нутқий жараёнда ясалмаган. (китобчи) сўзи эса мазкур қолип асосидаги, ундан нутқ жараёнида ҳосил бўлган нутқий ҳосила. Демак, айрим ясама сўз қолипдан чиқиб, давр ўтиши билан лексемалашиб, тайёр ҳолга келиб қолади.

Download 299.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling