Имитацион ўйинлар – имитацион ўйинлар сценарияси, ҳодиса сюжетидан ташқари, имитация қилинадиган жараён ва объектлар таркиби ва аҳамияти ҳақидаги тавсилотларни ўз ичига олган бўлим, цех, корхоналарнинг фаолиятини имитация қилишга асосланган дидактик ўйин тури.
Имконият – ўқувчи ёки талабадаги воқеликнинг дастлабки кўриниши, намоён бўлмаган жиҳатлари.
Имло (араб. – тўғри ёзиш), орфография – сўз ва гапларнинг, сўз қисмларининг графика воситалари ёрдамида тўғри ёзилиши; муайян тилдаги тўғри ёзиш қоидалари мажмуи.
Импровизация – тезкор фавқулодда ижодкорлик.
Имтиҳон (лот. examen–синов) – ўқувчи ва талабалар билим, кўникма ва малакаларини синаш жараёни. Имтиҳонлар давлат имтиҳони, кириш, синфдан (курсдан курсга) кўчириш, танлов имтиҳони ва бошқа турларга бўлинади.
Имтиҳон сессияси – олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртларида муайян мутахассислик бўйича ўқув режаси асосида белгиланган имтиҳонларни топшириш даври.
Инвигилатор – таълим натижаларини назорат қилиш усуллари бўйича мутахассис.
Инглиз тили ўқитиш методикаси – 1) инглиз тили таълими назарияси ҳамда методикаси бўйича талабаларга муайян билим, кўникма, малакалар ҳосил қилишга йўналтирилган ўқув фани; 2) инглиз тили ўқитиш методикаси хусусий педагогиканинг асосий соҳаси.
Инглиз тили Давлат таълим стандарти – инглиз тили таълим мазмуни ва ушбу ўқув предмети бўйича ўқувчилар эгаллайдиган билим, кўникма, малакаларга қўйилган талабларни давлат томонидан тасдиқланган эталони, модели.
Индивид – 1) алоҳида, мустақил ҳолда мавжуд бўлган организм. 2) алоҳида инсон, шахс.
Индивидуал ёндашув – педагогик жараённи ўқувчининг индивидуал ўзига хос жиҳатлари ( мижози, характери, қобилияти, мойиллиги ва бошқаларни эътиборга олган ҳолда амалга ошириш усули.
Индивидуал ривожланиш – индивиднинг туғилганидан бошлаб то ҳаётининг сўнгигача давом этадиган ўзига хос шаклланиш жараёни.
Индивидуал таълим – ўқитувчининг ўқувчига якка тартибда педагогик таъсирини амалга оширувчи ўқув машғулотлари шаклларидан бири, ўқитувчининг ўқувчи билан синф жамоасидан ташқарида олиб бориладиган алоҳида фаолияти.
Do'stlaringiz bilan baham: |