Маъруза тескари алоқа техникасини қўллаш – махсус жиҳозланган компьютер хоналарида ўтказиладиган, компьютер дастурлари асосида ўқитиш технологиясига асосланган маъруза.
Маърузалар курси – фаннинг ўқув дастури бўйича, ундаги барча маърузаларнинг асосий мазмунини қисқа ёритган, бирламчи янги билимларни олишга қаратилган, фойдаланиладиган асосий ва қўшимча адабиётлар кўрсатилган, ўз-ўзини назорат қилишга оид саволлар туркуми, мавзуга тегишли таянч атама ва иборалар келтирилган нашр.
Мақсад функцияси – белгиланган мақсадда манбада жараённи маълум қонуният асосида кечишини ифодаловчи математик аппарат.
Мақтов ёрлиғи – ўқувчи ва ўқувчилар гуруҳининг индивидуал ёки жамоавий тарзда таълимда эришган муваффақиятларини рағбатлантириш учун бериладиган ёрлиқ.
«Маҳбуб ул-Қулуб» (Қалблар севгилиси») – Алишер Навоийнинг аҳлоқий-таълимий асари. 1501 й.да ёзилган. Асар ўзаро боғлиқ 3 қисмдан иборат. 1-қисми 40 фасл (боб)ни ўз ичига олади. Бунда муаллиф ўз даврининг типик вакиллари ҳаётини тасвирлаган. 10 бобдан ташкил топган 2-қисмда яхши ва ёмон, мақтовга сазовор ва нафратга лойиқ хислатлар тафсилоти берилган. 3-қисмга ҳикматлар киритилган.
Маҳорат кўчаси – ролларга бўлиниб ўйналадиган дидактик ўйин тури.
Маҳоратли педагог – ўқув-тарбия фаолияти технологияларини эркин бошқара оладиган, қатор йиллар давомида юқори натижаларга эришган педагогик меҳнат намоёндаси.
Маҳсулдор фаолият – инсон ўз фаолиятида доимо дуч келадиган янгилик ёки янги ахборотлар натижасида вужудга келадиган самарали натижа.
Медитация – руҳий узоқлашиш
Мезонли тестлар – синалувчининг муайян ўқув ёки касбий топшириқларни бажариш учун етарли ва зарур ақлий ҳаракатга оид билим ва малакаларга эгалигини аниқлашга қаратилган психологик ташхис методикаси.
Мезотехнологиялар ёки модулли-локал технологиялар – ўқув-тарбия жараёнининг айрим қисмларини амалга оширишга ёки алоҳида локал (кичик) дидактик, методик, тарбиявий вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган технологиялар.
Do'stlaringiz bilan baham: |