Педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишларини ташкил этишда ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланишнинг назарий асослари


I боб. Педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишларини ташкил этишда ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланишнинг назарий асослари


Download 1.25 Mb.
bet4/19
Sana24.01.2023
Hajmi1.25 Mb.
#1117032
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
Bog'liq
Мустақил таълим дис

I боб. Педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишларини ташкил этишда ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланишнинг назарий асослари

    1. Мустақил ишлаш – ўқув фаолиятининг бир тури ҳамда билим олиш борасидаги ва ижодий фаолликни таъминлаш усули

      1. Педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишини ташкил этиш муаммосининг ҳозирги ҳолати

Талабанинг мустақил иши педагогика олий ўқув юртларида мутахассисларни тайёрлаш ишини қайта қуриш жараёнида муайян ўрин тутади. Ўқув фаолиятининг мазкур турини ташкил этиш бир қатор, анча мураккаб педагогик муаммолар билан боғлиқ. Улардан айримларини санаб ўтишга уриниб кўрамиз. Энг аввало, бу мустақил ишлаш кўникмаларини ҳосил қилиш, талабаларнинг вақти ҳамда ундан самарали фойдаланишнинг реал имкониятларини аниқлаш олий мактабдаги яхлит ўқув жараёнида талабаларнинг билим олиш ва илмий фаолиятини мақбул даражада мужассам олиб бориш йўлларини белгилаш бўйича аниқ услубларнинг йўқлигидир. Бундан ташқари, бу жараёнда алоҳида ўрганилаётган фаннинг аниқ амалий вазифаси, шу билан бирга унинг илмий жиҳатдан долзарб муаммо эканлиги кузатилмайди. Фаол ўқитиш услубларини қўллаш орқали талабанинг мустақил ижодий фаолиятини ташкил эта оладиган, унга касбий йўналишни танлашда ёрдам бера оладиган ўқитувчини тайёрлашга кам эътибор қаратилади. Санаб ўтилганлар ҳозирги замон олий мактабининг талабаларнинг мустақил ижодий ишини ташкил этиш борасидаги муаммоларининг ҳаммаси эмас, ҳали.


Мустақил ишнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири ёш мутахассисларда уларнинг дуч келишлари муқаррар бўлган ҳаётий ва профессионал вазифаларни муваффақиятли ҳал этишлари учун зарур бўладиган ижод қилиш, билишга интилиш, мустақил ва мунтазам фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришдир.
Шуни таъкидлаш керакки, узоқ вақт фақат мактабда ўқитиш жараёнига доир мустақил иш муаммосигина ҳал этиб келинган. Олий ўқув юртидаги ўқув жараёнига доир бундай муаммони ҳал этишга эса анча кеч киришилган.
Л.Б.Штрапениннинг [226] талабаларнинг физика бўйича мустақил ишини ташкил этиш борасидаги тадқиқоди, бу муаммога бағишланган асарларнинг биринчиларидан ҳисобланади. Кейинчалик, талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш муаммоси Кишинёв шаҳрида ўтказилган Биринчи республика олий ўқув юртлариаро илмий-методик конференцияда муҳокама этилди.
XX асрнинг 70-йилларидан бошлаб талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш ва ўтказишнинг турлича жиҳатлари турли илмий тўпламларда ёритила бошланди [124,125,134, 135,160,172 ва бошқалар].
Кўпчилик тадқиқодларда [116,164] талабаларнинг мустақил иши уни фаоллаштириш жиҳатидангина кўриб чиқилган эди. Талабаларни экспериментал тайёрлашни яхшилаш учун мустақил ишга жадаллаштириш нуқтаи-назаридан ёндашилгани, унда нафақат ўқитувчининг талабалар фаоллигини ошириш борасидаги фаолиятини кучайтириш, балки мустақил иш сифати ва самарадорлигини оширишга доир барча масалалар доирасини ҳал этиш ҳам тақазо этилади.
Мустақил ишни таърифлашга ёндашувлар таҳлил қилинар экан, унинг ўқув жараёнидаги ролини анча илгари англаб етишганлигини кўриш мумкин. Ф.А.Дистервеч [55] ўқувчиларнинг ақлий қобилиятини кучайтириш ғоясини кўриб чиқар экан, қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Етуклик ва билим биронта ҳам одамга берилиши ёки хабар қилиниши мумкин эмас. Ҳар бир шахс унга ўз меҳнати билан эришиши лозим. Инсоннинг мустақил равишда эришмаган нарсаси ўзиники эмас” [55, 236-бет].
Бироқ, “мустақил иш” тушунчасининг аниқ педагогик тизилмаси белгилаб олинган тақдирдагина моҳиятан тўла қонли бўлади. Талабанинг мустақил ишига берилган барча таърифларнинг моҳияти асосан бир хил бўлиб, қуйидагича таърифдан иборат: “… ўқувчи ўз фаолиятини бевосита педагогнинг раҳбарлигисиз бажарган тақдирда ўқув жараёнида мустақил иш услуби қўлланилаётганидан далолат беради” [17, 103-б]. Бироқ мустақил иш таърифига бундай ёндашиш чуқур ўқитиш тизимида қониқарли бўлмайди, чунки бундай таърифларда ўқув жараёнининг моҳиятидан эмас, балки уни ташкил этиш шаклидан келиб чиқилган. Шунинг учун А.В.Пайровнинг [146] асарларида, субъектнинг мустақил иши педагогнинг қатнашмаётгани билан ҳам, бирон бир вазифасини ўқитувчининг ёрдамисиз бажар олиши билан ҳам чегараланмайди. У анча кучли қобилияти, яъни: ҳеч қандай ёрдамсиз ўз олдига бирон-бир вазифа, мақсадни қўйиш, ўз фаолиятини режалаштириш ва уни амалга ошириш қобилиятини ўз ичига олади [146].
Профессор А.В.Петровнинг чуқур ўқитиш илмий мактабида талабаларнинг мустақил ишлаши уларда мустақил ўқиш, ўз-ўзини тарбиялаш, онгини ошириш, шахсий фаоллигини онгли равишда бошқариш қобилиятларини шакллантириш деб таърифланадики, талабаларнинг мустақил ишлашига бундай ёндашиш уни чуқур ўқитиш тизимига киритиш ҳуқуқини беради. Шу сабабли, мустақил таълим олиш чуқур ўқитишдан кўзланган мақсадга эришишнинг энг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.
Буларнинг барчасини назарда тутиб, биз мустақил иш тушунчасининг қуйидагича таърифида тўхталамиз, яъни мустақил иш – ўқувчининг бирон-бир вазифа, мақсадни ўз олдига онгли равишда қўйиш, ўз фаолиятини режалаштириш, уни амалга ошириш ва таҳлил қилиш қобилияти билан белгиланадиган машғулотдир. Бундай фаолиятни кўрсатиб турувчи ҳар бир жиҳатнинг ўқиш жараёнида шаклланиб ва ривожланиб бориши ҳисобга олиниб, мустақил иш даражали тушунча яъни: қайта ҳосил қилинадиган самарали ва ижодий иш деб қаралиши лозим.
Мустақил иш моҳиятини белгилашда биз шахснинг ақл-заковати, таъсирчанлиги ва қатъияти каби сифатларининг ижтимоий шарт-шароитларга ҳамда шахсий хусусиятларга боғлиқлигига асосландик. Бу ҳол шахснинг ижодий мустақиллиги каби хусусияти таълим ва тарбия жараёнида шаклланади деган маънони англатади. Муаммони тадқиқ қилишнинг ҳозирги ҳолати ижодий мустақилликнинг учта энг муҳим таркибий қисми, яъни: асословчи, таркибий-амалий ва ихтиёрий қисмлари ҳақида сўз юритиш имконини беради. Мустақил ижодий фаолият таркибий қисмларини схема тарзида баён этиш мумкин [қаралсин: 1-схема, 16-б]. Таркибий қисмларнинг барчаси ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тақазо этади, шу туфайли ўқув жараёнида уларни қисмларга ажратиш мумкин эмас. Санаб ўтилган таркибий қисмларни тадқиқ қилинаётган тушунча моҳиятини чуқур ўрганиш мақсадида фақат шартли равишда ажратиш мумкин.
Асословчи таркибий қисм. Асос бу аниқ мақсадга қаратилган фаолиятни талаб этувчи майлдан иборат. Асоснинг ўзи эса эҳтиёж туфайли юзага келиб, ўқувчининг ижод қилишга туғилган эҳтиёжи билан уни мустақил қондиришнинг имкони йўқлиги ўртасидаги зиддиятни англаб етиши жараёнида шаклланади.
Мустақил фаолиятнинг иккинчи таркибий қисми таркибий-амалий қисм бўлиб, у талабанинг етакчи билимлар тизимини ва таълим бериш усулларини эгаллашидан иборат. Талаба етакчи билимларнинг муайян тизимини ўзлаштирган ҳамда уларни мустақил ўрганиш кўникмасини эгаллаган тақдирдагина ўз билимини тўлдириш ва фаолиятнинг янги усулларини ўзлаштириш сари қатъий интилиши мумкин.
Етакчи билимлар янги билимларни эгаллаш учун асос бўладиган ва фаннинг негизини ташкил этувчи билимлардир. Психологик-педагогик йўналишдаги фанлар учун педагогик назария ва услублар етакчи ҳисобланади.
Билимни эгаллаш – бу уни фақат тушуниш ва эслаб қолиш эмас, балки ундан амалий вазифаларни ҳал этишда фойдалана билишдан ҳамда билим ва фаолият усулини янги вазиятга кўчира билишдан иборат. Бундай натижага эришишнинг асосий воситаси талабаларнинг мустақил ишини ташкил этишдир.
Таркибий – амалий қисмнинг асосини – интеллектуал, умумий ва махсус таълим усуллари ҳам ташкил этади. Интеллектуал усулларга қиёслаш, таққослаш, таҳлил қилиш, умумлаштириш каби фикрлаш амаллари киради.
Талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллиги уларда таълим бўйича меҳнат қилиш кўникмасини шакллантириш билан боғлиқ. Бундай меҳнат умумий кўникмаларининг таркибий қисми – мустақил ишни режалаштириш, уни оқилона ташкил этиш, ўз-ўзини назорат қилиш ва муайян суръатда ишлаш қобилиятидан ташкил топади.

Download 1.25 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling