Педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишларини ташкил этишда ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланишнинг назарий асослари


Ўқув-амалий ўйин ва унинг талабалар мустақил ишини ташкил этишдаги вазифалари


Download 1.25 Mb.
bet8/19
Sana24.01.2023
Hajmi1.25 Mb.
#1117032
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   19
Bog'liq
Мустақил таълим дис

1.2. Ўқув-амалий ўйин ва унинг талабалар мустақил ишини ташкил этишдаги вазифалари
1.2.1. Амалий ўйин – мамлакат ва хориж мактабларидаги фаол ўқитиш услуби

Ҳозирги замон рақобатлар кучайганлиги билан ажралиб турганлиги натижаси ўлароқ олий мактабни битурувчиларни тайёрлашга бўлган талаблар ҳам ўзгармади. Ўз фаолиятига ижодий ёндаша билиш меҳнат ва бандлик соҳасидаги ўзгаришлар муносабати билан иш йўналишини ўзгартиришга ёки бутунлай қайта тайёргарликдан ўтишга шайлик мутахассисларга хос хусусиятлар бўлиб бормоқда.


Мутахассисни тайёрлаш сифати билан унинг ишга жойлашиши, хизматда эришадиган мавқеи ўртасида бевосита боғлиқлик юзага келди. Шу сабабли мутахассисни тайёрлаш моделини яратишда талабаларда мавжуд қобилиятларни самарали ривожлантириш ва уларда мустақиллик, мунтазам фикрлаш кўникмаларини, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги жамиятда тез мослашиш малакасини шакллантириш учун имконият яратадиган ўқитиш услубларидан фойдаланиш талаб этилади.
Белгиланган муаммоларни қисман бўлсада ечиш учун фаол ўқитиш услубларидан фойдаланиш лозим. Х.Е.Майхнер [100] ўз тадқиқодларида инсон пассив ўзлаштирилганда ўқиганининг 10%ини, эшитганининг 20%ини, кўрганининг 30%ини ҳамда кўрган ва эшитганининг 50%ини, талабалар актив ўзлаштирганларида эса ўзлари гапирганларининг 80%ини ва ўзлари мустақил бажарган ёки яратганларининг 90%ини хотирада сақлаб қолишини қайд этади, бундан фаол ўқитиш услублари материалнинг хотирлаб қолнишини кескин яхшилайди ва шу тариқа унинг ҳақида тасаввурнинг яхлитлашиб, кейинчалик амалда қўлланилиши учун имконият яратади деб хулоса чиқариш мумкин. Фаол услубларнинг ўқитиш жараёнига тадбиқ этилиши, анъанавий ўқитиш шаклларидан фарқли ўлароқ, касбий малакаларни шакллантириш ва эгалланган билимларни фаол амалга ошириш, мустақил ишнинг яхлит мундарижасини моделлаштириш имконини берадики, бунда ахборот бериш, уни қайта ишлаш ва ўзлаштириш жараёнига қараганда мустақил ижодий фаолият муҳим аҳамият касб этади.
Ўқитиш услублари муаммоси узоқ тарихга эга.
Ўтмишдаги машҳур дидактик олимлардан Я.Коменский, И.Г.Пестолицци, К.Д.Ушинский, П.Ф.Катеров ва бошқаларнинг педагогик назария ва қарашларида услуб марказий ўрин тутган.
Ўз вақтида (1915 йилда) П.Ф.Каптеров томонидан турли даврдаги педагогика намоёндаларининг ўқитиш услуби ҳақидаги тушунчаларига берилган умумий тасниф катта қизиқиш уйғотади: шу вақтга қадар дидактика ва унинг вакили – услуб ҳақида қуйидагича фикрлар баён этилган: 1. Услуб – энг қудратли восита (В.Ратихий, Я.А.Коменский ва бир қадар И.Г.Песталоцци); 2. Услуб мураккаб машинага ўхшайди ва маълум даражагача ўқитувчининг ташқи қуроли бўлиб, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда машинага ўхшаб, механик аниқлик билан ҳаракат қилади (Я.А.Коменский); 3. Услуб – руҳий қурол, шу сабабли руҳий маълумотлар билан асосланган бўлиши шарт (И.Г.Песталоцци, И.Ф.Герборт); 4. Услуб – ўқувчининг ҳар томонлама фаолият юритиш усули бўлиб, ўқитувчининг ўқувчилар билан чамбарчас боғлиқ хусусиятларини бутунлай ўз ичига олади (Ф.А.Дистервег).
Ҳозирги пайтда Россия дидактикасида ўқитиш услублари назарияси бўйича қатор тамойиллар мавжуд (Ю.Н.Бабанский [17], Е.Голант [48], М.А.Данилов [50], И.И.Левина [95], И.Я.Лернер [97], М.И.Махмутов [107], М.Н.Скаткин [179], Т.И.Шамова [206], С.Г.Шаповаленко [221] ва бошқалар).
Педагогика энциклопедиясида ўқитиш услубларига анча мукаммал замонавий таъриф берилган бўлиб, у қуйидагича кўринишда: “Ўқитиш услублари – ўқитувчи ва ўқувчиларнинг иш усули бўлиб, уларнинг ёрдамида билим, кўникма ва малакага эришилади, ўқувчиларнинг дунёқараши шаклланади ва қобилиятлари ривожланиб боради” [142, 367-б].
Ўқитиш услубларининг бир қанча таснифи мавжуд.
Услублар ахборот бериш манбалари ва уларни ўзлаштириш хусусиятига қараб (А.В.Петровский [147], Е.Я.Голант [48]); асосий дидактик вазифасидан келиб чиқиб (М.А.Данилов [50]); ўқувчининг билиш фаолиятидан келиб чиқиб (И.Я.Лернер [97]) бўлинади. В.М.Паламарчук ва В.И.Палмарчуклар ўқитиш услубларининг шундай моделини таклиф этишганки, унда билим манбалари, ўқувчиларнинг билиш борасидаги фаоллиги ва мустақиллиги, шунингдек ўқиб ўрганишнинг мантиқий йўли биргаликда уйғунлашиб кетади. Ўзига хос томони шуки, барча таснифларда ўйин услуби мавжуд. Масалан, Ю.К.Бабанский таснифидаги репродуктив ва муаммоли-изланишга доир услублар гуруҳларда қуйидагилар кўрсатилган: яшириқча ва ошкора суҳбат, муаммоли-изланишга доир суҳбат, лаборатория-тадқиқод ишлари, ўқиш [17]. Л.Г.Семушинанинг таснифидаги “билимларни мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш ҳамда кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган ўқитиш услублари” гуруҳида ижодий - қайта тиклаш услублари таркибига иншо, вариантли машқлар, изланиш-тадқиқ қилишга доир лаборатория ишлари, ишлаб чиқаришдаги вазиятларнинг таҳлил қилиниши, ишлаб чиқаришдаги вазиятларга доир вазифаларнинг ҳал этилиши ва амалий ўйинлар киритилади [159]. Н.Б.Истомина томонидан таклиф этилган махсус услублар таснифида репродуктив ва самарали фаолиятга ўйинлар услуби киритилган [73].
Ҳозирги замон педагогикасида фаол ўқитиш услубларидан инновацион педагогик технологиянинг таркибий қисми сифатида фойдаланиш ҳақида тез-тез гапирилмоқда. Замонавий педагогика ўқувчи, талаба ёки тингловчи ўқитиш-ўргатиш таъсири кўрсатиладиган объект бўладиган қатъий “авторитар бошқариш”дан воз кечиб, ўқитиш объектининг билиш борасидаги мустақиллигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни ташкил этиш, ижод қилиш учун шароит яратиш, ижод ёрдамида ўқиб-ўргатиш, ҳамкорлик педагогикаси тизимига ўтади.
Фаол ўқитиш идеологиясига қаратилган бўлиб, унда “хотира мактаби” “тафаккур мактаби”га ўрин бўшатади. Сўнгги пайтда мактаб амалиётида кенг жорий этиб борилаётган замонавий инновацион технологияларнинг таркибий қисми бўлмиш фаол ўқитиш услубларининг ўқитувчи томонидан қўлланилиши бундай шароит яратишнинг усулларидан биридир. Айнан фаол ўқитиш усуллари ўқувчиларга шахс сифатида ўзини намоён этишда ёрдам беради, улар рақобатбардош мутахассисни тайёрлашнинг шарти бўлиб, талабаларга ўқув аудиторияларининг ўзидаёқ касбий малака ва кўникмаларини ўзлаштириш имконини беради, чунки мазкур услублар талабаларни бўлғуси фаолиятларига мумкин қадар яқин муаммоларни ечишга жалб этади. Фаол ўқитиш услублари талабаларнинг самарали фикрлашларини ривожлантиришнинг, уларнинг касбга йўналтирилган фаолиятига жалб этишнинг асосий воситаларидан биридир. Фақат уларгина ўзлаштирилган билимларни шунчаки такрор ишлатиш имконини берибгина қолмасдан, балки улардан ижодий фойдаланиш, касб учун муҳим бўлган хусусиятларни шакллантириш имконини ҳам яратади.
Таълим беришга доир барча вазифаларни ҳал этишда фаол таълим услубларини қўллашга устиворлик берилади. Масалан, дидактика соҳасида бу дунёқарашни кенгайтириш, билиш фаолиятини фаоллаштириш; билим ва қобилиятларини амалий фаолиятда қўллаш имконияти; касбий фаолият учун зарур бўлган малака ва кўникмаларни шакллантириш; бирон-бир нарсани қайта гуруҳларга ажратиш, қайта ташкил этиш ва тартибга келтириш техникасини ривожлантириш ва ёки ишлаб чиқиш; масалани ифодалаш қобилияти кабилардан иборат.
Тарбия соҳасида эса у – мустақиллик, фаоллик ва иродани ривожлантириш; муайян ёндашув, нуқтаи-назар, аҳлоқ ва дунёқарашга доир мақсадларни шакллантириш; жамоада ишлаш кўникмасини ва кўпчиликка киришиб кетиш хусусиятларини ҳосил қилишдан иборат. Бундан ташқари, биз фаол таълим бериш услубларининг, хусусан амалий машқ ўйинларининг қўлланилиши эътибор ва хотирани ривожлантиш, сўзлаш, фикрлаш, қиёслаш, солиштириб кўриш, уйғунлаштириш қобилиятларини; ижодий қобилиятни, руҳий ҳолатни баҳолай билишни, энг мақбул ёки энг оддий ечимларни топиш, кутилаётган натижани олдиндан айтиш, вариантлар топиш ёки бирон-бир нарсани қайта ташкил этиш каби қобилиятларни ривожлантириш имконини беради. Бундан ташқари, у ижтимоий меъёрлар ва қадриятларга мослашишни енгиллаштириш; мавжуд шарт-шароитларга мослашиш; ўз-ўзини назорат қилиш ва бошқариш; муомалага, психотерапияга ўрганиш; ўз фикрини ёзма ва оғзаки ҳолда ифода эта билишга, руҳий алоқа ўрнатиб, уни олиб бора билишга; суҳбатдошни тинглаш, унинг далилларини, унинг руҳий ҳолатини тушуна билиш, ўзини тута билиш кўникмасини ҳосил қилиш; исботлаш, ишонтириш; розилик (норозилик) билдириш кўникмасини ҳосил қилиш имконини беради.
Сўнгги йилларда фаол таълим бериш оқимида моделлар, ўйинлар ва ўхшатишлардан фойдаланишнинг янги жиҳатлари пайдо бўлиб, улар ўйинлар ёрдамида таълим беришда ҳам намоён бўла бошладики, бундай таълим фикрлашни мажбуран кучайтириши (мажбурий кучайтириш) билан ажралиб туради. Талаба истаса-истамаса ва ўқув жараёнига узоқ муддат жалб этилишига қарамасдан фаол бўлиши лозим, бунга ечимларни мустақил ижодий ишлаб чиқиш, асосларнинг ва хиссиётларнинг юқори даражада бўлиши, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг бевосита ва билвосита ҳамкорлик қилиши билан эришилади. Таълимни ахборотлаштириш шароитида ўқув жараёнида ўқувчини фаоллаштириш учун имкон яратувчи механизмлар ишлаб чиқилди. Биринчи навбатда, улар амалий ўйинлардан, педагогика олий ўқув юртларида эса – амалий машқ ўйинларидан таркиб топади. Мазкур услуб мустақил, фаол бўлиб, аниқ натижага йўналтирилган ва ижобий хиссиётлар ҳосил қилинишини таъминлайди. Муваффақият сари интилиш туфайли таълим бериш ўйин жараёнида фавқулодда самарали бўлади.
Иккинчи томондан, агар биз таълим жараёнида фақат ўқиш услубига асосланадиган бўлсак, энг аввало белгиланган ахборот моҳиятан тўлиқ ўзлаштирлмайди. Бироқ, тўлақонли таълим учун ўйинларнинг етарли эмаслиги ҳақидаги эътирозларни янги педагогик вазифанинг қўйилганлиги деб баҳолаш мумкин. Тажриба шуни кўрсатдики, фанларни ёд олиш йўли билан эмас, балки чуқур англаб етиш ва ўтилган материални мустақил таҳлил қилишга ижодий ёндшиш воситасида ўқиб-ўрганувчи талабаларгина амалий ўйинларда муваффақиятли қатнашишлари мумкин экан. Иккинчидан, услублар мукаммал бўлиши мумкин эмас, чунки ўқитувчи ўртача савияли ўқувчилар муаммоси билан тўйнаш келиши мумкин.
Бу ўринда фаол таълим бериш услубларини қўллаш бўйича хорижий тажрибаларга эътибор қаратмоқчи эдик.
Шуни таъкидлаш лозимки, ўйинларни ишлаб чиқувчи хорижлик мутахассислар ва халқаро конференциялар Россия мутахассислари томонидан қўлланилаётган ўйинлар асосида ўқитишни ривожлантириш йўналишларига катта таъсир кўрсатади.
1999 йил ноябр ойида Мисрнинг Хургад шаҳрида ўтказилган Халқаро конференцияда ҳам мазкур масала муҳокама қилинди. Мутахассислар таълим услубларига асосланган янги ўқитиш технологияларини ўзлаштириш лозимлигини қайд этишди.
Конференция қатнашчиларининг фикрларига кўра янгича таълим технологияларига ўтилиши Россия маорифини сифат жиҳатидан янгилаш имконини беради. Гап энг аввало, компьютер технологиялари, тренинглар, масофадан туриб ўқитиш, аниқ вазиятлар услуби ҳақида, яъни хорижда аллақачон ва мауваффақиятли қўлланиб келинаётган услублар ҳақида бормоқда. Биз мазкур тадқиқод доирасида уларнинг таснифи устида тўхталмаймиз, чунки бу муаммо анча катта, бироқ келгусида бу услубларни ўрганилаётган масалага мувофиқ равишда тадқиқ этишни режалаштирмоқдамиз.
Россияда фаол таълим услубларининг ёйилиши етакчи хорижий мамлакатларга нисбатан кўргазмалилик ва ўтказувчанлик тамойилларига жавоб берадиган материалларининг етарлича эмаслиги оқибатида орқага сурилмоқда. Россия учун нисбатан янги бўлган ўқув материалларининг таклиф қилиниши анъанавий дарсликларнинг таклиф қилинишига қараганда анча эътибордан четда. Бу ҳол тингловчиларга ахборотни тез ва самарали тақдим этиш ва уларни фанлараро мураккаб амалий муаммоларни ҳал этишга фаол жалб этиш имконини берадиган материалларга тааллуқли.
Бизнингча, энг аввало ўйин асосида ўқитиш услублари, яъни ўқув-амалий ўйинлар ана шундай материаллар ҳисобланади.
АҚШ, Англия, Япония, Германия олий таълими тажрибасидан ўзлаштирилган айрим ўқитиш усулларини мамлакат олий таълимида муваффақиятли қўллаш мумкин. Масалан, Америка олий мактабида ишлаб чиқилиб, жадал тадбиқ этиб борилаётган Трамп режаси диққатга сазовор. Унинг афзаллиги поток ва гуруҳлардаги машғулотларни уйғунлаштириб олиб боришдан иборат. Турли машғулотлар ўртасидаги вақт қуйидаги тарзда ўқув вақтининг 40 фоизи потокдаги маърузаларни тинглашга, 40 фоизи – якка тартибдаги машғулотларга ва 20 фоизи – гуруҳлардаги машғулотларга тақсимланади.
Ўқувчиларни таълим жараёнида фаоллаштириш масаласи илғор олимлар томонидан XVIII-XIX асрлардаёқ қўйилган бўлиб, улар кўпроқ ақлий фаоллик хусусида сўз юритишган эди. Масалан, Ж.Ж.Руссо [171] “Меҳнат фаоллиги ақлни ривожлантиришнинг муҳим омили, лекин меҳнат ва ақлий фаолликнинг боғлиқлик йўллари ҳали белгиланганича йўқ” деб ҳисобланган эди. XIX асрнинг охирларида, саноат ривожланиши муносабати билан, мактабларда фаолликни кучайтиришга қаратилган ҳаракат кенг авж олиб, меҳнат малакасини механик ўзлаштиришга йўналтирилган ҳолда таълим бериш, яъни меҳнат воситасида таълим бериш услуби тавсия этилди. Ўз навбатида, В.А.Лай [233] бундай услубни танқид қилиб, материални ақлан қайта идрок қилишнинг аҳамиятини пастга урган эди. Шу билан бирга, Ж.Дьюн [57] системали билимларни ўзлаштириш лозимлигини рад этиб, амалда мавжуд воқеликка мослашиш орқали синаш ва янглишишлар услуби билан боғлиқ ақлий маданият ҳақида ғамхўрлик қилган эди.
Ҳозирги пайтда хорижий педагогикада фаол таълим услублари соҳасидаги янгиликларни (инновацияларни) тадқиқ қилиш прогматик хусусиятга ва шунга кўра эмпирик хусусиятга эга. А.Николс [128], Ж.Бассет, А.Адамс [125] ва бошқаларнинг тадқиқодлари мана шу масалага бағишланган. Мазкур тадқиқодларда янгиликка доир (инновацион) жараёнларни назарий жиҳатдан асослаб беришгагина эмас, балки уларни ўзлаштириш бўйича амалий тавсиялар беришга ҳам ҳаракат қилинган.
Хорижий педагогик адабиётларни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирда педагоглар олий ўқув юртлари битурувчиларини билими сифатининг юқори даражада бўилишини таъминлайдиган ўқув жараёнига фаол жалб этиш орқали эришиш мумкин.
В.М.Риверснинг [238] ҳисоблашича, бунга эришишнинг усулларидан бири “ҳамкорликда ўқиш” (Cooperative learning) бўлиб, мазкур усулда ўқитувчи билан талабанинг мулоқатда бўлиши, уларнинг бир-бирларига кўмаклашиши назарда тутилади.
Хорижий мактабларда таълим бериш услубларини танлаш муаммосига алоҳида аҳамият қаратмоқда. Асосий услубий тамойил -–ажратиш воситасида таълим бериш” тамойили Ж.Дьюн [57] ва В.Х.Килпатрик томонидан ишлаб чиқилган. Бундай жиҳат асосида ажратиш болаларнинг аввалдан қўйилган амалий вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган жисмоний ва ақлий фаолиятини бир-биридан ажратилишини англатади. Бундай тамойилга кўра биринчи ўринга ўқувчиларни амалий хусусиятга эга ақлий фаолиятга жалб этиб, аудиторияни лабораторияга айлантирадиган таълим услублари қўйилган. Шу муносабат билан группадинамик машқлар услуби юзага келади.
Группадинамик машқлар “шу ернинг ўзида ва ҳозирнинг ўзида” деган тамойил асосида ташкил этилади, яъни бунда ўйин қатнашчилари вазиятнинг ичига кириб кетиб, ундан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қиладилар. Группадинамик машқлардан асосий мақсад уларнинг қатнашчилари ва группа томонидан вазифаларни ҳал этиш ва жамоа бўлиб таъсир кўрсатиш борасида тегишли тажриба орттиришдан иборат. Бундай машқлар уларда қатнашаётганларнинг ўзларини тренингдан ўтказишга йўналтирилган. Группадинамик машқлар билан амалий ўйинлар ўртасида кўпгина умумий жиҳатлар мавжуд яъни: ўйинлар ҳам, машқлар ҳам бир тизимга солинган группавий вазиятларни кўрсатади.
Фаол таълим услубларидан яна бири – группавий манзаралар услубидир. Унда тестлар ҳамда амалий ўйинларнинг алоҳида хусусият ва вазифалари уйғунлашиб кетган. Мазкур услубнинг моҳияти шундан иборатки, синалаётганларнинг кўпчилигига (масалан, мактабгача тарбия муассаси услубчиси лавозимига даъвогарларга) бир хил топшириқ берилади ва улар уни авал ўзлари якка тарзда бажариб, тегишли тарзда қайд эттириб қўйишлари лозим, сўнгра синалаётганлар группавий муҳокама воситасида умумий қарор қабул қилишлари лозим. Раҳбар (ёки экспертлар гуруҳи) якка тартибда ва жамоа бўлиб қабул қилинган қарорларни таҳлил этиб, синалаётганларнинг шахсий имкониятларига ҳамда ўз нуқтаи-назарларини далиллар билан қатъий исботлаб, унга ишонтира билиш қобилиятларига баҳо бериши мумкин. Группавий мунозаралар қатнашчилари жамоа бўлиб ҳамкорлик қилиш борасида муайян кўникмалар ҳосил қиладилар. “Ойга экспедиция” [103, 50-60 б.] мавзуидаги амалий ўйин группавий мунозара услубига оддий мисол бўла олади.
XX асрнинг 20-йилларида “лойиҳалар услуби”, яъни талабалар аста-секин мураккаблашиб борадиган амалий машқларни (лойиҳаларни) лойиҳалаштириш ва бажариш жараёнида билим оладиган таълим тизимидан иборат услуб ишлаб чиқилиб, илгари сурилади. Таърифга кўра лойиҳа – бу муайян ҳаракатлар, ҳужжатлар, дастлабки матнлар мажмуаси, реал объект, предметни яратиш, турли хил назарий маҳсулотлар яратиш ғоясидан иборат. Бу эса узлуксиз ижодий фаолиятдир.
Лойиҳалар услубига талабаларнинг билим олиш, ижод қилиш кўникмаларини, ўз билимларини мустақил режалаштириш, ахборотлар муҳитида тўғри йўналиш топиш, танқидий фикрлаш қабилиятларини ривожлантириш кабилар асос қилиб олинган.
Ҳал этилиши учун кенг билим, тадқиқодлар асосидаги изланишлар талаб этиладиган ҳамда илмий, ижодий жиҳатдан аҳамияти катта муаммоларнинг мавжудлиги лойиҳалар услубидан фойдаланишга қўйиладиган талаблардан биридир. Бундан ташқари, талабаларнинг мустақил фаолият юритишлари зарурлиги, шунингдек уларда лойиҳа устида ишлашлари учун ўз мутахссисликлари доирасида турли соҳалар бўйича базавий билимларнинг бўлиши лозимлиги, шубҳасиз.
Муайян тадқиқод услубларини, яъни муаммони, ундан келиб чиқадиган тадқиқод вазифаларини белгилаш; уларни ҳал этиш фаразларини илгари суриш, тадқиқ қилиш, муҳокама қилиш услубларини жалб этмасдан, шунингдек олинган маълумотларни таҳлил қилмасдан туриб таълим беришда лойиҳалар услубининг қўлланилиши мумкин эмас.
Лойиҳалар услуби талабаларнинг мустақил ишини жадаллаштириш йўлидан бораётган Венгрия ҳамда Европанинг бошқа мамлакатлари олий таълим тизимида кенг қўлланилмоқда. Амалдаги таълим тизими таълим олаётган бўлғуси мутахассисларнинг ҳозирги талабларига техник жиҳатдан мос бўлиши лозим. Шу билан бирга, унда анъанавий таълим тизими тажрибасида тўпланган яхши жиҳатларнинг ҳаммаси сақланиб қолиниши шарт.
Францияда педагог билан талаба ўртасидаги икки томонлама алоқани янада чуқурлаштириш масаласига эътиборнинг кучайиб бораётганлиги кузатилмоқда. (http//ww/kupschool/ com). Бу таълимнинг марказида ўқитувчи, чеккасида эса – талаба бўладиган моделдан, талабада жамланган билимларни мустақил олиш моделига ўтишга олиб келади. Ўқитувчининг анъанавий маърузалар услубини қўллашга мойиллиги сусайиб, биргаликдаги муҳокамалар ва тренажердан фойдаланиш технологияларига аҳамиятини кучайтиради.
Ҳозирги тушунчадаги тренажерлар индустриал жамиятда фаолияти бир-бирига ўхшаш мутахассисларни оммавий тайёрлаш зарурати туғилган бир шароитда пайдо бўлган. Бироқ, XX асрнинг сўнгги чорагидагина жаҳон ҳамжамиятида компьютерлаштириш жадаллашганлиги, ниҳоятда мураккаб технологияларнинг барпо этилганлиги муносабати билан тренажерлар технологияси индустрияси юзага келди. Ҳозирги пайтда тренажерлар технологияси – талабани сифатли ва шошилинч қарорлар қабул қилишга тайёрлаш учун яратиладиган мураккаб технологиялар, моделлаштириш ва симуляция тизимлари, компьютер дастурлари ва тиббий моделлар, махсус услублар кабиларни ўз ичига олади.
Ҳозирги замон тренажерлари ва уларга асосланган дастурларда амалий кўникмаларни назарий тайёргарлик билан бир вақтда ривожлантириш асос қилиб олинган. Тренажернинг яна шубҳасиз афазлликларидан бири унинг ўқувчи билан бирга ривожланиб бориш қобилиятига эгалигидир.
Замонавий гуманитар таълим шахсий мустақилликни аниқлашга йўналтирилган. Мазкур муаммоларни ҳал этишнинг яна битта услуби видеофильмлар услуби бўлиб, бошқа услублар каби ўйин-машқ видеофильмларининг ҳам ўз афзалликлари ва камчиликлари мавжуд.
Материалларни ўқув курсига мувофиқ равишда ўзгартириш мумкинлиги, материални етказишнинг жўшқинлиги, шунингдек тингловчилар томонидан ахборотнинг комбинациялашган ҳолда (бир вақтнинг ўзида кўриш ва эшитиш орқали) идрок қилиниши бу услубнинг афзалликларидир. Бу услубда ўқитувчига юк кам тушгани ҳолда ўқувчига анча катта ҳажмда ахборот бериш имкониятини таъминлайди.
Материаллар ахборотларнинг нисбатан кам эканлигини, олий ўқув юртларида видеоаппаратларнинг етарли эмаслигини камчиликлар сирасига киритиш мумкин.
Сўнгги ўн йилликларда аниқ вазиятни ўрганиш услуби кенг ёйилди. Бу услубда бошқаришга вазиятдан келиб чиқиб ёндашиш мужассамлашган. Бундай ёндашишнинг асосий ғоясини талабалар ҳаракатининг аниқ вазиятга асосланган бўлиб, бунда унинг энг муҳим жиҳатлари ҳамда уларнинг ўзгариб туриши назарда тутилиши лозимлиги ташкил этади. Амалий ўйинда “аниқ вазият услуби” қўлланилганда ташкилотнинг аниқ ҳолати амалий вазият шаклида акс эттирилади. Амалий вазият – бу ташкилот ҳаётидаги аниқ вазиятни тақлид асосида, идеал акс эттириш ёки турдош муаммоларни қайта тиклаш учун сунъий равишда ташкил этилган вазиятдир. Бериладиган амалий (ўйин) вазиятда ташкилотдаги ҳолат батафсил, мукаммал ёритилиши шарт эмас. Вазиятни баён этишда унда марказий ўринни эгаллаб турган субъект – шахс, гуруҳ ёки ташкилот, шериклар ва рақобатчилар доирасида вазият мавжуд бўлган ёки ўзгарадиган шарт-шароитлар ҳақидаги ахборотлардан қўлланилади, асосан.
Амалий вазият ҳақиқатга яқин бўлиши лозим, акс ҳолда ўқувчилар ҳаракатларида табиийликка эришиб бўлмайди. Аниқ вазиятларнинг (кейсларнинг) бир қанча тури мавжуд [74, 342-б.]. Ўйин натижаси нуқтаи назаридан улар муаммоли ва лойиҳавий турларга бўлинади. Муаммоли вазиятларда асосий муаммонинг аниқланиши ва ифода қилиниши, энг асосийси, уни ҳал этишнинг қанчалик мураккаблигини баҳолаш ишнинг натижаси ҳисобланади.
Ахборот манбаига кўра кейслар қуйидагича бўлинади:
- амалий ишдан олинган аниқ вазиятларни акс эттирувчи;
- ўқув-машқ мақсадида ёки ташкилот олдида юзага келиши мумкин бўладиган фаразий муаммолар устида ишлаш учун сунъий равишда ташкил этилган.
Аниқ вазиятни ўрганиш услуби ёрдамида қўйилган вазифаларни ҳал этиш бўйича индивидуал ва группавий ҳолда қарор қабул қилишдан иборат мустақил иш кўникма ва малакалари ҳосил қилинади. Бундай қобилиятлар мутахассиснинг мустақил фаолият юритишида ниҳоятда қўл келади, чунки унинг аҳволнинг ўзгариб туриши оқибатида мунтазам равишда ностандарт қарорлар қабул қилишига тўғри келади. Аниқ вазиятни ўрганиш услуби талабаларда атрофлича ва тадбиркорлик билан фикр юритишни ривожлантириб, уларни ахборотдан самарали фойдаланиш, далилларни мустақил таҳлил қилиш, турли қарашларни танқидий нуқтаи-назардан кўриб чиқиш, ўз фикрини муҳокама ва ҳимоя қилиш, турли восита ва услубларни қўллашга шай туриш, масалаларнинг энг қулай ечимларини топиш маҳоратига ўргатишда ёрдам беради.
Сўнгги йилларда кўпгина мамлакатларда, жумладан Россияда ҳам кейс-стади (case-stady) каби аниқ вазиятни ўрганишнинг ўзига хос бир тури кенг қўлланилмоқда. Айрим ҳолларда кейс-стадини аниқ вазиятни ўрганиш услуби билан бирдек деб кўрсатилади, ваҳоланки, у мазкур услубнинг кўринишларидан биридир. Кейс-стади анча қисқа вақтда бажариладиган амалий ўйиндан иборат.
Сase-stady услуби хорижда олий ўқув юртидаги ва ундан кейинги таълимда кенг қўлланилмоқда. Унинг моҳияти билимларни муаммо нуқтаи-назаридан баён этиб, сўнгра талабаларнинг мустақил ишини ташкил этишдан иборат.
Немис педагоги К.Хайнце [htpp:www.NIXDORF/ru/downloads/-index.htm] кейс-стади услубини касб-ҳунар билим юртларидаги ўқув жараёнига мослаштирган ҳолда кўриб чиқади. Мазкур услуб илк пайдо бўлган босқичда аспирантларни МВА дастури бўйича ўқитиш курсларида кенг қўлланилган. Шу билан бирга, CASE услубидан амалда фойдаланаётган менежерлар сонининг ошиши натижасида миллий тусга эга бўлган янги кейсларнинг эҳтиёжи анча ортди. Бу услубнинг ўзига хос хусусияти – муаммоли вазиятнинг реал ҳаётдан олинган далиллар асосида ташкил этилишидан иборат. CASE-STUDY услуби эса реал ҳаётни акс эттиради. Иқтисодиётни ўрганишнинг бу услуби Америкадаги Харворд университетида таклиф этилган. У CASE – воқеаларнинг ҳаққоний баёни бўлибгина қолмай, балки ягона ахборот мажмуасидир. Бундан ташқари, қўйилган муаммони ҳал этишга ундовчи масалалар туркуми бўлиши лозим. Яхши CASE қуйидаги талабларга жавоб бериши, яъни: ташкил этишдан кўзда тутилган аниқ мақсадга мувофиқ бўлиши, қийинчилик даражаси тегишлича бўлиши, иқтисодий ҳаётнинг бир қанча жиҳатларини акс эттириши, жуда тез эскириб қолмаслиги, ҳозирги кун учун долзарб бўлиши, ўзига хос вазиятларни яққол кўрсатиши, таҳлилий мушоҳадани ривожлантириши, мунозара келтириб чиқариши, қатор ечимларга эга бўлиши керак. Айрим олимлар кейслар “ўлик” ва “жонли” бўлади, деб ҳисоблайдилар. “Ўлик” кейсларга таҳлил учун барча зарурий ахборот мавжуд кейсларни киритиш мумкин. Кейсни “жонлантириш” учун уни ўқувчиларни таҳлил учун қўшимча ахборот излашга мажбур этадиган тарзда қуриш лозим. Бу ҳол кейснинг ривожланиши ва узоқ вақт долзарб бўлиб қолиши учун имконият яратади.
Ўқув-амалий ўйиндаги кейс-услублар бўлмиш фавқулодда ҳолат (ФҲ) ва вазиятни роллар воситасида ўйнаш услублари ҳам қизиқарлидир. Фавқулодда ҳолат услубида – хизмат юзасидан рўй берадиган можаролар, ибратли ҳодисалар каби кичик-кичик вазиятлар таҳлил қилинади ва ўқитувчи муаммо моҳиятини лўнда ва аниқ баён этиб, талабаларни уни ҳал қилишга жалб этади. Одатда, улар ҳаётдан олинган аниқ мисоллар бўлиб, улар талабалар томонидан тез ўзлаштирилиб, кейинчалик шахсий тажрибага айланади.
Кейс-стади услубида профессионал жиҳатлар билан ўйин жиҳатлари муваффақиятли уйғунлашиб кетади (1-жадвалга қаралсин, 44-б. [158, 69-б.]).
Педагогик амалиётдаги ўзига хос вазиятларни моделлаштириш кейсларни ишлаб чиқиш ва талабалар билан ишлашда улардан фойдаланишнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади. Кейс-стади ва бошқа амалий ўйинларнинг энг катта афзаллиги уларнинг нафақат диагностик ва билим олиш вазифаларини, балки тренинг вазифаларини ҳам бажаришидир. Талабалар ролларни ўйнар эканлар муайян ролларни ўзларига оладилар ва ўз қарорларини чиқарадилар, бунда жамоада профессионал жиҳатидан ўзини тута билиш кўникмаларини, шахслараро муносабатлар хусусиятини таҳлил қила билиш қобилиятини ҳосил қилишга кўпроқ йўналитирлганлиги, шубҳасиз.
Тақлидий моделлаштиришнинг бирон-бир шаклидан фойдаланиш хорижий мактабларнинг деярлик ҳаммасига хосдир. Тақлидий амалий ўйинлар фаол қўлланилади. Хорижда ҳозирги пайтда муайян даражада талабаларнинг мустақиллигини ташкил этишга йўналтирилган учта асосий ўйинлар гуруҳи ажратилган:

  1. назарий билимларни эгаллашга йўналтирилган ўйинлар;

  2. амалий малакаларни эгаллашга йўналтирилган ўйинлар;

  3. ўрганилаётган муаммо ёки фанга нисбатан муносабатларнинг ўзгаришига ёрдам берадиган ўйинлар.

Мазкур қисмда баён этилганларга якун ясаб, қуйидагича хулоса чиқариш мумкин:
1. Фаол таълим услублари талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш жараёнини такомиллаштиришнинг энг истиқболли йўлларидан бири бўлиб, у олий мактаб таълимидаги анъанавий услублардан фарқлаб турувчи муаммолар яратиш ва моделлаштириш тамойилларига асослангандир.
2. Тадқиқ қилинган Россия ва хориж тажрибаси фаол таълим услубларидан бири бўлмиш амалий ўйиннинг талабалар мустақил иши самарадорлигини қайта ишланадиган ахборот ҳисобидан эмас, балки уни қайта ишлашнинг чуқурлиги ва суръати туфайли оширишнинг жадал усули эканлигидан далолат беради.
3. Талабаларнинг амалий ўйин жараёнида юзага келадиган фаоллиги узоқ давом этадиган ва барқарор бўлиб, мустақил қабул қилинадиган қарорлар эса моҳиятига кўра ижодий ва хис-туйғу билан бойитилгандир.

1-жадвал





Download 1.25 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   19




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling