Педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишларини ташкил этишда ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланишнинг назарий асослари
Download 1.25 Mb.
|
Мустақил таълим дис
- Bu sahifa navigatsiya:
- Тадқиқоддан кўзда тутилган мақсад
- Тадқиқод предмети
- Илмий янгилиги
- Кейинги тадқиқодларга қўшиладиган ҳиссаси
КИРИШПедагогик таълим сифатига талабнинг ошиши узлуксиз педагогик таълим тизимини ривожлантиришнинг долзарб муаммоси ва шарти, унинг моҳиятини фундаменталлик, яхлитлик, изчиллик ва амалий йўналиш тамойиллари асосида янгилашнинг рағбатлантирувчи кучи бўлиб бормоқда. Ҳозирги замон таълимининг мақсади тарихан таркиб топган педагогик тизимни ўз касбининг билимдони бўлган ижтимоий фаол, ижодий жиҳатдан мустақил педагог шахсини шакллантириш учун шароит яратиш орқали янада ривожлантиришдан иборат. Ҳозирги ижтимоий-иқтисодий вазиятда таълимнинг аҳамияти ошиб, тобора такомиллашиб бораётган бир шароитда педагогнинг анъанавий вазифалари (ўқитиш, тарбиялаш ва ҳ.к.) билан бир қаторда таълим ва ижтимоий-маданий муҳитнинг мазмун-моҳиятини ҳамда ташкилий жиҳатларини режалаштириш, лойиҳалаштириш ва ташкил этиш каби касбий вазифалари ҳам долзарблашиб бормоқда. Ҳозирги пайтда биз таълим оламида туб ўзгариш кузатмоқдамизки, у “тақлид қилиш” йўналишидан “ахборот” йўналишига ўтди. Таълим ахборот тизимининг улкан муваффақият қозонганлиги туфайли ахборот ҳажмини кенгайтириш ва шунга мувофиқ равишда ўқитиш вақтини кўпайтириш сари интилиш туғилдики, бу ҳол таълим жараёнини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бунда олий таълимдаги асосий камчилик талабада фаолликнинг йўқлигидир, чунки у аксарият ахборотни пассив ўзлаштиради, бу ҳол эса замон талабларига жавоб бермайди, албатта ахборотлар жамиятига ўтишда талабаларни мустақил ишлашга ўргатиш педагог учун муҳим аҳамият касб этиб боради, бундан мақсад таълим жараёнини замонавийлаштириш, ўқитишнинг замонавий технологияларини жорий этиб бориш, талабаларда мустақил ўқиш, ўз-ўзини сафарбар ва назорат қилиш маданиятини ривожлантириш асосида кадрларни малакали касбий фаолиятга тайёрлаш савиясини белгиланган даражага кўтаришдан иборат. Шундай қилиб, олий ўқув юртларида мутахассислар тайёрлашнинг ҳозирги ҳолати уларни назарий жиҳатдан тайёрлаш, мустақил ижодий меҳнат қилишга шайлиги сифатини оширишнинг янги йўлларини, энг асосийси – педагогика олий ўқув юртини битирувчиларни амалий ва касбий фаолиятга тайёрлаш воситалари ва услубларини излаб топишни тақазо этади. Талабани бўлажак педагогик фаолиятга тайёрлаш жараёнида мустақил ишлай оладиган фаол шахсни шакллантириш муаммоси – психологик-педагогик тадқиқодларнинг энг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади. Кўплаб тадқиқодлар, жумладан: Б.П.Есипов [148, 149], С.В.Недбаева ва В.И.Спирин [120], А.В.Усова [208, 209] кабиларнинг асарлари бу муаммони ўрганишга бағишланган. Ўқиб-ўрганишда мустақиллик ва мустақил таълим олишда узлуксизлик нафақат талабалар учун, балки ўқитувчилар учун ҳам шартдир, чунки таълим бериш бўйича дастлабки назарий ва амалий кўникмага эга бўлмаган ёш мутахассислар синаб кўриш ва хатоларга йўл қўйиш услубида иш кўришга мажбур бўлишади. Бундай ҳолатларнинг кўплигини назарда тутиб, биз ушбу тадқиқодда фаол ўқитиш услубларининг, чунончи, талабаларнинг, энг аввало педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишини ташкил этиш самарадорлигини таъминлашда ўқув-амалий ўйинларнинг аҳамиятига тўхталмоқчимиз. Педагогика олий ўқув юртларини битирганларнинг зиммасига бўлажак ўқувчиларнинг мустақил ишини ташкил этиш вазифаси ҳам юкланган экан, демак турли касб мутахассисларининг келгуси авлодини тайёрлаш сифати ҳам педогогларга боғлиқ. Бир йўла яна шуни таъкидламочимизки, педагогика олий ўқув юртлари талабаларини дидактика, психология ва индивидуал услубиятларда мустақил ишлашини ташкил этиш муаммоси жуда қониқарсиз даражада тадқиқ қилинган. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида амалий ўйинлар ишлаб чиқариш, ижтимоий фаолият, иқтисодиёт, бошқариш назарияси, маорифда анча кенг жорий этилмоқдаки, кўп сонли тадқиқодлар ва адабий мақолалар буни яққол тасдиқлайди. Мазкур асарлардан амалий ўйинларни тузиш ва улардан фойдаланишда асос бўлиб хизмат қиладиганларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Улар аввало Ю.С.Арутюнов [12, 13, 14], М.М. Бирштейн [21], Н.В. Борисова [26, 26,27], В.Н.Бурков [30], С.В. Емельянов ва А.Г. Ивановсский [58], В.Ф.Комаров [61], И.С.Ладенко [94], Л.Н.Матросова [103], В.Я.Платов [152], В.А.Трайнов [201, 202] ва бошқаларнинг асарларидир. В.А.Трайновнинг асарларида ўқув-амалий ўйинларнинг асосий жиҳатлари ажратиб кўрсатилган бўлиб, уларни таълим жараёнига жорий этиш муаммолари атрофлича таҳлил этиб берилган. Амалий ўйинлардан фойдаланишнинг психологик жиҳатлари А.А.Вербицкийнинг [33, 34] асарларида акс эттирилган. В.М.Ефимов ва Г.Л.Пельман [144] асарларида амалий ўйиннинг умумий ўйинлар тизимидаги ўрнини аниқлаб беришга ҳаракат қилинган. Қатор асарлар амалий ўйинлардан фан, техника, ишлаб чиқаришнинг аниқ бир соҳасида фойдаланиш масаласига бағишланган. Масалан, қуйидагиларнинг асарлари иқтисодиёт ва бошқарувга бағишланган: Ю.С.Арутюнов [12, 13], В.Н.Бурков [30], Ю.В.Геронимус [44], С.Р.Гидрович [45, 46], С.С.Егоров [14], А.Г.Ивановский [30], С.Г.Колосниченко [14], Ю.Д.Красовский [89], С.К.Мурзаев [30], И.М.Сироежин [190, 191], Е.А.Хруцкий [217] ва бошқалар. Экология ва табиатни ўрганишда ўйинлардан фойдаланиш масалаларига: Д.Н.Кавторадзе [5], В.Ф.Капустин [78] асарлари бағишланган. Олий таълим соҳасида ўйинли таълим услубларидан фойдаланиш билан боғлиқ тадқиқодлар ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Масалан, А.А.Вербицкий [33], Л.Н.Иваненко [68] ва И.М.Сироежин [190] асарларида амалий ўйинлардан фойдаланиш схемаси таклиф этилиб, уларнинг олий таълим тизимидаги ўрни белгилаб берилган. Л.Б.Наумовнинг [121] монографияси олий тиббий таълимда амалий ўйинлардан фойдаланиш масалаларига бағишланган. С.А.Габрусевич ва Г.А.Зориннинг [38] асарида ҳуқуқшуносларни тайёрлаш бўйича ўқув жараёнида амалий ўйиндан фойдаланишнинг психологик жиҳатлари баён этилган. Н.М.Косова [86] ўз тадқиқодида амалий ўйинни талабаларнинг ўз-ўзини бошқариш усули сифатида баён этади. Халқ таълими тизимида малакани оширишда амалий ўйинлардан тобора кўпроқ қўлланмоқда. В.А.Кровова [90], Л.Н.Матросова [104], Т.М. Сорокина [184], С.И.Тюнниковаларнинг [205] диссертация тадқиқодлари эътиборга молик бўлиб, уларда амалий ўйинларнинг талабаларнинг ижодий мушоҳадасини ривожлантириш, мустақил ишлашини фаоллаштириш учун кенг имконият яратиши қайд этилган. Афсуски, талабаларни педагогик мутахассисликларга ўқитишда амалий ўйинлардан фойдаланиш билан боғлиқ махсус тадқиқодлар унчалик кўп эмас. Фикримизча Н.В.Борисова [26, 27], Л.Н.Матросова [103, 104], В.А.Трайнер [201, 202] каби олимларнинг тадқиқодлари катта аҳамиятга молик. Шу билан бирга, педагогик мутахассисликларга ўқиётган талабаларнинг мустақил ишини ташкил этишда амалий ўйинлардан кенг фойдаланишга доир тадқиқодлар жуда кам. Ўйин ёрдамида ўқитиш усули сўнгги йиллардаги энг муваффақиятли ва истиқболли янгилик ҳисобланади. Амалий ўйин жараёнида фикрлашнинг қатъийлиги, фаоллиги, жўшқинлиги ва маҳсулдорлиги, хотиранинг мустаҳкамлиги ва ўткирлиги, такомиллашиш сари интилиш ҳамда ўз кучига ишонч ҳисси ривожланади. Дидактика нуқтаи назаридан эса ўйин воситасида таълим бериш шуниси билан истиқболлики, у замонавий педагогик назарияларга зид эмас ва уйғунлашган таълим шаклларидан бири бўлиб қолиши мумкин. Педагогларни тайёрлашнинг янги босқичи олий мактабнинг тез суръатларда ривожланаётгани, ўқув жараёнининг жадаллашиб боаётгани ва табақалаштирилаётгани, муқобил таълим тизимларининг вужудга келаётгани билан боғлиқ бўлиб, бир томондан педагогика олий ўқув юртларида талабани тайёрлаш жараёнини фаоллаштириш ҳамда талабани касбий фаолият моҳияти ва хусусиятига мумкин қадар яқинлаштириш имконини берадиган услублардан фойдаланишни талаб қилади, иккинчи томонидан – олий ўқув юртидаги ўқув жараёнининг ўзини, хусусан, талабаларнинг мустақил ишини босқичма-босқич илмий жиҳатдан асосланган ҳолда ташкил этиш зарурати туғилмоқдаки, мустақил иш таълим мақсадларига уйғунлаштирилган, олий таълим тизимининг бошқа таркибий бўлинмалари билан, энг асосийси талаба ва ўқитувчиларнинг манфаатлари, интилишлари ва имкониятлари билан мувофиқлаштирилган бўлиши лозим. Мана шу талаб ушбу тадқиқоднинг долзарблигини, унинг амалий-йўналтирилганлик хусусиятини олдиндан белгилаб беради. Юқорида тилга олинган зиддиятлар тадқиқод мавзуини танлаш учун манба бўлиб хизмат қилди. Ушбу тадқиқодда талабаларни нафақат ўқитиш услуби, балки уларнинг мустақил ишини ташкил этиш моделини тузиш босқичида педагогик тажриба ўтказиш усули ҳам бўлмиш ўқув-амалий ўйинларнинг мустақил ишлашни ташкил этишдаги аҳамияти ва ўрнига доир муаммо баён этиб берилган. Тадқиқоддан кўзда тутилган мақсад мазкур муаммони ҳал этиш ҳамда аниқ ўқув-амалий ўйинларни ишлаб чиқиб, жорий этишдан иборат. Тадқиқод объекти: педагогика олий ўқув юртларида талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш жараёни. Тадқиқод предмети: ўқув-амалий ўйин – педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишини ташкил этиш усулидир. Тадқиқодда илгари сурилган фараз: ташкил этиш жараёнининг барча босқичларида ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланишнинг дидактик тизими фаол жорий этилиб борилган тақдирдагина талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш самарадорлигини ошириш мумкин, бу ҳол: - ўқув-амалий ўйин жараёнида тўпланган мустақил ижодий фаолият юритиш тажрибасидан таълим олишда ва бўлғуси касбда фойдаланиш; - қўйилган вазифани “қисқа вақт ичида” ҳал этишга системали ёндашиш; - ўқув-амалий ўйиндан педагогик тажриба ўтказиш ва тадқиқод натижаларини синаш мақсадида фойдаланиш; - педагогика олий ўқув юртида талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш моделини тузишга киришиш имкониятини беради. Тадқиқодлар мақсади ва фарази муносабати билан тадқиқоднинг қуйидаги вазифаларини ҳал этиш назарда тутилади: 1. Талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш муаммоси бўйича ўтказилган тажрибани таҳлил қилиш. 2. Фаол ўқитиш усулларидан фойдаланиб, талабаларнинг мустақил ишини фаоллаштириш ва уларда системали фикрлаш жиҳатларини ривожлантириш. 3. Ўқув-амалий ўйинларнинг педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишини ташкил этишдаги ўрнини аниқлаш ва ундан педагогик тажриба ўтказиш усули сифатида фойдаланиш имкониятларини кўрсатиб бериш. 4. Педагоглик касбини танлаган талабаларнинг мустақил ташкил этишнинг муайян моделини таклиф этиш. Илмий янгилиги: - ўқув-амалий ўйиннинг педагогиклик касбини танлаган талабаларнинг мустақил ишини ташкил этишдаги ўрни белгилаб берилган; - амалий ўйинларнинг мавжуд таснифлари ва уларга ёндашувлар таҳлил қилиб берилган; - “ўқув-амалий ўйин” тушунчасига ёндашув асослаб берилган; - ўқув-амалий ўйинга педагогик тажрибани ўтказиш услуби деб қараш ҳақида маълумотлар олинган; - педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишини ташкил этиш моделни яратишнинг варианти ишлаб чиқилган. Мазкур тадқиқоднинг назарий аҳамияти қуйидагилардан иборат: - мамалакат ва хориждаги олий таълим тизимида фаол ўқитиш услубларидан фойдаланилиши ҳақидаги назарий тасаввурлар кенгайтирилган; - ўқув-амалий ўйинларининг педагогик тажриба ўтказиш усули сифатидаги хусусиятлари белгилаб берилган. Тадқиқоднинг амалий аҳамияти қуйидагилардан иборат: - ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланиш бўйича олинган тавсиялар педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишини ташкил этишда қўлланилиб, унинг самарадорлигини ошириш имконини туғдирди; - ўтказилган тадқиқодлар услубий қўлланмалар, ўйинлар тўпламлари, “Амалий ўйинларни ўтказиш услубияти ва уларни тузиш амалиёти”, “Амалий ўйинлар жараёнини жадаллаштириш” каби махсус курсларни ишлаб чиқиш ва уларни амалда қўллаш билан биргаликда олиб борилди; - тадқиқодлар жараёнида олинган натижалар педагогика олий ўқув юртлари талабаларининг мустақил ишини ташкил этишни такомиллаштириш мақсадида мазкур ўқув юртлари учун ўқув дастурлари, услубий қўлланмалар ва турли ишланмалар тузувчиларга тавсия этилиши мумкин. Тадқиқодларнинг ҳақиқийлиги ва асослилиги танланган назарий тадқиқодлар услубларининг танлаб олинган мақсад ва амалий вазифаларга мувофиқлиги билан, талабаларнинг мустақил ишини ташкил этиш ва ўқув-амалий ўйинлардан таълим бериш жараёнида фойдаланишга боғлиқ муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича илгари ўтказилган психологик–педагогик тадқиқодларга таянч бўлиб хизмат қилганлиги билан, ўйин бўйича хулосаларнинг асосий назарий қоидаларга мувофиқлиги, танланган ўйинлар ҳажмининг статистик жиҳатдан аҳамиятлилиги, тажриба натижаларининг салмоқлилиги ҳамда уларнинг амалиётда синовдан ўтганлиги билан таъминланган. Кейинги тадқиқодларга қўшиладиган ҳиссаси: тадқиқод жараёнида ишлаб чиқилган ўқув-амалий ўйин ўқув-педагогик жараёнинг бир нечта йўналишларида қўлланилиши мумкин, яъни: таълим олиш босиқичида ва бўлғуси ўқитувчилик фаолиятида мустақил ишни ташкил этиш бўйича билим ва малака ҳосил қилиш учун; илмий-педагогик тажрибани (ўқув-амалий ўйинлардан фойдаланган ҳолда) ўтказиш услубларидан бири билан танишиш учун ҳамда фаол таълим бериш услубларини ўқув жараёнига киритишни синаб кўриш учун. Download 1.25 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling