Психология ва спорт психологияси


III-БОБ. СПОРТЧИЛАРНИ ПСИХОЛОГИК ЖИХАТДАН ТАЙЁРЛАШНИНГ АСОСЛАРИ


Download 5.36 Mb.
bet105/139
Sana10.11.2023
Hajmi5.36 Mb.
#1760729
1   ...   101   102   103   104   105   106   107   108   ...   139
Bog'liq
психология хам спорт психологиясыокыу колланба 234 бет

III-БОБ. СПОРТЧИЛАРНИ ПСИХОЛОГИК ЖИХАТДАН ТАЙЁРЛАШНИНГ АСОСЛАРИ
Психологик тайёргарлик тўғрисида умумий тушунча
Ҳозирги замон жаҳон спорти учун хос бўлган хусусиятлар сифатида спорт натижаларининг изчил ва сезиларли даражада ўсиши, спорт мусобақалари иштирокчилари томонидан нафақат жисмоний, балки айни пайтда жуда катта психик куч –қувватни сарфлашни тилга олиш мумкин. Агар спортчи шахсининг психик функциялари ва психик ҳусусиятлари керакли даражада ривожланмаган бўлса, ҳатто жисмоний ва техник жиҳатдан жуда яхши тайёргарлик кўрган спортчининг имкониятлари баланд бўлганда ҳам мусобақада ғалабага эриша олмаслиги мумкин. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, спортчининг такомиллашишида психологик тайёргарлиги худди унинг жисмоний, техник ва тактик тайёргарлиги каби ўта муҳим аҳамият касб этади.
Спортчининг психологик тайёргарлиги, спортдаги таълим тарбия жараёнининг муайян бир қисмидир. У муайян спорт туридан келиб чиққан ҳолда шахснинг психик функцияларини ҳамда хусусиятларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган.
Спортдаги жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик жараёнида спортчининг ҳаракат фаоллигининг барча кўринишлари уларни онгли равишда бошқариш асосида ривожлантирилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди. Психологик тайёргарлик жараёнида эса, айнан мана шу бошқарув механизмлари ривожланади, яъни спортчининг онги такомиллашади.
Барчага маълумки, спортчининг онги сезги ва идрок, тасаввур ҳамда хаёл, хотира, диққат, нутқ, ирода, характер, ҳис-туйғулар ва ҳоказолар тарзида намоён бўлади.
Психологик тайёргарлик жараёнида шахснинг психик функциялари ва хусусиятлари такомиллашиб, спортчининг хар хил спорт турларида ўз фаоллигини намойиш этишига боғлиқ тарзда унинг психоэнергетикасидан имкон қадар тўлароқ фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Масалан, айрим спорт турларида психоэнергиядан муайян вақт оралиғида аста-секин фойдаланилади, бошқа бир спорт турларида эса психик қувват бирданига портлаш каби сарфланади.
Психологик тайёргарлик спортчи учун ўта муҳим бўлган психик сифатлар ва шахсий фазилатларни ривожлантиришнинг табиий жараёнларини тезлаштиришга кўмаклашади.Психологик тайёргарликнинг усул ва воситаларини қўллаш спортчида мустақил равишда ўз иродасини тарбиялаш, фаол равишда такомиллашиб бориш туйғуларини шакллантириб, уни мусобақалашув фаолиятининг экстремал шароитларида ўз психик ҳолатини онгли равишда бошқаришга ўргатади.
Спортчиларни психологик тайёрлаш соҳасида олиб борилган кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, спортчиларнинг нафақат энг юқори малака ва маҳоратга эришишларида катта аҳамият касб этувчи психик функция ва ҳолатлар, балки шахснинг айнан бир хил функциялари ёки ҳусусиятларининг турли спорт соҳаларидаги талабларга кўра инсон психикасида бўладиган ўзгаришларга боғлиқ равишда намоён бўлишидаги ўзига хосликлар ҳам ниҳоятда кўпдир. Масалан, спорт гимнастикаси, ўқ отиш, оғир атлетика каби спорт турларида диққатнинг бир жойга жамланганлиги ниҳоятда муҳимдир. Спорт ўйинлари, ўнқир-чўнқир жойларда югуриш, қиличбозлик, кураш ва бошқа яккакурашларда эса спортчидан ўз диққатини бир пайтнинг ўзида бир неча қўзғатувчиларга тақсимлашини талаб қилади. Бу албатта мазкур спорт турлари иштирокчисининг ноодатий ёки кутилмаган қўзғатувчиларга тезкор жавоб ҳаракатини қилиш заруриятини туғдиради. Агар гимнастикада, стендли отишда, баскетболда (жарима тўпларини ташлаш) ҳаракатларни жуда аниқ мувофиқлаштириш зарур бўлса, шунингдек бу спорт турларида машғулотлар жараёнида ўрганилган стереотиплардан озгина чекиниш хато ва муваффаққиятсизликга сабаб бўлса, боксда, спорт ўйинларида эса аксинча, мувофиқлаштиришнинг турли вариантларини қўллаш талаб этилади. Зеро, бу ўйинларда спортчидан ўз ҳаракатларини спорт курашининг ҳар бир лаҳзада ўзгариб турувчи шарт-шароитларда бажариш талаб этилади. Оддий реакция тезлиги – бир спорт турининг белгиси бўлса, мураккаб реакция тезлиги эса бошқа спорт турларининг белгисидир. Шундай қилиб спорт фаолияти турли спорт турларига оид кўринишларда спортчидан психик жараён ва ҳолатларнинг жуда катта комплексини юқори даражада ривожлантиришни талаб этади. Зеро, мазкур психик жараёнлар спортчи фаолиятининг барча қирраларига, тайёргарлик машқлари ва мусобақа жараёнида шунингдек унинг ривожланиши ва умуман ҳар бир спорт турининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда ривожланиб боради. Спорт фаолиятидаги психик жараёнлар ва функцияларнинг қанчалар хилма - хил бўлишидан қатъий назар, уларнинг барчаси учун умумий бўлган айрим жиҳатлар ҳам мавжуд, улар қуйидагилардан иборат:
а) одатда улар, ҳар қандай спорт тури учун хос бўлган ва ҳамиша спортчи психик куч-қувватининг максимал даражадаги зўриқиши билан боғлиқ, экстремал шароитларда кечади ва намоён бўлади;
б) ушбу шароитларда улар жуда катта кескинлик ва мукаммалик даражасини топади;
в) улар жуда қисқа вақтда намоён бўлади, уларнинг вақт давомийлиги мазкур спорт турига боғлиқ ҳолда аниқланади;
г) эмоционал омиллар таъсири остида тебранишларга ва ҳатто кескин ўзгаришларга осонгина учрайди.
Спорт фаолиятидаги психик функция ва ҳолатларнинг айни шу ҳусусиятлари жуда муҳим ахамиятга эга бўлиб, спортчиларни психологик тайёрлаш бўйича амалий ишларда алоҳида ҳисобга олиниши зарур.

Download 5.36 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   101   102   103   104   105   106   107   108   ...   139




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling