РесПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ Тарғибот МАРКАЗИ
АЗАМАТ МУХТОРОВ
Глобаллашув
шароитида маънавий
таҳдидларни бартараф этиш омиллари
Тошкент «Маънавият» 2015
Мухторов, Азамат
Глобаллашув шароитида маънавий таҳдидларни бартараф этиш омиллари / А. Мухторов; масъул муҳаррир Қ. Қуранбоев; Республика маънавият тарғибот маркази. – Тошкент: «Маънавият», 2015. – 32 б.
ISBN 978-9943-04-248-3
Ушбу рисолада глобаллашув шароитида маънавий таҳдидлар, унинг келиб чикиш сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш йўллари, фикрга қарши фақат фикр билан баҳсга киришиш, ғояга қарши фақат ғоя билан олишиш йўллари ҳамда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш масалалари баён этилган. Президентимиз Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асари асосида ёритилган мазкур таҳлилий қўлланмадан маънавий-маърифий тадбирларда, маъруза ва семинарларда фойдаланиш мумкин. Рисола кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
УЎК: 32.019.5
КБК: 66.3(5Ў)6
Глобаллашув шароитида маънавий таҲдидларНИНГ келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари
Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидлаганидек, «бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз... Ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандай бир воқеа юз бермасин, одамзод бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас...»1. Бугунги дунё муайян яхлитликни ташкил этса-да, ундаги минтақа ва давлатлар миллатлар ва халқлар ўз ўрнига кўра турли мавқега эга. Ҳозирги давр дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус олган, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кучлироқ бўлиб бораётган даврдир.
Шундай экан, уларнинг ўзига хос манфаатларини ифодалайдиган мафкуравий таъсир усуллари бўлиши, шубҳасиз. Жаҳон сиёсий харитасида кўплаб давлатлар мавжуд бўлиб, уларда турли сиёсий кучлар, партиялар, динлар, диний оқимлар, мазҳаблар, гуруҳ ва қатламлар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзаро фарқланадиган, баъзан бир-бирига зид бўлган манфаатларга эга. Айнан мана шу манфаатлар ўзга халқлар, турли минтақалар, давлатларнинг аҳолиси ёки ижтимоий гуруҳлар онгига, турмуш тарзига таъсир ўтказиш, уларни бўйсундириш учун йўналтирилган мақсадларни шакллантиради. Бундан кўзланган асосий муддао эса муайяан жойдаги кишиларга иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва диний қарашларни сингдириш орқали ўз манфаатларини таъминлашга интилишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |