Ўрта махсус таълим вазирлиги
Download 1.45 Mb.
|
СПОРТ ВА ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАР ВА УНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ
ЎЙИНГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ
Ўйинни ўрганиш ва ўйин пайтида болалар ўзларини қандай тутишлари кўпроқ раҳбарга боғлиқ. Ўйин шартли ишора (буюриш, ҳуштак ёки қарсак чалиш, қўл ёки байроқчани силкитиш) билан бошланади. Ўқитувчи барча иштирокчилар ўйин мазмунини тушуниб олганига ва қулайроқ ерга жойлашиб олганига қаноат ҳосил қилганидан кейин ишора қилади. Шартли чегаралар олдиндан белгилаб қўйилиши, ўйин учун зарур қўлланмалар эса ўйин қоидаларига мувофиқ бўлиб берилган ва жой-жойига қўйилган бўлиши лозим. Раҳбар ўйин бошланиши биланоқ, унинг боришини ва ўйинчиларнинг ҳаракатларини диққат билан кузатади ҳамда бошқариб боради. Бундан ташқари ўйин давомида айрим қоида ва усулларни қўшимча равишда тушунтиради. Тузатиш, танбеҳ ва мулоҳазаларни ўйиннинг боришига халақит бермайдиган ёки уни тўхтатиб қўймайдиган йўсинда айтиш лозим. Агар ўйинчиларнинг кўпчилиги бир хил хатога йўл қўяётган бўлса, тегишли йўл-йўриқ бериш ёки ўйин қоидалари қандай бажарилишини кўрсатиш учун ўйинни тўхтатиш мумкин. Лекин уни бақириш ёки кескин ишора билан тўхтатиш ярамайди. Катта мактаб ёшидаги болаларни «Диққат!» деган шартли ишора ёки ҳуштак чалиш билан тўхташга ўргатиш лозим. Ўқитувчи болаларни ўйин қоидаларини онгли ва аниқ бажаришга одатлантириши керак. Бу одат уларни интизомга ўргатишда катта аҳамиятга эга бўлиб, болаларда ўз бурчини сезиш ва ўз ҳатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик ҳиссини тарбиялаш, ўзини тута билиш ва матонатлиликни ўстиришда ёрдам беради. Ўқитувчининг вазифаси – ўқувчилардан ўйин қоидаларини аниқ бажаришини талаб қилишдир. Аммо у болалар ўйинни ёмон ўзлаштираётгани учун ортиқча бачканалик қилмаслиги керак. Ўқувчилар йўл қўядиган хатолар ва қўполликларнинг олдини олишга алоҳида аҳамият билан қараш лозим. Қўполлик қилган ўйинчини албатта жазолаш керак. Бундай ҳолларда баъзи таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш, яъни вақтинча ўйиндан чиқариб юбориш, жарима очколари бериш мумкин. Ўйинчи раҳбарлик қилишда ўқувчиларни фақат эришиладиган натижаларга қизиқтириш билан чекланмаслик, балки уларда ўйин жараёнининг ўзидан завқ олишга, лаззатланиш ҳиссини вужудга келтиришга ҳам жиддий эътибор бериш лозим. Айниқса, унга фаоллик кўрсатмайдиган ўйинчиларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва бу билан уларда ўз кучларига ишонч ҳосил қилиш тавсия этилади. Ўйинчилар ўртасида ўртоқларига тўғри муносабат ўрнатишга ҳаракат қилиш, ғолибларнинг кеккайиб кетишлари ва ютқазганларнинг ўйиндан совишларига йўл қўймаслик лозим. Рус педагоги А.С.Макаренконинг ўғил ва қиз болани ўзининг шахсий муваффақияти билангина эмас, балки хусусан ўз командаси ёки ташкилотининг муваффақиятлари билан ҳам фахрланиш руҳида тарбиялаш зарурлиги ҳақида айтган гапларини унутмаслик керак. Шунингдек, болаларда ҳар қандай мақтанчоқликни бартараф этиш, рақиб кучига ҳурмат-эътиборни тарбиялаш, уларга уюшқоқликнинг, машқ қилишнинг ва командада интизом бўлишнинг аҳамиятини тушунтириш зарур. Ниҳоят, болалар ўз муваффақиятлари ва мағлубиятларига жиддий муносабатда бўлишларига эришиш керак. Ўқувчилар ўйинни яхшилаб ўзлаштириб олишлари учун уни бир неча марта қайтариш, бунда улар ўйиндан қанчалик мамнун бўлсалар, уни шунчалик пухта эслаб қолишларини унутмаслик керак. Download 1.45 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling