Ўрта махсус таълим вазирлиги
ЎЙИН НАТИЖАЛАРИНИ ЯКУНЛАШ
Download 1.45 Mb.
|
СПОРТ ВА ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАР ВА УНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ
- Bu sahifa navigatsiya:
- ҲАР ХИЛ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИ БИЛАН ЎТКАЗИЛАДИГАН ЎЙИНЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС МЕТОДИКАСИ
- КИЧИК МАКТАБ ЁШИДАГИ ЎҚУВЧИЛАР 1-2-СИНФЛАР
ЎЙИН НАТИЖАЛАРИНИ ЯКУНЛАШ
Ўйинни чўзиб юбориш мумкин эмаслиги каби уни белгиланган вақтдан олдин тамомлаш ҳам ярамайди. Ўқитувчи ўйинни болалар бир неча марта такрорлагач ёки ўйин бошланганидан маълум вақт ўтганидан сўнг тўхтатиши керак. Ўйин натижаларини якунлаш катта тарбиявий аҳамиятга эга. Ўқитувчи ўйин тугагач, айрим ўқувчилар ҳаракатларини, умуман ўтказилган ўйинни баҳолаб, унинг натижаларини якунлайди. Бунда яхши ўйнаган ва ўйин қоидаларига риоя қилган болаларни алоҳида таъкидлаши зарур. Ўйинни таҳлил қилиш унинг қоидаларини яхшироқ ўзлаштиришга ва ўйин жараёнидаги келишмовчиликларни бартараф қилишга ёрдам беради, шунингдек ўқитувчига болалар ўйинни қандай ўзлаштиргани, нималар маъқул бўлгани ва келгусидаги ишларни аниқлаш имконини беради. Ҳаракатли ўйинлар учун кундалик иш дафтарчаси тутиш фойдали. Ўқитувчи бу дафтарчага ўйинларни кузатишда ўйинчилар ҳақидаги маълумотларни ёзиб боради ва шу ёзувлар орқали уларнинг хатолари ва муваффақиятларини таҳлил қилади. Бу иш ўйинларни ўргатиш методикасини яхшилаш ва уни шароитларга қараб ўзгартириш имконини беради. ҲАР ХИЛ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИ БИЛАН ЎТКАЗИЛАДИГАН ЎЙИНЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС МЕТОДИКАСИ Ҳар хил мактаб ёшидаги болалар билан ҳаракатли ўйинларни ташкил қилиш ва ўтказиш турли-туман тусга эга бўлади. Ҳаракатли ўйинлар ўтказиш методикаси болаларнинг руҳий ва физиологик хусусиятларига, уларнинг умумий ривожи ва тайёргарлигига бевосита боғлиқ. Болалар билан ишлаш амалиёти ҳаракатли ўйинлар ўтказиш методикаси тўртта асосий ёш гуруҳига мос равишда кўриб чиқилиши ва ҳар бирининг ёш хусусиятларига кўра барча болаларнинг ўйинга қизиқишига нисбатан ўзаро яқинлигини кўрсатади. Бу гуруҳлар қуйидагиларни ташкил этади: 1-2-синф ўқувчилари: 7-9 ёшли болалар; 3-4-синф ўқувчилари: 9-11 ёшли болалар; 5-8-синф ўқувчилари: 12-14 ёшли ўсмирлар ва 9-11-синф ўқувчилари: 15-17 ёшдаги ёшлар. КИЧИК МАКТАБ ЁШИДАГИ ЎҚУВЧИЛАР 1-2-СИНФЛАР Мазкур ёшдаги болаларнинг ҳаракат тажрибаси камлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир ўқувчи ўқитувчининг алоҳида диққат-эътиборини талаб қилади. Дастлаб болалар билан мазмун жиҳатидан мураккаб бўлмаган, қоидаси тушунарли, тузилиши содда, мавзуи қизиқарли, ўйинлар ўтказиш тавсия қилинади. Болалар ўйиннинг сюжети (мавзуси)ни жонли ифодалаш йўли билан яхши қабул қилади, чунки уларда тасаввур асосан аниқ, жонли бўлади. Шунинг учун бу ёшдаги болалар билан келишилган ҳолда ҳаракат қилиш, нутқ, нафас олиш ритмини ривожлантириш, хор билан ашула айтишни такомиллаштириш мақсадида хор бўлиб ўйналадиган ўйинлар ўтказиш тавсия қилинади. Бу ўйинлар болаларда ўйинда ўзини тута билиш, дастлабки ташкилий кўникмаларни ҳосил қилиш учун қулай ва содда. Ўйинлар тузилиши жиҳатидан оддийдан бошланиб, мураккабига, ўйинда катта ташаббускорлик имкониятини намоён қилиш, ўйинни ташкил қилишнинг ўзига хос хусусиятлари ва ўйинчилар хулқига, ҳаракат координациясини такомиллаштириш ва ривожлантиришга тобора юқори талаб қўйиш орқали тузилишига кўра мураккаброқ ўйинларга ўтиши керак. Дастлаб командали ўйинларни ўтказиш мумкин эмас, балки ҳаракатланиш тажрибаси ортиб бориши, шунингдек болаларда жамоатчилик фаолиятига қизиқиш ошиши билан мусобақалашиш элементлари билан жуфт-жуфт бўлиб ўйинлар ўтказиш мумкин (югуриш, чамбараклар билан пойга, арғамчи устидан сакраш, тўпни думалатиш ва ҳ.к.). Булар мустаҳкам ўрганилганидан кейин, болалар гуруҳларга бўлиниб, сўнгра нисбатан мураккаб мусобақалашув ўйинлари ўтказилади. Масалан, сигнал бўйича ҳар бир гуруҳдан биттадан ўйинчи югуриб, тўпни олади ва навбатдаги ўйинчига олиб келиб, ўзи қатор охирига бориб туради. Топшириқни биринчи бўлиб бажарган ўйинчи командасига очко келтиради. Сўнгра сигнал бўйича иккинчи, учинчиси ва ҳ.к. рақамли ўйинчилар ҳаракат бажарадилар. Ниҳоят, охирида кўпроқ очко тўплаган команда ғолиб ҳисобланади. Шундан кейин командали ўйинларни ўтказиш мумкин, бунда ҳар бир жамоа келишиб биргаликда ҳаракат қилиб ўз манфаатларини сақлаб қоладилар, бироқ ўйин қатнашчилари бошқа команда ўйинчилари билан нисбатан яқин муносабатларга киришмайдилар. Мана бундай характердаги командали ўйинлар кейинроқ, 9-11 ва ундан катта ёшдаги 3-4-синф ўқувчилари билан ўтказилиши мумкин. 1-2-синф ўқувчилари учун ўйин танлашда вазифа болаларда тўплаган ўйин тажрибасига қараб қўйилиши зарур. Шундан сўнг ўйинчилар жамоа бўлиб ҳаракат қилишга ўргатилади. Болаларни бир-бирини туртмай, йиқитмай ўртоқлари орқасига беркинмай югуришга ўргатиш билан йиқилиб тушиш, шикастланишнинг олди олинади ва ўқувчилар жасурлик, қўрқмаслик ва мустақил ҳаракат қилишга ўргатилади. Болаларни сигнал бўйича (оғзаки кўриш, товушли) ҳаракат қилишга ўргатиш зарур бўлиб, бу болаларда саботлилик, изчиллик, интизомлилик хусусиятларини шакллантиради. Шунингдек болаларни чегараланган майдончада ҳаракат қилишга ўргатиш зарур, чунки ўйинлар ана шундай майдончада ўтказилади. Бу болалар диққатини бир ерга жамлаб, ихчамликка, ҳаракатни эҳтиёткорлик билан бажаришга ўргатади. Кичик мактаб ёшидаги болаларнинг кўпгина ўйинларида асбоб-анжомлар ёки қўлланма ўқув қуроллари талаб этилади. Асбоб-анжомлар чиройли ва ранг-баранг бўлиши керак. Бу ёшдаги болаларда кўриш рецептори жуда кам ривожланган, диққат-эътибори тарқоқ бўлади. Чиройли асбоб-анжомлар кўриш рецепторини ривожлантиришга ва асбоб-анжомни идрок этишни енгиллаштиришга хизмат қилади. Худди шундай, масалан, «Ҳамма ўз байроқчасига» ўйинида иложи борича ёрқин рангли турли байроқчалар бўлиши керак. Бу ўз байроғи рангини ва унинг турган жойини тезда эсда сақлаб қолишни енгиллаштиради. «Икки совуқ» ўйинида эса қалпоқча ёки байроқларнинг ёрқин ранглари ўйин қатнашчиларининг кўзига яққол ташлади. Шунинг учун бу ёшдаги болаларнинг жисмоний имкониятларини ҳисобга олган ҳолда енгил ва шакли қулай асбоб-анжомлардан фойдаланиш керак. Масалан, 1 кг ли тўлдирма тўпларни думалатиш ва узатиш учун махсус машқлар ташкил этилади. Бироқ бу ёшдаги болалар билан ўйинда бу тўпдан фойдаланиш тавсия қилинмайди, чунки ўйинда тўсатдан юз берадиган шароитда, тезкор реакция талаб қилинган, ёки ўйинчиларнинг жўшқин ҳолатида тўлдирма тўп болалар саломатлигига зарар келтириши мумкин. Асбоб-анжом ҳажми бўйича болалар анатомик ва физиологик ривожига мос келиши шарт. Масалан, шу ёшдаги болалар баскетбол ва волейбол тўплари билан ўйнаши (тўпни узатиш ва илиб олиш) бироз қийинроқ. Уларни ҳажми кичик ва енгилроқ тўплар билан алмаштириш мумкин. Ўйин қоидалари қисқа ва содда қилиб тушунтирилади. Чунки болалар кўпинча тушунтиришни охиригача эшитмай, тезроқ у ёки бу ролга киришни бажариш хоҳишини билдирадилар. Агар ўйин мазмуни ҳикоя шаклида сўзланса, бу болалар томонидан катта қизиқиш ва диққат билан қабул қилинади. Бу усул болалар ўйинни яхши ўзлаштириб олишлари, ўйиндаги ролни ижодий бажаришлари, ижодий тасаввур қилишлари, мулоҳаза қилишни тарбиялашга имконият яратади. Айрим вақтда бундай ҳикоя қилиб бериш усули болалар олдинги ўйинларда олган жисмоний юкламалардан дам олишларида қўл келади. 1-2-синф болалари эпчил, фаол ҳаракат қилишларига қарамай ўз имкониятларини яхши билмайдилар, аммо барчаси ўйинбоши бўлишга интилади. Шунинг учун кўп ҳолларда ўйинбошини сайлашни ўқувчилар зиммасига юклаш усули мақсадга мувофиқ эмас, чунки ҳар бир ўйинчи ўйинбоши қилиб ўзини сайлашга интилади. Яхшиси, бу ёшда ўйинбоши тайинлаш, улар қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда, «саноқ» йўли билан амалга оширилади. Агар вақт кам бўлса, ўйинчилар сонига қараб, болалардан бирига 1-20 гача биронта рақамни айтиш таклиф этилиб, айтилган рақамларни санаб чиқилади. Рақам кимга тушса, шу ўйинбоши бўлади. Ўйинбоши ўқитувчи томонидан тайинланганда, бошқа ўқувчилар эътироз билдирмайдиган ўқувчини танлаш керак. Ўйинбоши қилиб олдинги ўйинларда ғолиб чиққан, топшириқни бошқаларга нисбатан яхши бажарган ва ўйинни характерига кўра энг яхши натижа кўрсатган болалар тайинланади. Ўйинбошини танлаш болаларни ўз ва ўртоқларини қобилиятининг ривожига тўғри баҳо беришга ўргатади. Болалар ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, тарбиявий мақсадларда ўйинбошини тез-тез алмаштириб турган маъқул. Бу болаларнинг фаолликка бўлган эҳтиёжини қондиришга имкон беради ва уларда ташкилотчилик малакаси элементларини ривожлантириб, топширилган вазифага жавобгарликни ҳиссини тарбиялайди. Шунинг учун ўйинда бериладиган сигналлар тормозланиш функциясини тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. 1-2-синф ўқувчилари учун асосан оғзаки (сўз билан) сигналлар бериш тавсия қилинади. Бу ёшда ҳали шаклланмаган иккинчи сигнал тузилиши ривожлантиришга ёрдам беради ва болаларни тўғри сўзлашга ўргатади. Болаларнинг ҳаракатчанлигини ва ирода сифатлари заифлигини ҳисобга олиб хато қилган болаларни ўйиндан чиқариш тавсия қилинмайди. Чунки бундай болалар етарлича юклама олмайди. Ўйин мазмунига кўра, масалан, «Биз қувноқ болалар», «Бойўғли» ўйинидаги каби мағлуб бўлган ўйинчи ўйиндан вақтинча чиқиши талаб қилинса, болалар бу ёшда ўйиндан ташқари ҳолатда кўп туролмаслигини ҳисобга олиш керак. Шу сабабли ўйинда тартибни сақлаш учун қисқа вақт давомида турадиган жой ажратилган бўлиши шарт. Масалан, «Биз қувноқ болалар» ўйинида тутилган ўйинчилар икки-уч марта югуриб ўтгунча ўйинга кирмайдилар. Сўнгра тутилмаган ўйинчилардан янги ўйинбоши тайинланади ва тутилган ўқувчилар ўйинга киришига рухсат берилади. Худди шу каби, «Бўри зовурда» ўйинида ҳам ўйинчилар ўйиндан чиқишига вақт ажратилади, яъни бу болалар бир неча марта югуриб ўтганларидан кейин, янги ўйинбоши тайинлангунига қадар давом этади. Жисмоний юклама бола ёш хусусиятларини эътиборга олиб, қатъиян чекланиши шарт. Агар ўйин югуриш, сакраш элементларидан иборат бўлса, унда қисқа вақтли танаффус билан ўтказган маъқул. Бироқ бу ёшдаги болалар ўйинларининг ўзига хос жиҳати - «югуриб ўтишга» оид ўйинда бола бироз югуриб, сўнг озроқ дам олади. Лекин ўйин узоқ давом этмаслиги шарт. Ўйиндаги тўсиқлар болалар ёшига мос ва хос вақт бўлиши лозим. Ўйинчилар мақсадга қисқа вақтда эришишлари, ўйин натижасини маълум қилиш ҳам узоқ чўзилмаслиги керак. 7-9 ёшли болалар табиий ҳаракатларни етарли эгалламаганлигини ҳисобга олиб, болаларга жамоада бирга ҳаракат қилишга ўргатиш ва бу малакани такомиллаштириш талаб этилади. Ўқитувчи олдида болаларнинг ўйин малакаларини тарбиялашда қуйидаги вазифалар туради: болаларни бир-бирига ҳалал бермасдан, тартиб билан югуришга, белгиланган сигнал бўйича тезкор ҳаракатланиш, бир вақтда тезда ўйинга киришиб кетишга, ўйинбошига бўйсунишга, майдонча чегарасини билиш ёки сезиш, ундан югуриб чиқиб кетмаслик ва уни кўришга, ўйин қонун-қоидаларини ҳурмат қилишга, унга виждонан ва аниқ риоя қилишга ўргатиш. Бу шартлар ўқувчиларга тўғри етказилганда, яъни улар ўйинда ўзларини тўғри тутишларига эришилади. Бу вазифа бирданига эмас, ўйинни кўп марта такрорлаш натижасида аста-секин ҳал этилади. Жамоа бўлиб ўйнаш бошловчилар учун ўйин қоидаларини эгаллаш мураккаб жараён ҳисобланади. Шунинг учун ўқитувчи ўйин қоидаларини бузган ёки риоя қилмаган болаларга жамоавий ўйин қоидаларини шошмасдан, тўғри тушунтиришлари лозим. Download 1.45 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling