Саноат бинолари фанидан «autocad» дастури ёрдамида
Download 1.37 Mb.
|
Autocad Саноат бино
- Bu sahifa navigatsiya:
- Т н = 1/Е н , йил.
Ишлаб чиқариш цехининг режаси 2. Курс лойиҳасининг ҳисоб-тушунтириш қисмини тузиш бўйича кўрсатмалар Лойиҳанинг график қисми тузиб бўлингач, ишнинг дастлабки босқичида тузилиши бошланган ҳисоб-тушунтирув ёзувининг энг сўнгги варианти тайёрланади. Бу босқич ўлчамлари 290х210 мм ни ташкил этган ёзув қоғозида, шарикли ручка билан қўлда ёки компьютерда бажарилади. Белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилган титул варағидан кейинги бетда кафедра томонидан талабага берилган курс лойиҳасининг топшириқ қоғози келтирилади. Кириш қисмида лойиҳаланиши топширилган мавзу ҳар тарафлама ва чуқур асосланади. Унинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги аҳамияти кўрсатилади. Обод Ватан ва фаровон ҳаёт яратишдаги ўрни очиб берилади. Иншоот барпо этиладиган худуд ва жойнинг ўзига хос умумий белгилари, қурилиш майдонининг тавсифи, ташқи ҳарорат-намлик, табиий ёруғлик ва шамолнинг йўналиши тўғрисидаги ҳамда шу каби бошқа муҳим бўлган маълумотлар келтирилади. Ёрдамчи бинонинг ҳажм-режавий ечими қисмида унинг шакли, ўлчамлари, ишлаб чиқариш санитарлик гуруҳини ҳисобга олинганлиги ва шу асосда ушбу хоналарда функционал жараёнларнинг қандай тартибда кечиши баён этилади. Ишлаб чиқариш корхонасининг бош режасини тавсифлаганда унинг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни тўла келтириш керак. Мамлакатимиз худудлари учун асосан иссиқ қуруқ иқлим тавсифли бўлганлиги сабабли ер участкаларини кўкаламзорлаштириш ва сувлаштиришга катта эътибор бериш даркор. Бинонинг ҳажм-режавий ечими қисмида унинг шакли ва ўлчамлари, амалга ошириладиган технологик жараён, хоналарнинг иншоотда ётиқ ва тик йўналишларда жойлашиш тартиблари, зинапоялар ва бошқа режавий элементларнинг лойиҳаланиши тўғрисида маълумотлар келтирилади. Ҳажм-режавий ечимнинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари баён этилади. Саноат иншоотлари учун фуқаролик бинолари сингари ҳажм-режавий ва конструктив ечимларининг техник-иқтисодий кўрсатгичлари келтирилган харажатлар (П) бўйича баҳоланади. П=К+ТнхС бу ерда, К- смета нархи билан аниқланувчи бинони қуриш учун сарфланадиган харажатлар; С- бинони эксплуатация қилиш даврида сарфланадиган йиллик харажатлар; Тн - капитал маблағларни қоплашнинг меъёрий муддати. Ўз навбатида Тн қуйидагича аниқланади: Тн = 1/Ен, йил.Бу ерда Ен - капитал маблағлар иқтисодий самарадорлигининг меъёрий коэффициенти (саноатнинг барча тармоқлари учун Ен=0,12). Ҳисобланган П нинг қийматини келтирилган харажатларнинг эталон қийматлари Пэ билан солиштирилади ва иктисодий самарадорлик (Э) қуйидагича аниқланади: Э=Пэ-П. Демак, бинонинг лойиҳавий ечими самарали бўлиши учун К ва С нинг қийматларини камайтириш йўлларини топиш зарур. Шу мақсадда биноларни лойиҳалаш жараёнида қабул қилинган ечимларни техник-иктисодий баҳолаш ишлари бажарилади. Сметани камайтиришга қаратилган эксплуатация қилиш шароитларини тўла ҳисобга оладиган ечимлар қабул қилинади. Лойиҳанинг қурилиш ва технологик қисмларини ҳисобга олувчи умумий техник-иқтисодий кўрсатгич сифатида бинонинг 1м2 ишчи майдонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот миқдори хизмат қилади. Ҳар кв.м майдондан қанчалик кўп маҳсулот ишлаб чиқарилса, иншоотдан шунчалик самарали фойдаланилади. Саноат иншоотининг ҳажм-режавий ечимига тавсиф берувчи ҳисобий бирлик бўлиб, 1 кв.м қурилиш майдони, 1 кв.м фойдали майдон ва 1 куб м ҳажм хизмат қилади. Бинонинг пойпеши (цоколь) сатҳида деворларнинг ташқи периметри бўйича аниқланган майдонга қурилиш майдони деб аталади. Қурилиш майдони фойдали ҳамда конструкциялар эгаллаган майдонлардан иборат бўлади. Бинонинг фойдали майдони барча қаватлар хоналари соф майдонларининг йиғиндисидан иборат. Фойдали майдонга шунингдек, ёрдамчи хоналар, болохоналар, очиқ жавонлар, узун айвонлар ва эстакада майдонлари ҳам киради. Конструктив майдонлар ҳам бунга киради. Конструктив майдон қаватлар бўйича аниқланиб, унга зи-напоя катаклари, ички деворлар, устунлар, парда деворлар, шахталар эгаллаб турган майдонлар киради. Ишчи майдон маҳсулот ишлаб чиқариладиган хоналар юзаларининг йиғиндисидан иборат. Ярим фабрикатларни жойлаштириш мақсадида фойдаланиладиган хоналар майдони ҳам ишчи майдонга киради. Транспорт, санитар-техник ва энергетик жиҳозлар учун ажратилган майдонлар, даҳлизлар (коридор), кириш жойлари, ўтиш йулаклари, техник хоналар (техник қават) ва шунга ўхшаш бошқа майдонлар йиғиндиси ёрдамчи майдонларни ташкил этади. Омбор майдони ашёларни, маҳсулот ишлаб чиқариш ва таъмирлаш учун зарур бўлган хилма-хил материаллар ва буюмларни, тайёр маҳсулотларни жойлаштириш мақсадида ишлатиладиган хоналар майдонлари йиғиндисидан иборат. Бинонинг технологик қисмини лойиҳалагандан сўнг унинг майдонини ишчи, ёрдамчи ва омбор майдонларига тақсимлашади. Шунинг учун 1 м2 ишчи майдон кўрсатгичи орқали бинонинг нархи, сермеҳнатлилиги ва асосий материаллар сарфи бўйича унинг қурилиш ва технологик қисмларига умумий баҳо берилади. Бинонинг қурилиш ҳажми унинг қурилиш майдонини биринчи қават поли сатҳидан чордоқли ёпманинг устигача (ёки том қопламасининг устки қисмигача) бўлган баландликка кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бино ҳажми таркибига фонуслар ва ертўлалар ҳажми ҳам киритилади. Бинонинг ҳажм-режавий ва конструктив ечимини баҳолаш ва уни мавжуд яхши ечимлар билан таққослаш қуйидаги техник-иқтисодий белгилар бўйича амалга оширилади: Саноат иншоотининг смета нархлари асосида аниқланган 1 м2 ва 1 м3 учун сарфланган пул воситалари харажатлари бўйича (ҳисоблашда ертўла ҳажми киритилмайди). Ишлаб чиқариш ҳудудини қурилиши-қурилиш зичлиги бўйича Пз. Пз умумий қурилиш майдонининг ишлаб чиқариши ҳудуди майдонига бўлиш орқали аниқланади. Бу кўрсатгичнинг энг кичик миқдори меъёрий ҳужжатларда келтирилади. Масалан, металлургия заводлари учун Пз=28-35 %, химия учун -30 %, текстил, нефть саноати учун -50 %, пахтақоғоз ва атлас газмоллар корхоналари учун -60 % ва ҳоказо. Бу кўрсатгич ҳам йўллар, муҳандислик тармоқлари, ободонлаштириш каби омиллар орқали саноат биносининг нархига таъсир кўрсатади. К1, К2 ва К3 коэффициентлар орқали аниқланган ҳажм-режавий ечимнинг сифати бўйича: К1- бино ишчи майдонининг умумий майдонига нисбати; К2-бино ҳажмининг ишчи майдонига нисбати; К3 - тўсиқ конструкциялар сиртлари майдонининг фойдали майдонга нисбати. К1 катталаша бориши, К2 ва К3 лар кичиклашиши билан бинонинг техник-иқтисодий самарадорлиги орта боради. Курс лойиҳасини бажариш жараёнида типлаштирилган конструктив элементлардан фойдаланиш керак. Одатда йиғма темирбетонли пойдеворлар, пойдевор тўсинлари ва устунлар лойиҳаланади. Иншоотнинг пролёти 24 м гача бўлганда йиғма темирбетонли, ундан ошганда эса металли стропила конструкциялари қўлланилади. Лойиҳани ишлаб чиқиш кетма-кетликда бажариладиган тўрт босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда олинган топшириқ обдон ўрганилади ва шу асосда бинонинг хомаки чизмаси тузилади. Иккинчи босқичда бинонинг ҳажм-режавий ва конструктив ечими ҳамда унинг конструктив элементлари ишлаб чиқилади. Учинчи босқичда лойиҳа графикаси битирилади. Тўртинчи босқичда ҳисоб-тушунтирув ёзуви тузилади. Лойиҳани бажариш сермеҳнатлилиги босқичлар бўйича тахминан қуйидагича бўлади: биринчи босқич 20 %, иккинчи босқич 40 %, учинчи босқич 20 % ва тўртинчи босқич 20 %. Курс лойиҳасини бажариш ишлари олинган топшириқни чуқур ва ҳар тарафлама ўрганиш, лойиҳаланадиган бинонинг вазифасини, унда содир бўладиган технологик жараёнларни яққол тасаввур қилиш асосида бошланади. Топшириқни бажариш жараёнида талаба мавзуга оид техник адабиётлар, мос қурилиш меъёрлари ва қоидаларини ўрганиши, топшириққа кўрсатилган бинога ўхшаш бинолар билан танишиши ва ушбу қўлланмани кўриб чиқиши зарур. Саноат иншоотлари фанидан бажариладиган курс лойиҳасини бажариш тартиблари «Архитектура» фанидан бажарилган курс иши ва лойиҳасини ишлаб чиқишга ўхшаб кетганлиги сабабли, ушбу фандан тайёрланган қўлланмада баъзи кичик масалаларга кам эътибор қилиниб, ишлаб чиқариш ҳамда ёрдамчи биноларни лойиҳалаш бўйича умумий тавсиялар келтирилган. Кўп қаватли саноат иншоотларини лойиҳалашда қуйидаги боғланишлар қабул қилинади. 1. Нолли боғланиш бўлиб, бунда четки қаторлар устунларининг ташқи қирралари бинонинг бўйлама бўлувчи ўқлари билан устма- уст тушади. 2. «А» масофада боғлаш бўлиб, бу усул четки ва ўрта қаторларда бир турдаги ригелларни қўллаш мақсадга мувофиқ келганда қўлланилади. Четки қаторлар устунларининг ички қирралари ўрта қаторларда ишлатиладиган устунлар қалинлигининг ярмисига тенг бўлган масофада силжитилади. 3. ИИС-04 серияли енгиллаштирилган каркасни қўллаганда четки ва ўрта қаторлардаги барча устунларнинг геометрик ўқлари бинонинг бўлувчи ўқлари билан устма- уст уст тушади. Темирбетон каркасдан тикланадиган иншоотларда темирбетонли ораёпма ва томёпмалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Металли том конструкцияларда самарали иссиқдан ҳимояловчи енгиллаштирилган ёпмалар ўрнатилиши мумкин. Атмосфера сувлари томдан бинониниг ичкарисига (иситиладиган биноларда) ёки ташқарига (баландлиги 10 м гача ва бир томонга йўналтирилган қиялиги 36 м гача бўлган иситиладиган биноларда; иситилмайдиган биноларда) оқизилиши мумкин. Дераза ва фонарлар турлари ва конструкциялари иншоот қуриладиган жойнинг иқлим шароити ва ишлаб чиқариш цехларининг микриқлимига мос келадиган қилиниб қабул қилинади. Масалан, қуруқ ва меъёрий намлик тартиблари таъминланадиган ҳамда кўп бўлмаган миқдорда иссиқлик ажралиб чиқадиган бинолар ва хоналарда «зенит»ли ёки П га ўхшаш ёруғлик-аэрация фонарлари қўлланилади. Кўп миқдорда иссиқлик ажралиб чиқадиган биноларда П га ўхшаш ёруғлик-аэрация ва аэрация фонарлари лойиҳаланади. «Зенит»ли фонарларнинг ёруғлик ўтказадиган умумий горизонтал юзаси том майдонининг 15 фойизидан кўп бўлмаслиги керак. Бирта «зенит»ли фонарнинг горизонтал проёми 12 кв.м дан ошмаслиги зарур. Бундай фонарлар ўртасидаги масофа 6 м дан кам қабул қилинмайди. Иншоотларни лойиҳалашда П га ўхшаш ёруғлик-аэрация ва аэрация фонарларининг узунлиги 84 м дан ортиб кетмаслиги керак. Фонарлар четлари ўртасидаги ҳамда уларнинг четлари ва ташқи деворлар ўртасидаги масофалар том конструкциялари қадамига тенг ёки унга каррали бўлиши шарт. Бино пролёти 18 м бўлганда бундай фонарнинг кенглиги 6 м, 24 м бўлганда 6 ёки 12 м, 30 ва 36 м бўлганда эса 12 м қабул қилинади. Деразаларнинг юзалари иш майдонини меъёрий даражада табиий ёритилганлик билан таъминлаш имкониятини берадиган қилиб лойиҳаланади. Деразалар шамоллатиш учун мўлжалланмаган бўлса, улар очилмайдиган қилиб ўрнатилади. Иншоотларнинг деворлари ва парда деворлари йиғма йирик ўлчамли панеллардан ёки варақлардан йиғилган индустриал конструкциялардан лойиҳаланиши керак. Ҳаво алмашинуви аэрация йўли билан талаб этилган ишлаб чиқариш хоналари ва цехларида деразаларнинг тавақалари ва бошқа очиладиган қурилмалар деворга шундай ҳисоб билан жойлаштирилиши керакки, полдан деразанинг остки қисмигача (проёмнинг пастигача) бўлган масофа йилнинг иссиқ даврида ҳаво оқимининг келишини таъминлаш мақсадида 1,8 м дан ортиқ, йилнинг совуқ даврида эса 4 м дан кам бўлмаслиги керак. Биноларнинг деворларига ўрнатиладиган дарвозаларнинг ўлчамлари рельссиз транспорт воситалари хоналарга кириб чиқадиган бўлса 2,4х2,4 м , 3х3,6 м , 3,6х4,2 м , 4,2х4,2 м меъёрий кенгликдаги темир йўл транспорти воситаларига мўлжалланган тақдирда 4,8х5,4 м қабул қилинади. Биноларнинг ёпиқ катакларида ўрнатиладиган зинапояпояларнинг қиялиги 1:2 … 1,5 , очиқ жойларида ўрнатиладиган зинапояларнинг қиялиги 1:1 лойиҳаланади. Ер сатҳидан карнизининг устки қисмигача бўлган масофа 10 м дан ошган ҳолларда биноларда ёнғинни ўчириш мақсадларида қўлланиладиган (кенглиги 0,6 м ни ташкил этган) ташқи пўлатли зинапоялар ўрнатилади. Бино периметри бўйлаб ўрнатиладиган бундай зинапоя(нарвон)лар орасидаги масофа 200 м дан ошмаслиги керак. Бош фасадда бино узунлиги 150 м гача бўлган ҳолларда ёнғинга қарши зинапоялар лойиҳаланмайди. Биноларда баландликлари фарқ қилган жойларда турли баландликларни бирлаштириш учун ёнғин зинапоялари ўрнатилади. Инсон тўғрисида ғамхўрлик қилиш, унинг меҳнат қилиши учун соғлом шароитларни таъминлайдиган атроф муҳитни яратиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йуналиши ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида замонавий саноат корхоналари ва уларнинг мажмуаларини яратишни талаб этади. Ҳозирги даврдаги саноат архитектуравий ечимларини ишлаб чиқиши йуналишларини аниқлаб беради. Саноат корхоналари ташқи қиёфалари билан баъзи жамоат биноларидан (масалан, маъмурий, илмий-тадқиқот муассасалари биноларидан) деярли фарқ қилмайди. Бироқ бу яқинликни бадиий ифодаларнинг ажралиб туриши билан аралаштирмаслик керак. Саноат иншоотининг бадиий ифодаси энг аввало у ердаги технологик белгилар билан аниқланади. Бу белгилар ҳажм-режавий ва конструктив ечимларда ўз ифодасини топади. Шунингдек, уларнинг бадиий ечимида давр мазмуни хам акс эттирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Биноларнинг ташқи қиёфасига технологик белгилар билан бир қаторда махсус вазифалар учун мўлжалланган муҳандислик иншоотларининг (масалан, бункер, эстакада,...), технологик жиҳозлари ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Иншоотларнинг қиёфаси фронтал-симметрик ва фронтал-ассиметрик композиция ечимларда ишлаб чиқилади. Кейинги усул технологик жараёнлар учун қулайроқ ҳисобланганлиги сабабли кўпроқ қўлланилмоқда. Саноат биноларининг ҳажм-режавий ва конструктив ечимлари кўтарувчи ва тўсувчи конструкцияларнинг йирик шаклдаги элементларидан ташкил топганлиги билан тавсифланади ва композицияда ўз ифодасини топади. Саноат иншоотлари кўпчилик ҳолларда узун бўлганлиги учун бир хил шаклдаги элементларни кўп марта такрорлашни тақозо этади. Бундай композицияларда ритмик ёки метрик қаторлар усулидан фойдаланилади. Фасадни ритмик бўлиш деворнинг деразали ва деразасиз қисмларини ёки том элементларини такрорлаш орқалиамалга оширилади. Лойиҳалашда архитектуравий иншоотлар конструктив элементларидан бадиий мақсадларда ҳам фойдаланилади. Алоҳида элементларнинг ўзаро пропорцияси ҳам бинонинг меъморий ифодасини яхшилашга хизмат қилади. Замонавий бир қаватли саноат бинолари учун фасадларни ётиқ усулда бўлиш яхши композицияга эришиш имкониятини яратган. Баъзи биноларда фасадларни яхлит шишалаш ишлари бажарилмоқда. Бу ечимни қўллаётганда уни ҳар тарафлама асослаш керак. Бинонинг меъморий ифодасини ошириш учун фасадда рангнинг кескин ўзгаришига (контраст) эътибор қилинади. Меъморий-композициявий ечимда фасаднинг баъзи конструктив элементларига диққат қилиш (акцент) усуллари ҳам ёмон натижа бермайди. Саноат биносининг меъморий ифодаси шунингдек, кичик меъморий шакл бериш, материалга 3 қатлам фактура бериш, сунъий манументаль воситаларни қўллаш йўллари билан амалга оширилади. Биноларнинг меъморий-бадиий қиёфасини шакллантиришда янги қурилиш материалларини қўллаш ҳам катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Саноат корхоналарида биноларнинг ташқи қиёфасига эътибор бериш билан бир вақтда уларнинг ички кўринишларига (интерьерига) ҳам диққат қилинади. Бинолар ичида барча қулайликлар, шарт-шароитларни яратиш, интерьерни замонавий усулда пардозлаш катта аҳамиятга эга. Бундай хоналарда ишловчиларнинг руҳияти кўтарилади, соғликлари яхшиланади, кам чарчайдилар ва улар сифатли маҳсулот ишлаб чиқарадилар. Биноларнинг интерьери технологик жараёндан, табиий-иқлим шароитларидан, метерологик тартиблардан ва санитар-гигиеник талаблардан келиб чиққан ҳолда пардозланади. Бунда ички яхлитлик ва ташқи муҳит билан алоқа таъминланиши, конструктив элементлар, жиҳозлар, баъзида ишлаб чиқилаётган маҳсулотлардан, ёруғлик ҳамда рангдан фойдаланишга эътибор берилиши лозим. Кейинги вақтларда ичкарида хар хил деворлар ва парда деворлар ўрнатишдан чекиниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳолатлар эса ички фазовий бирликни яратиш имкониятини бермоқда. Ритм, шакл, пропорция, масштаб, фактура, конструктив элементлар ва технологик жиҳозларга ранг ва ёруғлик бериш интерьернинг меъморий кўринишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу усуллардан мақсадли фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Иншоотнинг меъморий-бадиий ечимини ишлаб чиқаётганда фасаднинг фактураси, ранги ва чизилган гулига эътибор берилади. Download 1.37 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling