Senior teacher, chirchik higher tank commanding engineering school


Download 153 Kb.
bet3/5
Sana28.12.2022
Hajmi153 Kb.
#1023011
1   2   3   4   5
Bog'liq
Maqola tarjimaga

Results and Discussion
Инглиз тилини ўқитишда медиатаълимнинг олий таълимдаги табиий фанлар ва ихтисослик фанларининг интеграциясини таъминлаш орқали талабаларни касбий фаолиятга тайёрлаш жараёнида уларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини ривожлантиришда ахборот-коммуникация технологиялари воситалардан самарали фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга [23; 38; 46; 60, 107-бет].
Таълим олувчиларни медиатаълим асосида ўқитишнинг минимум даражаси қуйидагича бўлиши лозим:

  • турли таъриф ва контекстлардаги вазифаларни тушуниш ва англаш;

  • турли манбалардан зарур ахборотни излаб топиш;

  • таклиф этилган ёки мустақил танланган ахборотни маълум белгилар бўйича тизимлаштириш;

  • тематик ахборотни узоқ вақт (чорак давомида, ярим ўқув йилида, тўлиқ ўқув йилида ёки бошқа вақтда) йиғиб бориш ва тизимлаштириш;

  • вербал ахборотни визуал белгили тизимга ўгириш ва аксинча йўл тутиш;

  • коммуникациянинг мақсадларини, ахборот оқимининг йўналишини тушуниш;

  • муҳим хабарларнинг рецензиялари ва анонсларини ёзиш;

  • ахборот талабига жавоб берувчи хабарнинг режасини тузиш, уни баён қилишнинг маъно-мазмунига мос шаклини таклиф этиш;

  • таклиф этилган ахборотдан маълумотларни чиқариб олиш ва уни жадвал кўринишида ёки бошқа шаклда тақдим этиш;

  • ахборотни тайёрлаш, узатиш ва олишнинг жиҳозлари билан примитив даражада ишлаш [23; 38; 46; 60, 67-бет].

Хориж медиатаълими соҳаси методикасини таҳлили натижасида, ўқитувчи ва талаба ўртасидаги ўзаро муносабатлар усули муаммосига қуйидагича эътибор қаратилган:

  • машғулотларда эркин муҳит, яъни ўзаро ишонч муҳити, психологик комфорт яратиш;

  • ахборотнинг полисемик (кўп маъноли) тавсифидан ўринли фойдаланиш; машғулотларнинг қатъий дастурлаштирилган тузилмасидан воз кечиш (импровизация тамойили);

  • ахборотни талқин қилиш вариантларининг кўп сонли бўлиши қонунияти; машғулотлардаги барча иштирокчиларнинг, жумладан, ўқитувчининг ҳам ахборотга нисбатан тенглигини эътироф этиш;

  • яқин ижтимоий-маданий муҳит ҳамда талабаларнинг қизиқиши, келажакдаги касбий фаолиятини инобатга олиш [75, 77-бет].

Медиатаълим беришниг икки тенг ҳуқуқли мақсади мавжуд – медиаматнларга нисбатан касбий-танқидий ёндашувни ривожлантириш, шунингдек, таълим олувчиларнинг коммуникатив, касбий, ижодий қобилиятларини, яъни медиаматнларни қабул қилиш, яратиш ва узатиш кўникмаларини ривожлантириш.
Медиакоммуникатив компетентлилик (омилкорлик, хабардорлик) – техник ва семиотик тизимлар воситасида уларнинг чекловларини ҳисобга олиб хабарларни идрок этиш, яратиш ва узатишда компетентликдир. У касбий-танқидий ёндашувда, шунингдек, бошқалар билан касбий билимларига таяниб медиа муолоқотга киришиш қобилиятига асосланган.
Медианинг интенсив ривожланиши сабабли вужудга келган муаммоларнинг бутун спектри ҳам белгилаб берилган:

  • медиа “параллел йўналиш” сифатида;

  • медиа ва анъанавий таълим тизими;

  • талабаларни медианинг салбий таъсирига касбий билим, кўникма ва малакаларини ривожлантириш;

  • медиа ва ахборот жамияти шароитида талабаларни касбий фаолиятга тайёрлаш.

Айниқса талабаларда қадриятлар ва ахлоқ меъёрларини шаклланишига оммавий коммуникациянинг таъсири муаммоаси муҳим аҳамият касб этди; “эндиликда талабада қадриятларнинг референт тизимини ва оммавий коммуникация каналлари орқали борувчи хабарларга касбий-танқидий муносабатни шакллантирмасдан касбий фаолиятга тайёрлашнинг имкони йўқ” [38, 327-б].
Бизнинг фикримизча, талабалар турли медиа шакллари билан ижодий ва амалий топшириқларни бажаришлари зарур. Бунинг барчаси турли медиаларни англаш, тушуниш, баҳолаш, талқин қилиш кўникмасини ривожлантиришга, талабаларнинг коммуникатив қобилиятларини юзага чиқаришга имкон беради.
Шу ўринда шахснинг эстетик маданияти даражаси тушунчаси медиатаълими бериш моделида базавий тавсифга эгадир. Медиатаълим соҳасида этик ва эстетик ёндашувларни ёқлаб чиқилган ҳолда кино таълими ҳақида ҳам фикр юритилган. Бундан эса киноасарларни эстетик идрок этишни камол топтириш мақсади кўзланиши таъкидланган ва киносанъати ёрдами билан ҳар томонлама баркамол шахсни тугал вояга етказиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Кино таълими орқали шахс яхши эстетик дид, томошани қабул қилиш штампларининг йўқлиги, образли тафаккур юритиш, кино бу ҳаётнинг кўзгудаги акс тасвири эмас, балки санъат эканини тушуниш, санъатни ўрганиш зарурият эканини англаб етиш; жиддий кино санъатига эҳтиёж, фильмларни ўз ўрнида тушуна олиш қобилияти, кино маҳсулотига тасвирли муносабат, кино тарихига қизиқиш сингари умумий эстетик ва махсус характерли сифатларга эга бўлиши керак.
Дидактиканинг анъанавий тамойилларига таянган ҳолда медиатаълим соҳаси тамойиллари қуйидагича: 1) таҳсил жараёнида тарбиялаш ва ҳар томонлама камол топтириш; 2) таҳсилнинг илмийлиги ва ошкоралиги; 3) таҳсилнинг тизимлилиги ва амалиётнинг назария билан боғлиқлиги; 4) таҳсил олувчиларнинг фаоллиги; 5) аниқлик-равшанлик; 6) таҳсилдан мустақил таълим олишга ўтиш; 7) таҳсилнинг ҳаёт билан алоқаси; 8) таҳсил натижаларининг пухталиги; 9) таҳсилнинг жамоавий тавсифини ҳисобга олиш чоғида ижобий эмоционал фон ва таҳсил олувчиларнинг индивидуал хислатларини эътиборга олиш; 10) эстетик туйғу этик сезгини равшанлатирадиган бир пайтда эстетик ўзини тарбиялашнинг бифункционаллиги.
Ҳ.О.Жўраевнинг диссертацион тадқиқот ишида интеграциялашган медиатаълимга қуйидагича таъриф берилган: 1) янги ахборот технологиялари воситалари ва анъанавий ахборот ташувчиларда жамланган ахборот қидируви; 2) олинган маълумотдан мазмунини топиб, уларни изоҳлаш ва танқидий таҳлил қилиш; 3) янги мазмунлар яратиш, уларни вазифалар ва алоқаларга мос равишда ахборот (хабар) шаклида тақдим этиш [28, 83-84-бетлар].
Медиатаълимни қуйидаги асосий йўналишларга бўлиш мумкин: 1) матбуот, радио, телевидение, кино, видео ва Интернет оламида бўлажак касб эгалари – журналистлар, редакторлар, режиссёрлар, продюсерлар, актёрлар, операторлар ва бошқалар медиатаълими; 2) университетлар ва институтларда бўлажак мутахассислар медиатаълими; 3) мактаб ўқувчилари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида медиатаълим. Бундай таълим ўз навбатида анъанавий, касбий ёки махсус фанар билан интеграциялаштирилган бўлиши мумкин; 4) қўшимча таълим муассасалари ва дам олиш марказлари (маданият уйлари, мактабдан ташқари иш, эстетик ва бадиий тарбия марказларида, яшаш жойидаги клубларда) медиатаълим; 5) ишлаб чиқариш корхоналарида матбуот, телевидение, радио, видео, DVD, Интернет тизими (бунда медиатанқид улкан рол ўйнайди) ёрдамида медиатаълим; 6) мустақил-узлуксиз медиатаълим олиш (бу назарий жиҳатдан инсоннинг ҳаёти давомида амалга оширилиши мумкин) [70, 83-б].
Шахсни камол топтириш, унинг медиа билан мулоқоти маданиятини, касбий-танқидий фикр юритиш якка тартибдаги коммуникатив қобилияларини, медиаматнларни тўлақонли англаб етиш, талқин қилиш, таҳлил этиш ва баҳолаш кўникмаларини, медиатехника ёрдамида ўз фикрини баён қилишнинг турли шаклларига ўқитиш, турли типдаги муассасаларда таълим олувчи бўлажак мутахассисларни медиатаълимга тайёрлашда қуйидаги кўникмаларни камол топтириш лозим:

  • амалий-креатив кўникма (медиатехника ёрдами билан ўз фикрини ифода этиш, яъни турли кўриниш ва жанрдаги медиаматнларни яратиш);

  • перцептив-креатив кўникма (медиаматнларнинг турлари ва жанрлари билан уларнинг алоқаларини ҳисобга олиб);

  • таҳлилчилик кўникмаси (турли кўриниш ва жанрдаги медиаматнларни таҳлил қилиш);

  • тарихий-назарий кўникма (медиа, медиамаданият назарияси ва тарихи бўйича эгалланган билимларни мустақил қўллаш);

  • методик кўникма (медиатаълим беришнинг методлари ва шаклларини, медиа ёрдамида ўз фикрини баён қилишнинг турли технологияларини эгаллаш);

  • амалий-педагогик кўникма (педагогик амалиёт ўташ жараёнида медиатаълим бериш соҳасида эгалланган билим ва маҳоратни қўллаш) [70, 84-б].

Ташкилий шакллар: интеграциялашган ва автоном медиатаълим.
Медиатаълим бериш методларини қуйидагича таснифлаш мумкин: эгалланган билимлар манбалари бўйича – оғзаки метод (маъруза, ҳикоя қилиб бериш, суҳбат, дискуссия – баҳс-мунозара); аниқ-равшан метод (медиаматнлар иллюстрацияси ва демонстрацияси); амалий метод (медиа материали негизида амалий характерга эга турли топшириқларни бажариш). Билишга доир фаолият даражасига кўра: изоҳли-иллюстратив метод (педагог томонидан медиа тўғрисидаги муайян ахборот хабарини бериш, аудитория томонидан ушбу ахборотни қабул қилиш ва ўзлаштириш); муаммоли метод (танқидий фикр юритишни ривожлантириш мақсадида муайян вазиятлар ёки медиаматнни муаммоли таҳлил қилиш); тадқиқот методи (таълим олувчиларнинг тадқиқот фаолиятини ташкил этиш). Шу билан бирга машғулотларда амалий ва ижодий топшириқларга асосий ўрин ажратилади.
Медиатаълим дастури мундарижасининг асосий бўлимлари, булар медиатаълим беришнинг “медиа агентликлари”, “медиа категориялари”, “медиа технологиялари”, “медиа тили”, “медиа репрезентацияси” ва “медиа аудиторияси” сингари муҳим тушунчаларини ўрганишга тааллуқлидир.
Бунда:

  • замонавий дунёда медиа ва медиатаълим соҳасининг ўрни ва аҳамияти, медианинг жанрлари, тили, турлари;

  • медиатаълим соҳасининг асосий атамалари, назариялари, муҳим концепциялари, йўналишлари ва моделлари;

  • мамлакатимиз ва хорижда медиатаълим соҳаси тараққиётининг асосий босқичлари;

  • медиа идрок, медиа таҳлили ва медиамаданият жабҳасида аудиториянинг камол топиши муаммолари;

  • талабалар билан медиатаълим машғулотларини ўтиш методикаси (қуйидаги турдаги ижодий топшириқларга таянган ҳолда: адабий-имитацион (тақлидий), тасвирий-имитацион ва театрлашган-вазиятли ва бошқалар) [71, 134-135-бетлар].

Қўлланиш соҳаси: олий ўқув юртларининг педагогика ва психология таълим йўналиши.
Умумий кўринишдаги бўлажак мутахассисларга медиатаълим бериш моделини қуйидаги асосий блоклар кўринишида тақдим этиш мумкин:

  1. таъкидловчи (бошланғич) қисм: таҳсилнинг дастлабки босқичидаги тегишли талабалар аудиториясида медиатаълимни ривожлантириш ва идрок этиш даражаларини қайд этиш;

  2. амалий-креатив қисм: медиатехника ёрдамида талабаларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини ривожлантириш (турли кўриниш ва жанрдаги медиаматнларни яратиш);

  3. перцептив-креатив қисм: медиатаълим технологиялари асосида талабаларни касбий фаолиятга тайёргарлигини ривожлантириш (медиаматнлар турлари ва жанрларини, уларнинг турли санъатлар билан алоқаларини ҳисобга олган ҳолда);

  4. таҳлилий қисм: талабалар турли шакл ва жанрдаги медиаматнларнинг таҳлил эта олиш кўникмаларига ўргатиш;

  5. тарихий-назарий қисм: талабалар томонидан медиа, медиамаданият назарияси ва тарихи бўйича билимларни эгаллаш;

  6. методик қисм: талабалар аудиторияда медиатаълим беришнинг методлари ва шаклларини ўрганади;

  7. амалий-педагогик қисм: медиатаълим соҳасида эгалланган билим ва кўникмаларни касбий фаолиятида қўллаш [70, 84-85-бетлар].

Техник олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим дастури тузилишига кўра гуманитар ва табиий-илмий фанлар, умумкасбий фанлар, ихтисослик фанлари ва қўшимча фанларидан иборат.


Биз инглиз тилини ўқитиш мисолида тадқиқот мақсадига эришиш йўлларини кўриб чиқамиз.
Шундай қилиб, сўнгги вақтларда инсонларнинг таълим олиш жараёнида ҳам медиа алоҳида аҳамият касб этиб бормоқда. Бундан эса медиатаълимни педагогикадаги алоҳида йўналиш сифатида интенсив ривожлантириб бориш қанчалик муҳим эканлиги келиб чиқади. Медиатаълимнинг асосий сифат нуқтаи назаридан вазифалари янги авлодни:

  • замонавий ахборотлашган жамиятда турли медиа маълумотларни қабул қилишга тайёрлаш;

  • медиа маълумотларни тушунишга, унинг инсон руҳиятига таъсири натижаларни англашга ўргатиш;

  • техник воситалар ёрдамида коммуникацияларнинг новербал шакли асосида мулоқот қилиш усулларини ўзлаштиришга ўргатишдан иборатдир.

Бўлажак муҳандисларни сифат нуқтаи назаридан касбий фаолиятга тайёрлаш жараёнида инглиз тилини ўқитиш қуйидаги асосий босқичлардан:



  1. Аудиторияда тақдим этиладиган медиа маданият маҳсулотларини идрок қилиш ва уни ривожланиш даражаларини англай олиш;

  2. Медиа материалларидаги маънони ижодий қобилият орқали ўзлаштириш ва медиаматнларни тўлиқ идрок эта олишни шакллантириш ҳамда ривожлантириш;

  3. Медиаматнларни мустақил ўзлаштирган ҳолда ижодий ёндашувни ривожлантиришдан иборат.

Медиа маълумотларни танлаш, уни атрофлича идрок этиш, талқин қилиш, ижодий татбиқ этиш – медиаматнга нисбатан шахсий позицияларни шакллантиришнинг асоси бўлиб, уни мустақил ва танқидий баҳолай олиш ишлаб чиқариш фаолиятининг барча жабҳаларида амалий фойдаланиш учун асосини ташкил этади.
Медиатаълим методларини синфларга қуйидагича ажратиш мумкин:

  • олинган билимларнинг манбаларига кўра: сўзли (маъруза, ҳикоя, суҳбат, тушунтириш, дискуссия; кўргазмали (медиаматнларни иллюстрация ва намойиш этиш); амалий (медиа материалида амалий тавсифдаги турли топшириқларни бажариш);

  • билиш фаолияти даражасига кўра: иллюстратив-тушунтиришли (медиа ҳақида педагог томонидан аниқ маълумотларни тақдим этиш, ушбу маълумотни аудитория томонидан қабул қилиш ва ўзлаштириш); репродуктив (таълим олувчилар еча олиш кўникмаларига эга бўлишлари учун педагог томонидан медиа материалида турли топшириқ ва машқларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш); муаммоли (танқидий тафаккурни ривожлантириш мақсадида аниқ ҳолатлар ва медиаматндаги муаммоли ҳолатларни таҳлил қилиш); қисман-изланувчан ёки эвристик, тадқиқотчилик (таълимда ижодий-изланувчанликни ташкил этиш).

Медиа тизимдаги ҳар қандай иштирокчи бошқа индивидни у билан мулоқот қилишга чорлайди. Хусусан, ўқув-медиа маълумот воситаси ўзида ана шу маълумотларни оммалаштиришга хизмат қиладиган усул ва методларни намоён этади ҳамда зарур бўлган самарага эришишга кўмак беради, яъни фойдаланувчи ёки томашабинга қизиқишни уйғотади. Ана шу айтилганлардан келиб чиқиб, ўқув-медиа маълумотларнинг ички ва ташқи шаклларини ажратиб кўрсатишимиз мумкин.


Шу ўринда тадқиқот ишимизнинг умумий ҳолда тасаввур этиш имкониятини берадиган инглиз тилини ўқитиш моделини ишлаб чиқишга ҳаракат қилдик (-расмга қаранг).
Ишлаб чиқилган медиатаълим асосида инглиз тилилини ўқитиш модели қуйидаги асосий компонентларни ўз ичига олади: мақсад, мазмун, ташҳислаш ва натижавий. Мазкур компонентларнинг ҳар бири муайян масалаларни ҳал қилиши керак бўлади. Ташҳислаш компоненти муайян аудиторияда медиа матнларнинг самарадорлиги ва ривожланиш даражасини аниқлаш муаммоларини ҳал этишга қаратилган. Тасдиқлаш усуллари ва талабаларнинг ижодий ишларини синаб кўриш орқали вазифаларни ҳал қилиш амалга оширилади.
Қуйидаги кўникмалар ўқув-медиа маълумотлар инглиз тилидаги медиа матнларини ўзлаштириш қилиш учун маҳорат даражасининг кўрсаткичлари ҳисобланади:

  • кузатиш – медиа маълумотларни мақсадли равишда идрок этиш, далиллар, хусусиятлар ва ҳодисаларни гуруҳлаш, улар ўртасидаги ўхшашлик ва фарқларни сезиш, таснифлаш;

  • тушунтириш - ўрганилаётган медиа матннинг асосий хусусиятларини, унинг ички тузилишини очиб бериш;

  • таққослаш - улар ўртасидаги ўхшашлик ва фарқларни аниқлаш учун бирон бир сабабга кўра медиа-матннинг когнитив элементларини таққослаш;

  • аниқлаш - кўринган предмет ва ҳодисаларга ном бера олиш;

  • ассоциациялаш - медиа матн элементлари ўртасида боғланишни амалга ошириш, уларни ўзаро таъсир тамойилига мувофиқ бириктириш;

  • хулоса қилиш - мавжуд маълумот ёки далилларга асосланиб хулоса чиқариш, билвосита ниманидир аслини таклиф қилиш;

  • қўллаш - ҳар кунги вазиятда медиаматнлар билан ишлаш ва улардан фойдаланиш.

Натижалар қуйидаги даражалар асосида баҳоланди:
Паст даража – инглиз тилидаги кенг тарқалган техник тушунчалар билан ишлай олиш, лекин, медиа матнининг алоҳида элементлари ўртасидаги боғиқликни, воқеаларнинг энг оддий ҳодиса ва бошқаларни кузата олмаслик натижасида баён қилиниш мантиғининг йўқлиги,
Ўрта даража – инглиз тилидаги медиа матнининг алоҳида элементлари ўртасидаги боғлиқликни, сюжет воқеалари тақдимотидаги кетма-кетлигини, медиа-матннинг алоҳида қисмларига ва бошқаларни акс эттирувчи алоҳида компонентларига урғу бера олишнинг мавжудлиги.
Юқори даража – инглиз тилидаги медиа матни элементлари ўртасидаги боғлиқликни акс эттирувчи мулоҳазаларнинг устунлиги, мотивлар ҳақида тахминлар, асосий персонажни айнан шундай тасвирланишини танланиши учун зарур шарт-шароитлар, мусиқий ҳамроҳлик, ранглар ечими, матн ва бошқалар ҳақидаги тўлиқ тасаввурнинг мавжудлиги.
Мазмун компоненти икки қисмдан иборат: назарий ва амалий. Назарий компонент доирасида қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш керак:

  • медиа маданиятининг асосий тушунчаларини, терминологиясини,

  • мамлакатимизда ва чет элда медиатаълим тарихини;

  • ўқув-медиа маълумотлар ва хабарларининг ижтимоий-психологик жиҳатларини;

  • ўқув-медиа маълумотлар учун энг кўп ишлатиладиган психотехнологиялар ва психологик манипуляция усулларини;

  • инсоннинг ахборот ва психологик хавфсизлиги муаммоларини.

Технологияларни амалга ошириш вазифалари бажаришда амалий машғулотлар ўтказилди.
Ҳозирги вақтда Буюк Британияда мавжуд ва ривожланиб бораётган медиатаълим моделларини таҳлил қиладиган бўлсак, етук педагог Л.Мастерман фаолиятига эътибор қаратмаслик мумкин эмас. У медиатаълимни медиамаданият асарларини тадқиқ этиш жараёни сифатида тушунади. Л.Мастерманнинг фикрича, “медиатаълим таълим олувчиларда медианинг қандай ишлаши хусусиятларини тушуниш, уларнинг ифода воситаларидан фойдаланиш, воқеликни яратиш механизми ва унинг аудитория томонидан англаниш кўникмаларини камол топтиришга йўналтирилган бўлиши шарт” [92, 45-б]. У биринчилардан бўлиб, “таълим олувчиларда ҳар қандай медиларга нисбатан танқидий тафаккурни ўстириш” ғоясини илгари сурди. [92, 31-32-бетлар].
Л.Мастерман медиатаълимнинг қуйидаги тамойилларини кўрсатиб берган, хусусан:

  • медиатаълим бериш – бу демократик жамиятнинг кўплаб ижтимоий структуралари билан боғлиқ жиддий ва муҳим соҳа;

  • медиа воқеликни акс эттирмаслиги, балки белгилар ва рамзлар тизимидан фойдаланиб, уни тақдим этишини тушунмай туриб медиатаълим бериб бўлмайди;

  • медиатаълим инсоннинг бутун ҳаёти мобайнида давом этадиган жараёндир, аммо медиатаълим учун таълим олувчилар энг муҳим аудитория ҳисобланади;

  • медиатаълимнинг мақсади касбий-танқидий ўзига хосликдан иборат;

  • медиатаълим “амалий танқид” ва “касбий-танқидий амалиётдан таркиб топган ва бошқалар.

Америка медиатаълими соҳасида энг муҳим аспект ажратиб кўрсатилади – талабалар ва бўлажак муҳандисларга медиатаълим бериш. Чунки медиатаълим бериш самарадорлиги уларнинг тайёргарлик даражасига боғлиқ.
Америкалик медиапедагог Д.Леверанз (D.Leveranz) медиатаълим бериш жараёнида таълим олувчиларнинг билим ва кўникмаларига бир қатор талаблар қўяди (ўзига хос медиатаълим стандарти). Унинг билдиришича, таълим олувчилар:

  • турли мақсадларда босма, визуал ва электрон медиадан очиқ фойдалана олиши;

  • медиатаълимининг зарур терминологиясини пухта ўзлаштириши;

  • барча медиаматнлар “хабарлар”ни ўз ичига олишини тушуниши;

  • аудитория, медиаматн ва атрофдаги воқелик ўртасидаги муносабатларни тушунга ҳолда тарихий, социал ва маданий контекстдаги медиаматнларни “декодерлаш”и (кодини очиш) ва таҳлил қилиши (“танқидий таҳлил” ёрдамида);

  • эгалланган билимлар асосида турли тавсифдаги шахсий медиаматнларни яратиш, бошқа одамлар томонидан яратилган медиаматнларни муҳокама қилгани каби ўзининг медиалойиҳалари бўйича ҳам фикр алмашиш имкониятига эга бўлиши керак [90, 96-бет].

Канадада медиатаълим соҳаси анча маҳсулдорлик билан ривожланмоқда, айни пайтда дунёда етакчи ўринларни эгаллайди. Медиамаданият ва медиатаълим бўйича курслар деярли барча университетларда ўқитилади. Канада медиатаълимининг концептуал асослари бўлиб касбий-танқидий фикрлашни камол топтириш назарияси ва медиатаълимнинг маданиятшунослик назарияси саналади. Медиатаълимнинг Канада тизими қуйидаги таянч тушунчаларга асосланади:[85, 142-143-бетлар; 85, 8-10-бетлар]:



  • барча медиаматнлар мақсадли конструкциялашнинг натижаси ҳисобланади;

  • медиа реал воқеликни яратади;

  • аудитория медиаматн аҳамиятига жинс, ирқ, ёш, ҳаётий тажриба сингари омиллар нуқтаи назаридан баҳо беради;

  • медиа тижорий маънога эга;

  • медиа мафкуравий ва қийматли хабарлардан таркиб топган;

  • медиа ижтимоий-сиёсий кўламдорлик касб этади;

  • медиаматндаги шакл ва мазмун ўзаро боғлиқ, медианинг ҳар тури ўзининг тил, ишоралар ва воқеликни кодлаш хусусиятларига эга;

  • ҳар бир медиаматн ноёб эстетик шаклдан ташкил топган.

Франциянинг бугунги медиатаълими соҳасини таҳлил қилиб, шуни қайд этиш жоизки, Францияда медиатаълим анъаналари матбуот, киносанъати ва телевидение материалларига асосланган. Илк босқичда медиатаълим оммавий ахборот воситалари маъносини (кинематограф ва матбуотда) танқидий, фаол очиб беришга қаратилган. Кино санъати ва журналистика бўйича курслар деярли барча француз университетларида ўқитилади. Ўтган асрнинг саксонинчи йиларидан бошлаб Францияда медиатаълим беришни бирданига бир қанча француз вазирликлари қўллаб-қувватлади: “Фаол ёш телетомошабин” лойиҳаси (Таълим вазирлиги) жамиятнинг кенг қатламлари – ота-оналар, ўқитувчилар, ёшлар клублари ташкилотчиларини қамраб олди.
Парижда Таълим ва ахборот воситалари алоқа маркази (КЛЕМИ) (Centre de liaison de l’inseignement et des moyens d’information - CLEMI) фаолият юритган. Унинг фаолияти Франция таълим вазирлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Марказнинг бош мақсади этиб медиага нисбатан талабаларнинг касбий-танқидий тафаккурини камол топтириш вазифаси белгиланди.
Францияда медиамаданият ихтиёрий предмет сифатида ўрганилсада, медиатаълим соҳаси асосан мажбурий фанларига интеграция қилинган. Киносанъати, телевидение, журналистика ва медиамаданият бўйича алоҳида предметлар умуман олганда кўп сонли университетларда ўқитилади.
Франция медиатаълимидаги таянч тушунча «l’education critique aux medias” деган сўз бирикмаси ҳисобланади. У ўз таърифида Л.Мастерман томонидан илгари сурилган, медиаматнларга нибсатан танқидий фикрлашни камол топтиришга қаратилган концепция билан бевосита алоқага эга. Таълим олувчилар нафақат медиамаданият асарларини танқидий идрок этиш ва маъносини чақиб баҳолаш, балки медиамаданият атроф воқеликда қандай ўрин тутишини (медиа инсоннинг ўз фикрини ифода этиши, унинг маданий ривожланиши воситаси сифатида), медиа аудиторияга қандай таъсир этаётганини теран англаши ҳам керак [71, 23-бет].
Шундай қилиб, мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва хорижда кенг қўлланаётган медиатаълими бўйича ёндашувлар қуйидаги хулосалар қилишга имкон беради:

  1. Медиатаълими моделларининг концепутал асоси бўлиб медианинг эстетик, амалий, культурологик назарияси ҳамда аудиториянинг танқидий фикрлашини ривожлантириш назарияси қуйидагича:

  • педагогикада билимлар махсус ва касбий соҳасининг қисми сифатида қараладиган замонавий медиани эгаллаш учун назария ва амалий кўникмаларга ўқитиш;

  • таълим олувчиларни турли ўқув фанларини ўрганиш чоғида медиатаълим аспектлилигини кучайтириш йўли билан ахборотлашган макондаги касбий фаолиятга тайёрлаш деб тушунилади.

  1. Медиапедагогларнинг билдиришича, медиатаълим беришнинг аниқловчи мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • бадиий медиаматнлар орқали шахсни камолга етказиш;

  • таълим олувчиларнинг медиакоммуникатив қобилиятлари ва касбий-танқидий фикрлашини ривожлантириш;

  • аудиториянинг медиасаводхонлиги ва компетентлигини ўстириш;

  • визуал ва аудиовизуал матнларнинг ҳар бир элементи ролини таҳлил қилиш кўникмасини ривожлантириш, медиаматн элементларини қиёсий таҳлил қилиш йўли билан ҳар бир оммавий коммуникация воситасини ўзига хослигини тушунишни шакллантириш, шахсий медиаматнларни яратиш.

  1. Хорижий медиапедагогларнинг уқтиришича, медиатаълимнинг мақсадлари қуйидагилар:

  • ўз фикрини эркин ифодалаш, ижодий қобилиятлар, ташаббус, касбий-танқидий фикрни ўстириш;

  • талабаларга медиа ўзи нима экани, унинг қандай ишлаши ўзига хосликлари, воқеликни реконструкция қилишнинг алоҳида тури сифатида хабарлар яратишнинг усулларини ва бундай хабарларни тарқатишнинг ўзига хослигини тушунтириш;

  • талабанинг медиаматнлар ҳақида мустақил асосланган танқидий муносабатини билдира олишга қодир бўлиши;

  • медиа билан ўзаро таъсирлаши маданиятини шакллантириш, ахборотнинг турли кўринишларини идрок этиш, медиаматнни таҳлил қилиш ва талқин қилиш кўникмасини ривожлантириш, талабанинг касбий-танқидий тафаккурни ўстириш, медиа ёрдамида ўз фикрини баён қилишнинг турли шаклларига ўқитиш, медиа соҳасидаги касбий ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

  • аудиторияда медиа қандай функция бажариши ҳақида тушунча ҳосил қилиш, “реаллик”ни яратиш механизмидан фойдаланишни, бу “реаллик”нинг аудитория томонидан англаб етилишини ривожлантириш;

  • кенг аудиториянинг идроки ва дунёқарашини шакллантиришга самарали таъсир кўрсатиш;

  • соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мультимаданий таълим олишда хавфли стереотипларга қарши туриш.

Санаб ўтилган позициялардан ҳам кўриниб турибдики, медиатаълим беришнинг пировард натижаси медиа билан биргаликда ҳаракат қилишга ва турли медиаматнларни идрок этиш чоғида касбий-танқидий ёндашадиган мутахассис тайёрлаш саналади.

  1. Медиатаълим методикалари умумий позициялари қуйидагича:

  • медиатаълимнинг назарий асосларини ўрганиш;

  • таълим жараёнида медиа ахборотдан фойдаланиш;

  • таълим жараёнида медиатаълим ва мажбурий фанлари билан интеграциясини таъминлаш.

Медиатаълим методикаларининг амалий-таркибий қисми у ёки бу мамлакат учун тавсифли назарий концепцияларини ўзига хослигини акс эттиради. Қайд этиш жоизки, медиапедагоглар медиатаълим беришнинг ўхшаш технологияларини қўллайдилар:

  • жамоа билан суҳбатлар, муаммоли баҳс-мунозаралар, гуруҳ бўлиб муҳокамага киришиш;

  • олинган натижаларни кейинчалик таҳлил қилишни кўзлаб фото-видео суратга олиш;

  • медиа маълумотларни мутоала қилиш, таҳлил этиш, яратиш бўйича ижодий топшириқлар ишлаб чиқиш;

  • ролли ўйинлар (“Телеянгиликлар”, “Актёрлар”, “Суд”, “Фильм ёки телекўрсатув суратга олиш” ва бошқалар);

  • видеоклублар ишини юритиш;

  • мажбурий ўқув фанлари доирасида медиатаълимдан фойдаланиш ва шу кабилар.

  1. Амалиётга татбиқ этиладиган моделларда медиатаълим самарадорлик кўрсаткичлари сифатида қуйидагилар назарда тутилади:

1) фаол тафаккур юритишнинг турли кўринишларининг (образли, мантиқий, ижодий, ассоциатив) ривожланиш даражаси;
2) турли медиа ахборотларни идрок этиш, тушуниш, баҳолаш, талқин қилиш кўникмалари, таълим олувчиларнинг коммуникатив қобилиятларини ривожлантириш даражаси;
3) турли таъриф ва контекстларда топшириқларни тушуниш, турли манбалардан талаб қилинаётган ахборотни топиш кўникмаси;

  1. Хорижий моделларда медиатаълим беришнинг кўрсаткичлари сифатида эса қуйидагилар кўрилади:

  • таълим олувчиларнинг янги вазиятларда ўз билимларини (танқидий ғоялар ва тамойиллар) касбий фаолиятида қўллай олиши, қизиқиши ва мотивация даражаси [92, 43-б].

  • медиаматнларни тарихий, ижтимоий ва маданий контекстдан келиб чиқиб “декодерлаш” (кодини очиш), ўзлаштириш қилиш ва баҳолаш, шу билан бирга аудиторияда медиа ахборот ва атроф воқелик ўртасидаги муносабатларни тушуниш;

  • эгалланган билимлар асосида турли мазмундаги шахсий медиаматнларни яратиш, бошқа одамлар томонидан яратилган медиаматнларни муҳокама қилгани каби ўзининг медиа лойиҳаларига муносабат билдира олиш;

  • аудиториянинг медиа оламида тўғри йўналиш ола билиш, медиа орқали тарқатилаётган тажриба ва ахлоқ намуналирига касбий-танқидий ёндашиш ва бошқалар.

Медиатаълим моделида эстетик назария ғоялари талабаларда медиа ахборот бадиий аспектининг асосий қонунлари ва тилини тушунишни шакллантириш зарурати, эстетик идрок ва дидни, бадиий медиаматнларни таҳлил қилишга қобилиятни камол топтириш билан юзага келган.
Медиатаълим беришнинг маданиятшунослик назарияси – таълим олувчиларнинг билимларини бойитиш ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу жараён шуни тушунишга асосланиши керакки, медиа турли талқинни таклиф қилади, аудитория эса турли фикрларни медиаматнларни идрок этиш ва таҳлил қилишга ҳаракат қилади.

Download 153 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling