Францияда реформация. Францияда реформация _ҳам гуманистлар доирасида бошланди. Лефевр д' Этапль 1512 йилдаёқ «Апостол Павелнинг мактублари» ҳақида деган китоби билан майдонга чиққан эди. У ўзининг бу китобида Лютерга ўхшаб «нажот йўли — диндир» деган ғояни илгари сурган эди. Лефевр 20-йилларда таврот (библия)ни француз тилига таржима қила бошлаган эди. Аммо Лефевр реформацияни тайёрлаб берган бўлса-да, протестант бўлмаган эди. У ҳаётининг охиригача расман католик бўлиб қолаверди. Лефеврнинг шогирди ва Мо шаҳарчасининг епископи Брисонэ устозидан анча ўтиб кетиб, Мо шаҳрида Франциядаги биринчи протестантлар жамоасини тузди, лекин бу жамоа кенг ёйила олмади. Францияга Лютернинг кўпгина издошлари кўчиб келиши муносабати билан бу мамлакатга Лютер ғояларининг киритилиши протестантизмнииг ёйилишига кўпроқ таъсир кўрсатди. Аввал бошда Кальвиннинг ўзи ҳам Лютернинг издоши эди, у фақат кейин, 30-йилларга келиб, бу таълимотни чуқурлаштирди ва радикаллаштирди. Аммо Францияда янги протестантлик динининг ижтимоий негизи кенг эмас эди. Мамлакатнинг шимолидаги шу жумладан, Парижнинг йирик буржуазияси ҳам католик динига маҳкам ёпишиб олган эди, чунки қирол сингари католицизм ҳам Франциядаги миллий бирликнинг тимсол(символ)и эди. Францияда католик черкови Германиядаги сингари папага тобе эмас эди. Бу черков тамомила қиролга бўйсунарди. Францияда деҳқонлар католицизмга жуда берилган эди. Бунга сабаб француз аграр муносабатлари консерватив характерда бўлганлиги ва бу вақтлар-да Франция қишлоқларида ижтимоий зиддиятлар Германия билан Англиядаги сингари жуда кескин тусга кирмаганлигидир. Нихоят, француз дворянлари ҳам аввал бошда реформация билан у қадар қизиқмаган эдилар. Француз дворянларининг энг фаол қисми Италиядаги урушлар билан банд эди.
Франциск I бир оз вақт мамлакатда реформация ғояларнинг ёйилишига чидаб, индамай келди, чунки у Карл V га қарши олиб бораётган курашида герман протестант князларидан мадад олиб турар эди. Аммо 30- йил ўрталарида қирол хукумати «еретиклар»ни жуда қаттиқ таъқиб қила бошлади. 1535 йилда лютеранлардан 35 киши ўтда куйдирилди ва 300 киши қамоққа олинди. 1540 йилда Францияда инквизиция жорий қилинди. Ёйилиб бораётган кальвинизм маъмурларни айниқса катта ташвишга солиб қўйди. Генрих II даврида, янги қиролнингмамлакатни идора қила бошлаган биринчи йилдаёқ кальвинистларни жазолаш учун фавқулодда трибунал тузилди. Янги суд дабдабали ном билан «Ўт(Олов)ли палата» деб аталди. 1547 йилдан то 1550 йилгача ўтган уч йил мобайнида «Ўт(Олов)ли палата» 500 тача хукм чиқарди, бундан 60 таси ўлим жазоси тўғрисидаги хукм эди.
Лекин шунга қарамасдан Францияда реформация ривожлана борди. Гарчи деҳқонлар «ересь»га бепарво муносабатда бўлиб, буржуазиянинг юқори қатлами ва саройга яқин дворянлар эски католик черковини бор кучлари билан химоя қилган бўлсаларда, шаҳарларда кальвинизмга тарафдор бўлганлар анчагина топилар эди. Жанубий ва ғарби-жанубий шаҳарлар, собиқ альбигойчилар ҳаракатининг марказлари кальвинизмга айниқса мойил эдилар. Кальвинистлар, ёки — Францияда уларни атаганларича — гугенотлар(Гугенот-деган сўз-Женевада реформация тарафдорларини билдирадиган немис сўзининг бузиб айтилганидир) Франциянинг жанубида 30- ва 40-йилларда айниқса кўпайиб кетишди. Айни замонда жанубий француз дворянлари ҳам зўр бериб кальвинизмга қўшила бошладилар. Буларнинг кўпчилиги Франциянинг жануби ва жануби-ғарбий қисмидаги ўрта ва майда дворянлар эдилар. Маҳаллий шаҳарлар билан боғлиқ бўлган, тор провинциал кайфиятдаги ва қисман ҳали патриархал шароитдан чиқмаган шу дворянлар кальвинизмни ўзларининг «соф дини» деб билар, марказлашган католицизм идеологиясига қарама-қарши ўлароқ идеологик жиҳатдан ўзларининг маҳаллий партикуляризмини акс эттирувчи дин деб биларди, чунки улар -католик динини қирол ва Париж дини деб, XVI асрда ҳам жанубликлар учун ёт бўлиб қола берган Шимолий Франция дини деб биларди л а р.
Аммо вақт ўтиши билан сиёсий мулоҳазаларга кўра, жанубдагина эмас, балки Франциянинг бошқа вилоятларидаги йирик феодал аристократлар ҳам гугенотларга қўшилдилар. Чунки гугенотларнинг черков ташкилоти ҳамда гугенот дворянлар билан шахарликлар оммаси қирол хокимиятига қарши курашда протестантлар учун кучли дастак бўлиши мумкин эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |