Франциск I даврида абсолютизмнинг муваффақиятлари. Қирол Франциск I даврида (1515—1547) қирол ҳокимияти ғоятзўр қудратга эга бўлган эди. Франциск I (Франсуа I) даставвал черковни тамомила ўзига бўйсундирди. Папа Лев X билан Болонда тузилган конкордатга кўра, француз қироли барча француз епископларини вазифаларга ўзи тайинлайдиган бўлди. Шу билан бирга папа француз черковидан келадиган даромадларнинг кўпчилик қисмини қиролнинг ўзи олиши учун ҳуқуқ берди.
Сўнгра, Франциск I Бош штатларни мутлақо чақирмай қўйди. Гарчи у узоқ вақт қироллик қилган ва унинг даврида доим урушлар бўлиб, одатда бундай вазиятда француз қироллари штатларни чақиришга мажбур бўлган бўлсалар ҳам, Франциск I даврида Бош штатлар бир марта ҳам чақирилмади. Франциск I қонун чиқарувчи хокимият танҳо ўз қўлимда бўлиши лозим, деб билар ва бу ҳокимиятни вакиллар йиғини билан ўртоқлашишни сира истамас эди. Унинг юристлари ҳалойиқ олдида очикдан-очиқ қирол ҳокимиятини ҳеч ким ва ҳеч нарса чеклай олмайди, деб эълон қилардилар. 1527 йилда Париж парламентининг президенти мажлисда ҳозир бўлган қиролга мурожаат қилиб: «Сиз қонундан юқори турасиз, сизни қонунлар ва ордонанслар ҳеч нарсага мажбур этолмайди ва умуман сизни бирон-бир нарсага мажбур қила оладиган ҳокимиятнинг ўзи йўқ.» деган эди.
Дуруст, Париж Бош штатлари бўлмаганлигидан, парламент қирол эдикт (фармон)ларини рўйхатга олиш ҳуқуқига асосланиб, қирол ҳокимиятини чекловчи орган бўлиб олишга уриниб кўрган эди. Аммо у бунга муяссар бўла олмади. Франциск I фақат олий суд палатаси сифатида парламентга тааллуқли бўлган суд ишларидан ташқари, давлатнинг бошқа ишларига унинг аралашишини ман қилди.
Қирол давлат бошқармасининг майда-чуйдаларига ҳам шахсан ўзи аралашарди. Бутун марказий бошқарма иши қирол кенгаши қўлида эди. Бу кенгаш турли номдаги бўлимларга: Катта ва Кичик кенгашлар (Кичик кенгаш одатда қирол иштирокида бўларди), Молия кенгаши, Хат алоқалари кенгаши, Сиёсий ёки Давлат кенгаши (бу кенгаш ташқи ишлар билан шуғулланарди) ва бошқаларга бўлинган эди. Бу бўлимлар умуман марказий органлар бўлиб, кейинчалик пайдо бўлган бош министрликлар: ички ишлар, молия, юстиция, ташқи ишлар ва ҳоказо министрликларга мос келарди.
Do'stlaringiz bilan baham: |