Тарих факультети жаҳон тарихи кафедраси


Download 243.24 Kb.
bet17/36
Sana12.02.2023
Hajmi243.24 Kb.
#1191350
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   36
Bog'liq
ТЕКСТ ЛЕКЦИЙ

3-саволнинг баёни:
М.а. III – II минг йилликлардаги давлат уюшмалари - Тавр тоғларидан ва Фрот дарёсининг ўрта оқимининг Мисргача бўлган Шарқий ўртаер денгизи қирғоғи ҳудуди ва Сурияни қадимда юнонлар Финикия ва Фаластин деб номладилар. Қадимда бу ҳудуднинг катта қисмини Ханаан деб аталган денгиз қирғоғи ташкил этарди.
М.а. IV минг йиллик охирида Шарқий ўртаер денгизи қирғоғи жамоаларида ҳунармандчилик ва деҳқончилик ривожланади. Дастлаб шимол кейин жанубда кулолчилик чархи ва сопол куйдириш учун махсус ўчоқлар тадбиқ этила бошланди. Металлдан кенг фойдалана бошланди, ғалла, зайтун дарахти ва узум етиштира бошланган.
Деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдони ривожланиши м.а. III минг йилликда шаҳар типидаги манзилгоҳларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Ўртаер денгизи қирғоқларида Библ, Угарит, Сидон ва Тир вужудга келди.
Мамлакат ичкарисида шимолий Сурияда Алалах шаҳри (м.а. IV минг йилликлар охири III минг йилликлар I ярмида), м.а. III минг йилликларда Эбла шаҳри шаклланди. М.а. III минг йилликда Фаластинда Мегиддо, Қуддус ва Лахеш шаҳарлари шаклланади. М.а. III минг йилликда Шарқий ўртаер денгизи қирғоғи аҳолиси ўз таркибига кўра хилма-хил эди.
М.а. XVIII асрда шимолий Сурияга бостириб кирган аморий қабилаларидан бири ташкил этган, бир неча шаҳар ва давлатларни бирлаштирган сиёсий бирлашма Ямхад номини олди. Дастлаб бу бирлашма қабилалар иттифоқи шаклида бўлган. У шимолда Кархемишда жанубда Оронт дарёсигача бўлган бепоён ҳудудга ҳукмронлик қилган. (тах. М.а. XVII асрнинг II ярмида) Халпа (ҳозирги Алеппо) шаҳри пойтахт вазифасини ўтади. М.а. XVII асрда Ямхад заифлашиб тушкунликка юз тутади. М.а. 1600-йиллар атрофида Ямхад давлатини хеттлар босиб оладилар.
М.а. ХIII-XVII асрда Ямхаддан жануброқда бир қанча шаҳарларни бирлаштирган қудратли гиксослар иттифоқи вужудга келади. Зарбдор қисм жанг аравалари бўлган қўшинга эга бўлган гиксослар ўз ҳокимиятларини Мисрда ўрнатдилар, Фаластин ва Сурияда ҳам эгалик қилдилар. Гиксослар иттифоқига Кадеш ва Мегиддо шаҳарлари ҳам киради. Гиксослар давлати қурама бўлиб, унга семит қабилалари етакчи ўрин эгаллаб, бу давлат бирлашмасига хуррит ва хетт қабилалари қўшилдилар.
Гиксослар Мисрдан ҳайдалгач, Фаластин ва Сурияга чекиниб бу ерда қарийиб юз йил ҳукмронлик қилдилар. Шимолий Сурияда хеттлар ҳокимиятни қўлга олдилар, лекин тез орада Митанни давлати бу ҳудудни эгаллаб олади. Эр. авв. XVI аср охирига келиб, Шарқий ўртаер денгизи Миср ва Митанни томонидан бўлиниб олинади. М.а. XV-XIV асрларда Шарқий Ўртаер денгизи сиёсий тарқоқлик, ўзаро урушлар гирдобида қолди.
М.а. ХIII-ХII аср бошларида Сурия ва Фаластин Ўртаер денгизи қирғоғи эгей-анатолия халқлари («денгиз халқлари») босқинига учрайди. Шундан сўнг улар Мисрга ҳужум қиладилар, лекин мисрликлар ҳужумни қайтарадилар. Мисрдан улоқтириб ташланган келгиндилар Фаластин қирғоғига ўрнашиб, Филистим (“Пелесет”) номи билан давлат туздилар. Тез орада улар бу ердаги маҳаллий аҳолининг тили ва маданиятини ўзлаштирдилар, уларнинг номидан “Фаластин” номи келиб чиқди.
М.а. II минг йиллик охири I минг йиллик бошларида Шарқий ўртаер денгизи қирғоғи шаҳарлари қайта тикландилар. Шарқий ўртаер денгизи қирғоғида финикияликлар халқаро савдода етакчи ўринни эгалладилар. Финикия шаҳарларида кемасозлик, денгизчилик юқори даражада ривожланади. Финикияликлар Ўртаер денгизи ҳавзасида ўзларининг ўнлаб колонияларини барпо қиладилар. Тир ва Сидон шаҳарлари бу йўналишда фаол ҳаракат қиладилар ва ўзаро бирлашиб ягона давлат тузадилар.
Дамашқнинг юксалиши м.а. II минг йиллик охирида Арабистондан келган сомий қабилаларидан бири оромийлар билан боғлиқ. М.а. II минг йиллик охирларида савдо йўллари кесишган нуқтада оромийларнинг Суриядаги бош маркази - Дамашқ шаҳри кучайиб кетади. Дамашқ подшолигининг иқтисодиёти ривожланган чорвачилик, бутун Яқин Шарққа машҳур бўлган қуролсозлик ва олий навли жун билан воситачилик савдосига асосланган. М.а. IX аср охирида бетўхтов урушлар сабабли заифлашиб қолган Дамашқ Осурия томонидан босиб олинди.
М.а. ХII асрда Фаластин ҳудудида келгинди кўчманчи исроил қабилалари ва маҳаллий хананлар бирлашиб 12 қабила иттифоқини шакллантирадилар. М.а. ХI аср бошларида Фаластинда темир қуроллар ишлаб чиқаришда етакчи бўлган филистимлар ҳукмронлиги ўрнатилади. Исроил қабилалари филистимларга қаршилик кўрсата олмайди. Фаластинда исроил қабилалари Мисрдан келиб ўрнашадилар. М.а. ХIII асрда ўн икки яҳудий қабилалари Фаластинга бостириб кириб, маҳаллий Ханаан шаҳар-давлатларини бўйсундирганлар.
М.а. XI асрнинг охирида яҳудий жамиятида ибтидоий жамоа тузумидан синфий жамиятга ўтиш юз берган. Сайлаб қуйиладиган йўлбошчилар ўрнига меросий подшо ҳокимияти шаклланади. Довуд (1010-970 йиллар) подшолиги даврида марказлашган давлат тузилади. Босиб олинган Қуддус янги давлатнинг пойтахти бўлган.
Довуднинг ўғли Сулаймоннинг шафқатсиз сиёсатидан норози бўлган 10 шимолий яҳудия қабилалари ажралиб чиқиб, Исроил подшолигини ташкил қиладилар. Унинг пойтахти янги қурилган Самария шаҳри бўлган. Довуд сулоласи ҳукмдор бўлган Қуддус подшолиги унинг бош қабиласи номи билан Яҳудия деб аталган. Иккала подшолик ҳам бир-бири билан душманчилик муносабатида бўлиб вақти-вақти билан конфедерация ташкил қиладилар. Яҳудияни парчаланганидан фойдаланган Миср Фаластинга юриш қилиб Яҳудия ва Исроилни босиб олади.
М.а. VIII аср ўрталарида Осурия Дамашқ ва Исроил давлатларини тор-мор қилади. Тир-Сидон подшолигининг катта қисми Осурия томонидан босиб олиниб, тобе ҳудудга айлантирилади. Осуриянинг ғарбий қисмига скифларнинг ҳужуми Шарқий ўртаер денгизи қирғоғида Осурия ҳукмронлигига чек қўяди. Осуриянинг ҳалокатидан кейин Шарқий ўртаер денгизи Миср ва Бобил ўртасидаги рақобат майдонига айланади. Миср ва Бобил ўртасидаги рақобат охир-оқибатда м.а. 587-йилда Яҳудияни ҳалокати, яҳудийларнинг Месопотамияга асир қилиниб олиб кетилиши, бутун Шарқий Ўртаер денгизини Бобилга тобе бўлиши билан якунланади. М.а. 539-йилда аҳамонийлар томонидан Бобилни босиб олиниши билан бу ҳудудда форслар ҳукмронлиги ўрнатилади.
Шарқий ўртаер денгизи ҳудудининг энг катта ютуғи алифболи ёзувнинг яратилиши эди. М.а. XV-XII асрлардаёқ Угаритда ўттиз белгили миххат алифбоси қўлланилган. Финикия алифбоси янада такомиллашган тизим бўлиб, юнонлар томонидан қабул қилиниб, кейинчалик барча замонавий алфавитларга асос бўлди.
Шарқий Ўртаер денгизи худолар пантеони табиат кучларини акс эттиради. Ҳар бир шаҳарни ўз ҳомий маъбуди бор эди. Фаластинда м.а. VIII-VI асрларда монотеистик таълимот кенг тарқалди. Яҳудияда вужудга келган монотеистик таълимот Яхвани ягона худо деб эълон қилади. Яхудо дини инсоният тарихидаги биринчи якка худоликка асосланган диндир.



Download 243.24 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   36




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling