Тарих факультети жаҳон тарихи кафедраси
Download 243.24 Kb.
|
ТЕКСТ ЛЕКЦИЙ
3-саволнинг баёни:
Қадимги Миср маданиятининг ўзига хослиги ва бетакрорлигини унинг географик жойлашуви, Нил водийсининг нисбатан ёпиқлиги ва ташқи ҳужумлардан ҳимояланганлиги, фиръавнлар ҳокимияти ва бутун ижтимоий тизимнинг барқарорлиги, шунингдек мисрликларнинг юқори турмуш даражаси белгилаб берди. Миср маданиятига чуқур консерватизм ва анъанавийлик хос. Мисрликлар ўзларининг маданий қадриятлар тизимига бирор бир янгилик киритишдан қочдилар. Аксинча, уларда ўзларига маълум ғоя, қонун, бадиий услубларни асраш ва тақлид қилиш узоқ асрлар асосий тамойил бўлиб қолди. Албатта бу ҳол янги унсур, ғоя ва услубларни инкор қилмади, аммо улар аста-секин пайдо бўлди. Шу сабабли Миср усталари доимо риоя қилган анъанавийлик ва консерватизм Миср санъати учун хос бўлган концептуаллик ва юқори малакалилик, моҳирлик, уйғунликни ўзида акс эттириб ниҳоясига етказиб ишланган. Мисрда дин илк уруғчилик жамоаларида вужудга келиб, жуда узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтган. Диний анъаналар мустаҳкам ва турғун бўлган, фетишизм, тотемизм, айниқса ҳайвонларга топиниш Мисрда узоқ давом этган. Миср худоларининг пантеони жуда катта бўлиб, у илк даврда вужудга келган маданиятга бориб тақалади. Мисрликларнинг худолари ҳайвон қиёфасида тасвирланган. Худолар маҳаллий ва умумиср миқёсида эътиқод қилинган илоҳларга бўлинган. Оддий одамларнинг ҳимоячиси ва ҳомийси бўлган Амонга топиниш умумиср характерига эга бўлган. Қуёш худоси Ранинг ўғли Горнинг ердаги ифодаси сифатида қабул қилинадиган, ўлимидан сўнг худо бўлиб Осирис билан тенглаштирилган фиръавн шахсини илоҳийлаштириш алоҳида ўрин эгаллаган. Ер ости салтанатининг подшоси Осирис бутун Мисрда эъзозланган. Мисрда ягона худога сиғиниш концепцияси ўз ўрнини топмади (Эхнатон ислоҳоти). Миср динида у дунёдаги ҳаётга катта ўрин берилган, ўлимдан кейинги ҳаёт бу ҳаётнинг давоми деб тушунилган. Инсон гўёки, уч асосий субстансия жисмоний тана, унинг маънавий кўриниши («Ка») ва унинг руҳи («Ба») дан иборат. Фақат шу уч унсурнинг бирлиги боқий яшашга имкон беради. Мана шу боқийликка интилиш кўмиш маросимларининг шаклланишига, инсон танасини абадий сақлаш учун мумиёлашнинг пайдо бўлишига олиб келган. Қадимги Миср дини санъат тараққиётига катта таъсир кўрсатди. Миср цивилизацияси ўзига хос, тузилиши бўйича мураккаб, мазмунан бой маданият яратди. Бу жаҳон маданияти хазинасига кўплаб дурдоналарни етказиб берди. Булар қадимги Миср ёзуви, ёзув учун дунёдаги илк материал бўлган папирус, бугунги кунгача сақланиб қолган афсоналар, эртаклар, насиҳатлар, улуғвор пирамидалар ва ибодатхоналар, фиръавнлар ва амалдорлар даҳмаларидаги суратлардир. Мисрликлар ёзувнинг уч кўринишидан фойдаланишган: муқаддас ҳисобланган иероглиф ёзув, иератик ёзув ва демотик ёзув. Мисрликлар дунёда энг қадимги қизиқарли ғоялар, бадиий образлар билан суғорилган бой адабиётни яратдилар. Адабиёт учун қулай омил бўлиб халқ оғзаки ижоди хизмат қилди. Илк абадий асарлар м.а. IV минг йилликда пайдо бўлди. Эртаклар, дидактик насиҳатномалар, зодагонлар таржимаи ҳоллари, диний матнлар ва поэтик асарлар Қадимги подшолик давридаёқ пайдо бўлди. Ўрта подшолик даврида жанрларнинг хилма-хиллиги кўпайди. Юқори даражада ёзилган прозаик асарлар пайдо бўлди (Синухет ҳикояси). Янги подшолик даврида Миср адабиёти ғоявий-бадиий тугалланиш даврини бошдан кечирди. Миср адабиётида насиҳатнома ва башоратлар дидактик жанри тўлароқ акс этган. Насиҳатномалардан «Птахотеп насиҳатномаси», «Гераклеопол подшоси Ахтойнинг ўгли Мерикарага насиҳати», «Фиръавн Аменхемхет I нинг насиҳатномаси» каби асарларда давлатни бошқариш қоидалари баён қилинган. «Ахтойнинг ўгли Дауафага насиҳати»да мирзоликни бошқа касблардан афзаллиги кўрсатилади. «Ани насиҳати», «Аменемопе насиҳати»да турмуш аҳлоқи ва анъанавий аҳлоқ қоидалари батафсил баён қилинади. Эртаклар Миср адабиётида алоҳида бир жанр сифатида шаклланди. Улардан энг машҳурлари: «Фиръавн Хуфу ва сеҳргарлар», «Кема ҳалокатига учраганлар тўғрисида», «Эгри ва тўғри тўғрисида», «Икки ака-ука тўғрисида». Цивилизацион тузилманинг таркибий қисми сифатида маориф илк цивилизациялардаёқ биринчи ўринга чиққан. Миср цивилизацияси саводхонлик ва саводли одамларни юқори қадрлаган. Ёзув, худо ва хўжайин маъноларини англатувчи тушунчалар битта иероглиф билан ифодаланган. Коҳинлар бир вақтнинг ўзида олимлар ҳам бўлишган. Миср цивилизациясида улкан билим хазинасини яратди, аммо у тор доирада фойдаланилди. Миср фани асосан математика, астрономия, тиббиёт йўналишларида ривожланди. Дунёдаги биринчи Қуёш календари бўлган Миср календари осмон жисмлари ва Нил дарёси режими асосида тузилган. Мисрликлар Қуёш ва ой тутилишини олдиндан айта олганлар, юлдузларнинг аниқ харитасини тузганлар, сув ва қуёш соатларини кашф қилганлар, ўнлик тизимга яқин ҳисобни яратганлар, қўшиш, айириш, бўлиш ва кўпайтиришни билганлар. Миср табиблари бутун Олд Осиёга машҳур бўлганлар. Бизгача 10 тиббиёт папируси етиб келган. Табиблар 100 га яқин касалликларни даволаш усулларини билганлар, қон айланиши ва юрак фаолияти тўғрисида билимга эга бўлганлар. Фадимги Миср санъати мисрликларнинг кундалик ҳаёти, уларнинг қадриятлари ва эстетик қарашларини акс эттиради. Пирамидалар Миср цивилизациясининг рамзига айланди, шаҳарларнинг пайдо бўлиши эса варвалик ва цивилизациянинг чегараси бўлиб хизмат қилди. Йирик маданий марказлар бўлган Мемфис, Фива каби шаҳарлар нафақат бой моддий маданиятни, балки цивилизациялашган жамиятининг универсал маънавий маданиятини ҳам яратди. Миср цивилизациясининг қудрат, куч ва донишмандлигини акс эттирувчи Фивадаги Луксор ва Карнак ибодатхоналари бугунги кунгача етиб келган. Меъморчиликда фиръавнларнинг пирамида-қабрлари, ибодатхоналар қуриш устивор аҳамият касб этди. Даҳмаларнинг икки хили: ер усти даҳмалари ва қояга ўйилган даҳмалар кенг тарқалди. Пирамида ва даҳмалар қуриш учун I-II сулола фиръавнлари дафн қилинган мастабалар намуна бўлиб хизмат қилди. III сулола фиръавни Жосер учун баландлиги 60 м бўлган зинапоясимон илк пирамида мастаба ўрнида қурилди. IV сулола фиръавни Хуфу, Хафра ва Менкаура пирамидасини қоядан ўйиб ясалган 20 метрлик сфинкс қўриқлаб турибди. Дайр-ал Бахрдаги малика Хатшепсут ибодатхонаси ва Рамзес III нинг Мадинат Абудаги (Фива) ибодатхоналари улуғвор тарзда қурилган. Яна шундай ибодатхоналар қояларга ўйиб ясалган (Рамзес III нинг Нубиядаги Абу Симбел ибодатхонаси). Яна бир меъморчилик санъати намунаси подшо саройи қароргоҳи монументал шаклда қурилган. Барча ибодатхона ва саройлар релъефлар, бой деворий рангтасвирлар билан безатилган. Мисрда маҳобатли ҳайкалтарошликнинг энг қадимги намуналарини кўриш мумкин масалан, Рамзес II нинг улуғвор ҳайкали, ҳаётга тўла Нефертити ҳайкалчалари. Download 243.24 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling