Тезислар
|
Тадбиркорларни ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга қулай бизнес муҳитини яратиш орқали қўллаб-қувватлаш давлатнинг устувор вазифаларидан биридир. Тадбиркорликка кенг йўл очилганлиги ҳисобига, сўнгги олти йилда уларнинг сони 6 баравар ошиб, бугунги кунда 2 млнга етди. Тушумлари 1 млн доллардан ошган тадбиркорлар 26 мингтага, 100 миллион долларга етказганлар эса, 220 тага етди.
Ўтган йилларда тадбиркорлар ўз бизнесини бошлашида турли бюрократик тўсиқларни қўйиш йўли билан уларнинг мустақил фаолият юритишига йўл қўймаслик, фаолият йўналишини қонунчиликка мувофиқ эмас, балки кимнингдир хоҳишига мувофиқ таъбир жоиз бўлса, рухсати билан танлаш ҳолатлари кузатилган.
Шу каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги ва тадбиркорлар эмин-эркин фаолият юритишлари учун Конституция билан тегишли ҳуқуқий кафолатларни яратиш зарур.
Бундан бир неча йиллар аввал барчамизни қийнаган нақд пул, валюта, кредит, дебитор-кредитор масалалари ўз ечимини топганлигини ҳам ёдимиздан кўтармайлик.
Тадбиркорларни қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳақли эканлигини белгиланиши, биринчидан, даромад олиш фаолиятининг асосий мақсади бўлган тадбиркорлар учун иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида фаолият юритиш имконияти тақдим этилишига, иккинчидан, ўз фаолият йўналишини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи тадбиркорларга ўз бизнесларини бирор аралашувсиз ўз хоҳиши ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилишига мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Шу каби кафолатлар тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, солиқ юкини камайтириш, эркин ва рақобатли бизнес муҳитини яратиш орқали 2030 йилга бориб жон бошига даромадни 4 минг доллардан оширишдек олий мақсадга эришимизга кўмаклашади.
Шундай экан, келинглар, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилинишида ўз ҳиссамизни қўшайлик.
|