2-мавзу
|
Ота-оналарнинг фарзандлари камол топиши тўғрисида
ғамхўрлик қилиши
|
Конституцияга киритилаётган ўзгариш
|
77-модда.
(биринчи қисм)
Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
...
|
Тезислар
|
Ҳурматли аёллар, опа-сингиллар,
I. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ота-оналарнинг фарзандлари камол топиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти мустаҳкамланмоқда.
1. Барча жамиятларда болаларни тўлақонли ва баркамол вояга етказиш ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Ўзбекистонда азал-азалдан оила ва фарзанд юксак қадрланади. Шу маънода, ота-оналар зиммасига болаларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашга, таълим беришга оид масъулият юклатилган.
2. Конституциямизда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига қуйидаги мажбуриятлар алоҳида белгилаб берилмоқда:
Биринчидан, ота-оналар ўрнини босувчи шахслар киритилиши билан вояга етмаганларга масъул бўлган шахслар доираси кенгайтирилмоқда. Вояга етгунга қадар етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида ҳомий ёки васий этиб тайинланган шахслар ота-оналар ўрнини босувчи шахслар ҳисобланади. Уларнинг зиммасига болаларга ўз фарзандидек муносабатда бўлиб, уларни кўз-қорачиғидек асраш, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун таълим-тарбия бериш мажбурияти конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Иккинчидан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг фарзандлари олдидаги вазифалари кенгайтирилмоқда. Амалдаги Конституцияда ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар фақат боқиш ва тарбиялашга мажбур эди. Эндиликда, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга фарзандларини боқиш ва тарбиялаш билан бирга, уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва баркамол ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилишга оид мажбур эканликлари белгиланмоқда.
3. Бундан мақсад фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдир. Афсуски, ҳаётда болаларга таълим-тарбия бериш, моддий таъминлаш, ҳимоя қилиш, уларнинг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилмайдиганлар ҳам учрайди. Бундай шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жавобгарликка тортилиши мумкин.
4. Ушбу норманинг киритилиши натижасида фарзандликка олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишни кучайтиришга, вояга етмаганларнинг таълим олиши, соғлом ва баркамол ривожланиши бўйича қўшимча кафолатлар яратилишига ва энг муҳими, фарзандларни баркамол этиб вояга етказишда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
|
Do'stlaringiz bilan baham: |