Сийдик ажратиш тизими. Иситма даврида беморлар пешобида кўпинча оқсил топилиши мумкин. Ҳарорат тушиши билан пешобдаги оқсил миқдори камаяди ва кейинчалик бутунлай йўқолади.
Қорин тифини бошланғич даврида ва касаллик авжи даврида суткалик пешоб миқдори камаяди. Умумий заҳарланиш камайиши билан суткалик пешоб ҳамда пешобдаги хлоридлар миқдори кўпаяди, бу эса касалликда бурилиш юз берганини кўрсаткичи ва яхши таъбирий белги бўлиб хизмат қилади.
Периферик қон манзараси. Қорин тифида периферик қон томонидан бўладиган ўзгаришлар: кам (заиф) ифодаланган гипохром анемия, лейкопения, моноцитопения, нисбий лимфоцитоз, анэозинофилия ёки эозинопения.
Касалланишнинг биринчи кунларида периферик қонда лейкоцитлар миқдори нормада бўлади ёки нисбий лейкоцитоз нейтрофилёз билан бирга кузатилади. Қорин тифи авж олган пайтда касаллик оғирлиги билан параллел ҳолда лейкопения ривожланади. Нейтрофилёз лимфоцитоз билан алмашинади. Нейтрофилларнинг ядро силжиши рўй беради, оғир ҳолларда то ёш шаклларигача. Касаллик бошланишида эозинофиллар йўқолиб кетади. Реконвалесенция даврида қондаги эозинофиллар ва моноцитлар миқдори ортади. Бу даврда лейкопения бўлиши суяк кўмигининг узоқ вақт таъсир остида бўлганлиги, беморнинг тўлиқ соғаймаганлигидан далолат беради. ЭЧТ Қорин тифи кўпинча салгина тезлашади ва 20-30 мм дан ошмайди. Оғир ва асоратли ҳолларда ЭЧТ узоқ пайт юқори бўлиб қолади. Қорин тифи авжи пайтида тромбоцитлар сони пасаяди. Соғайиб борган сари улар сони қайта тикланади. Шунингдек, қондаги протромбин миқдори камаяди, қоннинг ивиш вақти узаяди.
Тиф - паратиф касалликларининг ҳозир мавжуд таснифлари асосида касаллик кечим оғирлиги (ўта оғир, оғир, ўрта оғирликдаги, енгил) ёки айрим аъзо ва тизимлар (пневмотиф, менинготиф ва шунга ўхшаш) ни қайси бири кўпроқ зарарланиш тамойили ётади. Шундай қилиб, биз касалликнинг енгил, ўрта оғирликдаги ва оғир шаклларни ажратдик.
Паратифларнинг умумий клиник тавсифи. Паратифлар ўзининг симптомокомплекси ва кечишига қараб қорин тифини эслатади. Шунга қарамай, паратифлар ва айниқса паратиф “ В ” бир қанча клиник лаборатория хусусиятларига эга бўлади. Бу хусусиятлар уларни Қорин тифидан ажратиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |