Тошкент давлат педагогика университети бобожонов исломбек усмоналиевич


Download 411 Kb.
bet11/13
Sana29.01.2023
Hajmi411 Kb.
#1138242
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
Bog'liq
Avtoreferat Bobojonov Islombek 27.11.21

4- жадвал

Таъкидлаш жоизки, 2017 йил давомида Тошкент шаҳрида кузатилган ҳуқуқбузарликлар таҳлилига кўра, 80 та жиноят тунда содир этиган. Уларнинг 56 таси кечки соат 18:00 дан – 23:00 гача, қолган 24 таси эса 23:00 дан 8:00 гача амалга оширилган1. Вояга етмаган ёшларнинг бу вақтда жиноят содир этишининг асосий сабаби оиладаги носоғлом муҳит, бўш вақтини назоратсиз қолдирилиши ҳамда моддий етишмовчилик ҳисобланади. Бу эса вояга етмаган ёшлар томонидан турли хил кўринишда қонунбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.
2019 йил давомида Тошкент шаҳрида жами 79 нафар вояга етмаган шахс томонидан 1 тадан қотиллик, номусга тегиш, товламачилик, транспорт воситасини олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари, 5 тадан оғир тан жароҳати етказиш ва босқинчилик, 3 та фирибгарлик, 8та талончилик, 36 та ўғрилик жиноятлари содир этилган2. Аввалги йилларга нисбатан содир этилган жиноят кўрсаткичлари бироз пасайган бўлсада, бу муаммо давлат ва нодавлат жамоат ташкилотлари олдида жиддий муаммолигича сақланиб турибди.
Содир этилаётган бундай турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сабабларини таҳлил қилиб, унинг бир нечта факторларини келтириб ўтиш мумкин. Биринчидан, бу ҳолатни аввало, аксарият ёшларнинг иш билан таъминланмаганлиги билан изоҳлаш мумкин. Иккинчидан, маънавий-руҳий ҳолат ҳам ёшлар томонидан жиноят содир этилишида муҳим рол ўйнайди. Учинчидан, ҳокимият институтлари ҳамда давлат органларининг ташкилий-бошқарув соҳасидаги мавжуд камчиликларни кўрсатиш мумкин.
Диссертациянинг учинчи боби «Баркамол авлод тарбиясида маҳалланинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги» деб номланган бўлиб, унда ёш авлод тарбиясида давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари билан маҳалланинг ҳамкорлиги, Оила – таълим муассасаси – маҳалла тизимининг ютуқ ва камчиликлари, ёшларни иш билан таъминлаш борасида давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлик масаласи статистик маълумотлар асосида таҳлил этилган.
Учинчи бобнинг биринчи параграфи «Ёш авлод тарбиясида давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари билан маҳалланинг ҳамкорлиги» деб номланади. Глобаллашув жараёнининг кучайиб бориши ва унинг таъсирида юзага келаётган муаммолар бугунги ёшларнинг онги, дунёқараши, одоб-ахлоқи ҳамда тафаккурида ўз аксини топмоқда. «Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин... Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан1». Ёшларни тарбиялаш масаласида маҳалла институтининг бошқа жамоат ташкилотлари ҳамда давлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги кун сайин долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Шу сабабли маҳалла институти доимий равишда Ёшлар Иттифоқи, Нуроний жамғармаси, Маънавият ва маърифат Маркази, Мусулмонлар диний идораси каби ташкилотлар билан ёшлар тарбияси йўналишида ҳамкорлик қилиб келади.
2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри доимий аҳолиси сони 2586,9 минг. кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 15,2 минг кишига ёки 0,6 % га ўсди. Уларнинг 66 % ини эса ёшлар тоифаси ташкил этади2. Ушбу маълумот Тошкент шаҳрида ёшлар тоифаси сони доимий ортиб бораётганлигини кўрсатади. Бу эса ёшлар тарбияси ва улар билан боғлиқ муаммоларни ечимини излашда доимий ишлашни тақозо этади.
Давлат раҳбари томонидан 2018 йилнинг 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган видео селекторда «Таълим муассасалари ҳафталиги», «Хотин-қизлар ҳафталиги», «Маҳалла ҳафталиги», «Нуронийлар ҳафталиги», «Ёшлар ҳафталиги» каби шиорлар остида оммавий тадбирлар ўтказиш вазифаси белгиланган эди3. Шу асосда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан, бир қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда 2018 йилнинг 15-20 октябрь кунлари жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда «Маҳалла ҳафталиги» ўтказилди. Ҳафталик доирасидаги тадбирлар барча маҳаллаларда ташкил этилди. Ҳафталикнинг биринчи кунида маҳалла ёшлари ўртасида футбол, волейбол, футзал, баскетбол ва гандбол мусобақалари ўтказилди.
Айрим ёшлар орасида одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилмаслик, ўзидан катталарга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, таълим муассасаларида баъзи ўқувчиларни дарсларда сабабсиз иштирок этмаслик ҳолатлари одатий ҳолатга айланиб бормоқда. Бу ҳолатнинг сабабларини қуйидагича изоҳлаш мумкин: биринчидан, бугунги кунда аксарият оилаларда ислом динининг одоб-ахлоқ қоидалари етишмаслиги; иккинчидан, ёшларимиз орасида китоб ўқиш одатини камайиб бормоқда; учинчидан, ёшлар асосий вақтининг катта қисмини Ғарбдан кириб келаётган турли компютер ўйинлари, ижтимоий тармоқларга сарфлаётганлиги катта муаммолардан бири ҳисобланади; тўртинчидан, ёшлар орасида ишсизлик муаммоси уларни моддий қийинчиликка дучор қилмоқда.
Мазкур бобнинг иккинчи параграфида «Оила – таълим муассасаси – маҳалла тизимининг самарадорлиги» масалалари таҳлил қилинган. Абдулла Авлоний ўзининг «Туркий гулистон ёхуд аҳлоқ» асарида «Ҳукамолардан бири: «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур», – демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядур1», деб ёзади. Тарбия жараёнида иштирокчилар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида 1993 йилда «Оила, маҳалла, мактаб ҳамкорлиги» Концепцияси ишлаб чиқилган2. Ёшларни истиқлол ғояларига садоқатли, маънавий баркамол, ватанпарвар этиб тарбиялашда кенг жамоатчилик ғоясини мувофиқлаштириш борасида муҳим дастуриламал бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги «Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори3 мазкур ҳамкорликни бугунги кунда самарали фаолиятида дастуриламал бўлиб келмоқда. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида «Оила –маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлиги жамоат кенгаши ҳам ташкил этилди. Ушбу кенгаш тузилиши орқали оила, маҳалла ва таълим муассасасининг доимий ҳамкорлиги яратилди.
2018 йил давомида Тошкент шаҳри маҳаллаларидаги оилаларни ўрганиш жараёнида ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёшларни, шунингдек, уюшмаган ёшларни аниқлаб, улар билан манзилли, мақсадли тадбирлар амалга оширилганлиги натижасида 4,5 минг нафардан ортиқ ёшларни маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси билан ишга жойлаштирилди4. Бу маҳаллаларда ишсизлик ва моддий қийинчилик туфайли қийналаётган ёшларни сони камайишига ҳамда улар томонидан турли кўринишдаги қонунбузарликларни содир этилишини олдини олишга ёрдам берди.
Тизимда узоқ йиллардан буён сақланиб келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида 2020 йил 18 февралда «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди5. Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилди ва вазирлик тузилмасига ўтказилди. Бу қарор орқали маҳалла ва оила институтларинин иш фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш имкони туғилди.
Тадқиқот ишининг сўнгги параграфи «Ёшларни иш билан таъминлаш борасида давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлик масаласи» деб номланади. Таъкидлаш жоизки, бутун дунёни қийнаётган ишсизлик муаммоси Ўзбекистонда ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бироқ ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар муаммони ҳал қилишга етарли бўлмади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ишсизлик даражаси бўйича энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрига тўғри келиб, иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 7,8 % ни ташкил этади. Энг юқори кўрсаткич эса, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларига тўгри келади1. Тошкент шаҳрида доимий аҳоли сони қарийб 3 млн. кишини ташкил этмоқда. Улардан 1,1 миллион нафари иш билан банд аҳоли, қарийб 99 минги ишсизлар, 90 мингдан ортиқ киши меҳнат мигрантларидир. Шунингдек, деярли 39 минг киши жорий йилда меҳнат бозорига биринчи марта кириб келган ёшлардир. Шаҳар бўйича потенциал ишсизлик даражаси 20 фоизни ташкил этади2. Тошкент шаҳри пойтахт шаҳар бўлганлиги учун ҳудудлардан иш излаб келувчи аҳоли ҳисобига ҳам ишсизлик даражаси ошиб бормоқда.
2000-2017 йиллар оралиғидаги Тошкент шаҳри аҳолисининг иш билан таъминланганлик ва ишсизлик даражаси Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари асосида таҳлил қилинганда, иқтисодий фаол аҳоли сони ортиши билан бирга, ишсизлик даражаси ҳам ортиб борганлигини кўршимиз мумкин. 2000 йилда иқтисодий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 0,3 % ни ташкил этган бўлса, 2017 йилга келиб ушбу кўрсаткич 4,5 % га етди. Ишсизлик билан боғлиқ муаммо йил сайин ўсиб борганлигини қуйидаги сабаблар билан изоҳлаш мумкин: биринчидан, Тошкент шаҳрига бошқа ҳудуддаги ишсиз аҳоли иш излаб келиши пойтахтда ишсизлар сонини ортишига сабаб бўлди; иккинчидан, меҳнатга лаёқатли ёшлар сонининг ортиши ишсизлар сонини ортишига хизмат қилди; учинчидан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига кенг йўл очилган бўлсада, ёшлар орасида молия-кредит, бизнес режа тузиш тажрибаси ва билимининг етишмаслиги ҳам ишсизлар сонининг ортишига сабаб бўлди.
Ёшларни иш билан таъминлаш йўналишида маҳалла институтининг яқин ҳамкорларидан бири Ёшлар Иттифоқи 2017-2019 йил дастлабки ярим йили мобайнида 184 400 нафар ёшлар бандлигини таъминлаган. Хусусан, йиллар кесимида ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар таҳлилига кўра 2017 йил 28 760 нафар, 2018 йил 46 062 нафар, 2019 йил ўтган 6 ойи давомида 109 578 нафар ёшларни иш билан таъминлашга эришилган. Ёшлар Иттифоқи кўмаги билан ёш тадбиркорларга тижорат банклари орқали ўтган давр мобайнида 4 555 нафар ёшларга 673,9 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 50 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди1. Сўнгги йилларда ёшларни иш билан таъминлаш кўрсаткичи Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар орқали бироз ортиб борганлигини кўриш мумкин. Бу асосан, ёш тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар бериш орқали амалга ошириб борилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ишсиз ёшлар бўйича алоҳида («Ёшлар дафтари»), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида («Аёллар дафтари») рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлигини таъкидлади2. Мазкур ислоҳотдан келиб чиққан ҳолда Давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси бўйича янги ташкил қилинган «Ёшлар жамғармалари» маблағларидан 17 млрд 504 млн сўм маблағ сарфланиб, «Ёшлар дафтари»га кирган 24 минг 904 нафардан ортиқ ёшларнинг муаммолари ҳал этилишига кўмаклашилган3. «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» тизимини жорий этилиши орқали аксарият ишсиз ёшларни иш билан банд қилиш, шунингдек, ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига хизмат қилди.
ХУЛОСА
Ўзбекистонда ёш авлодни тарбиялаш жараёнида Тошкент шаҳри маҳаллаларининг роли масаласининг тадқиқи асосида қуйидаги илмий хулосаларга келинди:

  1. Мавзуга оид адабиёт ва диссертацияларни ўрганиш давомида Тошкент шаҳри маҳаллаларининг ёшлар билан ишлаш фаолияти тарихи алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаганлиги аниқланди. Ушбу мавзуни маҳалла институти ҳамда унинг ҳамкор ташкилотларининг жорий архив материаллари асосида тадқиқот олиб бориш муҳим ҳисобланади.

  2. Мустақиллик йилларида маҳалла институтининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва ривожлантириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Бироқ, мазкур қонун ва қонун ости ҳужжатларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётда ўз ижросини топмаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Айнан шу каби ҳолатлар ва ҳаётдаги мавжуд вазиятни тўла-тўкис инобатга олмаган ҳолда масъуллар томонидан қонунлар ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилиши, бугунги кунда маҳалла институтининг доимий барқарор ҳолатда ривожланмаслигига ва айрим фуқаролар орасида маҳалла институтининг фаолиятига ишончсизлик уйғонишига сабаб бўлмоқда.

  3. Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга тадбиқ этиш юзасидан ишлаб чиқилган дастур ва лойиҳаларни ижроси фаол амалга оширилмоқда. Бироқ, соҳа доирасида юзага келаётган камчиликларни бартараф этишда давлат ташкилотлари билан жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш заруратга айланиб бормоқда.

  4. Маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишда интернет асри имкониятларидан фойдаланган ҳолда кўпроқ компютер технологиялари, мултимедиали дастурлар ҳамда видео роликлардан унумлироқ фойдаланиш зарур. Шунингдек, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни режа асосида ташкил этиб боришда янги инновацион усул ва методлар ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишда қўлланма ва методик ишланмаларни тайёрлаш заруратга айланиб бормоқда.

  5. Тошкент шаҳри ёшлар томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этишда юқори корсаткичга эга шаҳар ҳисобланади. Ушбу йўналишда муаммоларни ижобий ечимини ишлаб чиқишда маҳалла институтининг давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ўзаро ҳакорлиги муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда пойтахт маҳаллаларида ёшлар томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этилишига қарши инновацион ёндашув орқали уларнинг сонини бироз камайишига эришилди. Бироқ ушбу йўналишда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар сақланиб турибди. Ёшларни доимий иш билан банд қилиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга кўмаклашиш, ёшларни руҳий-маънавий жиҳатдан тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳуқуқий онги, билими ва маданиятини ошириш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.

  6. Мустақиллик йилларида ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялаш йўналишида «оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлиги доирасида муҳим тажриба тўпланди, бироқ ёшлар орасида юзага келаётган ижтимоий ва маънавий муаммоларни олдини олишда ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ишлаш услубида янгича ёндашувларни жорий этиш зарур.

  7. Сўнгги йилларда ёшлар ўртасида ишсизлик даражасини ўсиб боришини сабаблари ёшларнинг аксарият қисми тадбиркорлик соҳасида, жумладан, ажратилаётган кредитни ўзлаштириш ва тартибли тасарруф этиш бўйича етарлича билим ва тажрибага эга емаслиги, аҳолининг аксарият ишсиз қатлами меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича талабга жавоб бермаcлиги билан изоҳланади.

  8. Жаҳон миқёсида глобаллшув жараёнининг салбий кўринишларини ёшлар ҳаётига осонлик ва тезлик билан кириб келаётганлиги халқлар ва давлатлар келажагига хавф солмоқда. Глобаллшув жараёнининг салбий кўринишлари асосан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётганлиги, юзага келаётган бундай салбий оқибатларга қарши курашиш ҳамда уларни олдини олишда маҳалла институтининг таълим муассасалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш орқали ёшларни ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш масаласи муҳимлигини кўрсатади.

Юқоридаги асосий хулосалардан келиб чиққан ҳолда амалий аҳамиятга эга бўлган ва соҳа ислоҳотларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қуйидаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:
1. Ёшлар таълим ва тарбияси давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканлиги ҳамда дунё миқёсида ёшлар маънавиятига хуружлар ортиб бораётганлиги, «оммавий маданият»нинг салбий кўринишлари Ўзбекистон ёшларига хавф солаётганлигини инобатга олиб ёшлар таълими, тарбияси ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётини ўрганадиган, муаммоларини ечимини ишлаб чиқадиган илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш зарур.
2. Маҳалла институтининг ёшлар билан ишлаш фаолиятини янада самарали ташкил этишни инобатга олган ҳолда жамоатчилик асосида фаолият юритаётган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимига маош тайинлаш ёки моддий рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
3. Бугунги кунда аксарият моддий-техник базаси замонавий талабларга жавоб бермаганлиги сабабли маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини самарали ташкил этиш учун аввало уларга замонавий жиҳозлар ҳамда компютер технологиялари базаси билан таъминланган бино ажратиш лозим.
4. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимларида Давлат ташкилотлари ва хусусий секторлар томонидан яратилаётган иш ўринларини инобатга олиб, ишсиз ёшларни бепул қайта касбга ўқитиш курсларини ташкил этиб, уларни ишга жойлаштиришни юридик жиҳатдан мустаҳкамлаш зарур.
5. Маҳалла фаоллари ҳамда имом-хатиблар билан ҳамкорликда мунтазам равишда таълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бундай учрашувларда ёшларга Ислом динининг мазмун-моҳияти, тарбиявий жиҳатларини содда тилда тушунтириб берилиши лозим.



Download 411 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling