Тошкент давлат юридик университети ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси “фалсафа. Мантиқ” ЎҚув фани бўйича


Download 0.87 Mb.
bet73/84
Sana16.06.2023
Hajmi0.87 Mb.
#1499082
1   ...   69   70   71   72   73   74   75   76   ...   84
Bog'liq
1. Фалсафа маъруза матнлари

Қадриятлар деганда жамият тараққиёти жараёнида шаклланган ва ривожланган, фақат ўтмиш даврлар учун муҳим аҳамият касб этиб қолмасдан, ҳозирги кундаги ва келажакдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий тараққиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатадиган кишилар онгига сингиб ижтимоий аҳамият касб этадиган моддий, маънавий, табиий, диний, ахлоқий, фалсафий ва бошқа бойликлар мажмуи тушунилади.
Кишилик жамияти тараққиёти ва истиқболи учун аҳамиятли бўлган ижтимоий, маънавий ҳодисалар қадриятлар жумласига киради.
Қадриятлар жамият ижтимоий ва маънавий тараққиётининг зарурий маҳсулидир. Қадриятлар муайян бир давр, шарт-шароит ва эҳтиёжнинг маҳсули бўлиш билан бирга, унинг кўзгуси ҳамдир.
Қадриятлар ижтимоий тараққиёт жараёнида намоён бўлади, табиий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий муносабатларни ўзида мужассамлаштиради, ўзгариб, ривожланиб, бойиб, такомиллашиб боради. Тарихий тараққиёт жараёнида бўладиган ўзгариш ва ривожланишлар қадриятларнинг мазмунида ўз ифодасини топади.
Қадриятлар катта ижтимоий-сиёсий, фалсафий, тарбиявий аҳамиятга эга. Улар ўтмиш билан ҳозирги кун ўртасидаги ворисийликни ифодалайди, шу сабаб миллатнинг тарихи, унинг ўтмиш ҳаёти, маданияти гавдаланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир сиёсий тузум, ҳар бир давлат қадриятлардан ўз мақсади, манфаати йўлида фойдаланиб келган. Қадриятлар ўз-ўзидан бевосита инсоннинг маънавий қиёфаси, турмуш тарзи, умуман жамият тараққиётини белгилай олмайди. Қадриятларнинг ҳолати, аҳамияти, инсонга кўрсатадиган таъсири, унинг истиқболи у ёки бу жамиятдаги мавжуд ижтимоий тузум томонидан олиб борилаётган сиёсат, унинг манфаатлари билан узвий боғлангандир. Буни ўзбек халқи миллий қадриятларининг ўтмишдаги ва ҳозирги ҳолатидан яққол кўришимиз мумкин.
Қадриятлар ўз-ўзидан шаклланмайди, бойимайди. Уларнинг шаклланиши ва ривожланиши учун муайян ижтимоий, иқтисодий шароит зарур. Мисол учун, илк ўрта асрларда Марказий Осиё мутафаккирларининг бой маънавий қадриятларни шакллантиришларига ўша даврда илгариги асрлардагига нисбатан қулай иқтисодий негиз ва ижтимоий тузум бўлмаганда улар бу ишни қилолмас эдилар.
Қадриятларни шакллантирувчи маънавий асосларга илм-фан жумладан, фалсафа, адабиёт, санъат ҳам киради. Булар қайси мамлакатда нечоғлик эътиборда бўлса, ўша юртларда, жамият, халқ оммаси, маданиятли ва ахлоқли бўлишлари аниқ.
Жамият тараққиёти доимий равишда ўзгариб, ривожланиб, янгиланиб турган сари қадриятларнинг аҳамияти ошиб, уларни баҳолаш мезонлари ҳам олдингидан бошқача бўлиб туради.
Қадриятларнинг ҳаммаси қадр-қиммат, инсонга хос қадрлаш эҳтиёжи ва зарурати билан боғлиқ. Чунки қадр-қиммат ахлоқий онг фалсафий тушунча бўлиб, у шахснинг қадр-қиммати ҳақидаги ғояни ифодалайди. Бу эса инсоннинг ўз-ўзига ва жамиятнинг унга бўлган маънавий-ахлоқий муносабатларини билдиради.
Ўз қадр-қимматини яхши билиш, қадрлаш эҳтиёжи ва заруратини англаш, қадр-қимматни ерга урмай, иззат-нафсини камситмай, ўзини доимо назорат қилиб, ижтимоий ҳаёт қоидаларига қаттиқ риоя этиб, ўзига талабчанликни сусайтирмасдан яшаш ҳар бир инсоннинг бурчидир.
Қадриятлар ўз моҳиятига эга бўлиб, жамият тараққиёти ва инсон камолотига ижобий таъсир этади. Инсон йўқ жойди бирон нарсанинг қадр-қиммати ҳақида сўзлаш беманиликдир. Қадриятлар кишиларнинг турли соҳадаги, аввало ишлаб чиқариш, меҳнат соҳасидаги фаолияти учун фойда келтирадиган нарсалар, ҳодисалар мажмуи билан боғлиқ равишда вужудга келади. Сўнгра аста-секин субъект фаоллигининг орта бориши оқибатида мустақил соҳа тарзида амал қила бошлайди. Ана шуларни назарда тутиб, фалсафа фани инсоний қадриятлардан ижтимоий шароит тақозоси билан юзага келган ахлоқий бойлик деб ҳисоблайди. Барча ахлоқий нормалар, юриш-туриш қоидалари каби жамики инсоний қадриятлар ҳам жамият тараққиёти талаблари асосида юзага келиб, янги мазмун, янги шакл касб этиб, бойиб ва такомиллашиб боради.
Бугунги кунда жамиятимиз ҳар бир инсонни эъзозлаб, унинг турмушини яхшилаш, билими ва маданий савиясини ўстириш, қобилиятини ҳар томонлама ривожлантириш учун ўзида бор бўлган ҳамма имкониятларни ишга солади. Кейинги йилларда инсоннинг шахсий ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадриятларини муҳофаза қилиш масаласида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.
Қадрият тушунчаси ҳаётнинг ўзи каби кенг қамровлидир, у ҳар бир халқнинг минг йиллар давомида ҳаётнинг турли соҳалари бўйича сайқаллаб тўплаган тажрибаларидир. Инсоний қадриятлар, ахлоқий қадриятлар, диний қадриятлар, эстетик қадриятлар, касб-ҳунар қадриятлари, ҳарбий қадриятлар, давлатчилик қадриятларини – буларнинг барчаси бир бутун ҳолда халқнинг дунёвий қиёфасини ўзига хос тарзда белгилайди.
Қадрият жуда сермазмун тушунча бўлиб, илмий адабиётларда унга нисбатан турлича ёндашувлар мавжуд. Масалан, “Мустақиллик” изоҳли илмий-оммабоп луғатда: “Қадриятлар – борлиқ ва жамият, нарсалар, воқеалар, ҳодисалар, инсон ҳаёти, моддий ва маънавий бойликларнинг аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланиладиган тушунча”1.
“Фалсафа: Қомусий луғат”да эса, қадриятларга қуйидагича таъриф берилган: “қадрият – воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умумбашарий, умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган фалсафий-социологик ва аксиологик тушунча”2 тарзида тушунтирилади. Жамият, инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарса, ҳодиса ва воқеалар: эркинлик, эзгулик, тенглик, тинчлик, ҳақиқат, маърифат, маданият, моддий ва маънавий бойликлар, обида-ёдгорликлар, гўзаллик, ахлоқий ҳислат ва фазилатлар, анъана, урф-одат, удум ва бошқалар қадрият бўлиб ҳисобланади.
“Қадриятлар ичида энг биринчиси ва энг умумийси ҳаётнинг ўзидир, чунки ҳаётдан маҳрум бўлиш бошқа барча қадриятлардан фойдаланишни йўққа чиқаради,... қолган қадриятлар, аслини олганда, ҳаёт неъматларининг моҳиятидир, маданий қадриятлардир”3 - дейди, файласуф олим В.П.Тугаринов.
Қадриятлар, биринчидан, воқеликда мавжуд бўлган табиат ва жамият неъматлари;
Иккинчидан, уларни қадрият туркумига киритиш ёки киритмаслик кишиларнинг эҳтиёжлари, манфаатлари, мақсадлари, орзу-умидлари билан белгиланади;
Учинчидан, табиат ва жамият неъматлари, ҳодисаларининг қадриятлар туркумига киритилишининг асосий сабаби кишилар уларни қадрлайди, авайлаб-асрайди, чунки, бу қадрият уларнинг шахсий ва ижтимоий турмушини бойитади4.
Қадриятлар – борлиқ ва инсон, дунёқараш, воқеа-ҳодисалар, инсон ҳаёти, моддий ва маънавий бойликларнинг аҳамиятини баҳолаш учун қўлланиладиган тушунчалардир.



Download 0.87 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   69   70   71   72   73   74   75   76   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling