Тошкент молия институти
§. Битирув малакавий иши – якуний мустақил иш
Download 2.45 Mb. Pdf ko'rish
|
20 y Maxsus fanlarni oqitish metodikasi Oquv qollanma D Tojiboev
5§. Битирув малакавий иши – якуний мустақил иш
Бакалавриат йўналиши бўйича таълим олаётган талабаларнинг ўқув жараёни битирув малакавий иши ёзиш билан якунланади. Барча таълим йўналишдаги битирувчи курс талабалари якуний босқич жараёнида битирув малакавий иши ёзиб, «Битирув малакавий ишлари (БМИ) ҳимояси бўйича Якуний Давлат Аттестация (Я.Д.А.) комиссиялари»да ҳимоя қиладилар. Битирув малакавий ишини бажаришда Ўзбекистон Респубикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган «Олий ўқув юртларида бакалавр битирув малакавий ишини бажаришга қўйиладиган талаблар»га риоя қилиниши керак. Битирув малакавий ишни тайёрлаш талабаларда ўрганаётган муаммога иқтисодий ёндашиш, илмийметодик адабиётларни чуқур ўрганиш, ҳар тарафлама таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантириш ўз фикрини аниқ, асосли мантиқий изчилликда баён қилиш, назарий жиҳатдан умумлаштириш, хулосалар чиқариш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишни ўрганишга йўналтирилган. «Касб таълими» бакалавриат йўналиши талабалари мутахассислик «Махсус (иқтисодий) фанларни ўқитиш методикаси» фани асосида битирув малакавий ишлари ёзадилар. Битирув малакавий иш тадқиқот элементлари билан амалий масала муаммоларни ечиш, билим ва кўникмаларини кенгайтиришга ҳамда ўқув юртини битиргач, ўқитувчи бўлиб ишлашга тайёргарликлари даражасини аниқлашга ёрдам беради. Битирув малакавий ишларда қуйидаги вазифалар бажарилади: профессионал фаолиятнинг долзарб масалалари мустақил тадқиқ этилади; ўрганилаётган масала, ҳодисалардаги янги тенденциялар аниқланади; назарий билимлар мустаҳкамланади ва ривожлантирилади; мураккаб масала, саволларни тадқиқот элементларини қўллаб, ечимини топишга ўрганилади; иқтисодий фанларни ўқитишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда самарали дарс ўтиш методлари аниқланади; 266 ўрганилаётган мавзу бўйича назарий ва амалий дарс ўтиш ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Касб таълими йўналишидаги талабаларга битирув малакавий ишларини бажариш анчагина мураккаб, қийин иш. Чунки улар ўтиладиган фан бўйича мавзуни чуқур билишлари, ҳар қандай саволга ҳозиржавоб бўлишлари, фандаги янгиликлар, унга эътибор бериладиган ва ҳали ўрганилиши, тадқиқ этилиши зарур бўлган масалалардан хабардор бўлишлари зарур. Ҳамда ана шу билимларни ўрганиш, қандай йўл билан, қайси методлар ёрдамида талабалар онгига етказиш, пухта ўзлаштиришларини таъминлаш йўлларини ҳам ўрганишлари ва уларнинг барчасини битирув малакавий ишда акс эттиришлари лозим. Битирув малакавий ишда талабанинг фанни назарий жиҳатдан қай даражасида ўзлаштиргани, назарий умумлаштириши, амалий хулосалар чиқариши, зарур ахборотни қидириш, танлаш, уларни қайта ишлаш ва маълум тартибга солиш, матнда ифодалашни уддасидан қай даражада чиққани акс этади. Битирув малакавий ишга қўйиладиган асосий талаб тадқиқот материали мазмунининг илмий жиҳатдан юқори даражада асосланганлиги, ишончлилиги, объективлилигини таъминлашдир. Download 2.45 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling