3-МАВЗУ : Туризм ривожланишини бошқаришнинг иқтисодий ва ижтимоий асослари. Давлатлараро туристик бошқарув ташкилоти
3.1. Туризм индустрияси ижтимоий-иқтисодий туризм сифатида
3.2. Давлат миқёсида туризмни бошқариш. Ташкилот миқёсида туризмни бошқариш
3.3. Жаҳон туристик ташкилоти ва унинг фаолияти. Туризм менежментининг минтақавий халқаро тизимлари
3.1. Туризм индустрияси ижтимоий-иқтисодий туризм сифатида
Туризмни ривожлантиришни режалаштириш соҳасида етакчи масъулият давлатга юкланади. Давлат идоралари туризмнинг тартибсиз ривожланишини олдини олиш мақсадида бу жараённи назорат қилади. Суст режалаштирилган ва бошқариб бўлмайдиган туризм тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкин Масалан, Бермуд оролларида туризм индустриясини ҳимоя қилишга йўналтирилган бир қатор қонуний ҳужжатлар қабул қилинган. Айниқса, портларга кирувчи кемалар сони чекланган, неон безаклар ман этилган, денгиз ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш назарда тутилган, бинолар баландлиги чегараланган, табиий қўриқхоналар учун ер ажратиш кўзда тутилган.
Давлат идоралари вазифаларига янги қурилишларни назорат қилиш ҳам киради чунки туристик объектларни сув билан таъминлаш, оқава сувларни, ахлат ва қолдиқларни чиқариш, зарур жойларда сувнинг қўшимча заҳираларини яратиш учун замонавий асбоб-ускуналарга эга бўлиши керак. қурилишда янги иш жойларини ташкил қилиш мақсадида куп сонли маҳаллий ишчи кучини талаб қилувчи технологиялардан фойдаланиш, шунингдек қурилаётган туристик объектлар бўронлар, сув тошқини, зилзилалар каби эҳтимолли табиий офатларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилганлиги давлат томонидан назорат қилиниши лозим. Давлат томонидан назорат қилинувчи чора-тадбирлар тизимигина туризмнинг узоқ муддатли тўғри ва самарали ривожланишини таъминлаши мумкин.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида давлат назоратинн амалга оширувчи, ижро этувчи ҳокимият органи бўлиб хизмат қилади. Туристик фаолиятининг давлат назорати шундан иборатки, Ўзбекистон Республикасида туризм иқтисодиётнинг устивор тармоқларидан бири деб тан олинган. Маҳаллий ва ташқи туризм, шунингдек, ижтимоий ва маданий туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш давлат назоратининг устивор йўналишлари сифатида эълон қилинган.
Туристик фаолиятнинг давлат томонидан назорати қуйидагича амалга оширилади:
•туризм соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва такомиллаштиришга қаратилган меъёрий ва ҳуқуқий ҳужжатларни яратиш;
•туристик маҳсулотни ички ва жаҳон туризм бозорларига олиб чиқишда ёрдам бериш;
•туристик фаолиятни стандартлаштириш ва лицензиялаштиришни амалга ошириш, туристик маҳсулотини сертификациядан ўтказиш;
• Ўзбекистон ҳудудида мамлакатга кириш, чиқиш ва истиқомат қилиш қоидаларини ўрнатиш;
•туризмни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини яратиш ва амалга ошириш учун тўғри бюджет маблағларини ажратиш;
•туристларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
•сармоялар, солиқ ва божхона назоратини ўрнатиш;
•туризм фаолиятини кадрлар билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш ва туризм соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |