Udk japarova Raya Kengesbaevna


Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги


Download 167.37 Kb.
bet5/16
Sana18.12.2022
Hajmi167.37 Kb.
#1030804
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   16
Bog'liq
MD Japarova R

Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги тадқиқот доирасида долзарб педагогик муаммонинг тадқиқ этилганлиги; ҳал этилган вазифаларнинг тадқиқот мақсади ва илмий фаразига мослиги; қўлланилган ёндашув, усуллар илмий-методик асосланганлиги, назарий маълумотларнинг расмий манбалардан олинганлиги, келтирилган таҳлиллар билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқотнинг илмий аҳамияти мактабгача педагогика фани мактабгача ёшдаги болаларда ахлоқий-эстетик сифатларни шакллантиришга оид назарий ёндашувлар, қарашлар, илғор тажрибалар билан бойитилганлиги; мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида ахлоқий-эстетик сифатларни шакллантиришга оид театрлаштирилган қўғирчоқ ўйинларининг тавсифи, шакллари, тайёрлаш мазмуни, технологияси ва тарбиячиларнинг ижодий фаолиятга тайёрлашга йўналтирилган илмий-методик тавсияларнинг ишлаб чиқилганлиги билан белгиланади.
Тадқиқотнинг амалий аҳамияти мактабгача катта ёшдаги болаларда ахлоқий-эстетик сифатларни шакллантиришнинг педагогик-психологик хусусиятларини белгилаш орқали ҳамкорликдаги бадиий-ижодий фаолиятни ташкил этишнинг методик шартлари аниқлаштирилганлиги билан белгиланади.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса, 70 саҳифа матн, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат.


I БОБ. КАТТА ЁШ ГУРУҲИ БОЛАЛАРИНИ ҚЎҒИРЧОҚ ТEАТРИ ВОСИТАСИДА ИЖОДИЙ ҚОБИЛИЯТЛАРИНИ ТАРБИЯЛАШНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ


1.1-§. Болаларни ижодий қобилиятларини ривожлантириш мактабгача таълим назариясининг муҳим муаммоси сифатида

Мактабгача катта ёшдаги болаларда ахлоқий-эстетик сифатларни шакллантириш мактабгача таълим жараёнини ташкил этишнинг янги педагогик воситаларини аниқлаштиришни талаб этади. Мактабгача ёшдаги бола шахсини ривожлантириш асосида сифатида ахлоқий-эстетик сифатларини шакллантириш муаммоси энг аввало, ҳукуматимиз томонидан: “ ... болаларда Ватанга муҳаббат туйғусини, оилага, ўз халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш; боланинг шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, ижтимоий тажриба орттиришини таъминлаш”[9] аниқ белгилаб берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2018 йил 7 июлдаги 4-сонли Ҳайъат йиғилиши қарори билан тасдиқланган “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг ўқув дастурида “Мактабгача ёшдаги болаларга таълим беришда компетенциявий ёндашув ўсиб бораётган бола шахсини ҳаётга тайёрлаш, унда ҳаётий муҳим масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган, ахлоқий меъёр ва қадриятларни ўзлаштириш, бошқа инсонлар билан мулоқот қилиш, “Мен” образини яратиш билан боғлиқ бўлган фаолият усулларини шакллантиришга тайёргарликни кўзда тутиши”[6] белгилаб берилган. Жумладан, “Ижодкорлик” соҳасидаги ўқув-тарбиявий фаолият якунига етганидан сўнг 6-7 ёшли бола қуйидаги лаёқатларга эга бўлиши кўрсатиб ўтилган: санъат ва маданиятга қизиқишни намоён қилади; миллий анъаналарни қадрлайди ва уларни кундалик ҳаётнинг бир қисми сифатида идрок этади; санъатнинг муайян турини афзал кўришини мустақил равишда ифодалайди; олинган билим ва кўникмалардан турли ҳаётий вазиятларда ўз ижодий режаларини тузиш ва татбиқ қилиш учун фойдаланади; инсоннинг дунёни ўзгартиришдаги яратувчанлик ролини тушунади[6].


Мактабгача педагогика ва психологияда катта мактабгача ёш даври сифатида 5-6 ёш қабул қилинган. Мактабгача катта ёш даврида қоидага мувофиқ мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён сифатида нутқни ўзлаштириш жараёни тугайди. Тил фикрлаш ва мулоқот, онгли ўрганиш объекти воситасига айланади. Чунки болани мактабга тайёрлаш вақтида ўқиш ва ёзишга ўргатиш бошланади, фонематик ривожланиш тугалланади. Мазкур ёш даврида нутқнинг сўз бойлиги жадал ортади, унинг грамматик қурилиши ривожланади. Шунингдек, болалар синтактик(гап тузиш) ва морфологик(сўз ясаш) қоидаларни эгаллайди. Р.С.Немов таъкидлаб ўтганидек, мулоқот вазиятли тавсифдан билиш жараёни объектига айланади. Болалар шахслараро муносабатларнинг ўзига хослигига алоҳида эътибор қарата бошлайди[71, 45-б.].
Мактабгача ёшда идрок ўзининг даслабки аффектив тавсифини йўқотади: эмоционал ва перцептив жараёнлар фарқланади, таҳлилга, аниқ мақсадга йўналган, онгли идрок этиш шаклланади. Болада эркин ҳаракатлар – излаш, эътибор қаратиш, кузатиш, нутқ ёрдамида турли нарса-буюмлар ва улар ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати, белгилари ва сифатларини номлашдан фаол фойдаланиш қобилияти намоён бўлади.
Тафаккурнинг ривожланиши кўргазмали-ҳаракатлиликдан кўргазмали-образлиликка, кейинроқ оғзаки фикрлашга ўтади. Шунинг учун кўргазмали-образли, В.В.Лаврентьев таъбири билан айтганда репрезентатив интеллектга мувофиқ тасаввурга асосланган фикрлаш асосий саналади[72, 84-87-б.].
Л.С.Выготскийнинг фикрича, мазкур ёшдаги болаларда хотира асосий вазифани бажаради[35]. Шунинг учун улар турли материалларни осонгина ёдлаб олишади ва билвосита таъсир кўрсатиш орқали эсда сақлаб қолиш самарадорлиги ортади. Механик билан бирга семантик хотира ҳам ривожланади. Мақсадли, онгли равишда эслаб қолиш ва ёдлаш барқарорлик касб этмайди.
Мактабгача катта ёшдаги болалар учун сюжетли-ролли ўйинлар етакчи фаолият турига айланади. Д.Б.Элькониннинг фикрига кўра, мактабгача ёшдаги фаолиятнинг асосий мотиви катталар ҳаётига кириб боришга интилиш, уларнинг нарса-буюмларидан фойдаланиш, инсоний муносабатлар дунёсини кашф этиш, ўзини катталардек ҳис қилиш кабилар акс этади[102, 101-б.].
Мактабгача ёш даврида болаларнинг фикрлашида сезиларли ўзгаришлар юзага келади: уларнинг дунёқараши кенгаяди, фикрлаш операциялари такомиллашади, янги билим ва кўникмалар намоён бўлади, демак нутқ фаол ривожланади. Фақат фикрий ва тил кўникмалари атроф-муҳит билан мулоқот жараёнида эгалланади. Бола ўсиб-улғайган сари мулоқот таркиби мураккаблашади, бу эса, ўз навбатида мураккаб нутқ шаклларини ўзлаштиришни талаб этади. Мактабгача катта ёшда билиш жараёнларида кўплаб ўзгаришлар юзага келади. В.С.Мухинанинг фикрича, 6-7 ёшда идрок этиш аффективликдан эмоционаллик ва перцептивликка ўзгаради[66, 88-б.]. Идрок этиш таҳлилий, мақсадга йўналганлик ва онглилик касб этади. Унда эркин ҳаракатлар – излаш, текшириш, кузатиш намоён бўлади.
Маълумки, бола шахси ўзаро ва биоижтимоий муносабатлар тизимида таркиб топади. Бу муносабатларни келтириб чиқарадиган асосий манба – боланинг ҳиссий билиш жараёни ва ўйин фаолиятидир. Демак, бола шахсига хос бўлган барча психологик ҳолат ва жараёнлар ижтимоий ҳаёт ҳамда атроф-муҳит таъсирида вужудга келади[116]. Бола ўз фаолияти жараёнида ўзини ўраб турган табиий ва антропоген нарсалар ва ҳодисалар моҳиятини билиб олади.
Болалар уларни ўраб турган оламга жуда қизиқувчан тадқиқотчилардир. Мазкур ўзига хослик уларга туғма инъом қилинган. Л.Ю.Субботина “боланинг туғма ва жуда муҳим нерв-психик хусусияти – бу унинг атроф-оламни бор ҳолича тушуниш истаги”[85] эканлигини қайд этиб ўтган.
Мактабгача ёшдаги болалар жўшқин ривожланиш билан ажралиб туради. Мактабгача ёш даврида турли йўналишлар билан боғлиқликда кучли ўзгаришлар содир бўлади, фаолиятнинг асосий турлари, шунингдек, психик жараёнлар фаол ривожланади. Масалан, боланинг хотираси ҳам сифат, ҳам миқдор ўзгаришларига учрайди. Жумладан, мактабгача катта гуруҳ болалари қарийб 7-8 та объектни, тайёрлов гуруҳларда эса 10-12 тагача объектни ёдда сақлайди. Сифат ўзгаришлари шундаки, мактабгача ёшдаги болалар нафақат унинг учун қизиқарли ахборотларни ёдда сақлайди, шунингдек, ёд олиш тавсия этилган вазифаларни қабул қилади, зарур маълумотларни эсда сақлашнинг алоҳида усулларини қўллай олади[52, 6-б.].
Тасаввур мактабгача ёшда шаклланадиган муҳим ўзгаришлардан биридир. Мазкур босқичда оригиналлик ва ихтиёрийлик каби сифатлар шаклланади. 5-6 ёшда болалар мустақил равишда таклиф этилган мавзуларда воқеалар ривожининг кетма-кетлигига асосланган кичик эртаклар тўқий олишади. 7 ёшда болалар аниқ бир йўналишдаги тасаввурларга асосланиш, аввалдан босқичма-босқич белгиланган режа бўйича унга қисман ўзгартиришлар киритишга қобилиятли бўлади.
Мактабгача ёшдаги болаларда объектларнинг узунлиги, шакли, тузилиши ва рангини идрок этиш яхшиланади, аввал пайдо бўлган тасаввурлар тизимлаштирилади. Мактабгача катта ёшдаги болалар объектлардаги оддий шаклларни мураккабидан ажратиш, шунингдек, оддий шакллардан мураккаб объектларни қайта ярата олади. Шунингдек, болаларда фазовий тасаввурлар шаклланиб боради. Шу билан бирга мактабгача катта ёшдаги болалар фазода нарса-буюмларнинг жойлашувини, айниқса, бир пайтнинг ўзида бир нечта турли ва қарама-қарши белгиларни ҳисобга олиш зарурияти пайдо бўлганда қийинчилик сезишади[30, 164-б.].
Идрок ва тасаввурларнинг фаол такомиллашуви ўзининг продуктив фаолиятида намоён бўладиган ижодкорликнинг асосини ташкил этади.
Мактабгача катта ёш даврида расм чизишга қизиқиш, айниқса фоллашади, бир йилда болалар 6000 тагача расм чизишлари мумкин. 5-6 ёшли болаларда расмлар турли-туман объектларнинг схематик тасвирини акс эттиради, фақат композицион ечимнинг оригиналлиги, динамик ва статик муносабатларни ифода этиш фарқланиши мумкин[30, 163-б.].
Т.Чаброванинг фикрича, бола нарсанинг шакли ва қўл ҳаракатлари орасидаги боғланишни тўлиқ тушунса, олти хил рангни ва баъзи товланишларни ажрата олса, расм чизишга қизиқса ҳамда расм унда ижобий таассурот қолдирса, расм чизиш билим, кўникма ва малакаларининг юқори даражаси берилади. Шу билан бирга, унда рангни, шаклни, ўлчамларни ҳис қилиш ва эстетик сифатлар ривожланган бўлиши керак. У турли шаклдаги нарсаларни ва унинг қисмлари жойлашувини тасвирлай олади, чўтка ва қалам билан ишлай олади, вертикал ва горизонтал чизиқларни чизади[169, 19-б.].
Н.Режаметованинг фикрича, мактабгача таълим соҳасидаги педагог учун шуни тушуниб олиш муҳимки, боланинг мусиқий қобилиятлари – бу, энг аввало, мусиқий кечинмаларни бошдан ўтказиш қобилияти, мусиқа асарларидаги қиёфаларни ярата олиш қобилияти ва уларни ҳам мусиқий фаолият воситалари билан, ҳам бошқа исталган бадиий фаолият (тасвирий санъат, ўйин, адабиёт) воситалари билан ифодалай олиш қобилиятидир. Мусиқий қобилиятларнинг ривожланишига исталган бадиий фаолият таъсир кўрсата олиши мумкин. Мактабгача ёшдаги болалар билан ҳар куни ўзаро алоқада бўладиган, унинг ривожланишини кузатиб борадиган тарбиячи учун шуни билиш зарурки, болани билиш борасидаги психик жараёнларга ундай туриб, психомотор ривожланишни мос ҳолдаги педагогик воситалар билан фаоллаштира бориб, у боланинг умумий ва мусиқий қобилиятлари ривожланишига ёрдам беради[156, 13-б.].
Шундай қилиб, етти ёшгача тўпланган амалий тажриба, нутқ, хотира ва идрок этишнинг етарли даражаси болада ўз кучига ишончни оширади. Бола унга эришишда хулқ-атворнинг иродавий хусусиятларига ижобий таъсир кўрсатувчи турли мураккабликдаги мақсадларни белгилашга қобилиятлидир. Шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларнинг мотивацион соҳасида ҳам қатор ўзгаришлар рўй беради: хулқ-атворнинг умумий йўналганлигини таъминловчи ўзаро алоқадор мотивлар тизими шаклланади, билишга қизиқиш ва эҳтиёж, атрофдаги кишиларга ижобий муносабат мотивациясининг жадал ривожланиши амалга ошади. Босқичма-босқич мактабгача катта ёшдаги болаларда ахлоқий баҳо бериш ўзлаштирилади, шахсий хатти-ҳаракатларнинг кетма-кетлигини ҳисобга олиш бошланади, натижа ва катталарнинг баҳосидан умидворлик сезади.
Ахлоқий-эстетик сифатлар кенг маъноли тушунча бўлиб, унинг замирида табиат, ижтимоий ҳаёт, турмуш ва санъатга муносабатни тарбиялаш ётади. Мактабгача ёшдаги болаларни ахлоқий тарбиялаш мазмуни Она ватанга муҳаббат, меҳр-шафқат, раҳмдиллик, дўстлик, катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, интизомлилик, гўзалликни ҳис қилиш, атроф-муҳитдаги гўзалликни кўра олиш, идрок этиш, моҳиятини англаш ва яратиш, бадиий дид каби сифатлар мажмуини ўз ичига олади (1.1.1-расмга қаранг). Болаларни гўзалликни идрок этиш орқали тарбиялаб борилар экан, аста-секин уларда ўзгаларнинг хурсандчиликларига шерик бўлиш, ҳамдардлик билдириш, қайғуриш каби хусусиятлар таркиб топа бошлайди.



Download 167.37 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   16




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling