Улуғбек мадрасаси (1417-1420 йй.)
Download 95 Kb.
|
Документ Microsoft Word
Улуғбек мадрасаси(1417-1420 йй.)Регистон майдонидаги меъморий мажмуани таркиб топиши, 1417 йилда ёш олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг фармонига биноан мадраса қурилишидан бошланди. Мадраса 1417-1420 йилларда қурилган бўлиб, унинг сатҳи 81х56 м. Бино лойиҳасининг муаллифи ўз замонасининг машҳур олими Қавмиддин Шерозийдир. Ҳиротдаги ҳукумдорлар учун қурилган аксар меъморчилик мажмуалари ҳам, унинг ижодига мансуб бўлган. Улуғбек мадрасаси биноси меъморчилик асари сифатида Шарқ биноларнинг мумтоз намунасидир. Аввал таъкидлаганимиздек, ХV асрда Регистонда қурилган барча иншоотларидан биргина шу Мирзо Улуғбек мадрасаси бир мунча хароба ҳолида бўлса ҳам, бизгача етиб келган. Мадраса икки қаватли бўлиб, 55 та ҳужра ва тўрт бурчагида катта дарсхоналар ва айвонлардан иборат бўлган. Махсус ўқиш учун белгиланган ҳужраларда 2-3 толиби илмлар ўқиган ва яшаган. Ҳар бир хона уч вазифани ижро этган (ўқиш, яшаш ва алоҳида қисмида керакли нарсаларни сақлаш). Дарсхоналарда алоҳида гуруҳлар учун фан машғулотлари ўтказилган. Айвонлар ёзги дарсхона вазифасини бажарган. Ғарбдаги икки дарсхона ўртасида, масжид хонақоси жойлашган. Унинг иккита дарсхона, ҳамда ҳовли билан боғловчи эшиклари бўлган. Мадраса баланд пештоқлидир. Унинг ён томон деворлари кўринишлари, йирик хандасавий нақшлар билан қопланган. Умуман олганда мадраса нақшларга бой, чиройли, ажойиб, ўзига хос кўринишга эга. Оддий ғишт билан рангли безакланган, ғиштларни бирга қўшиб ишлатиш, ҳамда кошинбуриш ва мармар ўймакорлиги намуналари яхлит, бадиийликни ташкил қилади. Нақшлардаги ранг-баранг, юлдузсимон тасвирлар ва сулс хатида битилган муқаддас Қуръондан келтирилган оятларни ўзи ҳам, Мирзо Улуғбекни буюк донишманд олими эканлигига ишорадир. Мадрасанинг тўрт бурчагидаги баланд миноралар, бинони яна ҳам кўркам ва салобатли қилиб кўрсатиб турибди. Улуғбек қурдирган ушбу мадраса, ўз даврининг илғор, барча шароитларга эга мукаммал олий ўқув юртидир. Шарқдаги биринчи дорилфунун ва кенг имкониятларга эга илмий муассаса сифатида ҳам катта шуҳрат қозонди. Бутун дунёда Улуғбек академияси сифатида машҳур бўлди. Бу фикримизни исботи сифатида европалик машҳур ёзувчи, файласуф ва тарихчи олим Вольтернинг (1694-1778 йй.) қуйидаги фикрини келтиришни ўзи кифоя «Трансак-сиянада унинг (Амир Темур) ўрнига тахтга чиққан машҳур Улуғбек Самарқандда биринчи академияга асос солди. астрономик жадвалларни тузишда иштирок этди». Ушбу академияда Мирзо Улуғбек бир неча юздан зиёд олимларни тарбиялаган. Номи жаҳонга машҳур Самарқанд расадхонаси эса устоз ва шогирдларнинг коинот сирларини ўрганиш марказига айланган. Бундан ташқари Улуғбекнинг Бухоро ва Ғиждувондаги мадрасалари ҳам, пойтахтдаги академияга қарашли замона дорилфунунлари эди. Улуғбек мадрасасининг кириш пештоқи иккинчи қаватидаги хоналарида диний ва дунёвий фанларга оид катта кутубхонаси мавжуд бўлган. Буюк Амир Темур ва фарзандлари томонидан жамланган китобларнинг кўпи ана шу ерда сақланган. Улуғбек мадрасасида барча диний ва дунёвий фанлардан чуқур билим, ҳамда таълим бериш яхши йўлга қўйилган. Мадрасада таълим берадиган юздан зиёд замонасининг машҳур олимларнинг ишлашлари учун керакли барча шароитлар яратилган бўлган. Барча олимлар билан Улуғбекнинг ўзи бевосита суҳбат ўтказган ва илми мукаммаллигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг, мударрисликга рухсат берган. Машҳур олимлардан – Мавлоно Муҳаммад Хавофий, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшед, Муъиниддин Коший мадрасанинг етакчи олим ва мударисларидан бўлган. Мадрасада бошқа олимлар билан бир қаторда Улуғбекнинг ўзи ва шогирди Али Қушчи ҳам турли фанлардан дарс берган. Учинчи даражалик алгебрик тенгламага олиб келган, бир градус ёйнинг синусини аниқлаш, Улуғбек ва унинг мактаби эришган ажойиб ва энг муҳим муваффақиятлардан бири бўлган бўлса, яшаш жойларининг координатларини аниқлаш, 1018 юлдузни ўз ичига олган, мукаммал юлдузлар жадвалини тузиш, бехато бўлган, қуёш йилининг 365 кун, 10 дақиқа 8 сониядан иборатлигини ҳисоблаб чиқиш (хатоси 0,58 сония), эклептикани ерга нисбатдан оғмалиги ва етти сайёранинг ҳаракатини кашф этиши Самарқанд академиясини дунёга танитди, ҳамда бутун илму-фан намояндалари диққатини ўзига жалб эта олди. Самарқанд, дунёда ягона аниқ фанлар марказига айланди. Мадрасада таълими уч босқичдан иборат булган: биринчи босқич «андо» ёки «паст қадам» бошланғич бўлими. Иккинчи босқич «авсат» ёки «миёна», ўрта бўлим, учинчи босқич «аъло» ёки «пешқадам» олий бўлим. Иқтидорли толиблар, бу бўлимларнинг ҳар бирида тўрт беш йиллаб қунт билан ўқишарди. Натижада, мадрасада таҳсил олиб, уни дастури бўйича асосий фанларини тўла ўзлаштирган ва имтиҳон сабоқларида ўз билимини намойиш қила олган толиби илмларга: «Санад- шаҳодатнома» ёзиб берилган. мадрасада ўқиш ва ўқитиш бепул бўлиб ҳаражатлар вақфнома орқали таъминланган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида мударрислик қилган олимларнинг бир қисми турли фанлардан толибларга дарс бериш билан бирга, математика, жўғрофия, хандаса ва астрономия бўйича амалий масалалар билан ҳам шуғуланганлар. Расадхона қурилиб ишга туширилгунга кадар, осмон жисмларининг ҳаракат ҳолатини кузатиш ишлари, маълум даражада шу мадрасада ва Улуғбек томонидан қурдирилган «Муқаттаъ» масжидида олиб борилган эди. Жаҳонга машҳур олим сифатида танилган Мирам Чалабий ва Абул Али Биржанди шу даврларда тахсил олишган. Тарихчилар: Шароффутдин Али Яздий, Ҳофизи Абрў, Абдураззоқи Самарқандий, Мирхонд, Хондамир, Исфаҳоний, Давлатшоҳи Самарқандий; адабиёт намояндалари: Қутб Сайфи Саройи, Лутфий, Ҳайдар, Хоразмий, Дурбек, Амирий, Яқиний, Атойи, Саккокий ва бошқалар шу ерда вояга етган ва ижод қилган. Абдуқодир Наимий, Қулмуҳаммад Шатқий, Ҳусайн Уди, Шоҳқули Гижжакий, Қосим Раббоний, Дарвиш Аҳмад, Қонуний, Хўжа Юсуф Андижоний, Устоз Шоди, Жамшид Таблий каби мусиқа фани намояндалари. Мирак Наққош, Қосим Али, Маҳмуд Музакҳиб, Хожи Мухаммад Наққош ва шоҳ Музаффар каби мўйқалам соҳиблари етишади. Ҳаттотлар Мирали Табризий, Султонали Машҳадий, Султонали Хандон, Халвои Рафиқий ва бошқалар ҳам шу давр намоёндалари ҳисобланадилар. ХV асрда Самарқанд илм ва адабиёт маркази сифатидаги шон-шуҳрати бутун Шарқ дунёсида машхур эди. Шаҳарга дунёнинг барча бурчакларидан фақат машҳур олимларгина эмас, балки кўплаб шоиру-шуаролар ҳам келиб туришарди. Бутун дунёга танилган машҳур шоирлардан Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳам Ҳиротдан Самарқандга келишган ва Мирзо Улуғбек мадрасасида таълим олишган. 1465-1469 йилларда Самарқандда бўлган улуғ ўзбек шоири ва муттафакири, жамоат арбоби Алишер Навоий ҳам астрономия, жўгрофия, тарих, адабиётшунослик бўйича ўз билимларини янада бойитган. Бу борада унинг Улуғбек мадрасасида икки йил олган таълими, кейинги ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Самарқанддаги ХV асрда қурилган Мирзо Улуғбек мадрасаси шарқ меъморчилигининг энг нодир ёдгорликларидан бўлиб, ҳақли равишда ўрта аср мусулмон архитектурасининг ноёб дурдонаси деб ҳисобланади. Download 95 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling