Васила Каримова оила психологияси


Download 263.96 Kb.
bet59/73
Sana17.06.2023
Hajmi263.96 Kb.
#1553327
1   ...   55   56   57   58   59   60   61   62   ...   73
Bog'liq
Karimova V.M. Oila psixologiyasi-2007

Ёлғиз ота-оналар. Ота ёки онадан бири мавжуд бўлган оилаларнинг пайдо бўлишига турли сабаблар бор: ажрим туфайли биттаси қолади, никоҳсиз пайдо бўлган оила шароити, бунда онанинг ёши катта бўлиши ҳам (ёши ўтиб бораётганлигидан никоҳсиз бўлса ҳам битта фарзанд туғиб, уни ёлғиз ўзи катта қилади), жуда ёш бўлиши (тасодифан ёшлик қилиб қиз мактаб ёшидаёқ она бўлиб қолган ҳолатлар) ҳам мумкин.
Одатда турли сабабларга кўра ёлғизланиб қолган нотўлиқ оила аъзолари жамиятдан анча айри яшашга, ёлғизликка маҳкум бўлади, бундай оилалар молиявий инқирозларга ҳам учрайди. Айрим шундай оила фарзандлари жуда ёшликдан ота қилиши лозим бўлган юмушларнинг бир қисмини ўз елкасига олишга мажбур бўлади. Тенгқурлари орасида одамови, гапга ҳам, айрим ишларга ҳам нўноқ бўлгани учун унинг дўстлари кам бўлади. Асосий мулоқот объекти она бўлиб, у ҳам кўпинча турмуш ташвишлари билан боласига етарли эътибор беролмайди. Айниқса, ўсмирлик ва илк ўспиринлик ёшидаги болалар ота-онанинг айрилиғини жуда кўнгилларига яқин олади, асабийлашадиган, салга жанжал кўтарадиган, онаси билан ҳам, бошқа яқинлари билан ҳам келишолмайдиган, агрессив бўлиб қолади.
Инжиқ болани ёлғиз ўзи тарбиялашга мажбур бўлган оналарда одатда депрессия ҳолати кузатилади. Кўпинча бундай она ўзини омадсиз, турмуш вазиятларининг қурбонидай ҳис қилади, кўпинча хафа бўлиб юради ва ич-ичидан ўзини болалари олдида гуноҳкор ҳис этади, истиқболда уни ва фарзандларини нима кутаётганлигини билмай ташвишланади. М. Нистал (2003)нинг ёзишича, ёлғиз ота-оналарнинг шахсига қўйилган талаблар уларнинг реал имкониятларидан ортиқ бўлиб, ундан катта эмоционал юкни ва ниҳоятда ишчанликни талаб этади. Бунга афсуски, ҳамма ҳам чидайвермайди.


7.6. Бола томонидан ота-оналарнинг ва ота-оналикнинг идрок этилиши


Боланинг келажаги, унинг шахс бўлиб камол топиши кўп жиҳатдан ота-она оиласи, у тўғрида фарзандда шаклланган тасаввурларга боғлиқ эканлиги психологлар томонидан анча батафсил ўрганилган. Тадқиқотларда аниқланишича, боланинг ўз оиласи тўғрисидаги тасаввурлари кўпинча ота-онанинг тасаввурлари ва асл ҳолат билан қисман мос келади. Одатда ота-она ўз фарзанди учун қўлидан келган барча чораларни кўраётгандай, буни бола англашини ва ундан ҳамиша миннатдор бўлиши кераклигини кутади, лекин болалар бу хусусда турлича тасаввурга эга бўладилар. Меҳрибон ота-она оғушида айрим болалар ўзларини барибир ёлғиз, кемтик, камситилган ҳис этади. Г.Т. Хоментаускас (1989) оилада ота-она хулқ-атвори ва боланинг бу хатти-ҳаракатларни идрок қилиши ва ота-онага муносабатининг 5 та асосий кўринишларини таҳлил қилган:

  • Ота-она ва бола муносабатлари демократик тамойилларда амалга ошадиган оилада болада ўзи ва ота-онаси тўғрисида қуйидагича тасаввур шакллаанди: “Мени севишади ва мен керакман, шунинг учун мен ҳам уларни жуда севаман”. Бундай бола психологияси ва характерида устувор фазилатлар сифатида адекват ўз-ўзини баҳолаш ва инсонларга ишонч, ҳар қандай яхши нарсалардан, жумладан, ота-она билан яқин, самимий муносабатлар қувониш, ўзига ишонч, хатоликлардан чўчимаслик, айб иш қилиб қўйганда ҳам унчалик қайғурмаслик, заруратга қараб илтимослар қилиш ва бунда реал кўмак олишга умидворлик, ота-онанинг ҳаётдаги ўрни ва ишончларини, умид ва истаклари билан ҳисоблашиш кабиларни санаш мумкин.

  • Болага нисбатан ҳаддан зиёд меҳрибонлик (гиперпротекция), эътибор кўрсатилган оилада бола “Мени севишади ва мен керакман, улар мени деб яшашади”, деган тасаввур мавжуд бўлади. Бундай оилада болалар ўзининг борлигидан, туғилганлигидан мағрурланиб яшайди ва шунинг учун ҳар қандай тилак ва хоҳиш амалга ошишига ишонади. Одатда бундай боланинг туғилишини ота-она узоқ вақт кутган бўлади ва буни улар ҳадеб болага эслатаверади, шунинг учун ҳам бола жуда эгоист бўлиб улғаяди, ота-онасининг ночорлиги тўғрисидаги тасаввур ўзининг кўп нарсаларга қодирлиги билан уйғунлашади. Тантиқ болада ўзи тўғрисида гўёки ўта иқтидорли эканлиги фикри устувор бўлади, чунки ота-она унинг айрим, аҳамиятсиз ютуқларини ҳам осмонга кўтаради.

  • Юқоридаги ҳолатнинг акси, яъни, болага нисбатан эътиборсизлик, меҳрсизлик бўлган оилада боланинг тасаввури қуйидагича бўлади: “Мени ёқтиришмайди, лекин мен ўзим ҳаракат қилиб, уларга яқинлашишим керак”. “Мен яхши бола эмасман”, деган тасаввур одатда болада қатор жиддий салбий сифатларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Масалан, ўзига бўлган баҳонинг пастлиги, ўзини айбдор деб ҳисоблашнинг юқорилиги, кўп нарсалардан ҳадиксираш, айб иш қилиб қўйишдан чўчиш, кайфиятнинг беқарорлиги ва шунга ўхшаш. Бундай оилада маънавий муҳит яхши бўлмаганлиги сабабли бола салга йиғлайдиган, “қўрққан олдин мушт кўтаради”, деганларидай, ҳар бир яхши ёки ёмон ишни қилиб қўйиб, ўзини оқлашга интилиш психологияси пайдо бўлади. Аслида бола ўзининг кутилмаган эканлигини, ота-оналари уни вазият тақозоси, тасодиф туфайли дунёга келтиришганлигини яхши билади. Чунки бу ҳақда ота-оналар унинг олдида гапираверадилар.

  • Ота-она меҳрига тўймаган, унга эришолмаган бола салбий ҳиссий кечинмаларнинг кейинги босқичига ўтади: “Сизлар мени хафа қиляпсизлар, мен ҳам шунга муносиб жавоб бераман”. Бундай шароитда бола атайлаб, ота-онасига ёқмайдиган қилиқлар қилади, айтганларининг тескарисини бажаради, тобора ота-она учун ҳам у билан бўладиган мулоқотлар оғир ботадиган бўлиб боради. Қасоскор бола кўпинча ота-она талабларининг тескарини қилиб, уларнинг асабига тегадиган, бошқариб бўлмайдиган қайсар ва кўпинча жиноят йўлига ҳам кириб кетадиган инсонга айланади.

  • Баъзан ота-она меҳрсизлигидан азият чеккан бола курашиб чарчайди: “Мени севишмайди, керак эмасман, мени тинч қўйинглар”, деган маънода бола ўз ночорлигини ифодалай бошлайди. Бундай оиладаги вазият жуда оғир бўлиб, бола ўзини ёлғизликка маҳкум этади, ҳаммадан қочади, ўсмирлар ўртасида содир бўладиган суицид ҳолатларининг аксарияти ана шу психологик вазиятдан келиб чиқади.


Download 263.96 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   55   56   57   58   59   60   61   62   ...   73




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling