38. Ажратилган ҳол.
Ҳол қуйидаги ўринларда ажратилади:
1. Равишдош орқали ифодаланган ҳол ажратилиши мумкин.
Масалан: Жамоа раиснинг Тошкентга қўнғироқ қилган-қилмамаганлиги ҳақида хабар кутиб, Ҳалим аканинг уйида ўтирар эди.
2. Ўзидан олдинги ҳолни изоҳлаган ҳол ажратилади.
Масалан: У ҳам олдинда, раҳбар билан бир қаторда, ўқитувчининг ёнгинасида борар эди.
Ажратилган ҳол гапнинг бошқа бўлакларидан вергул билан ажратилади.
Масалан: Менинг кириб келишим ҳар икки уйда ҳам, яъни бизнинг уйда ҳам, Саодатларнинг уйида ҳам жуда катта қувончларга сабаб бўлди.
СОДДА ГАПНИНГ ТУРЛАРИ
Содда гаплар тузилиш жиҳатидан йиғиқ ва ёйиқ; тўлиқ ва тўлиқсиз гапларга бўлинади.
Содда гаплар бош бўлакларининг (эга ва кесим) бўлиши ёки бўлмаслигига қараб тўрт турга бўлинади:
1. Шахси маълум гап.
2. Шахси умумлашган гап.
3. Шахси номаълум гап.
4. Атов гап.
39. Йиғиқ содда гап ва ёйиқ содда гап
Бош бўлаклардан, яъни эга ва кесимдан тузилган гап йиғиқ содда гап дейилади.
Масалан: Дарс бошланди. Мактабимиз катта.
Йиғиқ содда гапда эга ёки кесим уюшиб келиши ҳам мумкин: Пўлат ва Эркин келди. Яшнар, ялтирар қорлар.
Бош бўлаклар ҳамда иккинчи даражали бўлаклардан тузилган гап ёйиқ содда гап дейилади.
Масалан: Бизнинг мактабимиз бу йил ҳам намунали мактаб бўлади.
40. Тўлиқ содда гап ва тўлиқсиз содда гап
Содда гапнинг мавжуд бўлакларидан бирортаси ҳам туширилмаган гап тўлиқ содда гап дейилади.
Нутқ мазмунидан осонгина аниқланган бирор бўлаги туширилган гап тўлиқсиз гап дейилади.
Масалан: Йиғилиш бошландими? (Тўлиқ содда гап.)
Бошланди. (Эгаси туширилган тўлиқсиз содда гап.)
Тўлиқсиз содда гап икки ёки ундан ортиқ ҳамсуҳбат кишининг нутқида кўпроқ қўлланади. Бунда ҳамсуҳбатларнинг нутқидан маълум бўлган ҳар бир гап бўлаги туширилиши мумкин. Масалан:
Амина келдими?
Келди. (Эга туширилган.)
Мажлисда ким сўзлади?
Зулфия. (Кесим ва ўрин ҳоли туширилган.)
Do'stlaringiz bilan baham: |