56. Ўхшатиш эргаш гап
Бош гапдаги иш-ҳаракатнинг бажарилишини ўхшатиш йўли билан билдирган эргаш гап ўхшатиш эргаш гап дейилади.
Ўхшатиш эргаш гап қандай? кимдек? нимадек? каби сўроқларга жавоб бўлиб, бош гап билан қуйидагича боғланади:
1. Худди, гўё сўзлари ёрдами билан боғланади (бунда бош гапнинг кесимида -ки бўлиши ҳам мумкин): Бу хонада шундай жимлик чўкканки, гўё унда ҳаёт бутунлай йўқ. Яна ўн йил ўтар, гўё ҳаводан гувиллаб ўтгандек ўнта самолёт.
2. -дек, -дай қўшимчали сифатдошлар ёрдами билан боғланади: Эркаланиб ётади у Ватан тупроғида, ёш бола ётгандай онанинг қучоғида.
57. Ўрин эргаш гап
Бош гапдаги иш-ҳаракатнинг ўрнини билдирган эргаш гап ўрин эргаш гап дейилади.
Ўрин эргаш гаплар қаерда? қаерга? қаердан? сўроқларига жавоб бўлиб, у ерда, у ерга, у ердан, шу ерда, шу ерга, шу ердан, ўша ерда каби сўзлар орқали бош гапга боғланиб келади.
Масалан: Қаерда болалар интизомли бўлса, ўша ерда ўқиш ҳам яхши боради.
58. Пайт эргаш гап
Бош гапдаги иш-ҳаракатнинг пайтини билдирган эргаш гап пайт эргаш гап дейилади.
Пайт эргаш гап қачон? қачондан бери? қачонгача? каби сўроқларга жавоб бўлади ва бош гап билан қуйидагича боғланади:
1. -гач, (-кач, -қач), -гунча (-кунча, -қунча) қўшимчали равишдошлар ёрдамида боғланади: Орадан бир оз вақт ўтгач, бу ерда қурувчилар ишни бошлаб юборишди. Тошқин бошлангунча, биз тўғонларни тузатиб қўйдик.
2. -да қўшимчали сифатдошлар ёрдамида боғланади: Ўқитувчи синфга кирганда, барча ўқувчилар ўрнидан тик туриши керак.
3. Сифатдошдан кейин экан, эди тўлиқсиз феълларини ёки пайтда, вақтда, чоғда каби сўзларни келтириш билан боғланади: Саодат хайрлашиб йўлга тушар экан, Каромат хола оналик меҳри билан унинг орқасидан тикилиб турар эди. Ҳаммамиз далага йўл олган чоғда, катта тўй тусини олади қишлоқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |