Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик университети жиноят-процессуал ҳУҚУҚИ


II. АЙБЛОВНИ ТУГАТИШ АСОСЛАРИ ВА УЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ


Download 111.01 Kb.
bet7/12
Sana12.03.2023
Hajmi111.01 Kb.
#1265278
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   12
Bog'liq
БЛИ

II. АЙБЛОВНИ ТУГАТИШ АСОСЛАРИ ВА УЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ.
2.1. Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар.
1. Шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги ҳолати.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 64 - моддага кўра жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги жиноий жавобгарликдан озод қилишга сабаб бўлади.
2018 йил 20 июль кунидаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–485-сон Қонуни эълон қилинди. Унга кўра, жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари камайди.
Ушбу қарорга мувофиқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир қилинган кундан бошлаб - 2 йил, унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб - 4 йил, оғир жиноят содир қилинган кундан бошлаб - 8 йил, ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб (ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно) - 14 йил ўтиб кетган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилиниши белгиланмоқда10.



Жиноят тоифаси

Эски муддат

Янги муддат

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар

3 йил

2 йил

Унча оғир бўлмаган жиноятлар

5 йил

4 йил

Оғир жиноятлар

10 йил

8 йил

Ўта оғир жиноятлар

15 йил

14 йил

Айтиб ўтиш жоизки, мазкур муддатлар жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳукм қонуний кучга кирган кунгача ҳисобланади. Улар ўтган бўлса, шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинади, яъни нафақат жазо олмайди, балки судланган деб ҳисобланмайди.


Бироқ ушбу муддатларини қўллаш учун 2 та шарт мавжуд бўлиши лозим:
1) шахс тергов ва суддан яширинмаслиги – агар жиноят фош этилган, шахс эса жиноий жавобгарликка тортилган, бироқ қочиб кетган бўлса, даъво муддатларининг ўтиши тўхтатилади, яъни шахсни қидириш даври даъво муддатига киритилмайди;
2) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахс даъво муддати ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этмаслиги керак. Бундай ҳолларда даъво муддатини ҳисоблаш янги жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳисобланади ва қолган ҳолларда эса муддат ҳар бир жиноят учун алоҳида ҳисобланади.
Бундан ташқари, яна бир муҳим жиҳати шундаки, Жиноят кодексининг 64 - моддаси 5 - қисмига кўра, агар жиноят содир этилган кундан бошлаб 25 йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Яъни ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир қилиб, қидирувда бўлган шахслар оғир ҳамда ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ва суддан яширинган шахслар билан тенг равишда жиноий таъқиб қилинади. Мазкур қисм ўзгартирилиб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб 10 йил, оғир ва ўта оғир жиноят содир қилинган кундан бошлаб 25 йил ўтган бўлса, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги белгиланди.
Бироқ даъво муддати қўлланмайдиган ва жиноят содир этилган пайтдан бошлаб қанча вақт ўтган бўлмасин, шахс ҳар қандай ҳолатда жавобгарликка тортилиши шарт бўлган жиноятлар мавжуд. Илгари уларга тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноятлар кирар эди. Улар Жиноят кодексининг Махсус қисми VIII бобида келтирилган бўлиб, 11 та моддада ўз аксини топган. Энди рўйхат кенгайтирилиб, унга қуйидагилар қўшилди:
• Давлатга хоинлик қилиш (Жиноят кодекси 157 - моддаси);
• Президентнинг ҳаётига тажовуз қилиш (Жиноят кодекси 158 - моддаси 1 - қисми);
• Оғирлаштирувчи ҳолларда конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш (Жиноят кодекси 159 - моддаси 3 ва 4 - қисмлари);
• Жосуслик (Жиноят кодекси 160 - моддаси);
• Қўпорувчилик (Жиноят кодексининг 161 - моддаси);
• Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш (Жиноят кодекси 2442 - моддаси).
Худди шу моддалар жазони ижро этишдан озод қилишга нисбатан муддатлар ўтиши қўлланмайдиган жиноятлар рўйхатига киритилган.
Айтиб ўтиш лозимки, қатъий нормалар киритилиши билан бир қаторда ушбу моддаларнинг аксариятида амалда пушаймон бўлганда жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган. Масалан, давлатга хоинлик тўғрисида ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар берган, жиноятни очишга фаол ёрдам берган, бунинг натижасида мамлакат учун оғир оқибатлар юзага келишининг олди олинган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқароси жазодан озод этилади.
2. Эълон қилинган амнистия акти содир этилган жиноят ёки шахсга дахлдорлик ҳолати.
Aмнистия(юнонча амнестиа – кечириш, гуноҳидан ўтиш) – олий давлат ҳокимияти органининг хусусий акти, айрим шахсларни жиноий жазодан озод қилиш, жиноят ишини бекор этиш ёки жазони енгиллатиш тўғрисидаги қарори11.
Юридик адабиётларда амнистия актини инсонпарварлик моҳиятидаги зарур чора деб қаралади. Унинг ижобий жиҳатлари орасида жиноий жазонинг репрессив хусусиятларини камайтириш мақсадига монанд эканлигига, жазоларни енгиллаштириш сари ўзгартиришга хизмат қилишига урғу берилади. Мазкур фикр муаллифлари амнистия актини қўллашдан аввал унинг салбий оқибатларини бартараф қилиш мақсадида амнистия қилинадиганларни ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиш дастурини жуда пухта ўйлаш зарур деб ҳисоблайдилар. Жиноят процессида амнистия актини қўллаш бўйича қонунларга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар бугунги кунда ўзининг самарасини бермоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда тергов ҳибсхоналари ва жазони ўташ жойларида сақланаётганларнинг сони қарийб икки баробар камайди. Натижада тергов ҳибсхоналари ва колонияларида собиқ тузум пайтидан бери давом этиб келаётган жиддий муаммога, яъни маҳкумлар сонининг нормадан бир ярим икки баробар ортиқ бўлишига чек қўйилди12.
Амнистияда жиноят содир қилинганлиги учун ҳукм қилинган ёки жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг тақдирига енгиллик бериш мақсадида кўриладиган чора-тадбирлар кўлами катта. Бу чора-тадбирлар жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига жиноят учун тайинланган жазо турига ва айбдор шахсни тавсиф этувчи турли ҳолатларга қараб амалга оширилади.
Юқорида қайд этилган фикрлар билан бир қаторда ҳозирги кунда юридик адабиётларда амнистия актини инсонпарварлик, жиноий жазоларни тежаш мақсадига қаратилган, жазони енгиллаштиришга имкон берувчи ижобий чоралардан бири13, сифатида эътироф қилувчи олимларнинг фикрига
қўшиламиз.
Давлат жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириш билан бир вақтда уларни кечириш орқали тарбиялаш зарурлигини ҳам эътибордан соқит қилмайди.
Шунингдек, амнистия жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларни жазодан тўла ёки қисман озод этиш, тайинланган жазо турини енгилроғи билан алмаштириш тўғрисида инсонпарварликни намойиш қилувчи фармойишдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Aмнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган фуқароларни афв этиш ваколатига эга. Aмнистия халқ ўртасида "Умумий афв" деб ҳам юритилади. Aмнистияга асосан, жазодан озод қилинган шахслар такроран жиноят қилишдан ўзларини тийишлари лозим, чунки такроран содир қилган жинояти учун ҳукм этилган шахсларга нисбатан кейинчалик қабул қилинган Aмнистия қўлланилмайди ва бу ҳолат ундай шахсни жазодан озод этишга монелик қилади14.
Умуман олганда, Aмнистия – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қилинадиган норматив характердаги ҳужжат бўлиб, унда жиноий жавобгарликдан ёки тайинланга жазони ўташдан озод этиладиган, суд белгилаган жазо муддати қисқартириладиган шахслар тоифалари ёки барча шахслар белгилаб берилади. Aмнистия акти юридик кучи муайян доирадаги шахсларга нисбатан масалан, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар, аёллар, вояга етмаганлар ёки 60 ёшдан катталар ёки муяян турдаги жиноят масалан, эҳтиётсизлик туфайли, иқтисодий ва бошқа жиноятларни содир этганларга нисбатан чиқарилган норматив акт ҳисобланади. Aмнистия тўғрисидаги эълон қилган актларнинг биронтаси ҳам “Жавобгарликдан озод этиш” тушунчасини ўз ичига олмаганлигига қарамай, у ҳар ҳолда жиноий ишни қўзғатишдан воз кечиш, уни дастлабки тергов пайтида тугатиш ёки айблилик тўғрисиддаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини тугатиш орқали амалга оширилади15.
Жиноят - процессуал қонуни ҳужжатларига мувофиқ, агар амнистия акти содир этилган қилмиш учун жазо қўлланишини бекор қилган тақдирда жиноий иш қўзғатилиши мумкин эмас, қўзғатилган иш эса, тугатилиши шарт. Aйбланувчи бунга қарши бўлса, шу билан бирга, жиноят иши суд муҳокамаси босқичида бўлганида амнистия акти бўйича жиноят иши тугатилиши мумкин эмас. Бундай вазиятда суд ишни охиригача кўриб чиқиб, айблов ҳукми чиқариши орқали маҳкумни жазодан озод қилади.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, Республикамизда амнистия акти тўғрисида қонун қабул қилинмаган. Бу тўғри, чунки бундай қонунни қабул қилишнинг ҳеч қандай амалий аҳамияти йўқ. Ҳар сафар амнистия акти чиққанда, шу актнинг ўзида амнистия қилиниши лозим бўлган шахслар гуруҳи ва амнистия қилиш тартиби кўрсатилади. Aйбдорни жиноий жавобгарликдан озод қилувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобарликка тортиш муддати ўтганидан сўнг жиноий иш қўзғатилган тақдирда, маҳкум, гарчанд, жазони ўташдан озод қилинга бўлса-да, айблов ҳукми бекор қилиниб, иш ҳаракатлари тўхтатилади.
Aмнистия актлари, одатда, вояга етмаганлар, аёллар, ҳомиладор аёлларга, шунингдек, бошқа белгиларига кўра жиноятнинг характери ва оғирлик даражасига кўра қўлланилади. Aммо, бошқа ижтимоий-сиёсий асосларга кўра ҳам амнистия актлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг доираси анъанавий тартибда эмас, балки, алоҳида тартибда белгиланади. Aна шу нуқтаи назардан амнистия рецидивистлар ва бошқа хавфли жиноятчиларга нисбатан қўлланмайди. Масалан, амнистия тўғрисидаги қарорларда у ёки бу қоидаларнинг амал қилиши уюшган гуруҳлар таркибида ҳаракат қилган, ўта оғир жиноятлар содир қилган, жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ жионят содир қилганлар ва ўта хавфли рецидивист, деб эътироф этилган шахсларга нисбатан қўлланмайди16.
Aмнистия актининг юридик кучи ушбу меъёрий акт кучга кирган, яъни у эълон қилинган кунга қадар жиноят содир этган шахсларга татбиқ этилади. Aмнистия актлари тўрт ой мобайнида амал қилиб, бу ўз навгатида ушбу инсонпарварлик акти ана шу давр давомида бажарилиш шартлигидан далолат беради.
Умумий қоидага кўра, амнистия акти у чиқарилгунга қадар содир этилган жиноятларга нисбатан татбиқ этилади. Узоққа чўзилган жиноят содир этган шахларга нисбатан, амнистия акти, агар жионятни ташкил этувчи барча ҳаракатлар амнистия акти кучга киргунга қадар амалга оширилган бўлса, татбиқ этилади. Aмнистия акти асосида шахсни жиноий жавобарликдан озод қилиш давлат томонидан унинг жиноятини эмас, балки шахснинг кечирилишидир.
Жиноят кодексининг 7 - моддасида Инсонпарварлик принсипи ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр - қимматини камситиш мақсадини кўзламайди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, жазо жиноят содир этган шахсга нисбатан аксинча таъсир қилиш мақсадида эмас, балки кодекснинг инсонпарварлик ғояларига таяниб, уни тарбиялаш ва жамиятга қайтаришни кўзда тутади.
Aмнистияга акти қўлланилган барча шахслар ҳам қайтиб жиноят содир этмайди. Aксинча, амнистия жиноят содир этган шахсларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини ошириб, жамиятда тўғри йўл тутишлари учун янада масъулият юклайди. Бундан ташқари, амнистия акти асосан жиноят кўчасига адашиб кириб қолган, биринчи марта жиноят содир этган ва бошқа турли сабабларга кўра ижтимоий хавфи камроқ бўлган шахсларга нисбатан ҳамда жиноятчиларнинг жазо уйларида бўлишлари ёки жиноятчи деган тамға остида бўлишлари уларнинг бундай жазо ва айбловдан соқит бўлган ҳолатига нисбатан кўпроқ жамият учун зарарли бўлиши тахмин қилинган шахсларга нисбатан қўлланилади. Aмнистия жиноят ҳуқуқи оламидаги энг катта инсонпарварлик принсипи намояндаси бўлган жараён ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 68 - моддасига кўра, жиноят содир этган шахс амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси, 10 - бандида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилади. Aмнистия жиноят содир этган, Шунингдек, жазони ўтаётган шахсларга нисбатан билдирилган инсонпарварликнинг намойишидир. У муайян жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган жиноят қонунини бекор қилмасдан, суд ҳукмининг қарорлари асосли ва қонунийлигини шубҳа остига қўймасдан, шахсни жазодан ёки жиноий жавобгарликдан озод қилади, айбдорга тайинланган жазони енгилроқ жазо билан алмаштиради ёхуд белгиланган муддатларни қисқартиради, шунингдек, жазони ўтаганликнинг оқибати судланганликни бекор қилади.
Aмнистия акти муайян жиноят учун жавобгарликни кўзда тутган ҳуқуқуий ҳужжатни, яъни суд ҳукмини бекор қилмайди, балки жиноят содир этган шахслар қисматини енгиллаштиради. Aмнистия акти асосида жиноий жавобгарликдан озод қилишда инсонпарварлик принсипи ўз ифодасини топган.
Жиноят кодекси 68, 76 ва 79 - моддаларига мувофиқ, амнистия акти қўлланилиши натижасида қуйидаги ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши мумкин:
1) шахс жиноий жавобгарликдан озод этилиши;
2) маҳкум асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан озод этилиши;
3) маҳкумга тайинланган асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазо муддатининг камайтирилиши;
4) маҳкум жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилиши;
5) маҳкумга тайинланган жазонинг ўталмаган қисми енгилроғи билан алмаштирилиши;
6) жиноят содир етган шахсдан судланганлик муддатидан илгари олиб ташланиши.
3. Айбланувчи, судланувчи вафот этганлик ҳолати.
Маълумки, агар айбланувчи, судланувчи, шу жумладан гумон қилинувчи шахс вафот этган булса, жиноят ишини тугатиш учун асос мавжуд булади, лекин вафот этган шахсга нисбатан унинг яқин қариндошлари талаб қилганда тергов ўтказилиши мумкин. Агар жиноий жавобгарликка тортилган шахс ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаса, иш тугатилади. Вафот этган шахсни жиноят содир этишда айблаш ёки унга белгиланган жазо муддатини узайтириш ёхуд унинг жиноятини тавсифловчи моддани оғиррок моддага узгартириш мақсадида тергов ёки суд харакатлари олиб борилмаслиги лозим17.
Вафот этган шахснинг мулки жиноят йули билан қўлга киритилганлиги аниқланганлиги масаласи фуқаровий судлов муҳокамаси орали ҳал этилиши лозим. Амалиётда вафот этган шахсни оқлаш учун асослар топилмаса, суд жиноят ишини тугатиш тўғрисида ажрим чиқариши ва унда Жиноят - процессуал кодекси 84 - моддасининг 3-банди қўлланиши лозим бўлади. Уларда вафот этган шахснинг қадр - қимматини камситиш ёки у тўғрсидаги бирон ахборотни кўрсатиш мумкин эмас.
Демак, жиноят содир этганидан кейин айблунувчи, судланувчи вафот этган булса, жиноят иши тугатилади. Агар айбланувчи, судланувчининг қариндошлари ҳақиқатни билиш ва яқинларини ёмон отлиғ бўлишдан қутқариш ниятида ишни юритишни давом эттиришни талаб қилсалар, жиноят иши умумий тартибда юритилади ва жазо белгиланмайдиган айблов ҳукми чиқарилар экан.
4. Шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми борлиги ҳолати.
Шахс содир этган қилмиши учун факат бир марта жиноий жавобгарликка тортилиши ва жазоланиши мумкин. Шахсга нисбатан айнан шу айблов буйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлса, жиноят ишини қўзғатиш ҳамда юритиш мумкин эмас.
Ҳукм - жиноят процессида судланувчининг айбдорлиги ёки айбдор эмаслиги ҳақида суднинг чиқарган қарори18. Ўзбекистон Республикаси судлари ҳукмни Ўзбекистон Республикаси номидан чиқаради. Ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт. Суд ҳукмни фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асослайди. Суднинг ҳукмида ифодаланган барча хулосалари асослантирилган бўлиши лозим. Ҳукм фақат маслаҳатхонада якка судъя ёки ҳайъат томонидан қабул қилинади ва барча ҳолатда ҳам ошкора эълон этилади.
Судлар оқлов ҳукмини чиқаришга олиб келувчи, жиноий ҳодисанинг ёки жиноят таркибининг бўлмаслиги, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор эмаслиги тўғрисидаги асослар рўйхати Жиноят - процессуал кодексининг 464 - моддасида тўлиқ кўрсатилганлигини эътиборга олишлари лозим.
Оқлов ҳукми чиқарилаётганда, унинг тавсиф қисмида ушбу Кодекснинг 469 - моддасига биноан судланувчига қўйилган айбловнинг моҳияти, суд аниқлаган иш ҳолатлари, судланувчининг айбсизлиги тўғрисидаги суд хулосасини тасдиқловчи далиллар, судланувчининг жиноят содир этишда айби бор деб даъво қилишга асос бўлган далилларни суд нима учун ишонарли эмас ёки етарли эмас деб ҳисоблаши ёки нима учун суд жиноий ҳодисанинг ўзи юз бермаган ёхуд судланувчи содир этган қилмишни жиноят эмас деб ҳисоблаши; фуқаровий даъвога оид қарорнинг асослари баён қилинади. Шунингдек, оқлов ҳукмига оқланганнинг айбдор эмаслигига шубҳа туғдирувчи ибораларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.
Жиноят кодексининг бир ёки бир неча моддалари (моддалар қисмлари, бандлари) билан тавсифланган бир неча жиноятларни содир этганликда айбланган шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида ҳар бир модда (модданинг қисми, банди, айблов эпизоди) бўйича оқлашнинг тегишли асосларини кўрсатиб, айбловнинг асоссиз эканлиги тўғрисида асослар келтирилган ҳолда хулосани тузиши лозим.
Ҳукмнинг қарор қисмида Жиноят - процессуал кодекси 470 - моддасида санаб ўтилган барча кўрсатмалар тўлалигича ёритилиши лозим.
Шунингдек, жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли оқлов ҳукми (Жиноят - процессуал кодекси 83 - моддаси 1 - банди) агарда судланувчи содир этганликда айбланаётган қилмиш судланувчи томонидан содир этилмаган бўлса, ёхуд назарда тутилган оқибат зиён етказилган шахс томонидан ёки кимнинг хоҳиш истаги ва ихтиёридан бўлишидан қатъий назар, масалан, табиатнинг таъсир кучи натижасида содир этилса чиқарилади.
Қилмишда жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли (Жиноят - процессуал кодекси 83 - модда 2 - банди) оқлов ҳукми чиқарилади, агар: 1) жиноят сифатида назарда тутилган қилмишнинг аломатлари мавжуд бўлсада, ўзининг кам аҳамиятлилиги туфайли ижтимоий хавфли бўлмаса (Жиноят кодекси 36 - модда);
2) қилмиш зарурий мудофаа ёки охирги зарурат ҳолатида содир этилган бўлса (Жиноят кодекси 37, 38 - модда);
3) қилмиш судланувчи томонидан содир этилган бўлсада, бироқ Жиноят қонуни билан жиноят деб топилмайди (зарар ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида етказилса (Жиноят кодекси 39 - модда), буйруқ ёки бошқа вазифани ижро этиш (Жиноят кодекси 40 - модда), касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик (Жиноят кодекси 41 - модда);
4) шахс жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтганда (Жиноят кодекси 26 - модда) ва ҳ. к.
Агар ижтимоий хавфли қилмиш факти ва оқибатининг келиб чиққанлиги аниқланган бўлиб, бироқ суд муҳокамасида тақдим қилинган ва текширилган далиллар билан унинг судланувчи томонидан содир этилганлиги инкор этилса ёки ўз тасдиғини топмаса, суд шахснинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқаради (Жиноят процессуал кодекси 83 - модда 3 - банди)19.
Шахс содир этган қилмиши учун факат бир марта жиноий жавобгарликка тортилиши ва жазоланиши мумкин. Шахсга нисбатан айнан шу айблов буйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлса, жиноят ишини қўзғатиш ҳамда юритиш мумкин эмас.
Умуман олганда, ҳукмнинг 2 тури мавжуд бўлиб улар айблов ҳукми ва оқлов ҳукмидир. Aйблов ҳукми, ўз навбатида, 3 турга бўлинади:
1) жазо белгилайдиган;
2) жазо белгиламайдиган;
3) жазодан озод қиладиган айблов ҳукми.
Жазо белгилайдиган айблов ҳукми судланувчининг жиноятни содир этишдаги айби суд муҳокамаси давомида ишончли далиллар билан исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Фақат айблов ҳукми билан судланувчи айбдор деб топилади ва жазога тортилади.
Суд қуиидаги ҳолларда жазо белгиламайдиган, яъни жазо тайинламасдан айблов ҳукмини чиқаради:
1) маҳкум содир этган жинояти учун жазо тайинлашни истисно этадиган амнистия акти эълон қилинган бўлса;
2) мазкур жиноят учун айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш муддати ўтиб кетган бўлса;
3) Ҳукм чиқариладиган вақтга келиб, қилмиш ёки уни содир этган шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотса;
4) маҳкумнинг тузалишига жамоат бирлашмалари ва жамоалар таъсир чораларини ёки маъмурий жазо чораларини қўллаши билан эришиш мумкин бўлса;
5) Ҳукмни чиқариш вақтигача судланувчи вафот этган бўлса20.
Жиноят - процессуал кодексининг 469 - моддасига кўра, Оқлов ҳукмнинг тавсиф кисмида куйидагилар курсатилади:
1) судланувчига куйилган айбловнинг моҳияти;
2) суд аниқлаган иш ҳолатлари, судланувчининг айбсизлиги тўғрисидаги суд хулосасини тасдиқдовчи далиллар;
3) судланувчннинг жиноят содир этишда айби бор деб даъво қилишга асос бўлган далилларпи суд нима учун ишонарли эмас ёки етарли эмас деб хисоблаши ёки нима учун суд жиноий ҳодисанипг ўзи юз бермаган ёхуд судланувчи содир этган қилмишни жиноят эмас деб ҳисоблаши;
4) фуқаровий даъвога оид қарорнинг асослари.
Оқлов ҳукмининг тавсиф қисми судланувчининг айбсизлигини ифода этиб, унга асослар беришга йўналтирилган суд хужжаги сифатида тан олинади.
Судланувчининг айбсизлигига асос берувчи суд хужжати суд муҳокамасида шахсни оқловчи теклшрилган далилларга таянган бўлиши лозим (Жиноят - процессуал кодекси 464 - моддаси шархи).
Оқлов ҳукмига оқланганнинг айбдор эмаслигига шубҳа туғдирувчи ибораларнинг киритилишига йўл қўйилмайди. Башарти, Жиноят кодексининг бир ёки бир неча моддалари билан тавсифланган бир неча жиноятларни содир этганликда айбланган шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида ҳар бир модда бўйича оқлашнинг тегишли асосларини кўрсатиб, айбловнинг асоссиз эканлиги тўғрисида фактлар келтирилган ҳолда хулоса тузиши лозим21.
Ушбу Кодекс 470 - моддасида оқлов ҳукмининг қарор қисми оқлов ҳукмининг ҳарор кисмида:
1) судланувчипипг исми, отасинипг исми ва фамилияси;
2 ) судланувчини жипоят содир этилишида айбсиз деб эътироф
этиш ва уни оқлаш тўғрисидаги қарор;
3) судланувчига писбатан қўлланилган эҳтиёт чорасипи бекор қилиш тўғрисидаги қарор, башарти, эҳтиёт чораси сифатида у қамоқда сақланаётган бўлса, оқланган шахсни дарҳол, суд мажлиси залипииг ўзида озод қилиш тўғрисидаги қарор;
4) кўзғатилган фуқаровий даъвони қаноатлантириш рад этилган бўлса, даъвони таъминлаш учун кўрилган чораларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор;
5) мол - мулкни мусодара қилишни таъминлаш юзасидан чоралар кўрилган бўлса, уларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор;
6 ) оқланган шахснинг унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ушбу Кодекснинг 304 - 313 - моддаларида назарда тутилгап тартибда баргараф қилиш ҳуқуқини эътироф этиш.
Оқлов ҳукмининг қарор қисмида ҳал этиладиган асосий масала судланувчини айбсиз деб тан олиш ва суднинг ҳукмига биноан уни оқлашдир.
Ушбу Кодекснинг 470 - моддасида қайд этилган масалалар оқлов ҳукмининг қарор кисмида тўла баён этилган ва ҳал қилинган бўлиши лозим.
Оқлов ҳукмининг қарор қисми мантиқий ва таркибий равишда оқлов ҳукмининг тавсиф қисмидан келиб чиқиши талаб этилади, акс ҳолда ушбу ҳукмнинг қисмлари бир - бирига мос бўлмаса ва бирон - бир зиддиятларга эга бўлса, чиқарилган оқлов ҳукми бекор қилинади.
Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ёки шахснинг жиноят содир этилишига даҳлдор бўлмагани сабабли оқлов ҳукми чиқарилаётганда суд фуқаровий даъвони қаноатлантиришни рад қилади. Судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаганлиги туфайли оқлов ҳукми чиқарилганда фуқаровий даъво кўрилмасдан қолдирилиши лозим.
5. Шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича ишни тугатиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ажрими (қарори) ёки ваколатли мансабдор шахснинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёхуд ишни тугатиш ҳақида бекор қилинмаган қарори борлиги ҳолати.
Агар шахс илгари ҳам худди шу каби жиноятда гумон қилинган ёки у айбдор бўлиб, унинг ишини тугатиш тўғрисида суд ҳукм, ажрим ёхуд терговчи, прокурор қарор чиқарган бўлса, иш бўйича ҳеч қандай тергов ҳаракатлари олиб борилмаслиги лозим. Жиноят ишини қўзғатиш босқичида содир этилган қилмишда жиноят белгисининг мавжуд эмаслиги, ёки жиноий ҳодиса юз бермаганлиги жиноят ишини қўзғатишни рад қилишга асос бўлади.
Агар суд муҳокамасида жиноят ишини тугатиш асослари мавжудлиги аниқланса, оқлов ҳукми билан иш якунига етказилади22.
6. Иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ҳолларда унинг шикояти йўқлиги ва бундан мустасно бўлган ҳолатлар.
Жиноят ишини тугатиш учун ушбу Жиноят - процессуал кодекси 84 - моддаси 6 - бандида кўрсатилган ҳолатлар хусусий айблов ишларига мансуб бўлиб, жабрланувчининг хоҳиши билан боғланган.
Масалан, жабрланувчи кодексда кўзда тутилган ҳолларда айбланувчи ёки гумон қилинувчи билан ярашганда, агар жабрланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 118 ва 119 - моддаларида кўрсатилган жиноятлар содир этилган бўлса, айбланувчи билан жабрланувчининг ярашганлиги жиноят ишини тугатиш учун асос бўла олмайди.
7. Шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаганлиги ҳолати.
Жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган шахслар, яъни вояга етмаганларни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг икки хил тури мавжуд бўлиб, улар умумий кўринишдаги ва махсус кўринишдаги жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилишдир.
Умумий кўринишдаги жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш - Жиноят кодекси ХII ва ХIII боблардаги асослар билан жавобгарлик ва жазодан озод қилишни назарда тутса, махсус кўринишдаги жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш эса, мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда жавобгарлик ва жазодан озод қилишни назарда тутади23.
Вояга етмаганларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш фақатгина, ишни вояга етмаганлар билан шуғулланувчи комиссияга топшириш орқали амалга оширилиши мумкин. Бундай қарорга келиш асослари:
- шахс жиноят содир этиш вақтида 18 ёшга тўлмаганлиги;
- ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этганлиги;
- содир этилган қилмишнинг хусусиятлари, айбдорнинг шахси ва бошқа ҳолатларнинг мавжуд бўлиши лозимлиги каби ҳолатлар ташкил этади.
Вояга етмаганларни жиноий жазодан озод қилиш шартлари эса қуйидагилар:
- унга оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этганлиги;
- ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни такроран содир этганганлиги;
- шахс жиноят содир этиш вақтида 18 ёшга тўлмаганлиги;
- содир этилган қилмишнинг хусусиятлари, айбдорнинг шахси ва бошқа ҳолатларнинг мавжуд бўлиши лозимлиги каби ҳолатлар ташкил этади.
Демак айбловни тугатиш ушбу ҳолатда, яъни шахс жиноят содир этсада, агар у маълум ёшга тўлмаган бўлса, унинг ёши белгиланган жиноий жавобгарликка тўғри келмаса, қўлланилади. Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17-моддасида белгилаб қўйилган. Унга кўра, фақат муайян ёшга тўлган шахс жавобгарликка тортилади. Яъни, жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортиладилар. Жиноят содир этгунга қадар ўн уч ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари (97 - модданинг иккинчи қисми) учунгина жавобгарликка тортиладилар.
Жиноят содир этгунга қадар ўн тўрт ёшга тўлган шахслар Жиноят Кодекси 97 - моддасининг биринчи қисми, 98, 104 - 106, 118, 119, 137, 164 - 166, 169 - моддалари,173 - моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари, 220, 222, 247, 252, 263, 267, 271 - моддалари, 277 - моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.
Ушбу Кодекснинг 122, 123, 1251, 127, 1271, 144, 146, 193-195, 205-210, 225, 226, 230-232, 234, 235, 279 - 302 - моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун жиноят содир этгунга қадар ўн саккиз ёшга тўлган шахслар жавобгарликка тортиладилар.
Ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар жиноят содир этган шахслар умумий қоидаларга мувофиқ ва ушбу Кодекснинг Умумий қисми олтинчи бўлимида назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда жавобгарликка тортиладилар.
Агарда, вояга етмаган шахс ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолган бўлса ва содир этган қилмишнинг аҳамиятини тўла равишда англаб етмаса, суд жазо ўрнига мажбурлов чорасини қўллаш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиши шарт.
8. Шахснинг ўз қилмишига амалда пушаймонлиги, зарар ўрнини қопланганлиги ва жиноят оқибатлари бартараф этилганлиги ҳолати.
Жиноят кодексининг 66 - моддасига мувофиқ ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар жиноят содир қилгандан кейин жиноят туфайли етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиб, айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Жиноят туфайли етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш чин кўнгилдан пушаймон бўлишнинг бир тури сифатида моддий ва мулкий зарар, шунингдек, бой берилган фойда ҳақида гап кетса (масалан ишончини суистемол қилиш ёки алдаш орқали мулкий зарар етказиш) чин кўнгилдан пушаймон бўлишнинг белгилари бўлиб қуйидагилар хисобланади:
1) жиноят натижасида талон-тарож қилинган мулкка ўхшаш мулкни қонуний эгасига натура тарзида қайтариб бериш, ёхуд уни тергов органига ихтиёрий тарзда қайтариш;
2) жиноят туфайли кўрилган зарарни пул кўринишида қайтариш;
3) жабрланувчи жиноят туфайли зарар етган мулкни ўз кучи билан ёки меҳнати билан асл холига келтириши (масалан, жиноят иши қўзғатилган транспорт ходисаси туфайли зарар кўрган автомобилни тамирлаш)24.
Ҳақорат қилиш туфайли қўзғатилган жиноят ишида маънавий зарар, жавбралнувчидан узр сўраш орқали қопланиши мумкин. Агар бундай узр сўраш оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган бўлса катта самара беради. Мамлакатимиз қонунчилигида маънавий ва жисмоний зарарни пул шаклида қоплаш хам белгиланган.
Айбланувчи эҳтиётсизликдан жавбрланувчининг соғлиғига шикаст етказиб, унинг даволаниши, озиқ-овқати, унга қараш учун кетган харажатларни, санаторияга йўлланма харажатларни қопласа, шунингдек жабрланувчининг оила - аъзоларига моддий ёрдам берган ҳолда хам чин кўнгилдан пушаймон бўлишнинг белгилари мавжуд бўлади. Бундай ҳолатда моддий зарарнинг, шунингдек, жисмоний ва маънавий зарарнинг қопланганлиги хисобга олинади. Айбини бўйнига олиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлишнинг шакли сифатида, шахснинг ҳеч қандай мажбурлашсиз, ўз хоҳиши билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга оғзаки ёки ёзма шаклда мурожаат қилишидир.
Жиноят процессуал кодексига мувофиқ айбдорнинг ўз айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлиши жиноят ишини қўзғатишга хизмат қилади. Бу суриштирув ва тергов органларига маълум бўлмаган жиноятларга тааллуқлидир. Жиноий жавобграликдан озод қилиш учун чин кўнгилдан пушаймон бўлишда суриштирув ва тергов органларига жиноят содир этган шахс маълум бўлмаган ёки жиноят очилмаган бўлиши лозим. Агар шахс қидирувда бўлса ёки тергов ва суддан яшириниб юрган бўлса, бу уни чин кўнгилдан ўз қилмишига пушаймон бўлганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.
Жиноятни очишда фаол ёрдам бериш, пушаймон бўлишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай шахснинг ўз айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлиши ва содир этилган жиноятларнинг барча жиҳатлари ва ҳолатларини белиглаб олишга хуқуқ тартибот органларига кўрсатилган ёрдами тушинилади. Бу айбдорнинг тергов ва судда тўғри кўрсатмалар бериши, тергов харакатларида фаол иштирок этишда, иш учун мухим аҳамиятга эга бўлган жиноий йўл билан топилган мол - мулк ва бошқа ашёларнинг яшириб қўйилган жойи тўғрсида хабар беришда бошқаларда ифодаланилади.
Ушбу турдаги жавобгарликдан озод қилишнинг объектив ва субъектив асослари мавжуд бўлиб, объектив асосларига:
- содир қилинган жиноят ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни ташкил қилишлиги;
- жиноятнинг биринчи марта содир этилганлиги.
Субъектив асосларига:
- айбдор ўз айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиши;
- жиноятнинг очилишига фаол ёрдам бериши;
- жиноят туфайли келтирилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф
қилинишлиги;
- чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги;
- жамият учун хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги.
Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш биринчи маротаба ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятга қўл урган, яъни муқаддам судланмаган, иши тергов ёки судга оширилмаган, тергов ва суддан яширинмаган шахсларга тааллуқлидир.
Демак, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш туфайли жазодан озод қилиш учун қуйидаги асослар бўлиши лозим:
а) шахснинг биринчи марта жиноят содир этганлиги;
б) содир этилган жиноят ижтимоий хавфи катта ёки унча оғир бўлмаслиги;
в) айбдорнинг чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги.
Шахс қуйидаги ҳолларда биринчи марта жиноят содир этган деб топилади:
- олдин ҳеч қандай Жиноят кодекси билан тақиқланган айбли ижтимоий хавфли қилмишни содир қилмаган бўлса;
- агар шахс илгари ижтимоий хавфи катта бўлмаган кам аҳамиятли қилмишни содир этган бўлса (Жиноят Кодекси 36 - моддаси);
- аввалги содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган бўлса (Жиноят Кодекси 64 - моддаси);
- қилмиш ёки шахснинг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод этилган бўлса (Жиноят Кодекси 65 - моддаси);
- томонларнинг ярашганлиги муносабати билан (Жиноят Кодекси 661 - моддаси) иш тугатилган бўлса;
- шахс содир қилган жинояти учун амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилинган бўлса;
- амнистия акти асосида судланганлиги олиб ташланган бўлса;
- илгари содир этган жинояти учун судланганлик муддати тугатилган ёки тегишли тартибда олиб ташланган ҳолларда, шахс биринчи марта жиноят содир этган шахс деб топилади.25
Шахсни чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги туфайли жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бошқа асослари Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаларида белгиланган ҳолда қўлланиши мумкин. Масалан, Жиноят кодексининг 211 - моддасида белгиланган пора бериш жиноятида агар шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ёки бу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу хақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берса, бундай шахс жавобгарликдан озод қилинади.
9. Жиноят ишини шахснинг розилиги билан унинг айблилик масалани ҳал қилмай туриб тугатиш.
Агар ишни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш пайтига келиб килмиш ижгимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилса, шахснинг розилиги билан унинг айбдорлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб иш тугатилиши мумкин.
Жиноятнинг ижгимоий хавфлилик хусусиятини йукотганлиги ёки вазият ўзгариши хақиқатдан ҳам бўлганлигини аниқлаш керак. Ҳолатнинг ўзгариши шундай бўлиши зарурки, муайян жамият ҳаётида ёки аҳоли ё унинг гуруҳи ёхуд маълум шахс турмушида ўзгаришлар таъсирида қилинган жиноятнинг ижгимоий хавфига бўлган муносабат тубдан ўзгариб кетиши ва бу ҳол айнан айбдор шахсга процессуал жиҳатдан мажбурлаш чоралари ва уни жавобгарликка тортиш ҳаракатларини ишлатмасликка олиб келиши зарур. Масалан, савдогарлик учун жиноий жавобгарлик йўқ қилингандан сўнг, бу ҳақда иш кўзғатиш ман этилган. Шахс ҳарбий хизматга чақирилганда хизматдан бўйин товласада, бироқ, ижгимоий жиҳатдан фойдали ишларни амалга ошираётган (чўкаётганни қутқариш, ёнгинда мулкни қутқариш, жиноятчини ушлаш, жамоат учун чин кўнгилдан ва сидқидилдан хизмат килиш, спиртли ичимликлар ичишдан воз кечиш ва ҳоказолар) бўлсада, бу инсонни ижгимоий хавфли деб булмайди.
Етказилган зарарни бартараф этиш жиноятдан кўрилган зарарни тўла ёки кисман бартараф этишдан иборатдир. Етказилган зарарни бартараф этишда айбдор шахс жиноят содир этгандан кейин бирон фойдали ҳаракатни амалга оширса, айнан щу ҳаракат келтириладиган зарар умуман ёки қисман бартараф этилишига олиб келади. Масалан, кишининг баданига шикаст етказгандан сўнг, жиноятчи унга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиб, ўлимдан сақлаб қолади. Жиноятдан келтирилган зарарни ўз ихтиёри билан қоплаш шуни талаб киладики, айбдор жиноят содир этгандан сўнг суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг таъсирисиз жабрланувчига ўғирланган буюмларни қайтаради, мулкни кимда ва қаерда яширганлигини кўрсатади, жабрланувчи мулкига етказилган зарарни ўз ихтиёри билан унинг нархига асосан пул тўлаб бартараф этади. Жиноятдан келтирилган зарар шундагина бартараф этиладики, агар жиноят содир этилган булса, масалан, тўғри қасд шаклда ўзганинг мулкига зарар етказган айбдор, шахсан ўзи бу мулкни тузатишга киришади ёки ўғирланган бирон буюмни йўқотиб қўйган бўлса, жабрланувчига шунга ўхшаш буюмни ўз пулига сотиб олиб беради. Зарарли оқибатлар тўла ёки қисман бартараф этилиши мумкин ва айнан шу фактни жазо белгилашда хисобга олиш зарур бўлади26. Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ва жиноятни фош қилишга фаол кўмаклашиш деганда шундай ҳолатларни тушуниш лозимки, бунда айбдор суриштирув, тергов ёки суд муҳокамасида ўзи содир этган жиноятнинг барча ҳолатларини тўла - тўкис кўрсатиб, ўзининг ва жиноятда иштирок этган бошқа қатнашчиларнинг ҳаракатларини салбий баҳолайди. Агар айбдор шахс жиноятда иштирок этган бошқа қатнашчиларнинг айбини фош қилса, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиш айбдорга жазо белгилашда ижобий аҳамиятга эга булади. Ўз айбига иқрор бўлмаганларга нисбатан бу модда қўлланмайди. Агар вояга етмаган шахс жиноят содир этган бўлса, унинг шахсини хисобга олиб, яъни вояга етмаганларнинг руҳий ҳолатини, вояга етган жиноятчиларнинг таъсири остида, ўртоқларидан ажралиб қолишини эп кўрмай, ушбу модданинг 4 - қисми 3 - бандига асосан суриштирувчи, терговчи ва суд вояга етмаган шахснинг айбдорлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тугатилади ва балоғатга етмаганларнинг ишлари бўйича тегишли комиссияга ушбу хужжатлар юборилади.
Юқорида баён қилинган умумий ҳолатлардан ташқари уч ҳолатда шахснинг розилиги билан унинг айблилик масаласи ҳал қилинмай жиноят иши тугатилади:
а) дастлабки тергов жараёнида ёки жиноят ишини судда кўриб чиқиш пайтига келиб қилмиш ўз ижтимоий хавфлилигини йўқотса ёки шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолса;
б) шахс биринчи маротаба ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни содир этган бўлса;
в) унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахс томонидан жиноят натижасида етказилган моддий, маънавий ва жисмоний зарар қопланган бўлса;
г) айбига иқрор бўлиб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлса;
д) жиноятни фош қилишга фаол кўмаклашган бўлса.
е) содир қилинган қилмишнинг унча оғир эмаслиги, биринчи маротаба унча хавфли бўлмаган жиноят содир этган шахснинг ёшини инобадга олиб, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга қараб чиқиш учун юбориш мақсадга мувофиқ бўлса жиноят иши тугатилади27.

Download 111.01 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   12




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling