Ўзбекистон республикаси маданият вазирлиги республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси миллий маданият маркази фаолиятида
Ўзбекистон халқаро ижтимоий – маданий алоқаларнинг тенг ҳуқуқли субъекти
Download 64.17 Kb.
|
Рақс.
Ўзбекистон халқаро ижтимоий – маданий алоқаларнинг тенг ҳуқуқли субъекти
Собиқ Иттифоқ даврида қўшни давлатларнинг маданий соҳадаги ҳамкорлиги фақат Москва рухсати билангина амалга оширилиши оқибатида Ўрта Осиё халқларининг маданияти ҳамкорлигида йироқлашув жараёни рўй берган эди. Эндиликда, яъни истиқлол туфайли бундай тадбирлар олиб борилишида ҳеч қандай сунъийлик кўзга ташланмайди, аксинча, маданиятлар ҳамоҳанглиги ва миллатлар яқинлашуви табиий равишда юз беради, барча халқлар ва миллатлар бундан баҳра оладилар.Ўзбекистон Республикаси миллий мустақилликни қўлга киритгач барча соҳа тараққёти қаторида маданият ва санъат соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда 1992 йили 2 мартда Бирлашган миллатлар ташкилотига аъзо бўлиб, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Шу йилнинг 8-декабрь санъасида Республикамизнинг Бош Қомуси – Конституция қабул қилинди ва Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги асосий йўналишларни белгилаб берди. Бу маданият ва санъат соҳасида катта ўзгаришларни амалга оширишнинг, асрлар давомида армон бўлиб келаётган орзуларнинг рўёбига қонуний асос бўлди. Энг мухими мазкур бош қомусда ватанимиздаги барча миллат вакиллари тенг хуқуқлиги ва уларнинг эркин ижод қилишлиги таъминланди. Хусусан, Ўзбекистон дунёдаги кўп миллатли давлатлардан биридир. 1989 йилги аҳоли рўйхати бўйича, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилган. Ўзбекистон Республикаси давлат статистика департаментининг 2002 йилги маълумотига кўра эса, тожиклар 1202,0 минг, руслар 1133,3 минг, қозоқлар 989,0 минг, қорақалпоқлар 534,8 минг, татарлар 298,2 минг, қирғизлар 221,8 минг, корейслар 172,4 минг, туркманлар 147,0 минг, украинлар 103,5 минг, арманлар 43,6 минг, озарбайжонлар 41,0 минг, белоруслар 23,2 минг, яхудийлар 12,3 минг, немислар 7,5 минг, молдаванлар 5,2 минг, грузинлар 3,9 минг, литвалар 1,3 минг кишини ташкил этган.Бугунги кунда турли этносларнинг тили, ур-одатлари ва анъаналарини сақлаш, ривожлантириш ва келгуси авлодга етказиш мақсадида 137 миллий маданий марказ самарали фаолият кўрсатмоқда. Мазкур марказлар фаолияти байналмилал маданият маркази томонидан бошқариб келинади ва уларнинг нафақат санъат, барча турдаги фаолияти доимий эътибор, ғамхўрлик остидадир. Ўзбекистонда асосий мақсад ўз миллатлар бирдамлигини таъминлаш, миллий маданиятни сақлаб қолиш ва ривожлантиришдан иборат бўлган дастлабки миллий маданият марказлари 1989-йили корейслар, қозоқлар, яҳудийлар, арманлар томонидан, асосан, вилоятларда тузилди ва мустақиллик йилларида уларнинг сони ортиб, бугун уларнинг ўзларини намоён этишга ёки эркин фаолиятига ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Аксинча, Ўзбекистон давлати бу маданий марказларнинг кўпайиши, уларнинг бир-бири билан маъданий алоқалари ривожланиши ва бу ҳудудимизда яшаётган турфа элатларнинг ўзаро тинч-тотув яшашига туртки бўлишидан манфаатдордир. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, дея белгилаб қўйилган. Бунинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, Ўзбекистон фуқаролари, ўзларининг насл-насаби, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқа ҳолатларидан қатъий назар, Ўзбекистон халқини ташкил этади. Конституцияда Ўзбекистон халқини ташкил этувчи барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва миллий анъаналарининг ҳурмат қилиниши кафолатланган. Қонун доирасида кўрсатилган ва унинг амалий ҳаётда ҳаққонийлик касб этиши кафолатланиши тезда ўз натижасини кўрсатди. Ўзбекистонда 1992 йили 10 та миллий-маданий марказ ўз фаолиятини олиб борган бўлса, 2000 йилга келиб, вилоятлар билан ҳисоблаганда уларнинг сони 138 тани ташкил этган. Бундай кўп миллатлар истиқомат қиладиган ҳудудда жамият ўзлигини англаш тенденцияси кучли бўлади, шунингдек, нафақат ўз маданиятини билиш балки, бошқа халқларникига ҳам қизиқиш ортади. Бу эса, фуқаролик жамияти ривожланишининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида 1992 йил январда Ўзбекистон ҳукумати қарорига асосан Маданият вазирлиги қошидаги Республика миллатлараро маданий маркази ўрнига Байналмилал маданий маркази ташкил қилинди. Республика Байналмилал маданият маркази ўз олдига миллий-маданий марказларга амалий ва методологик жиҳатдан кўмаклашиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш, Ўзбекистонда яшаётган миллатлар ва элатларнинг миллий урф-одат ва анъаналари, уларнинг маданияти, маънавий қадриятларини ривожлантиришга кўмаклашиш, МДҲ ва чет элдаги миллий ва байналмилал маданий марказлар билан алоқалар ўрнатиш каби мақсад ва вазифаларни қўйган. Умумбашарийлик (байналмилаллашув) айрим муаллифлар таъкидлаганидек, ассимилациялашув эмас, балки ҳар бир халқ миллий маданиятларининг ўз имкониятларини юзага чиқариши, ривожланиши ва уларнинг умумтараққий жараёнига қўшилиб боришидир, дея изоҳлаш мумкин. Республика Байналмилал маданият маркази билан Миллий маданий марказлар ўртасида миллатлар ва халқларнинг ҳамкорлигини сақлашда ижобий муносабатлар ўрнатилган бўлиб, бу Ўзбекистондаги халқларнинг маданиятини, урф-одатларини ҳурмат қилиш асосида ташкил этилган. Республикадаги барча миллий-маданий марказлар ўз аждодлари Ватани томонидан Ўзбекистонда очилган элчихоналар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган бўлиб, айрим масалаларни ҳал этишда бир-бирларига кўмаклашмоқдалар. Шу билан бирга бошқа хорижий мамлакатлар билан ҳам ўзаро маданий ҳамкорлик, тажриба алмашиш борасида битимлар тузмоқдалар. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси маданият ишлари вазирлиги ва Туркия Республикаси маданият вазирлиги ўртасида 1992-1993 йиллар мобайнида маданият соҳасида амалга ошириладиган тадбирлар дастури”, “Ўзбекистон Республикаси маданият ишлари вазирлиги ва Корея Республикаси маданият вазирлиги ўртасида 1992-1995 йиллар мобайнида маданият соҳасида амалга ошириладиган тадбирлар дастури”, “Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва Ҳиндистон Республикаси маданият департаменти ўртасида 1992-1994 йиллар мобайнида маданият соҳасида амалга ошириладиган тадбирлар дастури”, “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Швеция Қироллиги ҳукумати ўртасида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар” Республикамизда маданият, санъат, фан ва таълим, адабиёт соҳаларини ривожлантирибгина қолмай, миллатлар ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатларни шакллантиришга ёрдам бермоқда. Шундай битимлар Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Покистон, Греция, Италия, Исроил, Буюк Британия, Дания, Словакия, Сурия, Иордания каби давлатлар билан ҳам тузилган. Тақдир тақазоси билан юртимизга келиб қолган турли миллатлар маданияти миллатимиз маданияти ривожига таъсир кўрсатганидек, ўзбек миллий маданияти ҳам уларнинг маданияти тарақиётига ижобий таъсир этмоқда. Миллий-маданий марказлар Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан сиёсий, иқтисодий алоқаларида ҳам актив иштирок этиб келмоқда. Масалан, 1995 йил 21 июлда Республика Байналмилал маданият марказида Украина Республикаси Президенти Л.Д.Кучма билан украинлар жамоасининг аъзолари ўртасида дўстона учрашув, 1999 йил 12 декабрда эса Россия Федерацияси Президенти В.В.Путин билан Рус маданияти марказлари аъзоларининг дўстона учрашуви бўлиб ўтди. Шунингдек, Корея, Грузия, Озарбайжон, Греция ва бошқа мамлакат раҳбарларининг юртимиздаги ташрифларида буни кўриш мумкин. Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакилларининг янада жипслашишуви, улар ўртасида дўстона муносабат ўрнатилишига Республикада ўтказилган “Мустақил Ўзбекистонда миллатлараро маданий алоқалар” мавзусида ўтказилган илмий анъанавий конференциянинг аҳамияти катта бўлди. Бундан ташқари 1995 йил 10-11 март кунлари Республика Байналмилал маданият марказида “Маънавият ва маърифат” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференция якунлари ва қилинган мавзулар тўплам сифатида турли тилларда чоп этилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Бундай тадбирлар Ўзбекистонда яшаётган миллатлар ва элатларнинг ўзаро ҳамкорлик ва дўст-биродар бўлиб яшашлари учун хизмат қилмоқда. 1998 йилда “Ижтимоий фикр” маркази ва Республика Байналмилал маданият маркази билан ўтказилган социологик сўровномага мувофиқ, Тошкент шаҳрида сўралган бошқа миллат вакиллари 60 фоизи Ўзбекистонда туғилган. Бундан ташқари, 7,8 фоизи респондентлар ўзларини шу юртнинг туб аҳолиси деб ҳисоблайдилар, чунки улар миллатларининг учинчи авлоди бўлганликлари учун шундай фикр билдирганлар. Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистоннинг миллий таркиби ва маданий савияси турличадир. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек: “Ўзбекистоннинг миллий-маданий жиҳатдан ғоят ранг-баранглиги миллий ўзлигини англаш ва маънавий қайта тикланишнинг кучайиб бориши билан узвий бирликда жамиятни янгилаш, уни очиқ жамиятга айлантириш учун қудратли омил бўлиб хизмат қилади ва республиканинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилиши учун қулай шароитларни вужудга келтиради”. Тошкент шаҳри кўп миллатли ва кўп тилли халқлар яшайдиган жой бўлгани учун ҳам дастлабки миллий маданий марказлар айнан шу ерда очилган эди. Улар кўмаги асосида вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Вилоятларда ташкил топган миллий маданий марказлар ҳам юрт равнақи, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шуни эътиборга олган ҳолда, 1994 йилдан 2000 йилгача бир қанча марказ раҳбарлари Ватанимизнинг юксак мукофатлари билан тақдирланди. Хусусан, Лян Ревмир – Фарғона вилояти корейс маданияти маркази раиси “Шуҳрат” медали билан, М.Саидов – Қашқадарё вилояти У.Юсупов тумани араб маданият марказининг раиси “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, А. Алиев – Андижон вилояти Хўжабод тумани қирғиз маданият марказининг раиси “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Миллий маданий марказлар ўз фаолиятларини мустақил равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Низомига мувофиқ фаолият олиб боради ва ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларга кўра номланади. Масалан, Поляк маданий маркази “Светлитса Полска” (“Нурафшон поляк саройи”), корейс маданий маркази “Возрождение” (“Қайта яралиш”), Немис маданий маркази “Видергебурт” (“Қайта туғилиш”), Озарбайжон маданият маркази “Гардашлыг” (“Дўстлик”), Рус маданий марказининг Бухоро вилоятидаги номи “Согласие и милосердие” (“Меҳр ва мурувват”) дея номланган. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Республикизнинг ўз мустақиллигини қўлга киритиши, халқаро стандартларга тўла жавоб берувчи конституциясини қабул қилиши ҳамда Бирлашган миллатлар ташкилотига аъзо бўлиши республика ҳаётининг барча соҳа ва жабҳалари қаторида маданият ва санъат, хусусан рақс санъати ривожига замин яратди. Республика байналмилал маданият марказининг ташкил этилиши миллатлараро маданий алоқалар ривожига катта таъсир кўрсатиб, бу ўз ўрнида миллатлар ҳаётига ўзига хос шукух олиб кирди. Маданий муносабатларнинг ривожланиши нафақат ўзбек миллий рақс санъати тараққиётига, балки биз билан маданий алоқалар олиб бораётган халқлар ва элатлар санъати ва маданияти ривожланишига муҳим омил бўлди. Download 64.17 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling