Абу Ҳамид Муҳаммад ибн Муҳаммад аль-Ғаззолий ат-Тусий (араб. ابو حامد محمد بن محمد الغزالى, 1058, Тус — 19 декабр 1111, Тус) — ислом илоҳиётшуноси, ҳуқуқшуноси, файласуф, Хуросон (хозирги Эрон)да туғилган, суфизмнинг асосчиларидан бири. Ғаззолийнинг илмий фаолияти ҳар томонлама ва тизимлашган сўфизм таълимотини яратиш, шунингдек сўфизм таълимотининг назарий асосларини шакллантиришга йўналтирилган.
Замондошлари уни "Баҳри муғриқ" (тубсиз денгиз), "Ҳужжати ислом" деб тан олганлар. Ғаззолий теолог, қонуншунос, философ, сўфий - ўрта асрнинг энг машҳур мутафаккирларидан бири эди. У ўз ҳаёти давомида 100га яқин асарлар ёзган. Ғаззолийнинг ишларини қуйидаги соҳаларга ажратиш мумкин: 1) библиография; 2) қонуншунослик; 3) фалсафа ва мантиқ илми; 4) догматик теология; 5) мунозара (бахс); 6) сўфизм амалиёти; 7) сўфизм назарияси.
Ғаззолий араб-мусулмон маданиятини ривожлантиришга катта таъсир кўрсатди. Философлар Ал-Форобий (870-950) ва Ибн Сино (980-1057) лар билан олиб борган рамзий бахслари натижасида Ғаззолий иккита китоб "Философлар мақсади" (Мақасид-ал фаласифа) ва "Философларни ўз-ўзини рад қилиши" (Тахафут ал-фаласифа) ёзади.
Ғаззолий меросига ҳозир ҳам қизиқиш сўнган эмас. У ҳақда Шарқ олимлари, биринчи ўринда араб мамлакатлари олимлари кўп ёзишади. 1962 йилда араб мамлакатларида Ғаззолийнинг 900 йиллигига бағишланиб чақирилган халқаро илмий конгресс шундан далолат беради. Бу конгрессда ўнлаб мамлакат олимлари қатнашдилар.
Охирги ўн йиллар давомида Ғаззолий қарашларини замонавий социология кўзи билан тушунишга ҳаракат қилувчи текширишлар юзага келди.
Ғаззолий маҳраб усули (методика), жадал (диалектика), мантиқ илмларини ва фалсафа фанларини чуқур ўрганади. У ўзининг "Иҳйа улум ад дин" асарида дил ажойиботларини шархлаб берган. Яъни, жон (руҳ), дил, ақл ва нафс. Сўз шу тўрт нафс хусусида боради. Асарнинг мақсади эса муомала илмларини ўрганишдир.
Ғаззолийнинг фикрича дил сўзини икки хил маънода тушуниш мумкин: 1. Дил кўкракнинг чап тарафида жойлашган конус шаклли бир парча гўштдир. Унинг ичи ғовак бўлиб, бу ғовакда руҳнинг асл манбаи бўлмиш қора қон мавжуддир. Биз юракни шархламоқчи эмасмиз, зеро, бу табибларга тааллуқли. Дил сўзининг иккинчи маъноси шуки, тангрининг бандаларига ато этган руҳи неъмати бўлиб, унинг жисмоний дилга алоқаси бордир. Бу неъмат инсоннинг асл моҳиятидирки, инсон бутун илм маърифатга унинг воситасида эришади ва барча китоб, азоб, итоб (танбеҳ) ва талаблар унга қаратилган бўлади. Бу руҳий неъмат билан жисмоний юрак ўртасидаги мустаҳкам алоқани кўпчилик англаб етмайди. Зеро, бу алоқа аразнинг (шакл, ранг) жисмга, сифатнинг мавсуфга (сифатланувчига) ёки бирор сабаб ишлатувчисининг ўша сабабга бўлган алоқасига ўхшайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |