Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона давлат университети мамуржон отажонов
Download 0.58 Mb.
|
Психол. тарихи Отажонов М.Ю. (7)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Учинчидан
- Биринчи концепция
Биринчидан, халифалик ҳудудига узоқ тарихий маданиятга эга бўлган миллатлар ва элатлар бирлашиб, илм-фан ютуқларининг табиий синтези вужудга келди.
Иккинчидан, савдо-сотиқнинг ривожланиши турли тобе мамлакатлар ўртасида ғоялар айирбошлаш жараёнини кучайтирди. Учинчидан, Ислом ақидаларидан келиб чиқиб ҳукмрон доиралар илм-фаннинг ривожланишига, илмий фикрларнинг кенгайишига моддий ва маънавий мадад бердилар. Тўртинчидан, йирик шаҳарлар ва маданият марказлари: Бухоро, Гурган, Ғазна, Балх, Халаб (Алеппо), Каир, Кардова, Севилия, Валенсия, Боғдод, Куфа, Басра, Дамашқ ва бошқа ерларда ҳақиқий илмий тадқиқот марказлари вужудга келди. Илм аҳлига доимий моддий ва маънавий мадад кўрсатиб турилганлиги араб тили фанининг ривожланишига катта ижобий таъсир кўрсатди. Энг асосий хулоса шуки, Халифалик мусулмон олами тафаккури доирасини ниҳоятда кенгайтирди. VII-ХII асрлар оралиғи инсоният тарихига Шарқ ёки Мусулмон ренессанси номи билан кирган олтин давр бўлдики, бу даврда яратилган ўлмас асарлар, оламшумул кашфиётлар кейинги асрларда инсоният тафаккури йўналишини белгилаб берди. Араб, шунингдек ўрта асрлар Европа фалсафасининг маънавий илдизи шубҳасиз қадимги грек фалсафий фикри ҳисобланади. Платон, Аристотел, Гален, Архимед ва бошқа кўплаб грек мутафаккирларининг илмий таълимотлари араб тили фалсафасининг шаклланишига таъсир кўрсатган. Тадқиқотчиларнинг фикрича араб тили фани вакиллари Платонга нисбатан кўпроқ Аристотел биопсихологиясига ёндашганлар. Лекин перипатетиклардан фарқ қилиб, улар Аристотел фалсафий психологик фикрини бутунлай ўзгача ғоявий назарий позициядан туриб талқин қилишди. Бундай ёндашиш натижасида Аристотел философияси нафақат янги ғоялар билан бойиди, балки бутунлай ўзгача мазмун кашф қилди. Араб тили фалсафасининг энг йирик вакилларидан бири Абуль Валид Муҳаммад ибн А́хмад ибн Рушд (араб. ابو الوليد محمد ابن أحمد ابن رشد, 1126, Кордова — 10 декабрь 1198, Марокаш) — Ғарбий Европада Аверроэс номи билан машхур. Аверроэс Европа схоластикаси (грекча σχολαστικός — олим, Scholia — “мактаб” – католик таълимот ва Аристотель фалсафасининг уйғунлашган шакли, ҳаётдан узилган, тажриба билан синаб бўлмайдиган билим)нинг ғоявий асосларига зарба берган ва инсон ва олам ҳақидаги тасаввурларга бутунлай бошқача тус берган ғоявий ҳаракат асосчиси ҳисобланади. Ибн-Рушд ўз фалсафий қарашларини Ғаззолийга жавоб тариқасида ёзилган "Ўз-ўзини рад қилишни ўз-ўзи рад қилиш" асарида баён этади. Ибн Рушднинг фикрича ҳақиқат битта ва бу ҳақиқатга диннинг ҳар қандай догмасини аллегорик талқин қилиш йўли билан фалсафанинг ҳар қандай қоидасига мослаштира оладиган файласуфларгина эришишлари мумкин. У худони табиат билан тенглаштиради: Ибн Рушд руҳ боқийлигини рад қилиб, инсониятнинг аста-секин ақлий тараққиёти ҳақидаги ғояни илгари суради. У Платоннинг "Давлат" асарига ёзган комментарий - шархида идеал жамият назариясини баён қилади, бу назарияга кўра диншунослар ҳар қандай ижтимоий ваколатлардан маҳрум қилиниши керак, деб уқтиради. Араб тили фалсафасининг бошқа бир йирик вакили Абу Али аль-Хасан ибн аль-Хасан ибн аль-Хайсам аль-Басри (араб. أبو علي الحسن بن الحسن بن الهيثم, 965, Басра — 1039, Каир) —математик, механик, физик ва астроном. Ибн-ал Хайсам ўз асарларида организмда пайдо бўладиган психик феноменларни тадқиқ қилган. Унинг илмий фаолияти кўпроқ кўриш сезгисини тадқиқ қилишга бағишланган. У акс эттириш ва ёруғликнинг синиши қонунини ўрганиш жараёнида кўриш жараёнига оптик прибор сифатида ёндашади. Маълумки, кўриш функцияси ҳақидаги антик тасаввурларда иккита асосий концепция бор эди: Биринчи концепцияга кўра предмет ўзидан қандайдир модда тарқатади, предметдан нимадир таралади ва ана шу модда кўзга таъсир қилиб кўриш сезгисини хосил қилади. Иккинчи концепция биринчисига бутунлай қарама-қарши бўлиб предмет эмас, кўз ўзидан модда (олов пневма) таратади ва кўриш сезгиси хосил бўлади, деган ғояни илгари суради. Иккинчи концепция биринчи концепциядаги асосий қоида, агар предмет ўзидан айтайлик, нур таратса, нима учун кўз нур таъсири натижасини эмас балки нур манбаи предметни кўради, деган саволга жавоб ноаниқ бўлганлиги учун ҳам пайдо бўлган. Яна компромисс, кўриш сезгисида ҳар иккала таралиш ҳам иштирок этади, деган ғоялар ҳам мавжуд эди. Ибн-Хайсам кўриш идрокининг асоси сифатида оптика қоидалари асосидаги ташқи объект образини олди. Образ проекцияси, яъни образнинг ташқи объектга мансублигини у янада юқори даражадаги қўшимча ақлий фаолият натижаси, деб ҳисоблади. Ибн-Хайсам кўриш назариясининг мазмуни шундай. Бир томондан кўриш актида ташқи таъсирни сақлаб қолишнинг бевосита эффекти ва иккинчи томондан ана шу эффектга қўшилиб кетадиган ақлий фаолият фарқланади. Ақлий фаолият кўрилувчи объектларнинг ўхшаш ёки фарқларини аниқлашга ёрдам беради. "Кўришдаги фарқлаш қобилияти - мулоҳаза туфайли пайдо бўлади". Ибн-Хайсамнинг фикрича кўриш актидаги бундай қайта ишлаш онгсиз равишда амалга оширилади. Унинг бу фикрлари кейинчалик бевосита кўриш идрокида "онгсиз хулоса чиқариш"нинг иштирок этиши тўғрисидаги таълимотга асос бўлди. (Вақти келиб бу таълимотга Гельмгольц ҳам мурожаат қилган). Шу билан кўриш идрокида иккита факт фарқланган. Биринчидан кўзга ёруғлик нурлари таъсирининг бевосита эффекти ва иккинчидан кўриш идроки, предмет шакли, унинг ҳажми ва ҳоказоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўладиган қўшимча психик жараёндир. Ибн-Хайсам бундан ташқари бинокуляр кўриш, рангларнинг аралашиши, контраст каби муҳим феноменларни ҳам ўрганган. У кўриш идрокини унинг даврийлиги, давом этиш даври билан боғлаб, вақт феномени, деган тушунчани киритди. Унинг фикрига кўра, қисқа муддатли кўришда фақат илгаритдан таниш объектларнигина таниш мумкин. Чунки кўришда фақат ёруғлик нурларининг бевосита таъсиригина эмас, балки нерв тизимидаги илгари идрок қилингандан қолган, сақланган ахборот ҳам иштирок этади. Ибн Хайсам кўриш идроки сенсор тузилишини оптика қонунларининг тажрибавий ва математик асосидан ҳамда нерв тизими хусусиятларидан иборат, деб таърифлаб схоластика (грекча σχολαστικός — олим, Scholia — “мактаб” – католик таълимот ва Аристотель фалсафасининг уйғунлашган шакли, ҳаётдан узилган, тажриба билан синаб бўлмайдиган билим)нинг асосий догмаларига зарба берди. Араб тили фалсафаси даврида фикр юритишга қодир ҳар қандай одам ёки Аристотелни тан олган ёки унга қарши бўлган, лекин ҳеч ким уни эътиборсиз қолдирмаган. Аристотел фалсафасидаги "руҳни вужуддан ажратиб бўлмайди" деган асосий ғоя ҳам мусулмон дини, ҳам христиан динининг асосларига катта зарба берди. Феодал даврининг ҳамма машҳур файласуфлари ўз таълимотларига ана шу ғояни асос қилиб олдилар. Лекин ғоя бўлган жойда антиғоя ҳам мавжуд бўлади. Ҳар қандай ғояни инкор қилиш, рад қилиш ёки унга бутунлай қарама-қарши ғояни ривожлантириш илмий тафаккур тараққиёти жараёнидаги одатий ҳол. Шундай таълимотлар пайдо бўлдики, улар Аристотел фалсафасини динга қарши таълимотдан диний тасаввурларни ҳимоя қилувчи, унга хизмат қилувчи таълимотга айлантиришди. Шарқда бу ноёб ишни Абу Ҳамид ал-Ғаззолий амалга оширган бўлса Ғарбда Фома Аквинский Аристотел фалсафаси ёрдамида ҳақиқий католик фалсафаси ва психологияси-Томизмга асос солди. Ибн Рушд издошлари, аверроистлардан бири Сигер Брабантский Фома Аквинскийга мурожаат қилиб айтади "Сиз ақл ва эътиқодни ҳар иккаласи ҳам ҳақиқат беради, деган маънода гапирасиз. Биз ҳам аслида шундай деб ҳисоблаймиз, лекин шу фарқ биланки бу икки ҳақиқатни келиштириш, яраштириш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу сиз билан бизни ажратиб турадиган нозик фарқдир". Сигер файласуф фақат ақлгагина асосланган ҳақиқатни ривожлантириши мумкин, уни диний эътиқод билан келиштириш ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади, деб ҳисоблаган. Фома Аквинский эса фақат юқоридан келадиган диний ҳақиқатни тан олиб, ақл худди диний ҳиссиёт каби шу ҳақиқатга хизмат қилиши керак, деб ҳисоблаган. Оксфорд университетининг профессори. Уильям Оккам руҳни имматериал шакл сифатида тажриба ва хулоса чиқариш йўли билан ўрганиб бўлмайди, шунинг учун имматериал руҳ ўзининг бутун атрибутлари-белгилари билан диний ҳақиқатлар тоифасига киради, бу соҳа философ учун фаолият соҳаси эмас, деб ҳисоблаган. Сигер ва Оккам каби мутафаккирлар аслида илоҳиёт ва фалсафани бир-бирига боғлиқ бўлмаган соҳа, бир-биридан алоҳида ва келиштириб бўлмайдиган ҳақиқат, деб талқин қилиш тарафдорлари бўлганлар. Худди шу нарса теология-илоҳиёт учун, дин асослари учун ҳам катта хавф туғдирар эди. Фома Аквинский ва Ғаззолийлар философия билан илоҳиётшуносликни яраштириш, философияни илоҳиётнинг "хизматкорига" айлантириш вазифасини аъло даражада бажардилар. Феодал жамият ўзига хослигини акс эттирган ўрта аср идеологиясининг типик хусусияти иерархизм эди: Кичиклар катталарга, қуйи табақа олий табақага хизмат қилганлиги учун ҳам олам мавжуд бўла олади. Фома Аквинский иерархик шаблонни руҳий ҳаёт соҳасини тасвирлашга нисбатан қўллади. Руҳий ҳаёт нарвонининг ҳар бир поғонасида қуйидан юқорига қараб борувчи ходисалар жойлашди. Борлиқнинг ҳар бир ходисаси аниқ чегараланган ўз поғонасига эга. Ўсимлик, ҳайвон, инсон руҳи қатъий кетма-кетликда жойлашган. Ҳар бир руҳ ичида уларнинг қобилиятлари ва қобилият маҳсулотлари жойлашган (сезги, тасаввур, тушунчалар). Руҳнинг қуйи қисми шу дунёга қаратилган бўлиб, номукаммал билим беради, юқори қисми эса худо билан мулоқотни таъминлаб, ходисалар сабабини билиш имконини беради. Фома Аквинский Платон ва Августинга мансуб интроспекция тушунчасига қуйидагича мазмун беради: Руҳ таниш актини амалга ошираётганда унга сезги ёки тушунча шаклида объект образи намоён бўлади, кейин у шу актни ўзи амалга оширганлигини англайди ва ниҳоят ҳар иккала операцияни амалга оширгандан сўнг, руҳ "ўзига" қайтади, яъни энди образ ёки актни эмас, ўзининг ноёб мавжудот эканлигини англайди. Бу организмга ҳам, ташқи оламга ҳам чиқиш йўли беркитилган ёпиқ онг схемаси ҳисобланган. Аристотел таълимоти билан Фома Аквинский томизми ўртасидаги умумийлик шундаки Фома Аристотелдаги ўхшаш объектга мос келадиган актуализация қобилияти (фаолият)-интенция тушунчасини-руҳнинг интенционал (йўналтирилган) актлари ҳақидаги таълимотга айлантирди. Аристотел интенцияси бўйича, масалан, ўсимлик руҳи фаолиятининг объекти ўзлаштирилаётган озиқ модда, ҳайвон руҳиники - сезги, ақлли руҳники - тушунчалар эди. Аквинский интенциясида ички, ақлий фаолият билан бир вақтда унинг мазмуни, шу фаолият йўналтирилган предмет мавжуд бўлади. Предмет деганда бу ерда ҳиссий ёки ақлий образ тушунилади Илоҳиётчи, фалсафий - психологик тасаввурлар муаллифи сифатида Фома Аквинскийнинг хизматлари беқиёс. Унинг фикрлари узоқ йиллар мобайнида, шу кунга қадар томизм, неотомизм шаклида фанда алоҳида йўналишни ташкил қилиб келмоқда. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling