Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гулистон давлат университети


Download 0.74 Mb.
bet8/96
Sana18.10.2023
Hajmi0.74 Mb.
#1708686
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   96
Bog'liq
МАЪРУЗА

Инсон тараққиётининг истиқболи
Инсоний тараққиёт истиқболи тушунчаси одамнинг ўз ҳаёти давомида жисмоний, ақлий, ижтимоий, ҳиссий ва маънавий ривожланишига ишора қилади. Санаб ўтилганларнинг ҳар биридаги ўсишни ўлчаш учун ўз ўлчов мезонлари бор. Жисмоний тараққиётда бу, масалан, боланинг юра бошлаш даври ёки жинсий етилиш ривожланишининг бошланиш давридир. Ақлий соҳадаги ривожланиш кўпинча Жан Пиаженинг ишларидан фойдаланиб, одамнинг тушунчалар билан ёки интеллектни ўлчайдиган тестлар билан қандай ишлашига қараб аниқланади. Ҳиссий-ижтимоий соҳани баҳолаш учун кўпинча Эрик Эриксоннинг ишларига мурожаат қилишади. У таклиф этган 8 босқичли инсон тараққиёти у ёки бу ёш даври учун мос бўлган психологик топшириқларни ҳал эта олишига қиёсланади. Бундай шарҳлаш муайян ёш даврида тегишли ривожланиш даражасига эришилган ёки эришилмаганлигини аниқлаш учун фойдалидир. (1.1. жадвалга қ.).
* Ўқувчиларда санаб ўтилган ҳар бир тушунча ҳақида ижтимоий фанлар курсидан маълумот борлиги назарда тутилади. Баҳс-мунозарамиз юқорида санаб ўтилган беш соҳадаги билимлардан келиб чиққан ҳолда инсоний эҳтиёжларнинг мураккаб тузилишини муҳокама қилишга йўналтирилади.
1.1. жадвал. Инсон тараққиётининг муайян босқичларида бажарилиши керак бўлган психосоциал вазифалар.
1-босқич. Ишончсизликка қарши ишонч (гўдаклик). Катталар томонидан овқат, қулай шароитлар билан таъминланиш ва парваришланиш орқали ғамхўрликни ҳис этишнинг шаклланиши. Асосий эҳтиёжлар қондирилганлиги ҳамда ғамхўрлик қилаётган кишиларга ишониш мумкинлигини ҳис этишнинг шаклланиши.
2-босқич. Уялиш ва гумонсирашга қарши автономия (илк мактабгача ёшдаги болалик). Ўзини ўзи алоҳида индивидуаллик сифатида ҳис этишнинг шаклланиши. Ўзини эплаш қобилияти ҳали чегараланганлиги боис катталар томонидан назорат қилинишга муҳтож бўлсалар-да, ўз ҳуқуқларини талаб қилиш ва айрим хатти-ҳаракатларини назорат қилиш мумкинлигини ҳис этишнинг шаклланиши.
3-босқич. Айбдорликка қарши ташаббус (кеч мактабгача ёшдаги болалик). Ўз хатти-ҳаракатларини режалаштириш ва амалга ошириш қобилиятининг ривожланиши. Бунинг учун ҳар хил нарсаларнинг мавжудлиги ва ўзининг янги имкониятларини синаш имконияти зарурдир. Хатти-ҳаракатлардан завқланиш ва қилинган иш учун жавобгарлик орасидаги мувозанатни сақлаш қобилиятининг ривожланиши.
4-босқич. Ғўрликка қарши тиришқоқлик (илк мактаб ёшидаги болалик). Муайян маданият ва жамиятда фаолият юритиш учун зарур бўлган кўникмаларнинг шаклланиши. Бунинг учун бирор нарса яратиш ва яратилган нарса бўйича ижобий ҳиссиётларни ҳис этиш имкониятлари бўлиши лозим. Ижобий мазмундаги Мен-қиёфаси ва бошқалар билан дўстона ўзаро муносабатларнинг шаклланиши.
5-босқич. Ролларни чалкаштиришга қарши идентиклик (ўсмирлик даври). Дастлабки босқичларда тўпланган психосоциал ўсишни бирлаштириш ва мустаҳкамлаш имконияти. Шахсий идентиклик ҳис-туйғуларининг ривожланиши. Эҳтиёжлар ва хоҳиш-истаклари персоналлашган мустақил шахс сифатида ўз жинсийлиги ва ўз-ўзини қабул қилиш. Бошқалар билан ўзаро муносабатларда ўз шахсини ҳис этишнинг шаклланиши. Одам теварак-атрофга қандай уйғунлашганлигини текшириш учун вақт ва имконият ҳамда ўзининг қадриятлар тизимини шакллантириш имконияти.
6-босқич. Алоҳидаланишга қарши яқин муносабатлар (илк катталик). Ўз ҳаёти ва касбий ўсишига оид қарорлар қилиш имконияти. Мажбуриятлар бериш ва бошқа кишилар билан яқин муносабатларни ривожлантириш. Оила ичида катталарга хос муносабатларни шакллантириш.
7-босқич. Турғунликка қарши ҳаракатчанлик-ишчанлик (ўрта ёшдаги катталик). Янги авлод тарбиясида иштирок этиш. Жисмоний куч-қувватдан кўра донишмандлик кўпроқ қадрланадиган ҳаётга муносабатнинг ривожланиши. Жинсий характердан кўра ижтимоийлаштирувчи муносабатларнинг шаклланиши. Ҳаёт ҳақида ўй-хаёлларда янги ғоялар учун очиқлик мослашувчанликнинг ривожланиши.
8-босқич. Умидсизлик-тушкунликка қарши «Мен»нинг бутунлиги (кеч ёшдаги катталик). Ҳаётнинг маънавий жиҳатдан муайян бир тартибга солиниши. Ҳаётда содир бўлган ва бўлиши мумкин бўлган воқеаларни афсус чекмаган ҳолда қабул қилиш. Ўз шахсини ишчи ролидан фарқлаш. Жисмоний сўнишни қабул қилиш. Ҳаётдан кўз юмиш ҳақиқат эканлигини қабул қилиш. *
* Манбалар: кўпроқ Эрик Эриксоннинг «Болаликда ва ҳаётнинг иккинчи ярмида инсоннинг психологик ривожланиши» (New York: W. W. Norton, 1950) мавзусидаги ишига, шунингдек, Л.Ньюгартен ва Роберт С.Пекнинг ишларига асосланилган (1968).
Лоренс Колберг ахлоқий ривожланишнинг 6 босқичини белгилайдиган назарияни таклиф этади. Кэрол Джиллиган аёллар ахлоқий шаклланишида учта ривожланганлик даражаси ва учта ўтиш тафовут қилинадиган назарияни таклиф этади. Джеймс Фаулер диний эътиқод шаклланишининг етти босқичи тафовут қилинадиган назарияни илгари сурди. Бу назарияларнинг ҳар бири инсоний ривожланиш ёндашувларини ўрганиш намуналаридир.
Инсон тараққиёти ёндашуви нуқтаи назаридан олганда эҳтиёжни икки жиҳатдан ўрганиш мумкин. Авваламбор, ҳар бир ривожланиш босқичида инсон мазкур ёш даври учун ўзига хос ва ўзига мос тарзда шаклланади ва бундай шаклланиш учун муайян шарт-шароитлар мавжуд бўлиши зарур. Ёш болага муҳаббат ва жисмоний ғамхўрлик сув билан ҳаводек зарур. Мактаб ёшидаги бола ҳам жисмоний ғамхўрликка муҳтож, лекин гўдаклик давридагичалик эмас. Бундай бола ҳимояланишга эҳтиёж сезади, бироқ шу билан бирга унга эркинлик ҳамда кўникмаларини шакллантириш ва бунёдкорликни ривожлантириш имконияти ҳам зарурдир. Ўсмирлар ўсишдаги нормал зиддиятларни ҳал этишларига, бу ҳаётда ким эканликларини аниқлашларига, ўзларининг жинсий тараққиётларини назорат қилишларига ҳамда касб танлашларига ёрдам берадиган имкониятларга эҳтиёж сезадилар. Катталарга бу ҳаётда нимагадир эришганликларини ҳис этиш, ота-оналик эҳтиёжларини қондириш ҳамда турли гуруҳлар ва умуман, ижтимоий ҳаётда иштирок этиш лозимдир. Янада улуғроқ ёшдаги одамлар учун иқтисодий барқарорлик ва хавфсизлик ҳис-туйғулари, саломатликларига ғамхўрлик қилиш эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, нафақага чиқиш, саломатликнинг ёмонлашуви ва яқинлашиб келаётган умрнинг тугаши билан боғлиқ бўлган янги ҳиссиётларни қандайдир бошларидан ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳис-туйғуларга эга бўлиш муҳим аҳамият касб этади.
Эҳтиёжларни ўрганишнинг иккинчи жиҳати шундан иборатки, тараққиётнинг қайсидир кутилган томонлари амалга ошмай қолаверишини ва улар ўтмишдаги аллақандай эҳтиёжлар қондирилмаганлиги туфайли амалга ошмай қолганлигини ҳамда бу нарса инсоннинг ижтимоий функцияни бажаришида муаммолар пайдо бўлишига олиб келадиган сабаблардан бири бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш лозимдир. Шу билан бирга, эҳтиёжларни ўрганишнинг мазкур иккинчи жиҳати тараққиётнинг секинлашувини аниқлашни ва кутилган тараққиётнинг содир бўлмай қолиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлашни ўз ичига олади.
Юқорида келтирилган мисолда ижтимоий ишчи Джон билан ишлаш пайтида унинг ўсмирлик ёшига қадам қўйганлигини, кўпчилик ўсмирлар учун бу даврнинг жуда мураккаб кечишини тушуниши лозим. Джон, эҳтимол, ўзи учун бошқалар билан муносабатларида ким эканлигини аниқлашга уринаётгандир. Шу билан бирга, у жинсий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Отасининг бизнесидаги беқарорлик Джоннинг юқорида зикр этилган жиҳатлардан оғриқсиз ўтиш қобилиятини пасайтираётган бўлса, ажаб эмас.
Ривожланиш нуқтаи назаридан эҳтиёжга қарши жавоб бериш тараққиётда илгарилашни таъмин этадиган шарт-шароитларни тақдим этиш ва тараққиётни секинлаштирадиган шарт-шароитларни бартараф этишдан иборатдир. Бундай шарт-шароитлар одамларнинг бир-бирлари билан ўзаро ижтимоий ҳамкорлик қилишларига ҳамда теварак-атроф билан ҳамкорлик қилишларига кучли равишда боғлиқ бўлади. Ижтимоий ишчи ана шундай умуминсоний эҳтиёжларга қарши ҳаракатни амалга оширар экан, инсон тараққиёти ва унинг бутун ҳаёти давомидаги барча жиҳатлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоғи керак.

Download 0.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   96




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling