Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Наманган муҳандислик-технология институти Ғаниев Муҳаматжон Халилович


Аҳолини камбағал қатлами ҳолати ва тенденциялари


Download 0.8 Mb.
bet35/63
Sana13.04.2023
Hajmi0.8 Mb.
#1352647
TuriДиссертация
1   ...   31   32   33   34   35   36   37   38   ...   63
Bog'liq
nodir

3.2 Аҳолини камбағал қатлами ҳолати ва тенденциялари


Бугунги кунда Жаҳон банки маълумотларига кўра, 736 млн киши ўта камбағаллик шароитида кун кечирмоқда. БМТ камбағаллик чегарасини асосий товар ва хизматлар (озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турар жой ҳақини тўлаш, сув билан таъминлаш, электр энергияси, мактаб таълими, тиббий хизмат) учун зарур бўлган даромадлар сифатида белгилайди. Камбағаллик даражаси нисбий тушунча саналади ва муайян мамлакатдаги умумий фаровонлик даражасига боғлиқ бўлади. Иқтисодчи олим Динитто АҚШда камбағалликнинг аниқлаш ва тушунишдаги беш хил ёндашув мавжудлигини таъкидлайди. Булар: тирикчилик воситаларидан маҳрумлик кўринишдаги камбағаллик, тенгсизлик кўринишдаги камбағаллик, маданият кўринишдаги камбағаллик, эксплуататция кўришидаги камбағаллик ва таркибий кўринишдаги камбағаллик170. Халқаро амалиётда камбағалликни аниқлаш ва унинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, камбағаллик мутлоқ (абсолют), нисбий, субъектив ва иқтисодий турларга ажратилади.
Мутлоқ (абсолют) камбағаллик – аҳолининг жон бошига тўғри келадиган даромад ва тирикчилик минимумини таққослаш йўли билан аниқланади (даромадига нисбатан камбағал). Мутлақ камбағаллик орқали биз инсоннинг минимал эҳтиёжини ўз даромади билан қондира олмаслик ҳолатини кўз олдимизга келтирсак тўғри бўлади.
Нисбий камбағаллик – аҳолининг жон бошига тўғри келадиган даромад ва камбағалликнинг нисбий чизиғи асосида аниқланади. Ушбу ҳолатда камбағаллик нисбий чегараси шахсий ихтиёридаги (медианли) даромад кўрсаткичидан фойдаланилади ҳамда турли мамлакатларда нисбий камбағаллик кўрсаткич тавофутга эга бўлади. Масалан, АҚШда нисбий камбағаллик медиан даромаднинг 40 фоиз, Европа давлатларида эса 50 фоизига тенг бўлмоқда.
Субъектив камбағаллик – респондентларнинг ўз-ўзини баҳолаши орқали аниқланади. Бундан ташқари ижтимоий ва иқтисодий камбағаллик турлари ҳам мавжуд. Ижтимоий камбағаллик – бу ишга лаёқатсизлик, ногиронлиги бўлган, касалмандлардан иборат бўлиб, уларнинг руҳий ва жисмоний заифлиги сабабли даромад олмаслиги ҳолатини баҳолаш орқали аниқланади.
Иқтисодий камбағаллик – тўлақонли иш самарадорлигига эга бўлиб, ўзининг ишлаб чиқарган товар ва хизмати эвазига олган даромади фаровонликни таъминлай олмаслиги эвазига баҳоланади.
Одатда камбағаллик даражасини аниқлашда мутлоқ, иқтисодий, нисбий ва субъектив тушунчалардан фойдаланилсада, энг асосийси мамлакатнинг иқтисодий ўсиш даражасига ҳам боғлиқдир. Агар иқтисодий ўсиш юқори бўлса камбағалликни қисқартиришнинг иқтисодий имконияти яратилади. Ҳамдўстлик давлатларининг барчасида, АҚШ, Италия, Канада ва Туркияда камбағаллик аҳоли даромадлари ёки харажатларини минимал миқдорига мос келиши асос қилиб олинган бўлсада, амалиётда камбағаллик кўп ўлчамли категория сифатида намоён бўлади. Кўп ўлчамлилик: аҳоли учун соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хизматларнинг мавжудлиги ва сифати (тоза сув, тегишли санитария шароитлари, табиий газ ва электр таъминоти) билан таъминланганликни назарда тутиб, камбағаллик даражасига таъсир этади. Ушбу хизматлар аҳоли турмуш даражасини ҳам белгилайди, уларни бирортаси қисқарса ёки эътибор камайтирилса камбағаллик даражаси ҳам ўзгаради.
Европа Иттифоқи давлатларида камбағалликни баҳолашда юқоридаги омилларни ҳисобга олган Алкире-Фостер усулидан фойдаланилади. Бу усулда ўзгарувчан омиллар индексини аниқлаш бир – неча босқичда амалга оширилади. Дастлаб, мақсадли гуруҳ аниқланади- оила, шахс, аҳолининг заиф қатламлари (ногиронлар, етимлар, ёлғиз қариялар, ишсизлар ва хаказо). Кейинги босқичда ўлчов соҳалар – соғлиқни сақлаш, таълим, турар жой, коммунал хизматларнинг энг муҳим кўрсаткичлари танланади. Жумладан, тиббий хизмат соҳасини баҳолашда овқатланиш, чақалоқлар ўлими, таълим соҳасини баҳолашда мактабда ўқиш муддати, ўқув қуроллари билан таъминланганлик, таълим сифати ўрганилади. Мақсадли гуруҳларни танлаб олингандан сўнг, улардан ҳар бир кўрсаткич бўйича сўровнома ўтказилади. Натижаларга кўра, композит индекси 20 фоиздан 30 фоизгача бўлса камбағаллик чегарасида, индекс 30-50 фоизгача бўлса юқори даражадаги камбағаллик, 50 фоиздан ортса ўта юқори даражадаги камбағаллик кузатилади171.
Халқаро тажрибада камбағаллик чегарасини аниқлаш борасида ҳар бир давлатнинг миллий хусусиятларидан келиб чиқиб ўндан ортиқ усулларнинг биридан фойдаланади. Хусусан, UNICEF усули-Multidimensional Overlapping Deprivation Analysis (MODA) ва БМТТД усули - кўп ўлчовли камбағаллик Multidimensional Poverty Index (MPI). MODA методологияси асосан болалар даражасида камбағалликни ўлчаш учун қўлланилади. Бунда асосий эътибор болаларга қаратилган бўлади. MPI методологияси Ўзбекистонда икки кўрсаткични бирлаштириб ҳам катталар ҳам болалар орасида номонетар кўп ўлчамли камбағаллик даражасини ўлчаш учун қўлланади, қолаверса, алоҳида уй ҳўжаликлари қамраб олинади. MODA методологияси ёшга доир кўрсаткичлар асосида шакллантирилиб, сўров бўйича саволлар мамлакат хусусиятларидан келиб чиқиб асосан чақалоқликдан 5 ёшгача, 5 ёшдан 17 ёшгача ва 17 ёшдан юқори бўлган аҳоли қатлами учун алоҳида тузилади. MPI методологиясида бу имконият мавжуд эмас. Шу сабабли бу икки методологияни бирлаштириб ўлчовлар ишлаб чиқилади172. Камбағалликни аниқлаш бўйича энг кенг тарқалган икки хил усул мавжуд:
1. Монетар усул. Бу усулда истеъмолчилар, уй хўжаликларининг маълум бир муддатда оладиган барча даромадлари ёки ўз эҳтиёжини қондириш учун сарфлайдиган истеъмол харажатлари ҳажми, яъни турмуш даражасини белгилайдиган материал эҳтиёж билан ўлчанади.
2. Номонетар усул. Бу усулда камбағалликни учта индекс бўйича ўлчашни назарда тутади. Кўп қатламли камбағаллик (у аҳоли камбағаллигининг қатламлари ва чуқурлигини ўлчайди), моддий депривация (нисбий камбағаллик даражасини ўлчайди) ва ижтимоий узилиб қолишни (бу социал аҳамиятли хизматлардан фойдаланиш имкониятини ўлчайди) назарда тутади.
Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан камбағалликни белгилашда бир-неча ёндашув қўлланилади:
Биринчи ёндашув — мутлақ камбағалликни баҳолаш, индивидуум ёки уй хўжалигининг даромадидан (ёки харажатидан) келиб чиққан ҳолда баҳолаш билан боғлиқ бўлиб, у кейинчалик мамлакатдаги энг паст турмуш даражаси (камбағаллик даражаси) билан солиштирилади. Камбағаллик даражаси яшаш учун зарур бўлган даромад даражаси (энг паст турмуш даражаси) билан белгиланиб мутлақ катталик ҳисобланади.
Иккинчи ёндашув — нисбий камбағалликни баҳолаш — даромад даражаси мазкур жамиятда қабул қилинган стандартлардан паст бўлган кишилар тоифаси мавжудлиги билан боғлиқ. Киши ўзининг асосий эҳтиёжларини қоплаш учун камбағаллар тоифасига киритилади. Шу тарзда, нисбий индивидуум ёки уй хўжалиги даромадларининг (ёки харажатларининг) даражаси мамлакат бўйича ўртача катталиги даражаси билан белгиланади. Бундай ёндашув Европа Иттифоқи давлатлари томонидан ҳам фойдаланилади. У камбағаллик кўрсаткичи сифатида мамлакат бўйича ўртача харажатлар катталигининг 50 фоизини қўллайди.
ХХ асрнинг 70-йилларида Нидерландиялик олимлар камбағалликни белгилашда субъектив ёндашувни ишлаб чиқдилар. Унга кўра одамларнинг ўзлари камбағалликни белгилашда энг олий ҳакамдир. Мазкур уч ёндашув бир-бирини тўлдиради ва биргаликда энг камбағал оилаларни идентификация қилишга ёрдам беради: агар оила бир пайтнинг ўзида уч (ёки икки) камбағаллик кўрсаткичи бўйича камбағал деб ҳисобланса, у энг камбағал оилалар қаторига киритилади173. Бой мамлакатларда қашшоқлик чегараси, камбағал давлатларга қараганда анча юқоридир. 1990 йилда Жаҳон банки экспертлари камбағал давлатларда қўлланадиган стандартлардан фойдаланиб, дунёдаги камбағал аҳоли сонини ўлчашни таклиф қилишганди. 15 та давлатдаги камбағалликнинг миллий даражасини ўрганиб, харид қобилияти асосида валюта курсларини қўллаган ҳолда (харид қобилияти: бутун дунёдаги ана шу нархлар асосида ҳисобланади) қайта ҳисоблашди. Товар ва хизматлар тўплами нархини барча мамлакатларда тўғри таққослаш учун ана шундай қилинган. Натижада экспертлар ўрганилаётган камбағал мамлакатларнинг олтитасида камбағаллик даражаси кунига бир киши учун 1 долларга яқин кўрсаткични ташкил қилди. Бу кўрсаткич илк халқаро камбағаллик чегараси сифатида қабул қилинди.
Дунё мамлакатларидаги инсонларнинг турмуш тарзи, ҳаётидаги тафовутлар ортиб боргани сабабли Жаҳон банки глобал камбағаллик кўрсаткичини вақти-вақти билан қайта кўриб чиқиш заруриятига дуч келди. 2005 йилда банк дунёнинг энг камбағал мамлакатларида қабул қилинган камбағаллик даражаси асосида ана шу кўрсаткични қайта ҳисоблади. Натижада глобал камбағаллик чегараси 1,25 долларгача кўтарилди. 2015 йилда чегара қайта кўриб чиқилди ва 1,9 долларгача ортди. Жаҳон банкининг охирги – 2018 йилнинг октябр ойида эълон қилинган ҳисоботида ҳам шу рақам келтирилган. Даромади бундан ҳам паст бўлганлар қашшоқлар тоифасига киритилади.
Киши бошига кунига 1,9 доллар даромад камбағаллик даражасининг энг қуйи чегараси ҳисобланади. Ушбу ўлчовдан келиб чиқадиган бўлса, юртимизда бир одамга кунига камига энг камида 20,6 минг сўм (1 АҚШ доллар курси 2022 йил 1 август кунига 10950 сўмга тенг бўлди) маблағ керак бўлади. 5 кишига 104,0 минг сўм, 8 кишилик оилага 164,8 минг сўм зарур. Мос равишда бир ойда бир кишига 618,0 минг сўм, 5 кишига 3 млн. 90 минг сўм талаб қилинади. Бундан ташқари, Жаҳон банки томонидан ўзига тўқ давлатларда камбағалликнинг энг паст ўлчови 3,2 доллар, 5,5 доллар ва ҳатто 21,7 доллар этиб белгилаган. Банк мутахассислари бу кўрсаткичлар пул мезонларига асослангани ва улар таълим олиш, соғлиқни сақлаш хизматлари ва сув ҳамда электр энергияси билан таъминланганлик каби жиҳатларни ҳисобга олмаслигини таъкидлашади. Демак, 1990 йилдан бошлаб ҳар йили Жаҳон банкининг «Камбағаллик ва фаровонлик» маърузалари эълон қилинади. Жаҳон банкининг камбағаллик даражасини халқаро миқёсда таққослаш имкониятини яратувчи ягона глобал стандарт баҳолаш услуби бир киши учун қуйидагича:

  • юқори ўрта даромадли мамлакатларда — 5,50 АҚШ доллари;

  • қуйи ўрта даромадли мамлакатларда — 3,20 АҚШ доллари;

  • паст даромадли мамлакатлар учун — 1,90 АҚШ доллари.

Ўзбекистон – аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи бўйича ўрта қуйи даромадли мамлакатлар қаторидан жой олган (2021 йилда киши бошига 1955 АҚШ доллари). Аслида даромаднинг ўртача даражаси икки гуруҳга бўлинади. Даромади ўртача даражадан паст мамлакатлар – киши бошига йилига 1036-4085 доллар ва даромади ўртача даражадан юқори мамлакатлар - киши бошига йилига 4086 - 12615 доллар. Биринчи гуруҳдаги мамлакатлар учун мезонлар қабул қилинган. Бу ўлчовлар бўйича киши бошига кунига 3,2 доллар — камбағаллик чизиғининг кўрсаткичидир. Миллий даромади ўртачадан баландроқ мамлакатлар учун кунига киши бошига 5,5 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичи ҳисобланади. Мамлакатимизда 2022 йил 1 январдан бошлаб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган тоифасига кириши учун оиланинг бир ойлик даромади минимал истеъмол харажатларига тенг бўлиши белгиланди. Камбағалликнинг қуйи чегараси эса бир киши учун минимал истеъмол харажатлари қийматига тенглаштирилди. Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан кенг фойдаланилади. Бу кўрсаткич ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш, камбағаллик чегарасини белгилаш ҳамда пенциялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилашга мезон сифатида белгиланган. Республиканинг барча минтақаларида 10,6 минг уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган кузатув ва таҳлиллар асосида минимал истеъмол харажатлари миқдори 2022 йилда бир ой учун киши бошига 498 минг ҳисобланган.
Камбағаллик даражасини белгилашда ҳар бир давлат ўзига хос мақсадларни кўзда тутади, миллий иқтисодиётнинг ривожланганлик даражасидан келиб чиқиб, яшаш минимумини белгилайди, ночор қатламларни ҳимоялаш, камбағаллик меъёрлари белгиланиши асосида ҳисобга олинади. Камбағаллик даражасига иқтисодиётнинг таркибий тузилиши ва ишлаб чиқариш соҳалари ривожланиши ҳам кучли таъсир этиши, камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар эканлиги аниқланди. Жаҳон амалиёти кўрсатишича, иқтисодий ривожланган мамлакатлар ижтимоий кескинликни бартараф этиш учун аҳолининг ўрта ва камбағал қатламлари ўртасидаги чуқур табақаланишга йўл қўймасликка интилсалар, ривожланаётган мамлакатларда эса камбағалликнинг аниқланиши аҳолининг минимал турмуш даражасини таъминлаб туриш сиёсати билан боғланган].
Маълумки, 2018 йилдан буён Жаҳон банки «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» номли лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида «Марказий Осиёда туманлар миқёсидаги камбағаллик даражаси, ўртача истеъмол ва аҳолининг ўрта синфи кўрсаткичлари» бўйича ҳисобот тайёрланди. Унда камбағал ва ўрта синф аҳоли яшайдиган туманлар хариталари бутун минтақа, хусусан, Ўзбекистон учун алоҳида келтирилган. Бу орқали камбағалликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш ёки маҳаллий даражадаги ижтимоий гуруҳлар муаммоларини ҳал қилиш учун маблағлар ажратилишида фойдаланиш мақсад қилинган. Натижалардан маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида камбағаллик даражаси кунига 3,2 долларни ташкил этади. Бу Марказий Осиёнинг бошқа (Тожикистон, Қирғизистон) мамлакатларига қараганда бирмунча паст кўрсаткичдир. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида даромад нотекис тақсимланган. Камбағалликнинг юқори даражаси Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасининг айрим туманларида кузатиляпти. Ўрта синф аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улушининг энг паст даражаси ҳам Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасининг баъзи туманларига тўғри келмоқда174.
Бугунги кунда дунё бўйича камбағаллик бўйича амалиётга янги таъриф ва ўлчамлар киритилмоқда. Жумладан, ижтимоий камбағаллик. Бу кўрсаткич мутлоқ ва нисбий камбағаллик концепциясини бирлаштиради. Бундай ташқари камбағаллик даромадлар даражаси бўйича коммунал хизматлар (сув, электр энергияси), соғлиқни сақлаш ёки таълим олиш имкониятини акс эттирмагани учун кўп ўлчамли камбағаллик кўрсаткичи киритилди. Ана шу тушунчага мос равишда глобал даражадаги камбағаллар улуши монетар камбағаллик билан таққослаганда тахминан 50 фоизга юқорироқ. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 736 миллион киши (аҳолининг 10 фоизи) ўта қашшоқлик даражасида (кунига 1,9 доллардан кам киримга эга), дунё аҳолисининг деярли ярми – 3,4 млрд киши кунига 5,5 доллардан кам тушумга эга.
АҚШда камбағаллик чегараси федерал ҳукумат томонидан белгиланади ва озиқ-овқат саватчаси нархининг уч баробарига тенг ва ҳар йили нархлар даражасидаги ўзгаришларга мувофиқ белгиланади. Мутлоқ камбағаллик даражаси оиланинг катталигига қараб ўзгаради. Европа иттифоқи мамлакатларида камбағаллик даражаси ўртача даромаднинг 50 фоиздан паст бўлган даромаддир. Россияда камбағаллик мезонини аниқлаш зарур тирикчилик тўпламини ўз ичига олган «Истеъмол савати» усули қўлланилади. Унда нархлар даражаси ва динамикасини инобатга олган ҳолда минимал иш ҳақи белгиланади. Рус олимларидан Сидорчук И.Б. (2010) қуйидаги мезонлардан фойдаланган ҳолда камбағалликни аниқлашни таклиф этади: яшаш жойининг бўлиши, тўлақонли овқатланиш ва ичимлик сувига эгалик, минимал таълим олиш имконияти ва соғлиқни сақлаш имконияти175. Сазанов И.Б эса (2012) камбағалликни абсолют ва нисбий даражаларда бўлади, деб ҳисоблайди176.
Таниқли иқтисодчи олимлар Джейм Фостер, Жоул Гриер ва Эрик Торбеклар томонидан қуйидаги камбағалликни белгиловчи асосий кўрсаткичлар формула таклиф этилган:
a
Бу ерда P — Камбағалликнинг умумий кўрсаткичи;
А — айнан камбағалликнинг қайси кўрсаткичи ҳақида сўз бораётганлигини кўрсатувчи параметр;
–алоҳида уй хўжаликларининг камбағаллик чегараси, h- унинг таркибига боғлиқ бўлган ҳолда;
– алоҳида уй хўжаликлари даромад даражаси;
– камбағал уй хўжаликлари сони;
H – умумий уй хўжаликлари сони;
Фостер, Гриер ва Торбек формуласи асосида камбағалликнинг асосий кўрсаткичлари белгиланади:

  • камбағаллик коффициенти ва камбағаллик даражаси (а=0);

  • камбағалликнинг чуқурлик индекси (а=1);

  • Жиддий камбағаллик индекси (а=2);

Камбағаллик коэффиценти (умумий уй хўжаликлари сонига камбағал уй хўжаликларининг нисбати): = . Камбағаллик коэффиценти фақат камбағалликнинг тарқалиш коэффициентини тавсифлайди ва камбағаллик чегарасидан камбағал уй хўжаликларининг даромади қай даражада паст эканлигини аниқлашга имкон бермайди. Камбағаллик индексининг чуқурлиги: = 1 Камбағал уй хўжаликларининг даромади қай даражада қашшоқлик чегарасига нисбатан паст жойлашганлигини аниқлашга имкон беради. Камбағалликнинг жиддийлик индекси: = 2 Амартия Сен ўзининг камбағалликнинг синтетик кўрсаткичи индексини таклиф қилди. У учта омилни бирлаштиради: бу, аниқ бир ҳодисанинг тарқалиши, камбағалларнинг моддий етишмовчилиги, даромади бўйича табақаланишнинг даражаси. Қуйидаги формула орқали ҳисобланади:
S=L(N+ ), бу ерда S — Сеннинг индекси, L — камбағал аҳолининг улуши, N — қашшоқлик чегерасини ўртача даромад камомадига нисбати, d — камбағал уй хўжаликларининг ўртача даромади, P — камбағалликнинг чегараси, —камбағал уй хўжаликлари учун Джини коэффициенти
Камбағаллик чегараси — бу шундай даромад паст даражаси бўлиб, бунда инсон оҳир - оқибат ҳеч нарсасиз қолади. Бошқача қилиб айтганда, унинг даромади яшашнинг минимум чегарасидан ўтмайди177.
Ўзбекистонда камбағаллик даражасини ўлчаш учун шундай ёндашув қўлланилганки, унга кўра камбағаллар тоифасига аҳолининг кам даромадга эга бўлган, бироқ мустақил равишда, жамият ёрдамисиз ўзининг моддий аҳволини яхшилай олмайдиган қисми киритилган. Ушбу гуруҳ улуши уни ҳисоблаш учун қўлланилган баҳолаш мезонига боғлиқ бўлган. Хусусан, 1991 йил эксперт баҳоларига кўра аҳолининг 75 фоизи аҳоли жон бошига истеъмол саватидан паст бўлган даромадга эга бўлган. 1994 йилда 20 минг оилани ўрганиб чиқиш давомида шу нарса аниқландики, уларнинг 44,5 фоизи аҳоли жон бошига нисбатан иш ҳақининг энг кам миқдоридан кам бўлган даромадга эга. 1996 йилнинг социологик тадқиқотлари аҳоли тоифаларини даромадига кўра баҳолаш имконини берди ва шу нарса аниқландики, республика аҳолисининг муҳтож ва ниҳоятда муҳтож қисми 27,6 фоизни ташкил этди178.
Мамлакатимизда ҳам камбағаллик даражасини аниқлашга оид бир қанча ёндашувлар бор. Иқтисодчи Б. Ҳамидовнинг фикрича, бунда озиқланишга асосланган камбағаллик даражаси, халқаро камбағаллик чегараси, нисбий камбағаллик чегараси, субъектив камбағаллик чегараси каби таснифлар кўп қўлланилади. Профессор М. Муҳаммедовнинг нуқтаи назарига кўра, камбағал аҳоли дейилганда икки тоифа назарда тутилади. Биринчи тоифага ўз ҳаётини яхшилашни истамайдиган ёҳуд истаса-да, бунга дангасалиги монелик қиладиганлар киради. Иккинчи тоифа эса қандайдир сабаблар туфайли шундай аҳволга тушиб қолган, меҳнатдан қочмайдиган, аммо бунга имкон тополмаган инсонлардир. Камбағаллар тоифасига кирадиган аҳолини уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси — муайян билим, кўникма, малакага эга, аммо ўзига муносиб иш топа олмаётганлар, яъни ишсизлар. Иккинчи гуруҳга иш билан банд аммо олаётган маоши камбағалликдан қутулишга имкон бермайдиганлар киради. Учинчиси, меҳнатга лаёқатсиз аҳоли қатламидан (ногиронлар, боқувчиси йўқ болалар, қариялардан) иборат179 бўлади. Ҳақиқатан бу фикрга биз ҳам қўшиламиз, боиси унга бугунги кундаги камбағаллар учта тоифаларга киритилган бўлиб, «Темир дафтар»да ҳам ушбу тоифадагилар асосий ўринни эгалламоқдалар.
Ўзбекистондаги камбағалликни аниқлашда ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг қуйидаги жиҳатларини эътиборга олишимиз зарур: Биринчидан, иқтисодий салоҳият ва ундан самарали фойдаланиб иқтисодий ўсишга эришиш имкониятининг мавжудлиги. Жаҳон банки гуруҳлаштириш тизимига мувофиқ Ўзбекистон даромади ўртачадан паст ( йилига 1036-4045 доллар) давлатлар қаторига киради. Иккинчидан, аҳоли жойлашувида қишлоқ жойларининг ўрни истиқболда ҳам сақланиб қолади. Иш ўринларининг етишмаслиги, ишсизлик натижасида камбағаллик даражасини қишлоқ жойларида юқорилиги кузатилади. Бу эса аввало, қишлоқ жойларига саноат корхоналарини жойлаштиришни талаб этади. Учинчидан, бирор бир мамлакатда учрамайдиган ўз-ўзини бошқаришнинг маҳалла тизими. Узоқ йиллар шаклланган маҳалла аҳолини асосий яшаш жойи бўлиб, камбағалликни аниқлаш, уни мониторингини ташкил қилиш учун энг қулай восита сифатида қараш керак. Оилада камбағални юзага келиш сабабларини аниқлаш, камбағалликни қисқартириш йўлини топишда «Маҳаллабай» усули амалда ижобий самара бермоқда. Тўртинчидан, аҳоли истеъмолидаги ўзига хос хусусиятлар билан ажралиб туришида намоён бўлади. Бунда товарлар ва хизматлар бўлган аҳоли эҳтиёжи табиий – иқлим шароити ва миллий анъаналарга боғлиқ. Бошқа мамлакатларга нисбатан озиқ-овқат истеъмолида нон маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, гуруч, ўсимлик ёғи ўрни юқори.
Аҳоли уй-жойларининг 98,0 фоизи уларнинг шахсий мулки ҳисобланади. Аҳолини ўз уйига эга бўлиши камбағалликни олдини олиш имконини беради. Шунингдек, қишлоқ жойларидаги оилаларни 70,0 фоизидан ортиғи ўз томорқасига эга бўлиб, томорқа бир томондан ўз-ўзини бандлигини таъминласа, иккинчи томондан етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, уларга бўлган истеъмолни деярли бешдан бир қисмини қоплайди (ун ва нон, мева ва сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотлари) ва даромад манбаи бўлиб хизмат қилади. Ўзбек оилаларидаги асрдан-асрга ўтиб келаётган меҳмондўстлик одоби муҳим қадриятлар қаторига кириб, камбағал ва ночор кишиларни қўллаб-қувватлаш имконини беради180.
Республикамизнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга оладиган, аҳоли турмуш даражасини холис баҳолай оладиган кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш муаммоси турибди. Фикримизча, мамлакатимизда камбағалликни аниқлашда монетар усулдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бу усулда истеъмолчилар, уй хўжаликларининг маълум бир муддатда оладиган барча даромадлари ёки ўз эҳтиёжини қондириш учун сарфлайдиган истеъмол харажатлари ҳажми, яъни турмуш даражасини белгилайдиган материал эҳтиёж билан ўлчанади. Аҳоли муайян даромадга эга бўлсагина «истеъмол саватча»сини тўлдириш имконига эга бўлади. Ўзбекистонда камбағаллик билан боғлиқ жараёнларни таҳлили шуни кўрсатадики, мустақилликни дастлабки йилларида дастлаб иқтисодиётнинг пасайишидан иборат коньюнктуравий ўзгаришлар асосий ўринни эгаллаган бўлса, сўнгра ишсизлик етакчи ўринни эгаллай бошлади.
Камбағаллик миллатнинг соғлиғи, меҳнатга лаёқати ва илмий салоҳиятига путур етказади. Шунингдек, унинг оқибати натижасида давлат бюджетининг пасайиши ва сиёсий жараёнларнинг кескинлашишига сабаб бўлади. Америкалик Майкл Кремер ва келиб чиқиши асли ҳиндистонлик бўлган Абхиджит Банерджи ҳамда унинг рафиқаси Эстер Дюфлоларнинг илмий тадқиқот натижаларига кўра, камбағалликни юзага келтирадиган омиллар, шарт-шароитлар диагностикаси билан бирга уларни ҳар бир мамлакат, ҳудуд ва оила кесимида бартараф этиш мумкинлигини аниқладилар. Табиий фанлар ва тиббиётда олиб бориладиган тажриба усуслларидан кенг фойдаланган ҳолда мазкур олимлар Кения ва Ҳиндистон оилалари мисолида дала тажрибаси асосида камбағалликни аниқлаш, уни пасайтириш бўйича изланишларни олиб боришиб, қуйидаги бош саволни қўйишди: камбағал давлатларда таҳсил олаётган ўқувчи-болалар учун бепул тушлик фойдалими ёки ўқув қўлланма зарурми?
Улар томонидан олиб борилган кўплаб тажрибалар шуни тасдиқладики, бепул тушлик ва қўшимча ўқув қўлланма ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичига унчалик сезиларли таъсир кўрсатмас экан. Шу боисдан мактабларни турли хилдаги замонавий ўқув қуроллари билан таъминлаш, моддий-техника базасини яхшилашга йўналтирилган молиявий харажатларни амалга ошириш, ўқувчиларга индивидуал ёндашув усулларини кучайтириш ҳамда болаларни қийнаб келадиган гижжа касалликларидан фориғ бўлишларини таъминлашга боғлиқ экан. Болалар организмида жойлашган паразитлардан холи бўлмасдан туриб, уларга қанчалик билим берманг, унинг ақли ва тафаккури кенгайиб қолмаслигини Жаҳон соғлиқни ташкилоти ҳам тасдиқлади. Шу пайтга қадар БМТ, Жаҳон банки, Жаҳон валюта ташкилоти ва турли жамғармалар томонидан камбағал давлатларга миллиардлаб АҚШ доллари қийматида молиявий ёрдамлар, субсидиялар йўналтирганига қарамай, аҳолининг саводхонлиги ошиб, ўзини ўзи иш билан таъминлаш ва тадбиркорлик қобилияти ошиб қолмади. Буларнинг барчаси бесамар кетди. Ушбу давлатлар камбағаллик балосидан қутула олишмади. Айнан Абхиджит Банерджи, Эстер Дюфло ҳамда Майкл Кремер буни исботлаб беришди ва дала тажрибаси асосида камбағалликдан фориғ бўладиган «таблетка»ни кашф қилишди ҳамда ўзларининг номларини иқтисодиёт тарихида муҳрлаб қўйишди.
Ислом динида камбағалликни аниқлаш масаласига катта эътибор берилган. Айниқса, бойликнинг мезони нима? Қайси жиҳатларига қараб кишини бой ёки камбағал дейиш мумкин? Мазкур саволларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак ҳадисларидан жавоб топамиз. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳу ва салламдан ривоят қилади: “Бойлик мол (-дунё)нинг кўплигида эмас. Балки (ҳақиқий) бойлик нафс тўқлигидир”181 (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Ахмад ривояти). Ҳақиқатан, агар киши бойлик ва мол-дунёга эга бўлиб, аммо “оч”, таъмагир, сира тўймайдиган, тинимсиз бойлик тўплашни ўйлайверса, бундай банда ҳақиқий камбағалдир. Чунки унинг тасарруфида шунча бойлик турганига қаноат этмасдан ўзини муҳтож кўриб, дунёга тўймайди. Аксинча ҳалол бўлса, киши кўп қатори ҳаёт кечирса ёки камбағал бўлса ҳам, нафси тўқ, таъмадан йироқ ва дунёнинг ўткинчи ҳавасларига эътибор бермаса, мана шундай одам ҳақиқий бойдир. Боиси унинг бойлиги бўлмаса-да, кўзи тўқ ва таъмадан саломатдир182.
Инсоннинг бой ёки камбағал экани унинг зоҳирига қараб эмас, балки ботинига қараб баҳоланади. Бойлик ҳам, камбағаллиик ҳам қалбда бўлади. Қалбига қараб банданинг ҳақиқий бой ёки камбағал экани билинади. Кимнинг қалби бой, нафси тўқ ва қаноатли, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи бўлса, унга қанча кўп мол-дунё насиб этса ҳам зарари йўқ, аксинча, нафси тўқ кишининг қўлидаги бойлик ўзига ва бошқаларга фойда келтиради. Кимнинг қалбида камбағаллик бўлса, зоҳиран бой бўлиб кўринса-да, аслида кўзи “оч”, баднафс бўлса, у банда қанча бойлиги бўлмасин, барибир ўзини беҳожат ва бой ҳисобламайди. Чунки ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир. Ислом дини имкони бор кишиларни ишлашга, ўзи ва оиласи учун етарли даражада ризқ топишга саъй-ҳаракат қилишга буюради. Ислом дини таълимотига мувофиқ моддий бойликларга эга бўлиш асосида ҳалол меҳнат ётади. Ҳалол ризқ топиш ҳаракати мусулмон кишининг энг асосий ибодати, ҳуқуқи ва бурчидир. Ислом динида ҳар бир шахс ўзи ҳоҳлаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Ишлашга имконияти йўқ, шунингдек, мерос ҳуқуқи асосида бирор моддий нарсани қўлга киритмаган, бисотида эҳтиёжини қоплайдиган маблағга эга бўлмаган кишиларга бой қариндошларини бириктириб қўяди ва уларга нафақа мажбуриятини юклайди.
Қолаверса, меҳнатга яроқли одам ҳалол ризқ топишга астойдил ҳаракат қилмай, мен муҳтожман, деб ўз аҳли оиласи юкини ўзгаларга оширишга мойил бўлса-чи? Шу ўринда Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳу айтадирлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан садақа сўрадим, бердилар, сўнг яна сўрадим, яна бердилар, тағин сўрадим, тағин бердилар. Кейин менга: “Эй Ҳаким, бу мол-дунё деган нарса ҳайвоннинг кўзига яхши кўринадирган кўм-кўк, ширин ўт-ўлан сингари одамнинг кўзини ўйнатғайдир, кимки ундан очкўзлик қилмай эҳтиёжига яраша олса, Оллоҳ таоло унга барака ато этғайдир, кимки нафси ғолиблик қилиб, беш қўлини оғзига тиқса, унинг бири икки бўлмағайдир, ундоқ одам қанча еса ҳам ҳеч тўймайдирган мечкайга ўхшайдир, кўтарилган қўл (меҳнатга бўйин ёр берган қўл) туширилган қўлдан (садақага узатилган қўлдан) афзалдир!”- дедилар. Шунда мен: “Ё Расулаллоҳ, сизни ҳақлиғ узра пайғамбар қилиб юборган ул зоти олий номига қасам ичиб айтурменким, сиз ўтганингиздан кейин ҳам то у дунёга риҳлат қилгунимча, бировдан бир нарса олмағайдирман!”- дедим”183. Демак, ҳар бир кишининг касб-кори бўлиши, ҳалол меҳнат қилиши уни камбағалликдан қутилиш йўли сифатида қаралади. Айниқса, инсонларни тежамкор бўлиши уларни ночорликдан қутқаради. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳу ва салламдан ривоят қилади: “Тежамкор бўлган (киши) камбағал бўлмайди”. (Имом Ахмад, Ибн Абу Шайба ва Байҳақий ривояти).
“Тежамкорлик” сўзи сарф-харажатда ўртача йўл тутиш, исроф ҳам бахиллик ҳам қилмай, меъёрида сарфлашни англатади. Амаллар ва ҳолатларнинг энг яхшиси ўртачасидир. Шу жумладан, турмуш учун керак бўладиган нарсалардаги сарфларда ҳам ўртача бўлиш кишига фойда ва барака келтиради. Тежамкорликнинг энг катта белгиси шуки, бунда киши энг зарур ва керакли нарсаларга эътибор қаратиб, унчалик муҳим бўлмаган ҳаражатлардан четланади. Хуллас, банда ҳар қандай шароит ва ҳолатда тежамкор бўла олса, ҳеч қачон бировга муҳтож бўлмайди, камбағаллик нималигини билмайди. Тежамкорлик қилиб исрофдан сақланадиган, неъматларни беҳуда сарфламайдиган банданинг рўзғорига барака ва оиласига фаровонлик киради184.
Кўҳна тарихимизнинг қайси даврини эсламайлик, дин ҳар доим одамларни ўз-ўзини идора этишга, камбағалларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, инсонлардаги яхши хислатларни кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишга чорлаган. Уни оғир синовларга бардош беришга, ёруғ кунларга интилиб яшашга даъват қилган, ишонтирган. Бундай даъват ўз навбатида одамларга куч-қувват бағишлаган, иродасини мустаҳкам қилган. Ислом дини халқ маънавиятининг юксалишига доимо катта ҳисса қўшиб келган экан, айниқса, камбағалликни жамиятимизда камайтиришда, бу борада иқтисодий режалар тузганда, диний қадриятларимизнинг ҳам маънавий, ҳам ижтимоий имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Иқтисодий қонунларга кўра, «камбағаллик камбағалликни келтириб чиқаради». Бунинг бир неча сабаблари мавжуд: Биринчидан, даромадлари паст мамлакатлар сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш учун етарлича пул сарфлай олишмайди, камбағал аҳоли эса сифатли пуллик таълим ва тиббиёт хизматларга қурби етмаслиги сабабли инсон салоҳияти пасайиб, камбағалликдан қочиб қутула олмайдилар. Иккинчидан, камбағал аҳолининг даромадлари пасайиб борган сари, истеъмол бозорининг сиғими мутаносиб равишда кичрайиб боради ва бунинг натижасида саноат моллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва айниқса, хизматларга бўлган талаб пасайиб боради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилади, бюджет даромадларини камайтиради ва камбағалларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятини камайтириб ёпиқ циклик жараён кўринишига келади. Учинчидан, аксарият ҳолларда камбағалларнинг дунёқараши даромад юқори бўлганлардан фарқ қилади. Юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра, улар орасидан ижодкор ва тадбиркорлик қобилиятига эга инсонларнинг етишиб чиқиши эҳтимоли камроқ. Шунингдек, одатда камбағал оила аъзолари орасида жиноятчилик кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ бўлади185.
Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида 5 та асосий тамойилларидан бири кучли ижтимоий ҳимоя соҳасида узоқ муддатга мўлжалланган давлат дастури амалга оширилган бўлсада, камбағаллик яширин тус олди. Камбағалликнинг оқибатлари қуйидагиларда намоён бўлади. Биринчидан, камбағаллик жиноятчиликнинг ўсишига таъсир қилади. Шундай қилиб, жиноятчилик аҳолининг кам таъминланган қатламлари орасида кенг тарқалмоқда, улар баъзан «даромад олиш»нинг жиноий шаклларига мурожаат қиладилар.
Иккинчи, энг муҳим салбий оқибати - бу аҳоли соғлиғининг ёмонлашиши. Ҳаётнинг паст даражаси ва даражаси паст даромадли гуруҳларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда. Баланссиз ва етарли даражада овқатланмаслик, гигиена меъёрлари йўқлиги, кам таъминланган фуқароларга тиббий хизматни ўз вақтида олиш ёки самарали дори-дармонларни олишга имкон бермайдиган молиявий ресурсларнинг етишмаслиги, буларнинг барчаси кам таъминланганлар орасида касалликларнинг кўпайишига олиб келади. Учинчидан, камбағаллик алкоголизм ва гиёҳвандликнинг ўсишига ҳам бевосита таъсир қилади. Умуман олганда, иш топишни орзу қилган ва яшаш имконияти бўлмаган одамлар ахлоқий кўрсатмаларини жуда ўзгартирадилар. Бу, ўз навбатида, турли хил девиант хатти-ҳаракатларга олиб келади, уларнинг энг жиддий шаклларидан бири мастлик ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишдир. Тўртинчидан, камбағалликнинг юқори даражаси жамиятдаги ижтимоий кескинликнинг кучайишига сабаб бўлади. Демак, жамиятда камбағаллик иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва психологик оқибатлари билан инсон салоҳияти тараққиётини чеклайди.



Download 0.8 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   31   32   33   34   35   36   37   38   ...   63




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling